Асосий мавзулар
13 апрел 2021

Муҳаммад Солиҳ раҳматли собиқ муфтийнинг сайловдаги тутумига ойдинлик киритди

Таниқли публицист ва давлат арбоби, Шароф Рашидов ва Ислом Каримов даврида ҳукумат лавозимларида ишлаган Шароф Убайдуллаев “Озодлик” радиосига интервьюсида “1991 йилги сайловда Ислом Каримов эмас, балки Муҳаммад Солиҳ ютиб чиққани”ни очиқлади. 

Бу очиқлама ҳукумат мулозимидан чиққани учун ҳам муҳим баëнот ва тарих учун қимматли билги сифатида қаралди. Аснода Каримовни кимлар қўллагани ҳам ўртага чиқди. 

Сайловдан олдин Каримов Наманганда исломий кучларни тамсил қилган Тоҳир Йўлдош билан учрашгани акс этган видео мавжуд. Ундан Тоҳир Йўлдош дохил муллаларнинг Муҳаммад Солиҳни эмас, балки Ислом Каримовни қўллагани англашилади. 

Ўша даврни хотирлаганлар муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳам водийда масжидма-масжид юриб, Ислом Каримовга овоз беринг, деб тарғибот қилганини эслашди. 

Ҳатто СССР муфтийси бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 1991 йил март ойидаги референдумда ва ундан олдин СССР халқ депуталигига сайланиш учун олиб борган сайловолди тарғиботида мустақиллик эмас, балки СССР тарафдори бўлгани эсланди.

Мазкур воқеалар қисман “Элтуз” сайтида ëритилди ва “Эрк” партиясининг кўплаб аъзолари тилидан ҳикоя қилинди. Бу эса Ўзбекистон жамиятида шахси ўта шиширилган собиқ совет мулласи Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шахсиятига шак келтириш, деб баҳоланди. 

“Элтуз”нинг Ирода исмли ўқувчиси бу ҳолатлар келтириб чиқарган саволларни жамлаб, овозли мактуб ўлароқ юборди.

“Ассалому алайкум ва Рахматуллоху баракатух ҳайрли кун. Элтуз мен сизнинг яни, муҳолиф сиёсатчиларнинг жанрларидаги муҳолиф сиёсатчилар ёзган мақолаларни ва фикрларни, ўқиб, тинглаб бораман ҳамда, ўзимизни ўша давлат сиёсатчиларни ва сиёсатдан ҳабари бор инсонларни ёзган мақолаларини фикрларни ҳам бирдек тинглаб бораман. Чунки мен ҳолис бўлишни ва ҳолис фикрларни ўзим учун чиқариб олишни истайман. Сизнинг жанрингизда ўша Муҳаммад Солиҳга тарофдорлик бор ва бу ҳозирда давлат сиёсатчиларни фикрларида эса, ҳозирги амалдаги ҳукуматга тарофдорлик сезилиб туради ва мен у ҳар иккаласини ўртасидан ўзим учун энг тўғри ҳақиқатларни ажратиб олишга интиламан, ҳаракат қиламан. Ва Сиз айтган саводсизликдан сиёсий билимсизликдан қочишга интилиб келяпман ҳар доим. Менда бир савол туғилиб қолди мана, сиз айтасиз мен ўша ҳақиқатни ойдинлаштириб олишим учун сизга бир савол бермоқчиман. Сиз айтгансиз ўша Муҳаммад Солиҳ сайловда ютган ва лекин Ўша Каримов биринчи Президент, уни овозларини соҳталаштириб ўзи учун кўп овозлар қилган дегансиз. Лекин мана биз, диний лидерларимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Рахматуллох) ва бошқа ўша дин пешволари у, Муҳаммад Солиҳга овоз беришмаган. Ва Буни учун сизлар уни ёмон кўрасиз ҳамда ўша ҳукуматга сотилган ва шу каби, айбларни унга қўясиз Эрк партияси лидери Эрк партияси аъзолари ҳуллас, Шайхимиз (Рахмахуллох)ни ёмон кўрасизлар лекин, Муҳаммад Солиҳ ва Ислом Каримов ўз номзодларини қўйишганда, ўша Шайхимиз (Рахмахуллоҳ) уларга айтишган, “Сиз келинг иккингиз ва биз дин аҳилларига мусулмонлар учун нималар қилиб бера оласиз?” Деган саволни беришган ва биз шу борада суҳбат қилмоқчимиз дейишган. Ҳамда бунга Муҳаммад Солиҳни ҳам Ислом Каримовни ҳам чақиришган. Лекин бунга Муҳаммад Солиҳ келмаган ва Ислом Каримов келган у ўша масжидлар очиб бераман ҳайитларни байрам қилиб нишонлаймиз деб уларга айтган. Муҳаммад Солиҳни улар таклиф қилишган лекин у келмаган, Ва шунинг учун ҳам у Шайхимиз, бу Муҳаммад Солиҳга овоз бермаганлар Шайхимизни орқаларидан бошқа дин пешволари ҳам уларга овоз беришмаган. Энди ҳолис бўлиб айтинг нимага сизлар у кишини ёмон кўрасиз? Ҳозир мана Муҳаммад Солиҳни ҳам айби борлиги билинди. Шайхимиз сиёсатга иқтидорга интилишмаган. Лекин ўша иқтидорни мусулмонларга яратиб берадиган шароитларни, ҳисобга олиб овоз беришган”.
Ирода. 2020 йил.Апрель
(Мактуб муаллифи имлоси ва орфографияси айнан сақланди)

“Элтуз” овозли мактубни “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳга юборди. Жавоб куттирмади, балки кўплаб саволларга ойдинлик киритди.

БИР САВОЛГА ЖАВОБ

Муҳаммад Солиҳ воқеа юзасидан кўп тафсилотларни очиқлади: 

– Бир қизимизнинг дин олими раҳматли Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақидаги саволларининг каминага оид қисмига мухтасар шаклда жавоб беришга ҳаракат қиламан.  

Аввало, айтишим керак, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан шахсан таниш бўлганман. Жуда яқин дўст бўлмасак-да, доим бир-бирини ҳурмат қилган иккита мусулмон биродар мартабасида бўлганмиз. 

Шахсан мен ҳеч қачон бу киши ҳақда ҳеч бир ерда унинг обрўсига путур етказадиган на ёзма, на-да оғзаки гап айтмаганман.

Шунга қарамай, бу қизимиз “Эрк”чиларнинг раҳматли муфтийга нисбатан салбий муносабатда эканини иддао этибди ва раҳматлининг нега Каримов тарафини олганини битта воқеа билан исботлашга уринибди. 

Қизимизнинг айтишича, муфтий президент сайлови олдидан сайловда қатнашаётган Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳни “Президентликка сайлансангиз, мусулмонлар учун нима қиласизлар”, деб сўраш учун ёнига чақирибди. 

Муҳаммад Солиҳ бормабди. Қаримов эса раҳматли муфтий саволига “Сизларга масжидлар қуриб берамиз”, деб жавоб берибди. Шунинг учун ҳам у ўша сайловда Каримов тарафдори бўлган экан. 

Бу қизимизга шуни айтишим керакки, бу ғирт ёлғон хабар. 

Биринчидан, муфтий давлат бошлиғини ҳеч қаерга чақира олмайди. Ҳатто мухолифат лидерини ҳам бирор жойга чақириш салоҳияти йўқ эди.

Фақат ҳамма билган бир ҳақиқат бор. 1991 йил декабрь ойида ўтган президент сайловида муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сайлов комиссиясининг фаол аъзоси эди. Сайловда биз ғалаба қилдик. Аммо Каримов ҳийла ва сохтакорлик билан сайлов комиссиясига катта тазйиқ ўтказиб, ғалабани ўзига ёздирди.

Раҳматли муфтий бу ҳақсизликнинг бевосита гувоҳи бўлди. Каримов мазкур жиноятини ёпиш учун раҳматлининг обрўсидан максимум фойдаланди. Буни комиссия аъзолари шахсан эътироф этдилар. 

Муфтий жаноблари комиссияда Каримов фойдасига ташвиқотда асосий ролни ўйнади. Буни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бутун сиёсий элитаси, бугунги президент Мирзиёев ҳам билади.

Мен буни бир мусулмон ўлароқ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг юзига солмадим, унинг ислом дини тарғиботчиси сифатида атеизм ботқоғига ботган халқимизни қутқариш йўлида олиб бораётган ишлари ҳаққи бу қилган хатосини доим хаспўшладим.

Ҳа, раҳматли билан сиёсий қарашларимиз фарқли эди, аммо ҳеч қачон бу фарқлилик унга бўлган инсоний ва диний муносабатимга раҳна солмади. 

1994 йил Туркияда экан, раҳматли муфтий Ислом Каримовга хизмат қилишга уни нима мажбур қилганини юзма-юз эътироф этди. Мен ундан заррача хафа бўлмадим ва унинг сайловда тутган позициясини сокин қабул қилдим. 

Ҳа, 1994 йил Муҳаммад Содиқ ҳам биз каби Каримов тарафидан тазйиққа учраб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. У ҳам биз каби укаси Мадамин билан Истанбулга келди. Ҳатто укаси Мадамин Мамаюсупов бир йилга яқин Истанбулда “эрк”чиларга ажратилган бинода, биз билан бирга истиқомат қилди.

Муҳаммад Содиқнинг ўша йиллари ёзган мактубларидан биттасини унинг қўлёзмасидан ўқиб бераман: 

“Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, ассалому алайкум!

Менга иқоманг йўқ, иш жойинг йўқ, банкда пулинг йўқ деб виза беришмади. Борсак, ўша ерда батафсил гаплашиб олармиз, деган эдим. Баъзи фикрларни қисқача баён этаман.

1. Ўша жойда мухолифатнинг бирлашган жабҳасини тузиш керак. “Эрк”, “Бирлик”, “Ёш демократлар”, “Тўмарис” ва бошқаларни айтиб, номни кўпайтириш керак. Конфедерация шаклида бўлса, бетарафроқ одамни координатор ёки бош котиб қилинса. Муҳими, биргаликда иш кўрилаётганини билдириш керак. “Адолат” ҳақида ўйлаш керак. 

2. “Адолат” партиясининг раҳбари Ш. Мирсаидов. Руслар қилибди. Менга ҳам хабарни Ш.М. номидан салом билан олиб келишди. Хабарчи ҳукумат одамлари Ш.М.ни табриклаб келганларини кўрибди. Раисдош И.Бўриевнинг президентликка номзод тайёрлаяпмиз, деб айтганини ўзим эшитдим.

3. Насиҳатлар жонга теккандир. Аммо ҳеч ким билан уришмаслик керак. Дўстни кўпайтириш, душманни озайтириш керак… Агар хоҳласангиз, гаплашаман… Ҳеч бўлмаса, ёмонликдан сақланиш керак.

4. Охирги пайтда “Эрк”дан бир нарса чиқмаяпти. Намоз билан мақолалар тайёрланмоқда, аммо одамни кўпайтириш керак. “Эрк” матбуот марказини тиклаш керак.

5. Ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам муҳожирларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Менга яна одам юборишди. Ш.Мирсаидов ҳам одам юбориб, “Сизни нима қилиб бўлса ҳам қайтаришмоқчи, илтимос, келмай турсангиз”, дебди. Бунга ҳам қарши чоралар кўриш керак. Улар ҳаммани қайтариб олиб келиб ушлашни режа қиладилар. 

5. Ичкарида ҳозир кирилмаса ҳам зарур бўлганда ишлайдиган гуруҳлар тузиш керак. Менга айтилган гап ҳам шу.

6. Тез-тез “Эрк”нинг пленуми бўлди, кенгайтирилган кенгаши бўлди, масалалар кўриб чиқилди, қарор қабул қилинди” каби гаплар чиқариб туриш керак. Катта таъсир қилади. 

7. Ўзингиз сиёсий бошпана олсангиз яхши бўлармиди…

Ҳамма гаплар маслаҳат. Фикрлар бўлса, алмашилар. Асосий маслаҳат учун ҳам шулар керак. 

М.С.”

Хато ҳар кимда бўлади. Бир қизимизнинг бизни иснод остида қўядиган саволи бўлмаганда эди, ўтмишда қолган бу воқеаларни жонлантиришга ҳам эҳтиёж қолмасди. Нима бўлганда ҳам, дину диёнат учун самимий ихлос билан хизмат қилган барча мусулмон биродарларимизга, жумладан, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга ҳам Аллоҳдан раҳмат тилаймиз. 

Муҳаммад Солиҳ,

2021 йил, Истанбул

Тағин ўқинг
19 март 2019
Назарбоев махсус техника билим юртини тугатган. Олий партия мактабини битирганини айтмаса, олий маълумоти йўқ. Аммо бутун камчиликларига қарамасдан, Қозоғистонни ...
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб қолардик. У қўлига рубоб ...
1 октябр 2020
24 сентябрь куни андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев “Дамас” бошқарувидаги ИИБ ходими Саиджон Ғофуржоновни дўппослади.  Капитан “Дамас” русумли хизмат автомашинасини ...
10 октябр 2015
Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов буйруғига кўра, пахта нормасини бажара олмагани учун икки кунга қамалган туман бош врачи Юсуф ...
Блоглар
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар ...
6 май 2021
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация ...
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг ...