Асосий мавзулар
23 март 2018

Бобомурод парадокси

Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айбловлар ва бугун Ўзбекистонда рўй бераётган кўплаб ўзгаришлар ўртасида бир парадокс бордек.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзган мақолаларида Бобомурод Абдуллаев Ислом Каримов режимининг кирдикорларини, бу режим устунларининг жиноий фаолиятини очиб берди.

Бугун мазкур “устунлар”нинг аксарияти устидан бир вақтлар Бобомурод ошкор этган маълумотларга уйқаш айбловлар билан жиноят ишлари очилмоқда.

Бобомурод ҳам моҳиятан айнан шу маълумотларни оммага тақдим этиб, режим қилмишларини фош этгани учун судга тортилган.

Парадокс шунда. Жиноятчилар ҳам, уларнинг жиноятларини фош қилган журналист ҳам суд қаршисига олиб келинди.

Эътиборлиси шундаки, журналист мақолаларидаги маълумотларнинг аксарияти ўз исботини топяпти. У узоқ йиллардан буён айтиб келган кўплаб танқидлар (МХХнинг қонундан устун бўлгани, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва бошқалардаги тотал коррупция ва ҳк) ҳозир деярли ҳар кун президент тилидан янграмоқда.

Бобомуроднинг мақолаларида тилга олинган коррупционерлар эса шу кунларда бирин-кетин “ичкари”га олиняпти. Бу жараён янада кучайиши мумкинлигини башорат қилишга асослар ҳам етарлича топилади.

Журналист мақолаларининг илк нишонларидан бўлган Гулнора Каримовага отаси қурган режимнинг емирилишини эркинликда кутиб олиш ҳам насиб этмади.

У ўз очкўзлиги орқасидан бошқа қудратли кучларга тегишли бизнесга дахл қилгани учун тузум чиғириқлари орасида янчиб ташланган илк нуфузли қурбон бўлди.

Режим ўз болаларини ея бошлади, дея тарифланган эди бу ҳолат ўша пайтларда.

Кейин эса МХХнинг Бобомурод мақолаларида жиноятлари фош этиб келинган мансабдорлари ака-ука Ҳаётхўжаевлар, Шуҳрат Ғуломов панжара ортига кетди.

Навбат собиқ бош прокурор Рашид Қодиров кланига етиб келди. МХХнинг яна кўплаб мансабдорлари бугун қонун олдида жавоб бераётир.

Журналистни айнан уларни фош этгани учун жавобгарликка тортиш махсус хизматларнинг ўз башарасини очиб беришига олиб келарди. Шу боис, оддий қаламкашга давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш айби ҳам тиркалди.

Албатта, бу айбловнинг қанчалик кулгили эканини кўпчилик сезиб турибди. Агар бу айблов йўққа чиқарилса, махсус хизматларнинг “юзи” қора бўлиши аниқ.

Энди суд олдида Бобомурод парадоксига қандай ечим топиш масаласи турибди. Бу жуда қийин дилеммага ўхшайди. Зеро, бу вазиятда ҳам “жабрланувчи”, ҳам “айбланувчи” томон панжара ортида турибди…

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 июл 2018
“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”. Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. ...
2 сентябр 2017
Ўзбекистонда ҳар йили талабалар пахта теримига мажбурий жалб қилинади. Иловадаги анимацион видео айни муаммо ҳақида: Нима учун Ўзбекистонда бундай ...
23 феврал 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими 23 февраль куни телефонда «Элтуз» мухбирига собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олинмаганини, ...
7 декабр 2017
Каримов режими ҳосиласи бўлган “журналист” Шерзод Қудратхўжаев матбуотдаги чиқишида ўзбекларни “бензин қимматласа, дод-вой соладиган арзон одамлар”, деб атади. У ...
Блоглар
28 июн 2021
Асфальти йўқ кўчалар, газлаштирилмаган уйларимиз ҳақида «Дўстлик байроғига» ёзганимда ўн уч ёшда эдим. Қишлоғимизни бадбўй ...
25 июн 2021
Техник сабабларга кўра, бугун жума ваъзи эфирга узатилмайди. Аммо азиз муштарийлар учун бир пайтлар Урганчдаги ...
21 июн 2021
«Пахтакор»нинг келиб чиқиши турк, лекин швейцариялик Дердийок (ўзбекчасига Дардийўқ) деган футболчиси бор. Йиллик маоши 1,3 ...