Асосий мавзулар
13 феврал 2019

Олий суд қуйи суднинг журналистлар уйини тортиб олиш ҳақидаги қарорини кучда қолдирди

Ўзбекистон Олий суди судьяси Ж.Тиркашев хоразмлик журналистлар Бобожоновлар шикояти бўйича 1 февраль кунги суд ажрими билан уларнинг уйларини мусодара қилиш ҳақидаги суд ҳужжатини қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас, деб топди.

Олий суднинг 2019 йил 1 февраль куни чиқарилган ажрими

Ж.Тиркашев суд ажримида журналистларга қарашли уйларнинг давлат рўйхатига олинмагани боис мулкларнинг давлат фойдасига мусодара қилиш қарорини қонуний деб топган.

Бироқ журналистларни ҳимоя қилаётган Тошкентдаги «Симай» адвокатлик бюроси вакили 13 февраль куни «Элтуз»га Олий суд ажрими ноқонуний эканини, мулкнинг давлат рўйхатига олинмагани уни тортиб олиш учун асос бўла олмаслигини билдирди.

«Бу, албатта, нотўғри ажрим. Биз бу юзадан Олий суд раисига шикоят аризаси билан мурожаат қиламиз», деди «Симай» адвокатлик бюроси вакили «Элтуз»га.

Урганч тумани суди журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларнинг Урганч туманидаги уйларини мусодара қилиш қарорини ўз кучида қолдириши ортидан 2018 йилнинг 5 декабрь куни журналистларнинг адвокати суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилган эди.

2018 йилнинг 27 декабрида Урганч туманлараро фуқаролик суди судьяси Ўткир Машарипов журналист ака-ука Бобожоновларнинг уйини мусодара қилиш борасидаги ўзи чиқарган қарорни кучида қолдирган эди.

Судья Ўткир Машарипов ўз қарорига асос қилиб судга мурожаат этишнинг барча муддатлари ўтказиб юборилганини рўкач қилган.

«Симай» адвокатлик идораси вакили шу боис биринчи инстанция ва кассация тартибидаги судларни четлаб ўтиб, Олий судга назорат тартибида мурожаат қилган эди.

Журналист Қудрат Бобожоннинг сўзларига кўра, Олий суднинг бундай ажримига унинг «Элтуз» нашрида босилган МХХ ва ДХХ раҳбарлари кирдикорларига оид туркум мақолалари ва суриштирув фильмлари сабаб бўлган, айни мақолалар сабаб унинг тармоқдаги аккаунтлари очиқ таҳдид нишонига айланди.

«Уларнинг сўнггиси «ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратини давом эттирмоқда» сарлавҳаси остида 2019 йилнинг 14 январида босилган, орадан 15 кун ўтиб – 1 февраль куни Олий суднинг ажрими чиқарилди», дейди «Элтуз» муҳаррири Қудрат Бобожон.

Унинг қўшимча қилишича, мақоладаги фактлар 8 февралга келиб тўлиқ тасдиқланди. ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ишдан олиниб, унга жиноят иши очилди. Ўнлаб ДХХ зобитлари қамалди.

11 февраль кунига келиб, Ихтиëр Абдуллаевнинг ўзи ҳам, «Элтуз» манбасига кўра, давлат тўнтариши қилишга уринишда гумонланиб қамоққа олинди.

2018 йилнинг 22 ноябрь куни «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи маъмурияти бу амалнинг журналистлардан ўч олиниши экани ҳақида баëнот берганди.

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 июн 2019
Республика бош прокурори Отабек Баҳриддинович Муродовнинг вазифасидан озод этилгани ва унинг ўрнига Ўзбекистон Сенати раиси бўлиб келган Ниғматилла Йўлдошев ...
18 май 2021
Самарқандда «Дамас» автомобили ҳайдовчиси ИИБ ходимининг ўтиш йўлини тўсиб тўхтаган, давлат рақами 828 VSS бўлган машинасига сигнал бергани учун ...
11 июн 2016
Гарчи бу иш тўғрисида матбуотда кам гапирилган бўлса-да, 2013 йил охирида халқаро арбитраж суд Каримов ҳукуматидаги коррупция тўғрисида кутилмаган ...
1 май 2018
Ўзбекистонлик фаол, 72 ёшли Абдусалом Эргашев ижтимоий тармоқларда, телеграм ва мессенжер орқали тарқалган, гўёки унинг аллақайси аёллар билан ахлоқсиз ...
Блоглар
28 ноябр 2023
СССРни алқашга қаратилган, коммунистик руҳда суратга олинган кинолар Ўзбекфильм архивида жуда кўп. Гўёки Россия босиб ...
23 ноябр 2023
Янги Ўзбекистонда жамият иккига бўлинган: Бир бири устидан ëзадиганлар ва пул бериб, бировнинг устидан ëздирадиганларга. ...
15 ноябр 2023
Тармоқ, яъни социал медиа ўзбек сегментида кузатишларимга кўра хотин-қизлар орасида ашаддий диний фанатизмга мойиллик кучли. ...