Асосий мавзулар
25 июн 2020

“Тошкентдаги ислоҳотлар ҳали-ҳануз бизгача етиб келмади”

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Uzbek Forum) ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботда мажбурий меҳнатни бартараф этишда эришилган сезиларли олға силжиш билан бир қаторда ҳукумат томонидан ташкил этилган мажбурий меҳнат сақланиб қолаётгани қайд қилинади. “Элтуз” ушбу ҳисоботнинг қисқача баёнини тақдим этади. 

Тошкентдаги ислоҳотлар ҳали-ҳануз бизгача етиб келмади”: 2019 йилда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримидаги мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича тугалланмаган иш

Умумий маълумот

2019 йил 27 сентябрда фавқулодда вазиятлар вазири 2100 нафар ўт ўчирувчига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида пахта теримида қатнашиш бўйича расмий равишда буйруқ чиқарди. Аммо бундан бир неча кун олдин мамлакатдаги ўт ўчирувчилар бўлинмалари аллақачон пахта теримига тайёрланиб, далага юборила бошланганди. Ижтимоий тармоқларда ўт ўчирувчиларнинг ўнлаб хабарлари пайдо бўлиб, улар пахта териш буйруғини қоралашар ва ёрдам сўрашарди.

“Биз ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларимиз. Ҳар йили биз Жиззах вилоятида икки ой давомида пахта теришга мажбурмиз. Кунига 100 килограмм пахта териш нормаси қўйилади. Бу ҳафта бизга яна теримга бориш учун тайёргарлик кўришимизни буюришди. Биз нима қилайлик?” (Навоий шаҳри ўт ўчирувчилари хабари. Пахтаграм,  2019 йил 13 сентябрь).

“Биз, Бухоро вилояти ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари пахта теришга мажбур бўлмоқдамиз. Одатда уч сменада ишлаймиз. Ҳозир битта сменамиз пахта теришга жўнаб кетгани сабабли биз икки сменада (12 соат) ишлаяпмиз. Бу биз учун оғир юкдир. Ростини айтсак, исмларимизни ёзиб имзо қўйишдан қўрқамиз. Бизга ёрдам беринг, илтимос”. (Пахтаграм, Бухоро шаҳри ўт ўчирувчилари хабари).

“Ёнғин хавфсизлиги хизмати бошлиғи, [исм-шарифи сақланмаган] буйруғига биноан 100 нафар ходим Жиззахга пахта теримига жўнатилди. Лекин бизга жамоат ташкилотларини пахта теримига бошқа мажбурламасликлари ҳақида айтишмаганмиди? “Обод қишлоқ” дастурида [уйларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун] икки юзта ходим мажбурий ишга жалб қилинди. Нега ҳеч ким [бошлиғимиз, исм-шарифини бермадик] жазолай олмайди? У фавқулодда вазиятлар вазири Худойбергановдан буйруқ олганини айтаяпти”.  (Uzbek Forum нинг фейсбук тармоғидаги Пахта-2019 гуруҳидаги ўт ўчирувчилар хабари. Андижон, 2019 йил 28 сентябрь).

“Биз Самарқанд вилояти ёнғин хизматида ишлаймиз. Жиззах вилояти Пахтакор туманида пахта теряпмиз. Улар бизни ҳаттоки ит емайдиган нарсалар билан боқишяпти. Яна бизга овқат учун кунига 22000 сўм (тахминан 2.20 АҚШ доллари) тўлатишмоқда. Агар биз шикоят қилсак, унда пахта маркази бошлиғи [исми сақланмаган] ва капитан (исм сақланмаган) бизга айтилган ҳамма нарсага жавобгар бўлади. Нима, сиз иш жойингизни йўқотишни хоҳлармидингиз?” (Uzbek Forum нинг фейсбук тармоғидаги Пахта-2019 гуруҳида самарқандлик ўт ўчирувчилар қолдирган хабар. Жиззах, 2019 йил 4 ноябрь).

* * * *

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларидан олинган ушбу хабарлар Ўзбекистонда 2019 йил пахта йиғим-терими мавсумида соҳадаги ижобий ўзгаришларга қарамай, мажбурий меҳнатга барҳам бериш мушкул бўлганидан далолат беради. Шунингдек, улар мажбурий меҳнатни бекор қилишдаги муаммоларни аниқ-равшан кўрсатиб турибди: айрим ҳудудларда ишчиларининг таркибий етишмовчилиги ва кўнгилли равишда ишга қабул қилишда ҳукумат вакиллари ёки ҳукуматнинг тазйиқларига алоқадор бўлмаган самарали ва ахлоқий механизмларнинг йўқлиги. Шунингдек, ўт ўчирувчиларнинг ҳикояси аччиқ ҳақиқатни ёритиб, мажбурий меҳнатни бир четда яширишга имкон берган ҳолда жавобгарлик ҳисси ноаниқлигича қолиб кетмоқда. Ҳужжатли далиллар шуни яққол кўрсатадики, марказий ҳукумат идораси ўз ходимларига пахта теришни буюрган.

Ўт ўчирувчиларнинг мажбурий меҳнатдан шикоят қилишлари, арз қилганлари учун ишини йўқотиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувлари ва мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишни илтимос қилишлари хусусидаги хабарларга қарамай, ҳеч қандай ишлар қилинмаганга ўхшайди. Тергов ўтказилгани, бирор мансабдор шахс жавобгарликка тортилгани ёки жабрланувчиларга қандайдир ҳимоя чоралари кўрилганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун сиёсий иродасини намойиш этди ва кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширди, аммо барибир қонунбузарликнинг олдини олиш, айбдорлар учун жавобгарлик ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш маданиятини тўла шакллантириши керак.

2014 йил Ўзбекистонда болалар меҳнати бекор қилингандан сўнг бир неча йил ўтиб, пахта йиғим-теримида катта ёшлиларнинг мажбурий меҳнатини бекор қилиш бўйича сезиларли ва тезкор ютуқларга эришилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат олдида кучли мажбуриятларни бажариш, бир қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш ва жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали пахта соҳасидаги мажбурий меҳнатни тугатиб, Ўзбекистонни модернизация ва ислоҳ қилишни саъй-ҳаракатларининг марказий қисмига айлантирди. Ўтган йил мобайнида пахта соҳасида мажбурий меҳнат ва ҳукуматни ислоҳ қилиш жараёни билан боғлиқ яна муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Аммо 2019 йилги ҳосил ҳам иш ҳали якунланмаганлигини кўрсатди.

2019 йилги йиғим-терим даврида ҳукумат мажбурий меҳнатнинг асосий таркибий қисмлари, хусусан, вилоят ва туман мансабдорлари назорати ва масъуллиги остидаги режа тизими ва миллий ишлаб чиқариш мақсадлари борасида сусткашликка йўл қўйди. 2019 йилги ҳосилдан олинган далиллар ушбу режа ва мақсадлар мажбурий меҳнатга йўл қўйишда давом этганини кўрсатмоқда. Ҳозир ислоҳотлар жараёни давом этаётгани ва ҳукумат мисли кўрилмаган сиёсий мажбуриятларни намойиш этганлиги сабабли амалдорлар 2019 йилда ҳам мажбурий меҳнатнинг ҳануз учраганини тан олишди, бу эса қисман ҳукуматнинг пахта етиштиришга қаратилган режалаштириш каби сиёсати билан боғлиқ. Гарчи йиллик режалаштириш аллақачон белгиланган бўлишига қарамай, ушбу реал баҳолаш март ойида 2020 йилги ҳосилга давлат режаси буюртмаларини бекор қилишга олиб келди. 

Режалаштириш тизимига қўшимча равишда илдиз отган бошқа муаммолар ҳам мажбурий меҳнатни кучайтирди. Гарчи пахта териш айрим кишилар, айниқса, қишлоқ аёллари учун муҳим даромад манбаи бўлиб, пахта терувчиларнинг аксарияти ўз ихтиёри билан ишласа-да, аҳолиси кам бўлган ҳудудлар ва унумдор бўлмаган ерларда, шунингдек, теримчилар камроқ даромад оладиган ҳосилнинг сўнгги босқичларида Ўзбекистон пахта теришда қўл меҳнатига асосланган тузилмавий ишчи гуруҳлар етишмаслиги муаммосига дуч келади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумат ва иш берувчилар аралашувисиз ходимларни холис танлаш тизимини яратишда ҳам бир нечта қадамларни ташлади. Ушбу муаммолар заиф ва кам миқдордаги ҳисобдорлик тизими билан боғлиқ бўлиб, ҳокимларнинг доимий равишда қишлоқ хўжалиги ишларига аралашуви давом этиши оқибатида давлат ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнат хавфи остида қолмоқда. Ниҳоят, фуқаролик жамияти эркинликлари бўйича ислоҳотлар суръати, айниқса, фуқароларнинг нодавлат ташкилотлари (ННТ) каби фуқаролик бирлашмалари ва мустақил касаба уюшмаларини тузиш эркинлиги бошқа муҳим соҳалардаги ислоҳотлар суръатидан анча орқада қолди. Нодавлат нотижорат ташкилотлар, касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти фаоллари ислоҳотлар жараёнида шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролик жамияти томонидан мустақил мониторинг ўтказиш имкониятини яратиш зарурати мавжуд бўлиб, бу меҳнат амалиётининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш учун муҳимдир.

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш орқали жуда зарур бўлган иш ўринларини яратиш ва Европа ҳамда АҚШнинг янги бозорларига кириб боришга интилар экан, мавжуд мажбурий меҳнат қолдиқларига барҳам беришда давом этиб, бундай ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва жавобгарлик маданиятини ошириш бўйича муҳим муаммоларни зудлик билан бартараф қилиши лозим. Масъул сармоядорлар ва брендлар мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган бирор маҳсулотни етказиб бериш занжирига киритмаслик учун ахлоқий ва ҳуқуқий мажбуриятларга эга. Шунингдек, улар етказиб бериш занжирлари шаффоф эканлиги ва ўз мажбуриятларига зид келмасликларини таъминлаш учун ишончли ва мустақил мониторингга эга бўлишлари керак.

Uzbek Forum 2009 йилдан буён пахта йиғим-терими бўйича мустақил,  жамоатчилик асосида мониторинг олиб боради ва ҳисобот беради. Олдинги ҳисоботларда Uzbek Forum мажбурий меҳнатни фош қилиш, унинг асл сабабларини аниқлаш, кўламини ўлчаш, институтлар ва мажбурий ишга жалб этилган аҳолига таъсирини очиб беришга ҳаракат қилди. Бу ерда биз фақатгина ижобий ўзгаришларни қайд этибгина қолмай, балки муаммоларни аниқлаш ва ечимлар тўғрисида мунозара қилиш учун чуқур билимларимиздан фойдаланган ҳолда ислоҳотлар жараёнига ҳисса қўшишга интиламиз. Мажбурий меҳнатдан давомий фойдаланишни ҳужжатлаштириш билан бир қаторда ушбу ҳисобот ислоҳотларни ривожлантириш ва уни рағбатлантириш бўшлиқларини аниқлашга ҳаракат қилади ва охир-оқибат азалий анъанага барҳам бериш йўлида ечим асосида ёндашиш учун замин яратади.

2019 йилги ҳосил давомида олинган асосий маълумотлар

•        Аксарият теримчилар кўнгилли равишда ишлаётган бир пайтда Uzbek Forum давлат ташкилотлари ходимларининг мажбурий равишда жалб қилиниши ва ишчилар ўз ўрнига теримчи ёллаш учун пул тўлаганини ҳужжатлаштирди. Мамлакатнинг турли ҳудудларида ишлайдиган ходимларнинг таъкидлашича, улар далага боришдан бош тортишга қўрқишган ёки ҳукумат мансабдорлари ва иш берувчиларнинг кўрсатмасига биноан, пахта терими учун ўз ўрнига ишчи ёллашга пул тўлашган. Аммо йирик шаҳарлар ва айрим туман марказларида бошқаларига нисбатан кенг кўламдаги мажбурий сафарбарлик камроқ қайд этилган. 

•        Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштириш бўйича яна фаоллигича қолиб,  жумладан,хусусийлаштирилган пахта кластерлари, режа тизими ва ишлаб чиқариш мақсадларини амалга ошириш учун зўравонлик қилишга ўтди. Ҳудудий ва маҳаллий амалдорлар мажбурий меҳнатнинг асосий омили бўлмиш ҳукумат юклаган ишлаб чиқариш режаларининг бажарилишини назорат қилиш мажбуриятини олдилар. Мансабдор шахслар халқдан мажбурий равишда пахта теришни талаб қилди, акс ҳолда улар ишини йўқотиши, ижтимоий нафақалар ёинки иш жойида жазо чоралари кўрилиши каби оқибатларга дучор бўлишади. Шунингдек, Uzbek Forum бир қатор вилоятларда маҳаллий амалдорлар теримчиларни хусусийлаштирилган кластер далаларида ишлашга мажбуран жалб қилгани борасидаги ҳолатларни ҳужжатлар асосида мониторинг қилмоқда.

•        2019 йилда мажбурий меҳнат юкининг асосий қисми соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида маоши паст бўлган ишчилар, шунингдек, ўрта даражадаги давлат хизматлари лавозимларида ишлайдиган банк, маҳаллий бошқармалар ва давлат идоралари ходимлари, ўт ўчирувчилар, милиционерлар, ҳарбий курсантлар ва фавқулодда вазиятлар идоралари ишчиларигарданига тушди. Ушбу ходимлар ё пахта теришлари, ёки ўринларига теримчи ёллаш учун пул тўлашлари, ёки иш жойида турли жазо чораларига дучор бўлишга мажбур эди. Шунингдек, тадбиркор ва савдогарлар пахта теришга бориши ёки ҳосилни йиғиш ҳаражатларини қоплаш учун пул бериши, ёинки уларнинг бизнесига таъсир қилиши мумкин бўлган солиқ текширувлари хавфига дуч келиши керак бўлди. Андижон вилоятининг биргина туманининг ўзида Uzbek Forum кузатувчилари маҳаллий давлат идоралари, солиқ инспекцияси, коммунал ширкатлар, фермерлар кенгаши, қишлоқ хўжалиги инспекцияси, банклар ва суғурта компанияларининг далаларга юборилган теримчилари ёинки ёлланган теримчиларини ҳужжатлар асосида аниқлади.

•        Аксарият ҳудудлардаги мактаб ва шифохоналар ходимлари йиғим-теримда умуман қатнашмагани ўтган йиллардаги вазият билан таққослаганда сезиларли ютуқдир. Бироқ Хоразм, Жиззах, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги мактаб ва болалар боғчалари ходимлари дам олиш кунларида пахта йиғим-теримига жалб қилиш октябрь ойи охирида бошлангани ҳақида гувоҳлик беришди. Туман ҳокимлиги томонидан мактаб директорларига ҳашар эълон қилиниб, мактаб ходимларининг камида ярмини, шу жумладан, ўқитувчилар ва техник ходимларни жалб қилиш топшириғи берилди. Бирдамлик маркази кўмагида ўтказилган миллий онлайн сўровга жавобан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари (Методология,  8-бетга қаранг) йиғим-теримда қатнашишдан бош тортганлик учун жазо чоралари ва иш шароитининг ёмонлиги ҳақида ҳам хабар беришган.

•        Кузатув ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари ходимлари, жумладан, ҳамширалар ва ўрта маълумотли тиббиёт ходимлари ўзларининг бевосита раҳбарлари ва Жиззах, Хоразм,Қорақалпоғистондаги туманлар ҳокимликларидан кўрсатмалар олиб, дам олиш кунлари теримга сафарбар этилди. Жиззах вилоятидаги тиббий ходимларнинг далаларга юборилишини кузатган Uzbek Forum кузатувчисининг сўзларига кўра, бош шифокор ўринбосари ва ҳокимликвакили автобусга чиқиб рўйхатдаги теримчиларнинг исм-шарифларини текшириб кўришган ва уларни огоҳлантиришган: “Ҳеч ким сизни пахта теришга мажбурламади. Сизлар ҳашарга боряпсизлар”.

•        Мониторинг ўтказилган барча ҳудудлар орасида тиббиёт ходимларининг пахта йиғим-теримига энг кўп жалб қилиниши Қорақалпоғистонда кузатилди. Масалан, 28 октябрь куни Uzbek Forum кузатувчиси Тўрткўл тумани марказий шифохонаси туғруқхонаси ҳамшираси билан суҳбат ўтказди. У ходимлар ҳар икки кунда пахта теришга кетиши ёки ўрнига теримчи ёллашга пул бериши кераклигини, туғруқхонанинг 80 нафар ходимидан 25 таси ё ўзи, ёки ёлланма теримчилари ҳар куни пахта териш учун жўнаб кетиши зарур бўлганини билдирди.

•        2019 йилда Uzbek Forum мажбурий меҳнатнинг ҳукумат томонидан ташкиллаштирилиши давом этганлигини ёки давлат идораларининг сафарбарликка оид буйруқлари сингари давлат сиёсати натижаларини кўрсатадиган ҳужжатларни қўлга киритди.

•        Хусусийлаштирилган пахта кластерлари ҳосили давлат томонидан буюртма қилинган пахта етиштириш режаларига киритилган. Маҳаллий мансабдорлар ушбу квоталарнинг бажарилиши учун жавобгар бўлиб, ҳокимларга кластерлар ишига аралашиши учун имконият яратди. 2019 йилги мавсумда амалдорлар теримчиларни кластерларга боғлиқ фермер хўжаликларида пахта теримига мажбуран жалб этиб, ўз занжирларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олишга интилаётган корхоналар учун зиддиятли танловларни намойиш этишди.

•        Uzbek Forum нинг 2019 йилги пахта мавсуми пайтида олинган маълумотлари шуни кўрсатадики, хусусийлаштирилган кластерлар фермерлар билан шартнома миқдорини режалаштириш тизимига ўтган. Кластер шартномаларини бошқариш кўпинча прокурор ёки бошқа мансабдор шахслар назорати остида кечмоқда. Фермерларда мустақиллик ва ҳимоя етишмайди, савдолашиш ҳуқуқи йўқ ва шартномавий кластер бўйича шерикларига нисбатан ҳақиқий танлов мавжуд эмас. Шартнома режасини бажармаганлик учун жарималар, жумладан,ҳокимларнинг ерни тортиб олиши каби таҳдидларга рўбарў бўлишади. Кластерлар орасида сезиларли тафовут мавжуд бўлса-да, айрим кластерлар маҳаллий ҳокимият билан қўшма корхона сифатида ишлайди. Бу орқали кластерлар молиялаштирилади ва ҳокимлик фермерларни шартнома режаларини бажаришга мажбурлаб, баъзи ҳолларда теримчиларни жалб қилади.

•        Ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланаётган мансабдор шахсларга нисбатан жазони кучайтириб, такрорий қонунбузарликларни жиноий жавобгарликка тортаётган бўлишига қарамай, Меҳнат инспекцияси, асосан, мажбурий меҳнатга йўл қўяётган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширадиган тегишли текширувларни ўтказа олмади. Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг фуқароларнинг мажбурий меҳнат тўғрисида хабар беришлари учун ўзаро алоқа механизмлари заиф бўлиб, аҳоли ишончини қозонгани йўқ. Ишонч телефонига қўнғироқ қилган одамлардан шикоятни рўйхатдан ўтказишлари учун исм-шарифи, манзили, паспорти ва иш жойлари ҳақида маълумот беришлари сўралади. Текширувлар одатда буйруқлар занжирига кирмайди, балки пахта теримчиларини топишга мажбур қилинган қуйи даражадаги амалдорлар ва раҳбарларни мўлжалга олишади.

•        Жарималар самарасиз. Uzbek Forum нинг Қорақалпоғистондаги кузатувчиси шифохона ходимларидан пахта теришни талаб қилган бош шифокор ҳақида хабар берди. Кейинроқ эса меҳнат инспектори шифокор аллақачон жаримага тортилганини тасдиқлади, шунга қарамай, у босим остида бўлганлиги сабабли ходимларни далага юборишда давом этди.

•        Теримчиларни ихтиёрий ёки мажбурий равишда ёллашда ҳам маҳалланинг роли ҳанузгача сақланиб қолмоқда. Маҳалла раислари ижтимоий нафақаларни тўлашдаги ўзларининг масъулияти ва мулоҳазакорлиги туфайли ўз жамоаларида катта таъсирга эга. Шу сабабли аҳоли пахта териш учун қилинган “илтимос”ни рад этишга қодир эмаслигини ҳис қилади. Маҳалла раҳбарларидан бири Uzbek Forum кузатувчисибилан суҳбатда: “Агар бизда нафақа олувчилар бўлмаганида, биз теримчи топа олмас эдик”, деди. Раислар маҳалла номидан теримчилар етказиб беришга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳолат жамоат ташкилотлари ходимлари ўрнига ёлланиб ишлашни афзал кўрадиган теримчилар ўртасида оммавий эмас, чунки улар ёлланиб ишлаганликлари учун  килограмм нархига қўшимча равишда бадал пули олишлари мумкин.

•        Фуқаролик жамияти ошкоралик ва маъсулиятлиликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликни аниқлаш, ҳужжатлаштириш ва қонунбузарликларни бартараф этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Гарчи ҳукумат пахта йиғим-теримини мустақил равишда кузатишга рухсат бериш мажбуриятини олган бўлса-да, у мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ёки фуқаролик жамияти ташкилотларининг эркин фаолият кўрсатиши учун қулай шароит яратмади. Сохта жиноий айбловлар ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш орқали мустақил кузатувчиларнинг ишига аралашишда давом этмоқда.

Ҳисоботнинг тўлиқ PDF матнини бу ердан олиб ўқиш мумкин

Тағин ўқинг
19 апрел 2023
Рассом Туз
20 декабр 2016
Маҳрум президент Ислом Каримовнинг ҳар бир чиқиши, ваъдалари ортидан халқнинг турли қатлами вакилларининг бу чиқишларга муносабат билдириши совет давридан ...
1 январ 2024
Элтузнинг Ютубдаги канали орқали ўтган йил давомида энг кўп томошабинлар эътиборини тортган видеолар ўнталигини тақдим этади. Эслатиб ўтамиз, улар Ютуб статистикаси ёрдамида танланди ва у ердаги устивор мавзу жиноят оламига экани ойдин бўлди. Холбуки Элтузнинг ўтган йилги сўровларида Элтуз мухлислари кўпроқ давлат сиёсати, маданият ва санъатга оид кўрсатувлари томоша қилиш истагини билдиришган эди. ...
24 ноябр 2023
– Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ишитамиз. ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...