Асосий мавзулар
18 феврал 2019

Ўзбек ҳукумати пахта бойкотини тўхтатишни сўрамоқда

АҚШ пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари билан учрашди. Бу учрашув коалициянинг йиллик стратегик йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Бу йиллик йиғилиш коалиция ҳамкорлари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ташкилотлари, экспертлар, инвесторлар ва тўқимачилик саноатининг савдо уюшмалари вакилларининг стратегик мақсадларни белгилаб олиш тадбиридир.  

Бу тадбирда қатнашган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева раҳбарлигидаги делегация таркибида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов бор эди.

Бир неча йиллардан бери Cotton Campaign коалицияси мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган ўзбек пахтасини бойкот қилиб келаётир. Вашингтондаги учрашув мавзуси ҳам айнан мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлди.

Томонлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, ислоҳотларга кўмаклашиш ва уларни тезлаштириш бўйича 2019 йилда тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштириш бўйича келишувга эришдилар.

“Ўзбекистон ҳукуматининг ўн йиллардан буён давом этаётган мажбурий меҳнатга барҳам бериш қатъияти бизни руҳлантиради ва ҳозир биз бу тарихий вазифаларнинг ҳали бажарилиши керак бўлган кўплаб омилларига эътибор қаратганмиз”, деди Cotton Campaign ҳаммуассиси Беннет Фриман.

У ўзаро музокаралар мазмунли, конструктив ва ижобий ўтганини таъкидлар экан, мажбурий меҳнатга чек қўйиш борасида сезиларли ўзгаришлар юз бергани қаторида ҳали ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар борлигини қайд этди.

Маълум бўлишича, Cotton Campaign таркибий ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти учун имкониятлар яратиш билан бир қаторда тизимли мажбурий меҳнатни бартараф этишга қаратилган, аниқ мажбурият ва саъй-ҳаракатлар белгиланган “йўл харитаси”ни тақдим этади.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни маҳаллий матбуотда ёритишга рухсат берилгани, шунингдек, ҳосил йиғим-терими даврида мониторинг ўтказадиган ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларга қаршиликлар сусайганига қарамай, 2018 йилги пахта мавсумида ҳукумат томонидан ташкил этилган мажбурий меҳнат ҳамон тизимли характерга эга бўлиб қолаётир.

Cotton Campaign коалицияси ҳамкори бўлмиш Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) томонидан йиғилган юзлаб интервьюлар ва ҳужжатларга асосланган дастлабки хулосалар ҳукумат вакиллари аҳолини пахта теримига кенг кўламда мажбурий жалб этишга аралашганини кўрсатмоқда.

Умида Ниёзова
Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) директори

“Ўтган йили биз ҳосил йиғим-теримини 70 кун давомида мониторинг қилдик,- дейди UGF директори Умида Ниёзова. – Аҳолининг айрим қатламлари, жумладан, олий таълим муассасалари талабалари, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари хизматчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш сезиларли камайгани кузатилди. Бироқ давлат муассасалари ва бошқа секторларда ишловчиларнинг мажбурий меҳнатидан кенг фойдаланилди. Бу эса мажбурий меҳнатнинг тизимли ҳаракатлантирувчи омиллари сақланиб қолаётганидан яққол далолатдир”.

Cotton Campaign нинг йиллик стратегик йиғилишида “Ўзбекистон пахта мажбурияти” деб аталган аҳдлашув музокараларнинг асосий масаласи бўлди. Бу аҳдлашув 310 та бренднинг пахта етиштиришда ҳукумат томонидан ташкиллаштириладиган мажбурий меҳнатдан фойдаланишга чек қўйилмагунча Ўзбекистон пахтасини сотиб олмаслик мажбуриятига асосланган.

Мажбурият тизимли мажбурий меҳнат тугатилгани, шунингдек, унинг қайтарилмаслиги учун етарли даражада таркибий ислоҳотлар ўтказилгани ва фуқаролик жамиятига мониторинг ўтказиш имкониятлари яратилгани ҳақида аниқ далиллар қўлга киритилмагунча ўз кучида қолади. Шунинг учун мажбуриятни имзолаган томонлар ва Cotton Campaign 2019 йил кузидаги навбатдаги пахта терими мавсумида янада сезиларли ўзгаришларни кутади.

Вашингтондаги йиғилиш чоғида Туркманистондаги тизимли мажбурий меҳнат масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Cotton Campaign фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми ижрочи директори Жуди Гирхарт Ўзбекистондаги ижобий ислоҳотлар Туркманистон ҳукуматини ҳам мажбурий меҳнатга барҳам беришга ундашига умид билдирди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 сентябр 2017
15 сентябр куни Тошкентдаги «Zeroline» галереяси «Қочиш» (Побег) деб номланган тасвирий санъат кўргазмасида, мамлакатни тарк этган рассом Шуҳрат Бобожон ...
8 август 2020
Британиянинг Hertfordshire Press нашриёти кенг ўқувчилар эътиборига ўзбек шоираси Хосият Рустамованинг “Рангин кўзёшлар” деб номланган шеърий тўпламини тақдим этди. ...
12 декабр 2016
Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) ўзининг Facebook даги саҳифасида ўзбек поп мусиқачиси 30 яшар ...
27 июн 2017
«Яна отаси бой иккичиларнинг омади кулди», дейди рассом Туз бакалавриат ва магистратура босқичига қабулнинг 20 июн куни чиқарилган янги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...