Асосий мавзулар
11 октябр 2021

Тошкентда 64 кишининг уйини тортиб олган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Камида 10 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ Тошкентда 64 кишини мулкидан маҳрум қилди. Ишнинг бешта эпизоди ҳозир пойтахтнинг Чилонзор тумани жиноят ишлари судида кўрилмоқда, қолганлари суриштирув жараёнида, дея хабар берди “Азия Терра” нашри 8 октябр куни.

10 нафар судланувчидан бештаси ҳибсда,  қолган бештасидан манзилини тарк этмаслик тўғрисида ёзма тилхат олинган.  Айни пайтда, жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, жиноятчилар янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Биринчи суд мажлиси 30 сентябрда бўлиб ўтган, лекин ўша пайтда озодликда бўлган бир қанча айбланувчилар келмагани учун у 7 октябрга қолдирилган. Маҳкама жараёнида ҳибсга олинган айбланувчилардан бири айблов хулосаси билан таниш бўлмагани аниқланган, шунинг учун суд муҳокамаси кейинги пайшанба, 14 октябрга қолдирилди.

Жабрланувчилар суд залига кира олишмади, шунчаки озодликда қолган судланувчилар ва уларнинг қариндошлари кўплиги учун залда уларга жой қолмади, дея ёзади мақола муаллифи.

Жабрланганлар орасида жиноий комбинация туфайли ўз квартираларидан маҳрум бўлганлар ҳам, ҳийла-найранг ҳақида билмаган ҳолда бу квартираларни сотиб олганлар ҳам бор. Суд суриштирувлари тугагач, мулкидан маҳрум қилинганларга квартиралар қайтарилса, квартирани ҳарид қилганлар учун мулкдан маҳрум бўлиш ва бу квартиралар учун тўланган маблағни ҳам ундира олмаслик хавфи туғилади. 

Айбланувчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам пулни қайтаришни исташмайди ва агар улар қамоққа ташлансалар,  колонияларда топган даромадларининг атиги 20 фоизи жабрланганларга ўтказилади ва бу компенсация ўнлаб йиллар давомида чўзилиши мумкин. Бу даврда инфляция давом этади, пул бутунлай қадрсизланади, дейилади мақолада.

Судланувчилар ҳали аниқ бўлмаган каналлари орқали эгалари вафот этган, меросхўрлари эса келмаган ёки ҳали мерос ҳуқуқига эга бўлмаган квартираларни топишган. Ё уйнинг эгаси ёлғиз ва кекса одам, бунинг устига, касалманд бўлган. Бошқа вариантларда квартираларнинг эгалари чет элда бўлган ёки бошқа сабабларга кўра уйларда узоқ вақт яшашмаган, дея таъриф берилади мақолада мазкур жиноят схемасига.

Фирибгарлар квартира эгалари номидан ишончномалар сохталаштиришган, кейин эса бу мулкни қойилмақом қилиб сотишган. Баъзи эпизодлар чет элда бўлган фуқароларга тааллуқли бўлгани учун жиноятчилар чет эл нотариусларининг ҳужжатларини қалбакилаштиришган.

Бу юзадан 2021 йил 20 февралда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ томонидан қўзғатилган жиноят иши шу йилнинг 24 февралидаёқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган.

Мақолада айблов хулосасидан иқтибослар келтирилган:

«Гуруҳ ташкилотчиси В.Д.Бузмаков эгасиз турар жойларни сотишдан фойда кўрмоқчи бўлган, яъни ўлган ёки узоқ вақт яшаш жойида бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш учун компьютер технологияси ёрдамида хорижий давлатлар ва Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг штампларини ясаган,  шунингдек, жиноятни яшириш ва уларнинг қонунийлигини тасдиқлаш мақсадида веб-сайтлар яратган ва хорижий операторнинг мобил телефон рақамини қайта йўналтиришни амалга оширган.

Уюшган гуруҳ аъзолари, В.Д.Бузмаковнинг яқин шериги – А.А.Ким; А.А.Кимнинг яқин шериклари – Б.К.Содиқов ва С.В.Гамеева уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчисининг жиноий ниятларини содир этган шахслар бўлишган. Улар эгасиз турар жой тўғрисида маълумот тўплаш билан бевосита шуғулланишган, уларни сотиш учун керакли ҳужжатларни қидиришган ва тўплашган, мулкка мулкни қонуний равишда сотиб олинганлик мақомини бериш,  шунингдек, турар жой биноларини сотиб олиш ва сотишда бевосита иштирок этишган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1968 йил 18 майда туғилган Ткачёва Евгения Владимировна Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, 162-уйда жойлашган 10-квартирасида узоқ вақт яшамаслиги ҳақида маълумот олинган. Ушбу уй-жойни кейинчалик сотиш ҳуқуқини олиш учун керакли ҳужжатларни тўплаш мақсадида  07.12.2018 йилда уюшган гуруҳ томонидан С.В. Гамеева номига Россия Федерацияси фуқароси, 1968 йил 18 майда туғилган Ткачёва Евгения Владимировна номидан Тошкент шаҳри Яшнобод тумани 1-давлат нотариал идораси нотариуси Акбаров Шукурилло Лутфуллаевич томонидан тасдиқланган, кўчмас мулк кадастр ҳужжатларининг дубликатини олиш учун 5127-сохта ишончнома тайёрланган.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ ЧҚ (Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари – муаллиф эслатмаси) жавобларига кўра, 2021 йил 26 февралдаги 30/2 / 2-799 ва 2021 йил 27 февралдаги 30/2 / 2-801-сонли ҳужжатлар билан аниқланишича, 1999 йилнинг 1 январидан ҳозирги кунгача Россия Федерацияси фуқароси бўлган Евгения Владимировна Ткачёва Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси назорат-ўтказиш пунктларидан ўтмаган.  Тошкент шаҳри Адлия бошқармаси нотариуси архивининг 05.03.2021 йилдаги К-450 га берган жавобига кўра, нотариус Ш.Л. Акбаровнинг 07.12.2018 йилдаги 5127-сонли нотариал ҳаракати қайд этилмаган.

Бундан ташқари,  E. В. Ткачёвага тегишли мулкка ҳуқуқ олиш учун гуруҳ томонидан Ткачёва квартирасига тегишли юридик ҳужжат С.В. Гамеевага берилган ишончнома шаклида қалбакилаштирилган. Словакия Республикаси Братислава хусусий нотариал идорасининг нотариуси Жескова Петра томонидан тасдиқланган, 2020 йил 18 февралда Братислава округ суди томонидан КВ0168/2020-сон билан рўйхатга олинган апостил,  шунингдек, уларнинг таржимаси 03.03.2020 йилда нотариус Азимова Камилла Мансуровна томонидан 20200115000822 рақам билан қайд этилган.

Нотариус К. М.  Азимованинг Тошкент шаҳри Адлия бошқармасига берган 2021 йил 16 июндаги 181-сонли жавобига кўра, 03.03. 2020 йилдаги 20200115000822-сонли реестр учун апостил таржимасини у тасдиқламаган. Ўз навбатида, ушбу ишончнома асосида С.В. Гамеева томонидан бу уйни кейинчалик сотиш учун керакли ҳужжатлар йиғилган.

Шундан сўнг Словакия Республикаси ишончномасининг қалбакилигини яшириш, шунингдек Е.В. Ткачёванинг ноқонуний ўзлаштирилган мулкига ишончлилик тусини бериш мақсадида  Чилонзор тумани хусусий нотариуси Саримов Шарофиддин Эгамназаровични алдаш йўли билан 2020 йил 17 августда уюшган гуруҳ томонидан Е. В. Ткачёвага тегишли турар жойга Е.В. Ткачёванинг ишончли вакили С.В. Гамеева ва В. Д. Бузмаков ўртасида олди-сотди шартномаси тузилади.

Ушбу квартирани сотиб олиш ва сотиш шартномаси асосида В. Д. Бузмаковга квартира кадастр паспорти расмийлаштирилади.  Бундан ташқари,  2020 йилнинг 19 августида В. Д.  Бузмаков турар жой биноларини Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1987 йил 25 мартда туғилган Шаҳина Қодирова Ҳикматовнага сотган».

Айбланувчиларнинг кўпчилигига Жиноят кодексининг 168-моддаcи 4 -қисми «а» ва «б» бандлари (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатлари йўлида ўта йирик миқдордаги фирибгарлик») ва 228- моддаси («қалбаки ҳужжатлар, тамғалар,  муҳрлар,  бланкалар тайёрлаш,  уларни сотиш ёки ишлатиш «) бўйича айблов қўйилмоқда. Биринчи моддага биноан, уларга 10 йилгача,  иккинчиси бўйича 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Илгари Тошкентда квартираларни ноқонуний олиб қўйиш схемасининг бошқа бир усули пайдо бўлган эди. Бироқ бу оддий фуқаролар томонидан эмас, балки Ички ишлар вазирлиги идораларида уй-жойларни профилактика инспекторлари (туман ички ишлар ходимлари) номига ўтказиш учун ўйлаб топилган эди. Шу мақсадда ички ишлар идоралари ходимлари реклама орқали кимдир ижарага оладиган квартирани топиб,  унга олдиндан тил бириктирилган шахсларини юборишган, улар ижара шартномасини тузиб, уйга кўчиб ўтишган.

Бироз вақт ўтгач,  ички ишлар ходимлари квартирага келиб, унинг ичидаги ярим яланғоч «ижарачилар»ни топиб, уй жойни фоҳишахона сифатида расмийлаштиришади.  Кейин суд орқали квартира жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинади.

Агар ишонувчан уй эгасининг ўзи квартира калитларини бу кимсаларга берган бўлса,  иш янаям осонроқ кечган:  милиционерлар бир неча кун кутиб ўтирмай, беш дақиқа ўтибоқ уйга бостириб киришган. Гўёки квартирада топилган фоҳишахона тўғрисида протокол тузишган.  Шу тарзда Тошкентда юзлаб квартиралар мусодара қилинди ва фақат уларнинг бир нечтасигина эгаларига қайтариб берилди, дея ёзади “Азия Терра” нашри.

Тағин ўқинг
15 июл 2017
Лондонда яшовчи ўзбек актери, 42 ёш Рашид Шадат (Абдурашид Шодиев) Ўзбекистонда тақиққа учраган филмлар юзасидан Элтуз мухбирига интервью берди. ...
7 апрел 2017
Хива тумани Саëт қишлоғидаги 31-мактабнинг 15 яшар ўқувчиси M.T 5 апрел куни Хива туман туғруқхонасида ўғил туғди. Муҳайё таҳсил ...
22 июн 2020
Европадаги энг нуфузли газеталардан бири, Цюрихда чоп этиладиган Neue Zürcher Zeitung ўтган ҳафтада ўзбек пахтаси, мажбурий меҳнат ва Ўзбекистон ...
30 июн 2021
Шовот тумани ҳокимлиги 28 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ғалла режасини бажарган фермерлардан қўшимча ғалла талаб қилинмоқда” мазмунидаги хабар ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...