Дайжест
4 март 2016

“Йўлчи юлдуз” кўрсатган йўллар ўзбекни қаерга элтади?

Ўтган февраль ойида ҳам Ўзбекистон телеканаллари “эски ашулалари”ни баралла куйлашдан чарчамади. Яъни телеканалларнинг бош мавзулари яна ўша “маънавиятни юксалтириш”, “қадриятларимизни ёшларга сингдириш”, “фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш”, “юрт тинчлигини сақлаш”, “шукроналик ҳисси билан яшаш”, “маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш”, “ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраш” ва ҳоказолар бўлди. Бундан ташқари, “давлатимиз раҳбари раҳнамолигида қўлга киритилаётган улкан ютуқлар”, “дунё ҳавас қиладиган иқтисодий ўсиш”, “хорижий сармоядорларнинг юртимизга қизиқиши тобора юксалаётгани”, хуллас, “ҳеч кимдан кам эмаслигимиз”ни ўзимизга ўзимиз исботлашга қаратилган кўрсатувлар ЎзТВ экранларидан тушмади.

Телеижодкорларнинг “камтарлиги”

Февраль ойида телеканалларда Ўзбекистоннинг дунёда “ўзига хос, ўзига мос” ўрни борлигини кўрсатувчи турли рейтинглар тинмасдан эфирга узатилиб турилди. Хусусан, телетомошабинлар жаҳон бизнес юритиш рейтинги, фаровонлик рейтинги, бахт рейтинги ва алламбало рейтингларда Ўзбекистон дунёнинг олди давлатлари қаторида эканини билиб олди эмас, кўрса кўнгли айнийдиган даражада миясига қуйиб олди. Телеканаллар бу рейтинглар дунёнинг нуфузли ташкилотлари томонидан тузилганини айтишдан чарчамади.

Албатта, дунёда бундай рейтинглар сони мингта. Ўзбекистон юқорида айтилганларидан кўра юксакроқ ўрин эгаллаган рейтинглар ҳам талайгина. Аммо телеижодкорларимизнинг “камтарлиги” сабабли халқимиз бу рейтингларни билиб олиш бахтидан мосуво қолди.

Гап шундаки, агар бундай “камтарлик” бўлмаганида ўзбек халқи Ўзбекистон дунёнинг энг кўп коррупциялашган давлатлари рейтингида, интернет душманлари рейтингида, инсон ҳуқуқлари ва диний ҳуқуқлар энг кўп бузиладиган давлатлар рейтингида олди қаторларда (ёмон томондан албатта) эканини билиб қоларди. Бу эса “халқимизнинг бугунги кунини, тараққиётини кўра олмаётган қора кучлар”га қўл келиши мумкин эди. Чунки “душманлар” томонидан ўйлаб топилган бу рақамларни кўрган халқнинг кўнглида “ҳеч кимдан кам эмаслиги”га шубҳа уйғотиш “қора кучлар” учун ҳеч нарса эмас.

Гул бир ён, чаман бир ён

Ўзбекистон телеканалларидаги янгиликлар дастурлари шарҳимизнинг кириш қисмида тилга олинган мавзуларни халқимизга оқизмай-томизмай етказиш борасида доимо етакчи бўлиб келган. Февраль ойи ҳам бундан мустасно бўлмади. Шунинг учун бу ҳақда тўхталгандан кўра, янгиликлар дастурларининг хорижий хабарларни етказиш борасидаги “тажриба”ларига бир назар ташлашни маъқул кўрдик.

Мавзу Ўзбекистон телеканалларининг барчаси учун типиклик хусусиятига эга экани сабабли ўзини нисбатан тезкор ҳисоблайдиган “Давр” дастурининг 23 февраль кунги сони мисолида буни кўриб чиқамиз.

Демак, ўша куни “Давр” дастури хорижий янгиликлар рукнида телетомошабинларга тақдим этган хабарлар қуйидагилар:
1. Фиджи оролларида кучли тўфон оқибатида кўрилган зарарлар ва қурбонлар ҳақидаги лавҳа.
2. Марокаш шимолида кучли ёмғирлар тошқинларга сабаб бўлгани ҳақидаги лавҳа.
3. Норвегияда йирик автоҳалокат содир бўлиб, олтмишта автомобиль тўқнашиб кетгани ҳақидаги лавҳа.
4. Исроиллик муҳандислар учувчисиз бошқариладиган аппаратлар устида ишлаётгани ҳақидаги лавҳа.
5. Испаниянинг Барселона шаҳрида мобиль алоқа бўйича халқаро конференция бўлиб ўтаётгани ҳақидаги лавҳа.
Албатта, бу лавҳаларни кўрган ўзбек телетомошабинлари ўша куни дунёнинг энг долзарб янгиликлари шу экан-да, деб ўйлашлари мумкин.

Аслида 23 февраль куни дунёнинг етакчи ТВ ва нашрлари қуйидаги хабарларни топ янгиликлар сифатида тақдим этганди:
1. Сурияда ўт очишни тўхтатиш юзасидан Россия ва АҚШ ўртасида келишувга эришилгани.
2. “Викилес” сайти АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарларини кузатгани.
3. КХДР агар АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбий машқлар ўтказса, уларга қарши зарба беришга тайёрлиги ҳақида эълон қилгани.
4. АҚШ президенти Барак Обама Гуантанамо турмасини ёпиш қарорини тақдим этгани.
Аммо шоир айтганидек, “гул бир ён, чаман бир ён”. Ўзбекистон телеканаллари дунёнинг муҳим янгиликларини ўз қаричи, тўғрироғи, ҳукумат белгилаб берган қаричда ўлчар экан, бу ўлчам ЎзТВ журналистларининг тафаккур даражасини ҳам кўрсатмасмикин, деган фикр пайдо бўлади, холос.

Хорижлик домланинг “қойили”

Ўзбекистон телеканалларининг ҳафта якунлари бўйича эфирга узатиладиган таҳлилий дастурлари орасида “Таҳлилнома” алоҳида мақомга эга. Ундаги лавҳалар юқорида тилга олинган мавзулар доирасида эканини назарда тутиб, ҳамма лавҳаларига эътибор қаратишни лозим топмадик. Фақат унинг 21 февраль сонидаги Жаҳон тиллари университетига доир лавҳадаги бир жиҳатга эътибор қаратамиз, холос. Хуллас, ўша лавҳада хорижий домла айтади: “Ўзбекистон ёшларида алоҳида қобилиятни кўряпман. Улар тил ўрганишга чанқоқ. Бунинг учун эса, мазкур олий ўқув юрти мисолида айтиш мумкин, барча шароитлар мавжуд. Талабалар интилувчан. Улар нафақат китоб, балки электрон доска ва мультимедиадан фойдаланишда ҳам топшириқларни аъло даражада бажариб келмоқдалар. Бу жиҳатларни мен бошқа давлатлар олий таълим муассасаларида учратмаганман. Яратилаётган шароитлардан эса ҳайратим ортди. Оддийгина қилиб қойил дейман”.

Агар хорижлик домла электрон доскани ёки шароитларни, қолаверса, тил ўрганишга интилувчан ёшларни бошқа жойларда учратмаганидан қойил қолаётган экан, бечорани дунё кўрмаган одам сифатида гапиртира олган журналистларимизга ҳам қойил дейиш керак.

Керак бўлса, “Талко”сини ҳам ишлаб чиқарамиз

Шарҳимизни афтидан “Лофчилар” студиясида тайёрланадиган “Муносабат” кўрсатувига муносабат билан давом эттирмасак, ўқувчимиз зерикиб қолади. Чунки ЎзТВнинг Қундуз амакиси Қуддус Аъзамов муаллифлигидаги бу кўрсатув доимо ўзига хос чиқади. “Мевали дарахт”га тош отиб кўрамиз.

“Ватанимиз тараққиёти учун барчамиз масъулмиз” мавзуидаги дастурда лофчиларнинг саралари, яъни ЎзЛиДеПдан сайланган депутатлар, фермерлар, тадбиркорлар қатнашди.

Аслида мавзу Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилган “барча шароитлар”ни яна бир бор юксак тембрда куйлашга қаратилган бўлса-да, гап ҳадеб соғлом она ва бола мавзусига тақалиб келаверди. Бошқа илож йўқ. Чунки йилни номлаб қўйганмиз. Агар буни четлаб ўтсак, юксак маънавиятлигимиз ва ватанпарварлигимиз қаёққа қолади? Президентимизга ҳурматсизлик бўлмайдими бу?!

Кўрсатув меҳмони бўлмиш фермер битта таклифни ўртага ташладики, уни эшитиб ўтирган ақллироқ ҳамкасблари: “Ҳе сенга сўз берганнинг микрофони сувга тушиб кетсин, энди шу қолганди қилмаган ишимиз”, деб юборган бўлса, ажаб эмас. У телевизорга чиқса, бирор эсда қоларли гап айтиш истаги билан студияга келган бўлса керак, фермерлар тўғри сиёсатни тарғиб қилиши зарур, деб юборса бўладими. Ўзи бечора фермер шундоқ ҳам даласига яқинлаша олмай, фақат турли-туман йиғилишлар тутқунига айланиб қолган бўлса, энди у сиёсатнинг қанчалик тўғрилигини тушунтирадиган лекторга ҳам айлансинми?!

Студия меҳмонларидан бошқа бири қараяптики, ҳамма лофчиликда ундан ўзиб кетмоқчи. Ҳай-ҳай демаса, эътибордан четда қоладигандек. Дарҳол отини қамчилайди: “Керак бўлса, тадбиркорларимиз Испаниядан олиб келинаётган “Талко” поездларини ҳам ўзимизда ишлаб чиқарса бўлади”.
Бунинг учун мамлакатнинг ривожланиш даражаси қанчалик бўлиши кераклиги, қандай технологиялар, мутахассислар зарурлиги уни қизиқтириб ўтирибдими?! Мен бошқалардан камми, ҳамма оғзига келганини айтиб ётибди-ку, мен ҳам бир гапириб қолай, деб кўнглидан ўтказган бўлса, ажаб эмас бу тадбиркор.

Мезбон Қуддус Аъзамов ҳам унга қараб, ақлинг жойидами ўзи, демайди. Худди кўнглидагидек гап айтилганидан хурсандлигини яширмай, тутаётган пилтага керосин қуяверади.

“Қаранг, фермерларимизнинг дунёқараши қанчалик ўзгариб кетган. Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида гапиряпти. Ҳатто сиёсий шарҳловчи ҳам бу ҳақда мукаммал тушунчага эга эмас”, дея сўзга чиқувчиларнинг қўлтиғидан пуфлайди Қ.Аъзамов.

У ўзини гарангга солиб: “Чет элдан келтирилаётган шарбатлар аслида пастадан тайёрларкан, ҳатто сут ва сут маҳсулотларини ҳам порошокдан тайёрлашар экан”, дейди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганлари нимадан тайёрланади? Чет элникидан баттар бўлса баттарки, ортиқ эмас-ку аслида. Технология барибир бир хил-ку. Чет элники ҳам, ўзимизники ҳам бир гўр, дейдиган мард йўқ студияда.

Қуддус Аъзамовнинг шўр бодрингга уруш очгани ҳақида

“Муносабат”нинг яна бир сони уй шароитида консерва ёпиш масаласига бағишланди. Унда бу консерваларнинг зарари, ундан заҳарланиш ҳақида гап борди.

“Мадомики, бу шунчалик жиддий масала экан, демак уни хаспўшлаб ўтириш керак эмас. Бу юзасидан ўлим ҳолатлари ҳам борми”, дея мавзуни жиддийлаштиришга ҳаракат қилди бошловчи.

Лекин даврадагилар ҳам анойи эмас. Бу масалада бирор рақамни айтса, кейин гап-сўзга қолишини билади ва шунинг учун сиёсий ҳушёрлик қилади. Фақат консервадан заҳарланиш хавфли эканини айтиш билан чекланади студиядаги мутахассислар.

Энг эътиборлиси, даврада шунча одам ўтирибди. Уларнинг камида 70 фоизи уйида консерва ёпади. Бироқ бирортаси: “Биз ҳам уйда консерва ёпамиз. Саноат усулида тайёрланганлари дўконларда жуда қиммат. Бунинг устига, мазаси ва сифати уйда тайёрланганникидек эмас. Қолаверса, заҳарланаман деса, дўкондан сотиб олинганидан ҳам заҳарланиш ҳеч гап эмас ҳозирги кунда. Мамлакат халқи ҳамма нарсани кўчадан сотиб олиш даражасига ҳали етгани йўқ”, демайди. Аксинча, кўрсатув мавзусидан келиб чиқиб ўзлари ўрганган ўша ура-урачиликка берилади. На студиядагилар, на бошловчи аслида халқни бунга нима мажбур этаётгани сабабларига қизиқиб ҳам кўрмайди.

Қ.Аъзамов кўрсатувга хулоса ясайди: “Ҳаётимизга жиддий хавф соладиган консервалардан воз кечиш шу қадар оддий ҳақиқатки, бу оддий ҳақиқатга риоя қилсак, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларга, соғлом она ва болани шакллантириш сиёсатига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшган бўламиз”.

“Йўлчи юлдуз” қайси томонни кўрсатмоқда?

Совет даврида ақлини таниганлар “Йўлчи юлдуз” – Ленин бобони яхши эслайди. У ҳар бир шаҳар, кўча, мактабда қаддини рост тутиб, қўлини чўзганча аллақаёқларни кўрсатиб турарди. Билганлар у Москвани кўрсатяпти, деб ўйларди. Қибла томонга қўл чўзиб турибди-ёв, деб ўзича талқин қиладиганлар ҳам топиларди.

Давр келди, бечора “Йўлчи юлдуз” ҳамма жойдан бир зумда ғойиб бўлди. Собиқ иттифоқнинг айрим республикаларида уни бўйнига арқон боғлаб ағдардилар. Натижада қўли синди, боши танидан ажралди. Ўзбекистонга ўхшаган республикаларда эса у ими-жимида кўздан пана қилинди. Ажаб эмас, унинг ўша чўзилиб турган қўли ва узоқларга тикилган бошидан Амир Темур ҳайкалининг нозик жойлари ясалган бўлса. Чунки Ильич тоза бронзадан ясалганди. Бронза эса кейин қимматлаб кетди. Шунинг учун Ильич танаси эритилиб, бугунги давр қаҳрамонлари ҳайкаллари ясалган бўлса, бундан ажабланиш керак эмас.

Бу гапларни бекорга айтаётганимиз йўқ. Чунки бир вақтлар Ленинни йўлчи юлдуз ўрнида кўрган Ўзбекистон телеканаллари бугунги “Йўлчи юлдуз” кўрсатаётган йўлдан бир қадам бўлса-да оғишмай олға интилмоқда. Янги “Йўлчи юлдуз”нинг эскисидан фарқи шундаки, ҳали унга ҳайкаллар ўрнатилгани йўқ. Ўрнатилиши ҳам даргумон. Чунки эски “Йўлчи юлдуз”нинг қадрига етмаган халқ янгиси сўниб, қудратдан қолса, уни тинч қўярмиди?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 март 2018
Президент Мирзиёев 27 февраль кунги селектор йиғилишида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» давлат ширкатини мева-сабзавот экспорти режасини бажармаганликда айблаб танқид қилди. Президент танқиди ...
8 июн 2018
«Зарафшон» зонасига этап қилинган сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон 2002 йилнинг баҳорида айни модда билан туҳмат қилиб айбланган Рустам Маматқулов ...
27 сентябр 2017
Айтаверадиган ҳам, қайтаверадиган ҳам халқмиз. Ҳукуматимиз ҳам ўзимизга мос. Дўппи тор келса ёки «виждон»имиз уйғониб қолса, дарров оқим бўйлаб ...
8 декабр 2015
Россиянинг Краснодар шаҳрида баланд қаватли уй қурилишида ишлаётган 30 яшар ўзбек йигит 18 қаватдан йиқилиб ўлди. Eltuz.com
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...