Document UZ
1 июл 2020

Тизимдаги хатарларни белгилаб берган илк кластер

Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми?

Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар

Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига оид навбатдаги нашри тайёрланди. 

Буюк Британиядаги Ольстер университетининг амалий ижтимоий ва сиёсий фанлар мактаби раҳбари, криминология профессори Кристиан Ласслетт ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорлигида тайёрланган ушбу нашрда кластерлар ортида турган ношаффоф ширкатлар, уларни ўрганиш натижасида олинган маълумотлар, пахта секторининг бу тарзда хусусийлаштирилиши жараёнида юзага келаётган хавф-хатарлар ҳақида сўз боради. 

“Элтуз” сайти мазкур тадқиқотнинг асосий жиҳатлари ҳақида ўз ўқувчиларини хабардор қилишни лозим топди.

Тизимдаги хатарларни белгилаб берган илк кластер

2017 йилда президент фармони билан пахта кластерлари тизимини йўлга қўйиш мақсадида Сирдарё вилоятида пилот лойиҳа иш бошлади ва “Бек” кластери ташкил этилди.  

Ушбу лойиҳа ва “Бек” кластерини бошқариш ҳуқуқини олган компаниялар тизимдаги хатарлар ва унинг заиф жиҳатларини белгилаб берди. Бу жиҳатлар кластер тизими катта суръатлар билан ривожланган 2018-2019 йилларда яққол намоён бўлди.

Президент фармони билан “Бек” кластерига 18 минг гектар суғориладиган ер ажратиб берилди. Лекин унда кластер бу ер учун ҳақ ёки ижара пули тўлаши аниқ белгиланмаган. 

Шу билан бирга, фармон асосида кластерни бошқарувчи компания 2022 йил 1 январгача божхона йиғимларидан озод этилган. “Асакабанк”ка эса кластерга имтиёзли кредит линиясини очиш вазифаси юкланган.

“Ушбу пилот лойиҳани молиялаштириш учун ажратилган сармоянинг умумий миқдори, фармон иловасидаги ҳисоб-китобларга кўра, 165 миллион АҚШ долларини ташкил этади”, дейилади Power Briefs тадқиқотида. 

Президент фармони бошқарувчи компанияларга илгари фермерларда умуман бўлмаган кенг кўламли молиявий эркинлик тақдим этади. Хусусан, уларга пахта маҳсулотини эркин тасарруф этиш, нарх сиёсатини ўзи белгилаш ҳуқуқи берилган.

Тадқиқотда таъкидланишича, фармонда пилот кластерни бошқариш учун компанияларни танлаш соҳага тегишли давлат идоралари таклифлари асосида амалга оширилгани айтилган. Расмий тендер ёки рақобатли таҳлил ўтказилгани ҳеч қаерда қайд этилмаган.

“Кўринишидан, – дейилади тадқиқотда, – бу Ўзбекистон Республикасининг очиқ ва шаффоф танлов ўтказиш шарти мажбурий этиб белгиланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига зиддир”.

Тадқиқот муаллифларининг давлат идоралари таклифида номлари келтирилган компаниялар рўйхатини тақдим этиш тўғрисидаги сўровига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жавоб бермаган. Шунингдек, бу масалада президент девонига жўнатилган шикоят ҳам жавобсиз қолган.

Фармонда илк кластерни бошқариш маҳаллий “Mirzaobod Universal Trade Cluster” МЧЖ билан биргаликда унинг бизнес шериклари “Trontex LP” ва “Gratum Trading LP” хорижий компанияларига берилгани қайд этилган. Уларнинг иккаласи ҳам Шотландиянинг масъулияти чекланган ширкатлари ҳисобланади. 

Шу ўринда бир эслатма. 2007 йилдан сўнг Шотландия масъулияти чекланган ширкатлари (Scottish Limited Partnerships – SLP)дан турли иқтисодий жиноятлар ва пул ювишда кенг фойдаланила бошланган. 

Чунки SLPларнинг молиявий ҳисоботлар топшириши талаби деярли бўлмаган ва улар ўз фаолиятини тўлиқ молиявий ва ташкилий махфийлик асосида юритиш имкониятига эга бўлган.

Буюк Британия Ғазначилиги ва Ҳоум-офис томонидан 2017 йилда ўтказилган ўрганишларда қуйидагилар  таъкидланади: 

“Улар (SLPлар) жиноятчилар учун жуда жозибадордир. Чунки Шотландия ширкатлар қонунчилигига кўра, SLPлар шериклардан алоҳида юридик шахс бўлиб, бошқа шаклдаги фирмалардан фарқли ўлароқ, молиявий ҳисобдорлик ва шаффофлик борасидаги мажбуриятлари жуда кам”. 

2017 йилда ўтказилган ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида SLPларга компаниялар устидан сезиларли назоратга эга бўлган шахсларнинг реестрини тақдим этиш мажбурияти юкланди. Бироқ Буюк Британия корпоратив реестри бу маълумотларни текшириш ваколатига ҳам, имкониятига ҳам эга эмас. Моҳиятан, бу тизим компаниялар қандай маълумот тақдим этса, шунгагина таяна олади. 

“Бу маълумотлардан “Trontex LP” ва “Gratum Trading LP” айнан “Бек” кластерида қонунбузарликлар орқали даромад кўриш мақсадида тузилган, деган фикр келиб чиқмаслигини керак. Бироқ бу шаклдаги ширкатлардан фойдаланиш ноқонуний фаолият хатари мавжудлиги нуқтаи назаридан хавотир уйғотади”, дейилади тадқиқотда. 

Унда келтирилишича, “Trontex LP” ҳам, “Gratum Trading LP” ҳам тегишлича 2015 йил ва 216 йилнинг сентябрь ойларида Эдинбургда жойлашган “Global Advisors” компанияси томонидан таъсис этилган. Уларнинг юридик манзили ҳам шу шаҳарда.

Худди шу манзил “Esperansa Group LP” компаниясига ҳам тегишли. 2019 йилда ўтказилган суриштирув натижасида қўлга киритилган ҳужжатли далилларга кўра, “Esperansa Group LP” “Akfa Dream World” компаниясининг 68,19 % акциясига эгалик қилади. 

“Akfa Dream World” эса Тошкент шаҳрининг ҳозирги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсис этган “Akfa Group”нинг бир қисмидир. “Gratum Trading LP” ва “Akfa Group” ўртасида юридик манзилининг бир хиллигидан ташқари яна бирорта алоқадорлик мавжудлиги аниқ эмас.

“Gratum Trading LP” ҳам, “Trontex LP” ҳам битта бош шерикка эга: “Greencircle Services Ltd” ва “Lemford Business Solutions Ltd”. Бу иккиси Марказий Америкадаги Белизда рўйхатдан ўтган қоғоздаги компаниялардир. Улар Шотланияда рўйхатдан ўтган қатор ширкатларни панага тутишда фасад вазифасини бажаради.

2018 йилнинг 6 ноябрида “Gratum Trading LP” ва “Trontex LP” уларнинг назорат пакетлари “Intrus Alliance LP” ва “Galore Trade LP” компанияларига тегишли экани тўғрисида маълум қилди. Бу компаниялар бир кунда, бир манзилда тузилган бўлиб, Ирландиянинг масъулияти чекланган ширкатлари ҳисобланади. 

Президентнинг 2017 йилги юқорида қайд этилган фармони асосида “Gratum Trading LP” ва “Trontex LP” “Бек” кластерини бошқариш ҳуқуқини олганди. 2019 йил 30 сентябрда “Gratum Trading LP” ширкати фаолиятини тўхтатди. Энди эса “Mirzaobod Universal Trade Cluster” “Бек”нинг ягона бошқарувчиси сифатида кўрсатилмоқда. 

Diagram 2 “Бек” кластерини шериклари ва филиаллари (2017-2019)

“Бек” кластерининг шериклари ва филиаллари (2017-2019)

“Mirzaobod Universal Trade Cluster”нинг эгалари Улуғбек Сотиболдиев (87,44%) ва “Bek Metal Production” МЧЖ (12,56 %) ҳисобланади. Сотиболдиев Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг катта мансабдоридир. 2018 йилда у партиянинг Сирдарё вилояти кенгаши раиси бўлган. Яқинда эса у Олий Мажлис Сенатига сайланди. Шундай қилиб, хатарларни баҳолаш нуқтаи назаридан Улуғбек Сотиболдиев сиёсий нуфузли шахс ҳисобланади. 

Кластерни бошқарувчи компанияларни танлаш жараёнининг ношаффофлиги, у президентнинг сиёсий партиясидаги мансабдор ва иккита SLP назоратидалиги, 165 миллион доллар ҳажмидаги улкан инвестициянинг уларга ишониб топширилгани – буларнинг барчаси ноқонуний фаолият юритишни бошқариш нуқтаи назаридан жуда жиддий хавотирга сабаб бўладиган омиллардир. 2018 йилда кластерлар тизимининг кенгайиши худди шундай омиллар билан, лекин янада кенгроқ кўламда давом этди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги қарори билан яна 13 та вилоятда умумий ер майдони қарийб 133 минг гектар бўлган 17 та кластер тузилди. 

“Худди пилот лойиҳада бўлгани каби янги кластерларни бошқарувчи компаниялар ҳам ношаффоф жараёнда танланган кўринади. Чунки бу танлов жараёнлари юзасидан тегишли идораларга юборилган сўровлар жавобсиз қолдирилди”, дейилади тадқиқотда. 

Қарорда кўрсатилишича, Молия вазирлиги бошқарувчи компанияларга ссуда тақдим этади. 3 фоиз ставкасида бериладиган бу қарзлар пахта хомашёси етиштириш учун зарур бўлган харажатларнинг камида 60 фоизини қоплайди. 

Қолаверса, қарорда бошқарувчи компаниялар таклиф этган лойиҳаларни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит линияларини кенгайтириш, 2020 йил 1 январгача бошхона тўловларидан озод этиш ҳам кўрсатиб ўтилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги қарорида пахта тозалаш заводлари ва қабул қилиш пунктлари бино ва иншоотларини кластер бошқарувчиларига сотиш мажбурияти белгиланган. Лекин бу кўчмас мулкни холис баҳолаш, келишувнинг шаффофлиги ва адолатлигини таъминлаш шартлари кўрсатилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги қарори билан яна қўшимча кластерлар тузилиб, уларнинг жами сони 58 тага, умумий ер майдони 463 836 гектарга етказилди. Худди аввалги ҳолатлардагидек, янги кластерларни бошқарувчи компаниялар улар томонидан тегишли давлат органлари билан келишилган ҳолда топширилган аризаси асосда танлаб олинди. 

“2018 йил давомида яратилган механизмлар асосида фермерларнинг хатарли вазиятга тушиб қолгани алоҳида хавотир уйғотади. Улар ўзлари шартнома асосида муносабатга киришадиган кластерларни эркин танлаш ҳуқуқига эга эмаслиги уларнинг ўз шартларини ўтказиш имкониятини ниҳоятда чеклаб қўяди…

Юқори режа кўрсаткичларини бажара олмагани сабабли фермерлар ерларидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин”, дейилади тадқиқотда. 

Унда таъкидланишича, кластерларни бошқарувчи компаниялар очиқ, шаффоф ва ижтимоий масъулиятли бўлмаса, ҳозирги бошқарув механизмлари ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва эҳтимолий қонунбузарликлар хатарини сезиларли даражада оширади. 

Элтуз

Тағин ўқинг
21 июл 2017
Жорий йил бошида Туркиядаги Reina тунги клубига ҳужум қилиб 39 кишини ўлдирган Абдуқодир Машариповга кўмак берганликда гумонланган 42 ёш, ...
6 декабр 2021
«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил суд тизимини туза олмаганимиз ...
16 феврал 2017
Президентнинг 15 февралдаги фармонига кўра, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги иккига ажратилиб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ...
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...