Кундалик
1 сентябр 2020

Мустақилликка аслида қандай эришганмиз?

Ислом Каримовнинг қаршилигига қарамасдан, 1990 йил 20 июнь куни Ўзбекистон парламенти томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Лекин бу декларация бир парча қуруқ қоғоз бўлиб қолди.

Орадан тўққиз ой ўтгач, СССРни сақлаб қолиш учун 1991 йилнинг 17 мартида референдум бўлиб ўтди. Бунга Молдова, Латвия, Литва, Эстония, Гуржистон, Арманистон сингари республиклар қатнашмадилар. Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон Компартияси нафақат референдумда қатнашди, балки бутун вужуди билан СССРни сақлаб қолиш учун 93,7 фоиз овозни қалбакилик йўли билан Москвага ташкил қилиб берди.

Аслида ушбу рақамлар мутлақо сохталаштирилганди. Чунки халқимиз уйғонган ва кўпчилиги мустақиллик тарафдори эканини яширмаётган эди. Буни Ўзбекистонда 1991 йилнинг декабрида президент сайлови билан бирга бўлиб ўтган референдум тасдиқлади. Референдумда 98,3 фоиз одам мустақиллик учун овоз берди. Бу рақамлар ҳам кўпайтириб кўрсатилган бўлса-да, лекин одамлар кўтаринки руҳ билан сайловга қатнашиб, ҳақиқатан ҳам аксарият кўпчилик мустақиллик учун овоз берди. 1991 йил 17 март ва 29 декабрь орасида халқ ўз фикрини тезлик билан “ўзгартириши” жуда ғалати.

Аслида одамларнинг фикри ўзгарган эмас. Фақат Ислом Каримов етакчилигидаги коммунистлар кўзбўямчилик қилиб, референдум натижаларини ўз манфаат, ниятларига қараб ўзгартиришганди, холос.

Энди яна орқага қайтсак. 1991 йил августдаги ГКЧП пайтида Ислом Каримов Ҳиндистонда бўлган. 1991 йилнинг 18-21 август кунлари Москвада давлат тўнтариши (ГКЧП) юз берди. СССРни, яккапартиявий режимни сақлаб қолиш учун фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Аммо ГКЧП тезда йиқилди. Ислом Каримов СССРни сақлаб қолувчилар тарафида эди. Москвада катта текшириш очилиб, СССР тарафдорлари бирин-кетин қамоққа олина бошланди. Шунда Каримов 31 август куни шу пайтга қадар ўзи рад этиб келган, 1990 йил 20 июнида қабул қилинган Мустақиллик декларацияси талабини қонун шаклида қабул қилишни парламентга олиб чиқди.

Гапнинг очиғи, ўшанда ҳамма депутатлар “шок” бўлиб қолди. Ҳали кечагина “мустақиллик бу орқадан пичоқ уриш, биз мустақил яшай олмаймиз”, деб турган одам кутилмаганда минбарга чиқиб, мустақил бўламиз, деб турибди. Ҳеч ким қарсак ҳам чалмади. Ваҳоланки, 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларацияси қабул қилинганда зал ҳайқириқлардан ларзага келганди. Бу сафар мустақиллик Каримовнинг ўзига асқатганини ҳамма англади. Шунинг учун ҳам у қарсак чалмайсизларми, дегандан кейингина енгил қарсак бўлди. Шунда ҳам Каримов йиллар давомида Мустақиллик декларацияси эълон қилинган кунни, умуман ўша муҳим воқеани эсдан чиқартиришга уринди.

Озодлик аслида ҳеч бир мустамлакачи томонидан берилмайди. Қизил империянинг аҳволи танглиги сабабли бошқа республикалар каби биз ҳам тақдир тақозоси туфайли бир вақтда мустақил мамлакатга айландек. Афсуски, мустақилликдан узоқ йиллар мобайнида бутун халқ эмас, бир қисм кишиларгина бошқалар ҳисобидан манфаат кўрди. Агар биз ҳақиқатан ҳам адолатни тикламоқчи бўлсак, ўтмишимизнинг салбий, ижобий томонларини яхши ўрганишимиз, бундан хулоса чиқариб олишимиз керак. нафақат Совет Иттифоқи даврида, балки ўзимизнинг ёпиқ қўрғонда ҳам Мустақилликка эришгандан кейин 27 йил қўрқиб, ҳадик билан яшаганимиз рост. Биродарлар, яқин ва узоқ ўтмишимизни ўрганайлик. Ҳақиқий тарих бу кўзгудир, у келажакни ёритиб туради.

Азиз ватандошлар, ҳаммаларингизни мустақиллик байрами билан табриклайман!!!

Отабек Тошев
фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
22 май 2019
Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида фермерлик билан шуғулланаётган Ҳайдарали Исломов ери тортиб олингани боис Туркияга 100 тонна шивит (укроп) ва ...
9 октябр 2015
Журналистларнинг Ўзбекистондаги кўп жиддий ўзгаришларни тушунишлари қийин бўлиб қолди. Айниқса, “бирор фикрингни билдиришдан олдин раҳбарият олдига чиқиб руҳсат” олиш ...
25 январ 2017
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг мактуби менга 25 йиллик журналистик фаолиятимда ҳукумат тарафидан ёпилган ва мен ишлаган “Эрк”, “Муносабат”, ТВ ...
5 август 2020
Ўзбекистон президенти фармони билан диний соҳа вакилларига 150 миллиард сўм пул ажратилди. Фармонда айтилишича, бундан мақсад «диний соҳада хизмат ...
Блоглар
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...
11 сентябр 2020
“Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан”,- деди ...
7 сентябр 2020
Бизда бугундан совуқроқ кузак шамоли бошланди. Мен каби совуққа юпқа одамлар енги узун кўйлак кийиб ...