Дайжест
6 март 2017

ЎзТВда фармонхонлик ўқишлари

Аста-секин тили чиқаётган Ўзбекистон телеканалларининг айрим дастурларида бугун жамиятни қийнаётган айрим муаммолар ҳақида айтила бошланди. Аммо ТВларнинг тили чучук чиқяпти шекилли, муаммонинг илдизларига чуқур кириб бориш ҳали ҳам йўқ. Таҳлилнамо фикр-мулоҳазалар бор, лекин оқил хулоса йўқ. Чиқарилаётагн хулосалар ҳам яна аввалги даврлардагидек умумий, мужмал. Бу кўрсатувлар охирида бошловчиларнинг ҳам, унда қатнашаётганларнинг ҳам ичида қандайдир бир гап қолиб кетаётгани, ниманидир айта олмаётгани яққол сезилиб туради.

Янгиликлар дастурларидаги янгиликлар

Ўзбекистонга янги президент келди-ю, асосий янгиликлар дастурлари бўлмиш «Ахборот» ва «Давр»да бир беўхшов анъана пайдо бўлди. Улар давлат раҳбарининг кун-кунора чиқараётган қатор-қатор фармон ва қарорларини эфирда тўлиқ ўқиб берадиган бўлиб қолди.

Бу қарор ёки фармон кичикроқ бўлса-ку, унча кўп вақтни олмайди. Аммо ҳажми каттароқ бўлса, ана кўринг бу янгиликлар дастурларини. Тўғрироғи, кўрмай қўя қолинг. Чунки дастурларнинг асосий қисми яна шу ҳужжатларни ўқишга сарфланади.

Бу ҳам етмагандек, агар фармон ёки қарорга бирорта расмий шарҳ илова қилинган бўлса, урди худо. Янги лавҳаларга деярли вақт ҳам етмайдиган бўлиб қолди.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳам бекор ўтирмаганди. У ҳам бирор соҳани «янада ривожлантириш», «янада такомиллаштириш» тўғрисида қарор ва фармонлар чиқариб турарди.

Лекин янгиликлар дастурлари бу ҳужжатлар қабул қилинганини билдириб, уларнинг матни матбуотда эълон қилинишини айтиш билан чекланарди.

Кейин эса дарҳол «жаннатдан хабарлар»га ўтиларди. Уларни томоша қилаётган ҳамюртларимиз гап нима ҳақда кетаётганини ҳам англамай: «Эй, бу қандай давлат экан? Қани биз ҳам шундай давлатда яшасак», дея хаёлидан ўтказиб, ширин ўйларга берилган ҳолда хотиржам уйқуга кетарди.

Совет даврида машҳур бўлиб кетган Кашпировскийнинг гипнозидай таъсир қиларди бу лавҳалар одамларга.

Халқимиз ҳам бу «Ахборот»у «Давр»ларни кўравериб, ҳозир улардаги фармонхонлик ва қарорхонлик ўқишларидан анча зерикиб қолган бўлса керак.

Бунинг устига, диктор бирор вилоят ҳокими ёки вазир алмашиши ҳақида аввал ўз тилидан маълумот бериб, бу ҳақдаги фармоннинг расмий матнини ҳам тўлиқ ўқиб беряпти. Камлик қилса, ишдан бўшатилган амалдорга оид ҳужжатнинг расмий матни эътиборингизга қироат билан ҳавола этилади.

Тўғри, ҳозир ҳам аввалги «жаннатдан хабарлар» берилиб турибди. Лекин кун-кунора қарор, фармонлар чиқавериб, гипнознинг ҳам белига тепяпти.

Қолаверса, янги анъана сабаб замонамиз кашпировскийларининг гонорари ёпқалашиб қолаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир бор. Чунки улар лавҳа тайёрлайди, эфир эса ҳужжат ўқилиши учун банд қилиб қўйилган.

Агар шундай давом этадиган бўлса, анча-мунча «гипнозчи» мухбирларнинг илҳом парилари чалажон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Лекин уларнинг профессионаллигига барибир қойил қолмай илож йўқ. Эфир ҳужжат ўқиш билан тўлаётганига қарамай, улар ўша узатилаётган битта-яримта лавҳаларида «муҳтарам президентимиз», «давлатимиз раҳбари раҳнамолигида» қандай ишлар қилинаётганини ҳам айтиш имконини қўлдан бой бермаяпти.

Ташвиқот деса қоп-қоп…

Президент ортидан «халқ билан мулоқот» қилишни байроқ каби судраб юрган телеканалларда, юқорида айтганимиздек, кўз илғар-илғамас ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Айримлари ҳали ҳам ҳаракат стратегиясини муҳокама қилиб ётган бўлса, баъзилари долзарброқ мавзуларга қўл урмоқда.

Масалан, «Муносабат+» ток-шоусининг бир сони (06.02) «тафаккур эҳтиёжи» мавзусига бағишланиб, унда терроризм, экстремизм, ёшлар тарбияси каби масалалар кўтарилди.

Соқоли бўлмаса-да, ўзини оқсоқол журналистлардан ҳисобловчи Сафар Остонов тарғибот-ташвиқот деса илҳоми жўш ўрадиган ижодкорлардан бири.

Ёшларнинг терроризмга тортилиб кетиши олдини олиш учун у «террорчиларнинг тарғибот-ташвиқотларини чуқур ўрганиб, уларникидан ошириб тарғибот-ташвиқот қилиш»ни таклиф қилиб қолди.

Аммо айбдорни осон топганига қойил. Ҳамма гап маҳаллада экан. Улар маҳаллада нечта ишсиз бор, нечта ёш борлигини билмас экан. Ишига панжа орасидан қараётган экан.

Студияда ўтирганлардан бирортаси «Керакли идораларга қоп-қоп ҳужжат етказиб турадиган маҳалла кўп нарсани билади, лекин у бечора нима қилсин», дея олмади.

Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев илгари юз минглаб чиқадиган китоблар бир ҳафтада тарқаб кетгани, ҳозир 500 та чиқса ҳам биров олмаётганидан гап бошлади.

«Ўзи жамиятда тафаккурга эҳтиёж борми», деган ҳақли саволни ўртага ташлади олим. Лекин бу саволга ўзи ҳам, студияда ўтирганлар ҳам жавоб бера олмади.

Чунки агар бу саволга жавоб берилганида ўтган чорак аср давомида тафаккури ўтмаслаштирилган халқ, жамият ҳақидаги ҳақиқат ўртага чиқиши мумкин эди-да.

Бунинг ўрнига бир депутат акамиз давлат ёшлар учун сарфлаётган пуллар ҳақида сафсата сотиб, ёшларни муттаҳамга чиқаришга уринди. Ёшларнинг ўзига, ота-оналарига айб қўя кетди.

Сўнгги вақтларда сал тили чиқаётган бошловчи Қуддус Аъзамов бу мавзуни кўтарган талаба аксарият ўқувчилар коллежни битиргандан сўнг ўқишга кира олмаётгани, ишсиз юргани, сиртдан ўқиш йўқ қилингани ҳақида сўраётганини айтиб, унинг жазавасини босишга ҳаракат қилиб кўрди.

Аммо ҳеч ким: «Эй, банда. Бугун ёшларнинг аксарияти ўз кунини ўзи кўряпти. Давлатнинг пули камолотчилардан ортаётгани йўқ. Қолаверса, ёшларга шароит яратиш давлатнинг вазифаси. Бунинг учун миннат қилиш эмас, имкониятларни янада кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак», деб депутатнинг оғзига урмади.

Маҳаллий сиёсатшуносларимиз ҳам ўзига яраша. Студияга таклиф этилган сиёсатшунос Суҳбат Юсупов деганидан мавзу бўйича ўз хулосаларини айтиш сўралганда умумий гаплардан нарига ўта олмади.

«Қадриятлар устиворлиги кетма-кетлиги алмашиб қолди. Биз қадриятларимизнинг мана шундай алмашиб қолишидан сақланишимиз керак», деб бўш аравани судради сиёсатшунос.

Муаммолардан четда юрилган йиллар

Умуман, сўнгги вақтларда Ўзбекистон телеканалларининг аҳволи сезиларли даражада ўзгармаётган бўлса-да, формати мулоқотга асосланган айрим кўрсатувларда анча-мунча очиқ гаплар бор, муаммолар ҳақида, фикримизча, белгилаб берилган доира даражасида гапирилмоқда. Коррупция, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги нохуш ҳолатлар тилга олиняпти.

Шунга қарамай, муаммоларнинг илдизига чуқур назар ташланаётгани йўқ. Президент баъзи чиқишларида бугунги аянчли аҳволга аслида ҳукумат шу пайтгача юритган сиёсат сабабчи эканига ишора қилиб ўтаётган бўлса-да, ҳали давлат раҳбаридан бошқа бирорта шахс ЎзТВда бу ҳақда оғиз жуфлаб ҳам қўймади.

«Муносабат+» кўрсатувида адабиётшунос Шуҳрат Ризаев айтганидек, биз шу пайтгача «ютуқлар ҳақида гаплашиб, муаммоларни эсдан чиқардик, энди буни тузатишимиз керак».

Тузатиш учун эса муаммо сабаблари аниқ, очиқ-ошкора айтилиши, унинг ечимига тўсиқ бўлаётган ғовлар олиб ташланиши керак назаримизда.

Афсуски, ҳали ҳам Ўзбекистон телеканалларини қўйсангиз, ютуқлар ҳақидаги сон-саноқсиз лавҳалардан, баландпарвоз гап-сўзлардан кўзингиз тинади…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 июн 2017
Президент Мирзиёев 13 июн кунги чиқишида Ўзбекистон адлия тизимида авж олган порахўрлик муаммосини кўтарди. «Прокуратуранинг 70 фоизини ишдан олиб ...
17 ноябр 2023
Куз келди, гуллар ҳазон. Дарахтлар баргини тўкиб совуқ қишга ҳозирланмоқда. Қашқадарëдаги айиқлар деҳқонободликлардан анча тепадаги ғорларга кириб, қиш уйқусига ҳозирланмоқда. ...
22 июл 2019
Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотига Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг тақиқланганлиги ҳақида маълумотни ўз ичига олган 40.000 нусха варақа, шиорлар тайёрлаш ...
4 июл 2019
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди 3 июль куни ака- ука журналист Бобожоновлар даъвоси юзасидан Урганч тумани ҳокимлиги ҳамда ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...