Асосий мавзулар
12 август 2019

Ишсиз қолган прокурорлар “эски тўда аъзолари”ни президентга қарши “атайлаб саботаж” уюштираётганликда айблади

“Элтуз” орқали президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиққан “бир гуруҳ ишсиз қилган ва ишлаётган прокуратура ходимлари” ҳозир ҳам прокуратура идораларида юқори лавозимларни эгаллаб келаётган “эски тўда аъзолари”ни президентни саботаж қилаётганликда айблаб чиқди.

Беш саҳифадан иборат ушбу мактуб эгалари президентга ишонишлари ва “бир кун адолатни йўлга қўясиз деган умид билан“ мурожаат қилаётганликларини қайд этганлар.

“Муҳтарам президент, ушбу мурожаатни тайёрлашга Сизнинг халққа ва давлат раҳбарларига қилган деярли барча мурожатларингизда АДОЛАТНИ йўлга қўйишни талаб қилиб келаётганингиз сабаб бўлди. Биз Сизга ишонамизки, бир кун адолатни йўлга қўясиз деган умид билан яшаб келмоқдамиз”.

Улар прокуратурадаги баъзи ходимларни ҳозирда қамоқда бўлган собиқ прокурорлар Отабек Муродов ва Ихтиёр Абдуллаевнинг президентга қарши олиб борган сиёсатини ҳамон “зимдан” қўллаб-қувватлаётганликда айблаганлар.

Очиқ мурожаат билан чиққанлар “саботажчилар”ни “икки собиқ бош прокурорнинг гумашталари”, дея атайди.

Уларнинг иддао қилишича, Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов даврида юқори лавозимларни қўлга киритган “саботажчилар”нинг баъзилари “ҳозир ҳам ўз лавозимларини сақлаб қолишмоқда.”

“Ихтиёр Абдуллаев келган кунидан бошлаб, прокуратура идораларини асосий вазифалари иккинчи ўринга суриб қўйиб, аҳмоқона ислоҳотлар қилишга киришди. Ўзи ва укаси Отабек Абдуллаевни, шунингдек, бошқа таниш-билишларини, яқин одамларини бош прокуратура ва прокуратуранинг қуйи тармоқларида раҳбарлик лавозимларига тайинлади. Бу инсонларнинг (Муҳаммаджонов Шобек, Мирсафаев Жаҳонгир, Абдуллаев Ёрқин ва бошқалар) шахсий жилдини ўрганадиган бўлсак, бирортасида на тажриба ва на бошқа фазилатлари борлиги ойдинлашади”, деб ёзади очиқ мактуб муаллифлари.

Мактубда, шунингдек, айнан Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродовнинг жиноятлари ортидан прокуратуранинг “профессионал ва ҳалол” мутахассислари ишсиз қолганига урғу берилган.

“Табиийки, ўз қилмишлари билан бу тўда сизнинг ғазабингизга учради, Сиз бизнинг идорамиздан умуман норози бўлишингизга сабабчи бўлишди. Аммо натижада бир мингдан зиёд прокуратура ходими бир кунда ишсиз бўлиб қолдик,” дея ёзғиради муаллифлар.

“Нега энди бир тўда садоқатсиз ва порахўр инсонлар қилган хатти-ҳаракатлари учун биз оддий ходимлар азоб чекишимиз лозим?” – дея президентга мурожаат қилади улар.

Улар Отабек Муродовни президент номидан “унинг обрўйига футур етказадиган, унга бўлган халқ ишончини сусайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни” амалга оширганлик айблаганлар.

“Бунга бир мисол келтирамиз: шунча одам иш билан таъминланишни кутиб турган бир пайтда, порахўрлиги билан ном чиқарган Жасур Охуновни Тошкент шаҳар махсус прокурори лавозимига тайинлади. Ваҳоланки, Жасур Охунов ўз вақтида, Сизнинг телевидениеда қилган чиқишингиздан кейин, Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Мирағлам Мирзаев билан бир кунда ишдан олиниб, прокуратура идораларидан салбий характеристика билан ҳайдалган эди”.

Уларнинг даъво қилишича, Жасур Охунов Тошкент шаҳри прокуратурасининг тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб юрган вақтида “Отабек Баҳриддиновичнинг кўплаб кирдикорларини беркитиб юрганини прокуратурада ишлайдиган оддий ходим ҳам яхши билади”.

“Жасур Охунов Бош прокуратуранинг Кадрлар бошқармасида бошлиқ лавозимида ишлаб келган вақтида Рашитжон Қодировнинг энг яқин инсони эди. Қанчадан қанча ходимларга туҳмат ва иғволар қилиб, ишдан ҳайдатди,” – дея ёзади мурожаат муаллифлари. – “Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу лавозимга ҳалол ва меҳнаткаш ходимлар йўқ деб уйлашдими булар? Бундай ходимлар жуда кўплигини аниқ биламиз”.

Жасур Охунов, мурожаат эгаларининг иддао қилишича, ҳозирда “ўзининг устози Рашитжон Қодиров ва унинг шерикларини қамоқхонадаги шароитларини яхшилаб, тезроқ уларнинг қамоқдан озод этилишига ҳаракат қилаяпти”.

“Жасур Охунов бўш турган лавозимга тайинланса ҳам майлийди. Айни вазифада бир неча йиллар давомида ҳалол хизмат килиб келаётган, минглаб юристларни тайёрлаган профессор Миршоҳид Мирахмедовнинг ўғли Мирмуҳаммад Мираҳмедовни Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокурори лавозимига ўтказишди. Мирмуҳаммад Мираҳмедов бу ерда атиги бир ҳафта олдин иш бошлаганига қарамасдан, ўта кетган адолатсизликни номойиш этган ҳолда, бу вазифадан ҳам ноҳақ бўшатиб юборилди,” дея эслайди мурожаат муаллифлари.

Уларнинг даъво қилишича, Мирмуҳаммад Мираҳмедовнинг ишдан бўшатилишини Отабек Муродов очиқчасига ”Президентимизнинг топшириғи” дея тақдим этган.

Очиқ мактуб эгалари, шунингдек, “агар зарур бўлса, яна кўплаб аниқ фактлар тақдим этиш”га тайёрликларини билдирганлар.

Отабек Муродов шу йилнинг 20 июнь куни президент фармони билан бош прокурорликдан олиниши ортидан тизимдаги ўнлаб юқори лавозимли мулозим ва юзлаб мутахассислар вазифаларидан бўшатилди.

«Элтуз» гаплашган ҳуқуқ тизими расмийсига кўра¸ Ўзбекистондаги вилоятлар прокурорларининг 70 фоизидан кўпроғидан ишдан кетиш ҳақида ариза олинган ва бу аризалар қондирилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2019 йилнинг апрель ойига қадар бир йил ичида тизимдаги барча раҳбарлик лавозимларининг 66 фоизи янгилангани ҳақида маълум қилганди.

Аммо президентга йўлланган очиқ мактуб муаллифлари иддаосидан прокуратура тизимида собиқ бош прокурорларга содиқ қолаётган шахслар ҳамон мавжудлигини англаш мумкин.

«Элтуз»нинг нима учун мактубга имзо чекилмагани ҳақидаги саволига муаллифлар ҳозирча ўз исмларини очиқлашдан чўчишаётганини билдириб жавоб беришди.

Қуйида прокурорлар мактубини тўлиқ ўқиш мумкин:  Ишсиз қолган ва ишлаб келаётган прокуратура идораларининг ходимларидан Президентимиз Шовкат Миромонович Мирзиеевга очиқ хат

Тағин ўқинг
6 феврал 2016
Бугун 6 феврал куни хонанда Тамиланинг фейсбук саҳифасида ва унинг мухлислари томонидан ташкиллаштирилган “Je suis Tamila!” гуруҳида ўз мухлислари ...
8 август 2016
Рассом Кирпи ҳар йили бўладиган айни ҳолат, абитуриаентларнинг бункер, паравоз ва шпаргалка каби воситаларидан фойдаланинишини ҳажв қилади. Бу йил ...
11 феврал 2022
Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан ...
27 май 2020
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни ўтказган транспорт масалаларига оид йиғилишда “Uzbekistan Airways”ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...