Асосий мавзулар
21 октябр 2022

Абдурауф Фитрат: “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас”

Бир пайтлар мусулмон дунёсида катта нуфузга эга Туркистон мамлакатларининг халқаро обрўси бутунлай тушиб, уларнинг хоин ҳукмдорлари кейинчалик ҳам Россия империясининг энг садоқатли хизматкорлари сифатида тарих варақларида қоладилар. 

Хусусан, Бухоро амирлари Музаффар, ўғли Абдулаҳадхон ва набираси Саид Олимхон то XX асрнинг 20-йилларигача рус империализмига хизмат қилиб ўтдилар. 

Петербургдаги кадетлар мактабида таҳсил олган Саид Олимхон прогрессив куч бўлган жадидлар ҳаракатига қарши кураш олиб борганини, худди аждодлари каби ўзига ўзи чоҳ қазиганини кўриш мумкин. 

Бухоро шаҳрида 1886 йил 4 октябрь куни зиёлилар оиласида жадидчилик ҳаракатининг энг ёрқин намояндаларидан бири, ўзбек тарихчиси, филологи, таржимони, ёзувчиси, шоири ва драматурги, илк ўзбек профессори, миллатимизнинг буюк ўғлони Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат дунёга келди. 

Фитратнинг отаси юмуш билан Шарқий Туркистонга бориб, тақдир тақозоси билан Қашқар шаҳрида қолиб кетади. Абдурауф онаси Мустафо Биби (Бибижон) қўлида қолган эди. 

Фитратнинг онаси жуда маърифатли, ўқимишли аёл бўлган. Абдурауф гўдаклигида онасидан Навоий, Увайсий, Зебунисобегим, Бедил, Фузулий ғазалларини тинглаб ўсади. Халқ бежизга айтмайди: “Маърифатли онадан маърифатли бола туғилади”. 

Абдурауф онасидан юксак нафосатли қалбни, маънавий бойликни мерос қилиб олганди. Онаси Бибижон Абдурауфни дастлаб эски мактабда, сўнгра машҳур Мир Араб мадрасасида ўқитди. Абдурауф мадрасасининг энг зўр талабаларидан бири эди. Унинг илмий салоҳияти ўша пайтдаёқ билина бошлаганди.

1902 йилда 16 ёш бўлишига қарамай, Абдурауф ҳаж сафарига чиқади. У 1902-1903 йилларда нафақат араблар ўлкасига, балки Онадўли (Туркия), Кавказорти, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон заминларига саёҳат қилиб, тафаккурини, дунёқарашини янада ўстиради. 

1906-1908 йилларда эса Россия империяси бўйлаб Қозон, Нижний Новгород, Ярославль, Москва ва Петербург шаҳарларига ҳам саёҳат қилади. 

Абдурауф Фитрат ғарб ва шарқ дунёсини ўз кўзи билан кўриб, унинг ютуқ-камчиликлари, тафовутларини таққослайди. Туркистон ва Россия империясининг бошқа ҳудудларида уйғониб келаётган жадидлар ҳаракатини илғайди ва унинг сафларига киради. 

XX аср бошларида тузилган “Тарбияи Афтол” жамияти кўмагида Туркияга ўқишга кетади. Абдурауф 1908-1913 йилларда Истанбулдаги Воизон мадрасасида таҳсил олади. 

У Истанбулда билим олиш баробарида ижодий фаолиятини ҳам бошлаб юборади. Абдурауфнинг билимдонлиги, тафаккури бойлиги Туркиядаги зиёлиларни ҳайратга солади. Унга Фитрат, яъни донишманд деб тахаллус берадилар. 

Фитрат Истанбулдаги ўз ватандошлари – туркистонликлар билан Бухоро таълими маориф жамиятини тузади. Жамиятнинг мақсади ватандошлар орасида ўзаро моддий ва маънавий алоқаларни йўлга қўйиш, Туркистон жадидчилик ҳаракатини ривожлантириш эди. 

Бу жамиятга ўша даврда Туркияда бўлиб ўтган Ёш турклар инқилоби мисли кўрилмаган даражада таъсир қилганди. Фитрат бундай прогрессив инқилоб ватанимиз Туркистонда ҳам бўлиши кераклигини, ўшандагина Туркистон халқлари ҳам озодликка ва тараққиёт йўлига чиқиб олиши мумкинлигини тушунганди. Абдурауф Фитрат Ёш турклар инқилобидан илҳомланиб ўзини сиёсат майдонига отади.

 Фитрат Истанбулдаги кутубхоналарни кезади, шарқ адабиёти, санъати, тарихини жуда чуқур ўрганади. У бошқа жадидлар каби жаҳон адабиёти билан рус тили орқали эмас, балки турк ва араб тиллари орқали танишганди. 

Туркиядаги ўқишини тамомлагач, Бухорога қайтиб келади. Фитрат зиё тарқатишни келажак авлоддан бошлаш кераклигини яхши тушунарди. Шунинг учун Бухоронинг турли туманларидаги мактабларида ўқитувчилик қилади. 

Фитрат Бухорода тузилган Ёш бухороликлар ҳаракати сафларига кирганди. 1915 йилда бу партиянинг сўл қанотига бошчилик қилади. 1916 йилда ҳаракат иккига бўлиниб кетади. 

Ёш бухороликларнинг жадид Абдулвоҳид Бурҳоний бошчилигидаги бир қисми сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш хавфли эканини англаб, эволюцион йўлни, яъни маданият ва маърифат тарқатишни давом эттириш ва секин-аста, босқичма-босқич тараққиётга, мустақилликка эришиш мумкинлигини эътироф этадилар. 

Файзулла Хўжаев, Усмонхўжа, Абдурауф Фитрат каби илғор жадидлар эса инқилобий йўлни танлаган эдилар. Бу илғор ёшлар қолоқ, ич-ичидан чириб кетган феодализмнинг чиркин ботқоғида ётган, устига-устак, бегона бир империянинг қули бўлган амирликни ағдариб, Бухорода республика тузишни орзу ва мақсад қилгандилар. 

Хўш, Ёш бухороликлар нима учун дастлаб большевиклар билан иттифоқ бўлишни ихтиёр этгандилар? Бу савол ўқувчини қийнаши, турли шубҳа-гумонга бошлаши табиий, албатта. 

Афтидан, уларнинг бундан бошқа чоралари қолмаганди. Чунки Европанинг илғор мамлакатлари бўлган Англия ва Франция Россия билан Антанта иттифоқида эди ва улар Бухорони деб Россия империясига, яъни жаҳон урушидаги ўз иттифоқчиларига қарши бормаслиги табиий эди. 

Бундан ташқари, Ёш бухороликлар Ёш туркларнинг таъсирида эди. Туркия эса Германия тарафида туриб уларга қарши урушаётганди. Шунинг учун большевиклар инқилобини жадидларимиз зўр умид ва иштиёқ билан кутиб олгани бежиз эмасди. 

Улар большевикларни дастлаб Туркистон халқлари озодлиги йўлида ўзига иттифоқчи бўлади, деб ўйлаган бўлишлари эҳтимол. Аммо улар қаттиқ янглишгандилар. 

1917 йилги рус инқилобидан сўнг Бухоро амирлиги ўз мустақиллигини деярли яна тиклаган эди. Бухоро амири жадидлар билан келишган ҳолда конституциявий парламентар монархия тузиб, ўз позициясини мустаҳкамлаш ўрнига калтабин, яъни жадидларга қарши қатағон сиёсатини танлайди. 

Бухородаги сиёсий аҳвол мураккаблашгач, Ёш бухороликлар Бухородан Самарқандга кўчиб ўтишга мажбур бўладилар. Улар Абдурауф Фитрат бошчилигида “Ҳуррият” газетасини ташкил қиладилар. Газета 1917 йил апрелидан 1918 йил мартигача фаолият юритган. Унга Абдурауф Фитрат бош муҳаррирлик қилади. 

Фитрат газета ишларини ривожлантириш учун Самарқандга Ўрта Осиё жадидлари дарғаси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийни таклиф қилади. Айнан шу йилларда Фитрат “Иттифоқи тараққий” жамиятини ҳам ташкил этади. 

Фитрат 1917 йил 27 ноябрдаги Туркистон мухториятини чексиз меҳр билан қарши олади. Туркистон мухториятини у: “Бу бизнинг миллий Лайлатул қадримиздир”, деб таърифлаганди. 

Аммо унинг қувончи узоққа чўзилмайди. 1918 йил февраль ойида большевиклар арман миллатчи дашноқлари ёрдамида Туркистон мухториятини қонга ботиради. 

Большевиклар Фитрат муҳаррирлик қилаётган газетани ҳам ёпиб қўядилар. Абдурауф Фитрат бу воқеалардан тушкунликка тушиб, 1918 йил март ойида Самарқанддан Тошкентга кўчиб ўтади. 

Дастлаб Хадрадаги мактабда, сўнгра Туркистон мусулмон дорилфунунида мударрислик қилади. 1919-1920 йилларда эса Афғонистон амирлигининг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимон бўлиб ишлайди. 

Фитрат Тошкентда асосан илмий-ижодий фаолият билан машғул бўлади, маърифий дарсликлар тузади. 1920 йил 9 апрелида “Тонг” журналини ташкил қилади. Журнал замонасининг илғор ғояларини, ёшларнинг миллат қайғусини ўзида мужассам этган эди. 

Журналнинг шиори “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас” бўлиб, бу шиор ҳозирги кунларимизда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Большевиклар бу журнални учинчи сонидан кейиноқ тўхтатиб қўядилар, албатта, уларга мияси ўзгарган миллат керак эмас эди-да! 

Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, Абдурауф Фитрат маориф нозири (министри) лавозимига чақирилади. Фитрат 1922 йилдан янги республиканинг хорижий, яъни ташқи ишлар вазири, Халқ хўжалиги кенгаши раиси, Марказий ижроия кенгаши раиси ўринбосари, Халқ нозирлари шўроси раиси ўринбосари, ҳукумат план ва смета ташкилий хайъатинининг раиси, БХСР Меҳнат кенгашининг президенти каби қатор масъул лавозимларда ишлайди. Айнан Фитратнинг ташаббуси билан бухоролик 70 нафар иқтидорли ёш Германия университетларига ўқишга юборилади. 

Фитрат Бухорода дастлабки Шарқ мусиқа мактабини ташкил этади. Фан ва маданиятга доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлади. Унинг ҳаракатлари билан давлат тили туркий (ўзбек) тили деб эълон қилинади. 

Фитрат Бухорода давлат театрини ташкил қилишда бош-қош бўлади. Тошкентдан театр санъатини ривожлантириш учун машҳур жадид Абдулҳамид Чўлпон ва Маннон Уйғурни, вақф ишларини бошқариш учун эса шахсан Мунавварқори Абдурашидхоновни таклиф қилади. 

Бухоро республикасининг ўсиб бораётган обрўси, албатта, Кремлга ёқмаётганди. Улар ёш республиканинг жадид раҳбарларида, айниқса, Фитрат қиёфасида улкан хавфни пайқаб турардилар. 

1923 йилда Москвадан Ян Рудзутак бошчилигидаги махсус тафтиш комиссияси Бухорога келади. Рудзутак Фитратни Москвага ишга олиб кетиш баҳонасида уни барча эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади. 

1923-1927 йилларда Абдурауф Фитрат Москвада Шарқшунослик институтида илм билан шуғулланади. Ленинград давлат университетининг шарқшунослик факультетида талабаларга турк, араб, форс тиллари, адабиёти ва маданиятидан дарс беради. 

Бу ерда унга профессор унвони берилади. Фитрат ўзбек зиёлилари ичида профессор унвонини олган илк шахс сифатида ҳам тарихга кирган. 

1927 йилда Фитрат Ўзбекистонга қайтиб келади, аммо бу ерда унга юқори лавозимли ишлар берилмайди. У Самарқанд олий педагогика институти (кейинчалик Самарқанд давлат университети)да, шунингдек, Тошкент тил ва адабиёт институтида дарс беради. 

Абдурауф Фитрат ҳаёти давомида юзлаб ижтимоий-публицистик, илмий рисола ёзган. Унинг ижодий ишлари нафақат Туркистонда, балки Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Кавказ ўлкаларида, Волгабўйи матбуотларида чоп этилиб турган. 

Фитратнинг “Сайҳа”, “Сайёҳи Ҳинди”, “Раҳбари Нажот”, “Тарихи ислом”, “Мавлуди шариф”, “Або Муслим”, “Бегижон” каби шеърий тўпламлари, “Қиёмат”, “Меърож”, “Оқ мозор”, “Зайд ва Зайнаб”, “Заҳронинг иймони”, “Қон”, “Темур сағанаси”, “Ўғузхон” каби асарлари бор. 

Фитратнинг “Шайтоннинг тангрига исёни”, “Арслон”, “Восе қўзғолони” асарлари, “Абулфайзхон» каби эпик драмалари Шекспир асарлари каби мукаммал ёзилган. Уларда, айниқса, “Абулфайзхон”да Фитрат Туркистоннинг янги таназзулини, фожеасини кўради. 

Фитрат жуда кўп илмий ишлар ҳам қилган. 1918 йилда Шокиржон Раҳимий ва Қаюм Рамазон билан “Она тили” имло дарслигини яратади. Амир Олимхон даврида Бухоро санъати мактабини яратади. Унга машҳур бастакор Виктор Успенскийни таклиф эттиради. 

Фитрат ўзбек мусиқа санъати учун ҳам жуда кўп ишлар қилган шахсдир. У “Шашмақом”, “Ўзбек мусиқаси” ҳақида кўплаб илмий мақолалар ёзган. 

Бошқа истеъдодли жадидларда бўлгани каби Фитратнинг ҳам душманлари жуда кўп эди. Аммо унинг дўсти ва маслакдоши Файзулла Хўжаев доимо уни йўқ қилишга бўлган уринишларнингг олдини олиб келарди. 

Бироқ мудҳиш 1937 йил – Сталин қатағонлари даврининг апогеяси бошланди. 1937 йилда Фитрат пантуркизмда, миллатчиликда, халқ душмани сифатида айбланиб, НКВД томонидан ҳибсга олинади. 

1938 йил 28 март куни НКВД махсус учлиги томонидан суд қилиниб, ўлимга маҳкум қилинади. Миллатимизнинг буюк намояндаси, биринчи профессори Абдурауф Фитрат 1938 йил 4 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод даҳасидаги Бўзсув қирғоқларида отиб ўлдирилган. Фитратни тўла 1963 йилда оқлашган. 

Нима учун уни кеч оқлашган экан, деб ўйлаб қоламан баъзан. Балки совет ҳукумати Фитратнинг ижодидаги ўзининг жирканч тузумини фош қилиб ташлай оладиган ғояларини миллат илғаб олишидан ҳайиққанмикин ёки унинг душманлари ўша 60-йилларда ҳам ҳали тирик бўлиб, унинг оқланишига қаршилик қилганмикин? 

Зеро, Фитрат ватанимиз ва миллатимиз фожеасини ўз битикларида яққол кўрсатиб кетган эди. Унинг ушбу шеъри ҳам бунга яққол мисолдир:

 …Борми сенда бизим каби инсонлар,

 Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар.

 Ўртоқ қонин қонмай ичкар зулуклар,

 Қардош этин тўймай еган қоплонлар?

 Борми сенда, ўксук йўқсулнинг қонин

 Гурунглашиб, чоғир каби ичганлар?

 Борми сенда бутун дунё тузугин

 Ўз қопчиғин тўлдирғали бузғанлар?

 Борми сенда бир ўлкани ёндириб,

 Ўз қозонин қайнатғучи хоқонлар?

Борми сенда қорин-қурсоқ йўлида

Элин, юртин, борин-йўғин сотқонлар? 

Ушбу мисраларни ёзганда Фитрат нақадар ҳақ эди. Бир-бирини, виждонини, ор-номусини, ҳақни кўрсатувчи ойдинларини сотгувчи миллат қулликка ва залолатга маҳкумдир. 

Ихтиёр Эсонов
eltuz.com

Тағин ўқинг
24 ноябр 2016
72 ёшли сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг яқинларидан бугун Eltuz.comга етиб келган хабарга кўра охирги суд ажрими бекор қилинган, унинг ...
29 апрел 2016
Ўзбек матбуотининг бу жазавасига 12 апрел куни, “Тошкент” телеканалида СТАРТ берилди. Ўша куни бу телеканал, кечки прайм тайм вақтида, ...
16 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com Таниқли хонанда Юлдуз Усмонова 12 декабр куни ўз таваллуд кунида президент Ислом Каримовга бағишлаб қўшиқ яратгани ...
20 март 2020
20 март куни Ўзбекистонда коронавирус юқтирилгани қайд этилган шахслар сони 33 нафарга етди. Дастлаб Ўзбекистон эпидемиология маркази Франциядан қайтган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...