Cатира
5 апрел 2019

РТдан ваъз: Омад ҳақида

Сизга омад тилайман, азизим. Оддийгина омад.

Кўчада кетяпсиз, сизни машина босиб кетмади. Тасодифан ўрмонда мурдани кўриб қолиб, полицияга хабар берганингизда сизни қотил деб қамаб қўйишмади.

Сиз кеч қолган поезд ағдарилди. Кема чўкди. Учоқ портлади. Сиз омадли бўлганингиз учун тириксиз. СПИДга чалинмадингиз. Чернобилда нурланмадингиз. Сизни кимдир алдаб Сурияга жиҳодга ҳам юбормади.

Сиз омадли жентельменсиз. Ишонмасангиз, балкондан пастга қаранг, автомобилингиз ғилдирагини ҳали ўмаришмади. Сизга омад ëр бўлсин. Худди Австралиядаги Билл Морган каби.

Кетма-кет лотереясига ютуқ чиққан австралиялик

Билл Морган реанимация каравотида 14 минут ўлик ҳолатда ëтди. Уни ўлди деб дафтарга қайд қилишди. Аммо у кўзини очди. Қон босими нормаллашди. Юрак уриши ҳам жойига келди.

Ҳатто бу омадли жентельмен кўзини очаркан, ўзида ошиғич сексуал иштаҳани ҳам ҳис қилиб, ҳамшираларга суқланди.

Билл Морган ўзининг тирилиши шарафига касалхона дўкончасидан бир шиша пиво ва оний лотерея билети сотиб олди. Лотерея билетини пиво қопқоғи билан қириб кўрганида нархи 27000 доллар турадиган машина чиқди.

Мана буни омад деса бўлади. Буни эшитган Австралия ТВ канали Билл Морган ҳақида репортаж тайëрлади. Морганни видеога олаëтган тасвирчи айни дўкончадан яна бир лотерея сотиб олишини сўради.

Камера қаршисида Морган яна бир лотерея сотиб олиб, устини қиртишлади.

Бу сафар Морган 250 минг доллар ютган эди. Жонли эфирда буни томоша қилган Австралия аҳолиси Морган қувончига шерик бўлди. 

Тахтакўпирлик қоровул ютуғи

Омад сизга ҳам ëр бўлсин, азизим. Ҳеч бўлмаганда тахтакўпирлик қоровул каби.

Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида яшовчи йигит сариёғ ичидан 100 миллион сўм пул ютуқли жетонни топиб олди. Совриндор йигит қоровул бўлиб ишлар экан, энди ишини ўзгартирмоқчи.

Аммо ҳамманинг ҳам омади келгани йўқ. Муҳтожлар ҳам кўп.

Электрон почта деган нарса ҳам эскирди шекилли. Мен онда-сонда қарайман. Бир кун қарасам, битта хат адашиб келиб қопти. Аввалига очмадим, вирус деб. Қарасам хат.

Чироқчининг Кўктоши қишлоғидаги Эшқобил тоғага жўнатилган экан. Юборувчи жияннинг оти Шерзодбек экан. Бировнинг хатини ўқимай деб уни қайтариб юборсам, қайтиб ўзимга келди. Кейин ўқиб юрагим эзилди.

Мана хат? Лотиндан кириллга ўгириб, н ёқ-бу ёғини тўғрилаб, фамилиясини ўчириб қўйдим.

Чироқчилик Шерзодбек мактуби

Салом, тоғажон. Онамдан қолган ëдгорим, сизни соғиндим.

Ҳозир кечқурунги 2:00. Телефондан ëзяпман. Кўчада опшежитнинг эшиги олдидаги цемент зинада ўтирибман. Март бўсаям роса совуқ. Хонага мени қўйишмади. Боллар қиз обкелишган. Бугун сани навбатинг. Кўчада юриб кел, деб чиқарворишди мен етимни.

Тоғажон, ўлиб кетган онам хурмати, менга озроқ пул бердирворинг.

Чироқчидан келадиган аптобусдан берворсангиз, ўзим ипподромга чиқиб оламан. Қанча пул бўсаям…

Қишлоқда эски мотоцикл бор эди – «Восход». Раҳматли отам ўлганда мерос қолган. Ўшани сотинг, тоға. Олдинги ҳафта пул берворган экансиз, шўпир харж қиб қўйибди.

Бориб сўрасам, шўпир: «Йўлда ғилдирагим ишкал қилди. Зарил эди, ишлатвордим. Бўйнимда қарз. Келаси ой бераман», деди. Келаси ойгача мен нима ейман?

Тошкентда ҳамма нарса қиммат. Мардикор бозорда ҳам бўй-бастингга қараб ишга олишади. Чироқчиликлар девор бузиш, бетономешалка каби ишларга олинади. Аммо мени ишга олишмади.

«Ориқсан, ўлиб қолсанг, товонингга қоламиз», деб. Опшежитдаги участковой милиса мени эрмакка қийнайди. Ўзи қумқўрғонлик бўлса ҳам менга ҳарип, дейди. Икки марта Панелнийга қаматди. Тахта каналарга ем бўлдим.

Тоғажон. Отам-онам тирик бўлганида мени ўқитарди. Милиса ë прокурор бўлардим. «Каптива»ларда юриб, Ўрикзорда виллада яшармидим. Афсус, ëш етим қолдим. Емадим, ичмадим. Қизлар ҳам менинг устимдан кулишади. Ëшим 30 га қараб кетяпти. Онам тирик бўлганида мени уйлантирган бўларди.

Тоғажон, биламан, сизга ҳам қийин. Майли, пул бўлмаса ҳам прадукта берворинг.

Телефонга жавоб бермай қўйганингиз учун эмайл ëздим. Бурноғи йил ëзда борганимда сизга ўзим майл.ру дан почта очиб берувдим. Ўқиб жавоб ëзинг ëки жиянларга ëздиринг.

Эшитишимча, бизнинг Кўктош қишлоғи эркаклари через Питер-у Финляндия қилиб Швецияга чиқиб кетибди. Улар оилаларига яхшигина пул юбораëтган деб эшитдим.

Қўшни Турсунқул аканинг хотини Холбека опадан қарз олиб бердирсангиз. 

Майли, тоға, хатим сизга омонат. Жонингиз бўлсин саломат. Хатоси бўлса кечиринг, резинка билан ўчиринг.

Шерзодбек, 23 март, Тошкент».

Бу мактубни  фейсбукда эълон қилганимдан кейин «Элтуз» мухлислари йигитни топиб оталиққа олишди. «Восход» мотоциклиниям тузатиб қўлига топширишди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/Gmq1CmC5bWY

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 март 2020
Александр Лукашенко Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар бир-бири билан намунали алоқа ўрнатиш ўрнига «шовқин-сурон кўтариш» билан машғул бўлаётганини маълум ...
3 август 2016
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг буғдойдан бўшаган ерларга мош экиш ҳақидаги топшириғи, ўз ерларига бошқа экинлар экиб, катта меҳнат ва ...
6 май 2022
Бугунги ваъзни тез айтиш билан  бошласам. «Оқ чойнакка оқ қопқоқ¸ кўк чойнакка кўк қопқоқ»… Матчон Суқилиш: Тез айтиш ўрнига маймунлар ...
13 декабр 2023
Ўзбекистонда жиноят доираларида танилган тадбиркор Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иш очилган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...