Cатира
6 июн 2019

Андижон “журналистлари”: Бизнинг умумий душманимиз битта, у ҳам бўлса хорижий матбуот

Андижон вилояти ҳокими ўтказган матбуот анжуманида маҳаллий телевидение раҳбари хориж оммавий ахборот воситаларини “умумий душманимиз”, деб атади.

Шу кунларда Андижондаги маҳаллий матбуот нашрлари вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 31 май куни маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун ўтказган матбуот анжуманини зўр бериб ёритмоқда.

Вилоят ҳокимлиги расмий сайти ҳамда маҳаллий нашрлар берган мақолаларда ёзилишича, ушбу матбуот анжуманини ўтказишдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг муаммоларини ўрганиш, ижобий ҳал этиш, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларни ОАВ ходимларига етказишдан иборат.

Андижон вилояти ҳокимлиги расмий сайтида берилган ахборотдан парча келтирамиз:

“…баъзи бир хорижий ва маҳаллий ОАВ томонидан жамиятимизга холис бўлмаган, текширилмаган маълумотларнинг ҳам чиқиши, ушбу асоссиз хабарлардан кейин уларнинг муҳокамаси ҳам халқимизнинг кўплаб саволларига сабаб бўлишини айтиб ўтди. Хусусан, куни кеча хорижий оммавий ахборот воситалари орқали гўёки Андижон вилоятида Президент ташрифидан сўнг тақдим этилган уйларнинг қайтариб олингани ҳақидаги иддао билан видеолавҳа тарқатилди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи чоғида Андижон шаҳрининг “Мустақиллик” маҳалласи, Пушкин кўчаси, 49-умумий ҳовлида яшаган, 1984 йилда туғилган Хуршида Тиллаевага янги уй берилгани ва бунинг учун миннатдорчилик билдириб интервью берганидан сўнг уйдан чиқариб юборилгани кўрсатилган”.

Вилоят ҳокими мазкур матбуот анжуманини ўтказиш орқали хорижий ОАВ лар орқали берилган видеолавҳага раддия бериб, нохолис, ёлғон маълумотлар берилганини таъкидлаб, халқ ва журналистлар олдида ўзини оқлагандай бўлди гўё.

Ҳокимнинг гапларини зални тўлдириб ўтирган журналистлар миқ этмай эшитдилар, бош ирғаб тасдиқладилар, ҳатто қўллаб-қувватладилар ҳам. Бир-иккита журналистлар баландпарвоз, маддоҳона гаплари билан ҳокимга, президентга “пахта қўйдилар”. Ҳеч бир журналист ҳамма гапни видеолавҳадаги қаҳрамон гапирганини, унинг гапларидаги маълумотлар рост ёки ёлғонлигидан қатъи назар «Озодлик» ўз вазифасини – тезкор ахборот етказишни уддалаганини айтмади. Аксинча, яқинда вилоят телерадиокомпанияси директорлигига тайинланган Бобурбек исмли ёш раҳбар йигит барча ҳамкасбларни бирдамликка чақириб, “бизнинг умумий душманимиз битта, у ҳам бўлса хориж ОАВлари”, дея таъкидлади.

Афтидан раҳбар бўлгани билан йигитчанинг тажрибаси, билим савияси панд берган кўринади. Балким у рақобатчи демоқчи бўлгандир-у, аммо бунинг ўрнига «душман» сўзини ишлатгандир?! Ёки ҳокимга ўзини яхши кўрсатмоқчи бўлдими?..

Хўш, ҳақиқий журналист қандай бўлиши керак унда? Холис ОАВларчи?

Вилоят ҳокимлиги учун махсус камера ва алоҳида мухбир ажратиб, ҳокимнинг кун тартибини ёритишдан чарчамаётган вилоят телевидениесидайми, ёхуд мақола кўтариб келган кишининг қўлига қарайдиган маҳаллий газеталар ходимларидайми, ёхуд мана шундай анжуманларда бошини ликиллатиб ўтирадиган қўғирчоқ журналистлардайми?

Агар шундай бўлса, Андижонда пичоққа соп бўладиган ҳақиқий журналистлар йўқ ва халқаро стандартларга жавоб берадиган журналистика қолмабди-да.

Тўғри, кейинги пайтларда матбуот соҳасида анча эркинлашганимизни тан ола билишимиз керак. Бироқ ҳалигача эски қолипдаги мақолалару шаблон гаплардан, икки гапининг бирида “ҳукуматимиз, Президентимиз ташаббуси билан” қабилидаги ялтоқнамо иборалардан қутулолмаётган журналистлар ҳам кўплигидан кўз юма олмаймиз. Ахир ютуқлар ўзимизники, камчиликларни йўқотишимиз керак эмасми?

Раҳбарларга, хусусан, президентга фақат яхши томонимизни кўрсатишга интиламиз, камчиликларимиз юзага чиқиб қолишидан қўрқамиз, воқеликни борича кўрсатиш ўрнига бўрттирамиз, сохта сценарийлар тузамиз. Хуршида Тиллаева ижро этган роль ҳам ана ўша сценарий асосида саҳналаштирилган эди. (Бу ҳақда ҳам кўп таъкидланди!)

Пезидент Андижонга ташриф буюрган куни Хуршида Тиллаеванинг ўзи “мен гапираман”, деб ташаббус билан чиқмагандир?! Уни ясантиришган, “президентга раҳмат айтасан”, деб тайинлашган ва у чиқиб ролини ижро этган. Бироқ нима учундир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида айбдор фақат Хуршида Тиллаева ҳамда “Озодлик” радиоси бўлиб қолмоқда.

Унинг булбулдай сайрашини уюштирганлар эса энди ўзини ҳар томонлама оқлашга уринишмоқда.

Биргина савол: уюштирилган интервьюнинг нима кераги бор эди? Шунчалик оламшумул ишлар амалга оширилаётган бўлса, уни одамларнинг ўзи тайёргарликсиз ҳам айтишади-ку.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бу мавзуда қатор мақолалар эълон қилинди. “Хуршида ТИЛЛАЕВА: «Менга уй бериб, Президентимиз кетгандан кейин чиқариб юборишди, деб интернет орқали овоза тарқатсанг, коттеж-уйли бўласан, деб алдашганди», деган узундан-узун сарлавҳали мақолада муаллиф Фахриддин Ибайдуллаев  ҳиссиётларга берилиб кетган кўринади.

Хусусан, 30 йиллик журналистлик фаолияти давомида биронта ҳам хатога йўл қўймаганини, юзлаб китобларга муҳаррирлик қилганини таъкидлайди. Бу журналистнинг ўзи фаолияти давомида фақат маддоҳлик, буюртма мақолалар ёзиш билан шуғулланган бўлса, қайдан ҳам хато қилсин?

Мақола  бундай якун топади:

“Юртимизда юқоридаги каби хайрли ишлар олиб борилаётгани, қанчадан-қанча уй-жойга муҳтож инсонлар уйли бўлаётгани қувонарли, албатта. Лекин ана шу ишларнинг ичидан кир қидираётган кишилар “Давлат уни қилиб бериш керак, буни қилиб бериш керак”, деган иддаоларни тўхтатса яхши бўлармиди, деган ўй ўтаверади хаёлимдан…

Сўнгги сўз ўрнида бир гап айтмоқчиман: Баъзи «халқпарвар куюнчак»лар юртдошимиз Хуршида Тиллаева ҳақида ёзганларимизга ишонмаса, Андижонга келиб ўзи билан суҳбатлашсин. Андижондаги бунёдкорлик ишларини кўрсин. Зора, фисқу фасод тарқатишдан тийилса”.

Журналист “халқпарвар куюнчаклар” деганда айнан кимларни назарда тутди? Қайси хорижий ОАВ ҳақида гап кетаётганини ҳамма билади. Шундай экан, ҳурматли ҳамкасб, чайналмасдан “фалон сайт” деб айтиб қўяқолсангиз бўлмасмиди?

Халқимизда “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил”, деган мақол бор. (Дарвоқе, сиз маҳаллий журналистлар мақолангизда мақол ва иборалардан фойдаланишни яхши кўрасизлар-ку). Ўзингизнинг эр эканлигингизни тан оляпсизми, ўзганинг шер эканлигига ҳам кўнинг. Чунки сиз 30 йиллик фаолиятингиз давомида қила олмаган иш – шов-шувли, бутун халқ ўқийдиган материалларни хорижлик ҳамкасбларингиз тайёрлай оляпти. Асл журналистика эса ана шундан иборат.

«Элтуз»нинг Андижондаги мухбири

Тағин ўқинг
30 октябр 2015
Бугун Лўс Анжалусдаги қасримнинг минглаб хоналаридан бирида адашиб қолиб эшикмикан деб ишкопни очибман. Қарасам шаққилдоқ турибди. Олдиндан айтай бугунгача ...
3 сентябр 2021
Фалсафанинг катта бобоси Ҳейгел “Бир дарëга икки марта тушиб бўлмайди”, деган эди. Аммо бир концертнинг ўзида коррупционер ҳокимлар икки ...
6 декабр 2022
“Қонунлар тугаган жойда зулм ва тирания бошланади”, деган эди 17-асрда Британия бош вазири бўлган давлат арбоби ва ҳуқуқшунос Уилям ...
2 октябр 2019
Замонамиз турк ёзувчилари орасида Ўрхон Помуқ каби дунёда ном қозонган ўткир қалам соҳиби Алиф Шафақ китобхонлар орасида анча машҳур. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...