Асосий мавзулар
16 август 2019

Тўпга тутилаётган Дўст

Бундан бир қанча вақт муқаддам интернетда эълон қилинган “Пуфак” сарлавҳали мақоласи ортидан таниқли ёзувчи, Каримов даврининг нуфузли мулозимларидан бири Мурод Муҳаммад Дўст бугунги тузум маддоҳларининг зарбалари остида қолди. 

Дўстга қарши ҳужумни унинг мақоласи чоп этилишидан кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёевнинг энг йирик маддоҳлари сафида олдинги ўринларда турган хориждаги оммабоп сайтлардан бирининг эгаси ўзининг ютубдаги канали орқали бошлаб берди. 

Унинг шахсиятга тегувчи танқидларини бугунги кунда амалдорга айланган таниқли журналистлардан бири қўллаб-қувватлади.

Хўш, Мурод Муҳаммад Дўст нима “гуноҳ” қилган эдики, тузум “ҳимоячилари”нинг қақшатқич зарбаларига дучор қилинмоқда?

Гап шундаки, ёзувчи мамлакатнинг ҳар бир бурчагида “сити”лар қурилиши юзасидан ўзгачароқ фикр билдирган, айниқса, уларни қураётган фирмалар фаолияти шубҳали эканига ишора қилган эди. 

“Саноқсиз ситилар, йилда бир марта мажлис ўтадиган ҳашаматли бинолар, зўрлаб тиқиштирилаётган турли “намунали” уйлар, бойларга аталган, лекин ҳалигача харидор топилмай бўм-бўш турган қасрнамо уйлар узра буюк бир пуфак шишиб келмоқдаки, бир-икки йил ичида пақ этиб ёрилиб кетиши муқаррар”, деб ёзган эди Дўст.

Кутилмаганда бу фикрлар Ўзбекистондаги мавжуд тузум маддоҳларининг кескин (катта эҳтимолки, уюштирилган) норозиликларига дучор бўлди. 

Қайсидир журналда Мурод Муҳаммад Дўст билан чиққан суҳбатни ўз нашрида кўчириб босгани учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр дарҳол ишдан ҳайдалиб, лаш-лушини шоша-пиша  кўтарганча таҳририятни тарк этди. 

Ўктам Мирзаёрни ҳамкасблари ўта сиёсий ҳушёр, чапанича айтганда, қўрқоқлиги учун ҳар бир чиқадиган мақолани энига ва бўйига сиёсий цензурадан ўтказиб, кейин босадиган ижодкор сифатида танийди. 

Аммо шундай сиёсий ҳушёр бош муҳаррир ҳам “Пуфак” юқорининг норозиликларига сабаб бўлаётганини сезмай қолиб, Дўст билан суҳбатни чоп этиб қўйди ва бунинг товонини тўлади. 

Ўктам Мирзаёр “дунёга очилиб бораётган” Ўзбекистондаги сиёсий цензуранинг илк қурбонларидан бири бўлди, дейиш мумкин. 

Орадан сал ўтмай, эски каримовпараст, бугунги кунда эса меросхўрипараст бир ёзувчи давлатнинг расмий ахборот агентлиги сайтида Мурод Муҳаммад Дўстни унинг шахсига теккан ҳолда роса “фош қилди”. 

Гўёки Каримов даврида тилла товоқда суяк кемирган ёзувчи янги ҳукмдор даврида ҳам шундан умидвор бўлган, аммо мужда бўлавермагач, ўзини эслатиб қўйиш учун “Пуфак” шиширган. 

Кейин ҳам ўша юқорида эслатганимиз хориждаги оммавий сайт Дўстга қарши бир неча ҳамлалар қилди (бу ерда ва бу ерда). 

Мурод Муҳаммад Дўст шахси ва кимга душману кимга дўстлиги алоҳида мавзу. 

Лекин биз унинг ўзгача фикри ҳукмрон тузум маддоҳлари томонидан бунчалик қаттиқ танқидлар билан қарши олинганига эътибор қаратишни лозим топдик. 

Зеро, бу чиқишлар Ўзбекистонда ҳали ҳам эркин фикрга тоқатсизлик даражаси юқори эканидан, эндигина уйғонаётган фикр эркинлигини бўғишга қарши бўлган кучлар ҳали ҳам ўз мавқеини бой бергиси келмаётганидан дарак беради. 

Бу ҳаракатларнинг юқоридан бошқарилаётгани кўриниб тургани эътиборга олинса, олдинга бир қадам ташлаган, бугун ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга уринаётган ҳукмрон гуруҳ исталган вақтда икки қадам ортга чекинишдан тоймаслигини тахмин қилиш қийин эмас. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 июл 2019
Урганч шаҳрининг Ашхобод маҳалласидаги уйлари бузилган ва товон пули берилмаганидан ғазабга тўлган халқ ғалаён кўтарди. Пойтахтдан зудлик билан етиб ...
5 август 2020
Марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа кизи Лола Каримова (Тиллаева) Америкадаги учта вилласини сотувга қўйди Рассом Туз
17 декабр 2020
Рассом Элсевар карикатураси
25 ноябр 2019
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ниҳоят Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларига таҳдидига ўз муносабатини билдирди. Гарчи унинг баёнотида айнан ...
Блоглар
30 сентябр 2023
Шанба куни Берлин марказида айланиб юриб, тасодифан бир никоҳ тўйининг гувоҳи бўлдим. Тўй кортежи биттагина ...
27 сентябр 2023
Бугун Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда устознинг номига суйканиб, «бир ...
25 сентябр 2023
Жонибек деган овқат элтувчининг АҚШда клиент хотинниг эмчагини эзғилагани учун қамалиб, 20 минг дўллар иштрап ...