ART-DURBIN
30 август 2019

РТдан ваъз: Маймунсифат ўзбек парламенти

Cўнгги йилларда музей ва галереялардаги сарой санъатига мухолиф кўча тасвирий санъати анча ривож топди. Бу санъатни тижоратга айлантириш ва аристократлаштиришга қарши ўзига хос норозилик ҳамдир.

Британиялик машҳур рассом Бенкси кўча санъатининг дунёга танилган ва энг ажралиб турадиган намоёндаси ҳисобланади.

Бенкси – гарчи ўтган асрнинг 90-йилларидан фаолият кўрсатаётган эса-да, ҳануз ўз шахсини яшириб келаётган рассом тахаллуси. Бу ижодкорнинг асл исмини ҳеч ким билмайди, бироқ унинг деярли ҳар бир асари жамоатчилик ҳаётида воқеа саналади.

Гарчи бу рассом галерея ва музейлардан ўзини четга олиб келса-да, барибир уларнинг айримлари билан ҳамкорлик қилган. Англиянинг шундай галереяларидан бири – Бристоль ўлкашунослик музейида 2009 йили рассом Бенкси асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу кўргазма ўз томошабинлари сони бўйича дунё ўнталигига кирди.

Ҳозирги кунга қадар музейда Бенксининг фақат битта асари кўргазмага қўйилган, асарнинг номи «Аксилэволюцияланган парламент».

Бу улкан расм музейнинг асосий фойесида осиғлиқ турибди ва мен бир неча кун аввал музейга бориб, уни томоша қилдим.

Бу асарда Британия парламенти аниқ тасвирланган, фақат одамлар ўрнида маймунлар акс эттирилган. Бу асарда тўлиқ таркибдаги фракциялар иштирокида нутқ сўзлаётган ва парламент аъзоларининг одатий саволларига жавоб бераётган бош вазир аччиқ сатира ахлоқи ва кайфияти чегараларидан чиққан шаклда ифодаланган.

Бундай мажлисларда мухолифат кескин саволлар ёғдиради, бош вазир бўлса нотиқлик санъати ва зукколик қоидаларини қўллаган ҳолда гапириши, саволларга жавоб беришда уялиб қолмаслиги шарт. Мажлис муҳити бокс жанги бўладиган томоша залини эслатади.

Тарафлар фаоллик ва шовқин-сурон билан у ёки бу жангчига, фақат бу ҳолатда сиёсий жангчига ишқибозлик қилишади. Бу каби кескин дебатларни телевизор орқали кўраркан, ундан жудаям ёқимли таассурот олмайсан. Эҳтимол, айни туйғу Бенксининг шундай асар яратишига туртки бўлгандир.

Буни нега айтяпман? Мени ҳайратга солган нарса, гарчи бу сатира Британия парламенти аъзолари учун ёқимсиз ва ҳатто ҳақоратли бўлса-да, улардан ҳеч бирининг эътироз билдиришга, музейдан бу картина намойишини тақиқлашни талаб қилиш масаласини кўтаришга ҳатто уриниб ҳам кўрмаганидир.

Шу боис, бу суврат Бристоль музейида тинчгина осиғлиқ турибди. Шунинг ўзи Британия ёки бошқа демократик мамлакатларни Ўзбекистон каби авторитар режимлардан ажратувчи сўз ва фикр эркинлигининг яққол ифодасидир. Сиёсатчилар, ҳукуматлар ўз шаънининг ҳажв қилинишига тоқат қилишади ва бу тоқатлиликни жамият сиёсий маданиятининг бир қисми ҳисоблашади. Чунки сиёсий тоқатсизлик жамиятнинг тезгина тубанлашувига олиб келади.

Демократик мамлакатларда, масалан, Британия, Швеция ёки Германияда давлат мулозимларининг «шарафи ва қадр-қиммати» оддий одамларникидан камроқ ҳимояланган. Шу боис, агар сен ҳокимиятга интилсанг, у ҳолда танқидга, вазир, депутат ёки президент бўлсанг, у ҳолда сенинг ишинг ва шахсий ҳаётингни лупа остида кузатишларига тайёр бўлишинг керак.

Агар сен жаҳлдор одам бўлсанг ва сени оммавий муҳокама қилишларини истамасанг, у ҳолда оддий одам бўлишинг ва ҳукуматдан кетишинг керак.

Берлин, Лондон ёки Стокгольм кўчаларида айни мамлакат раҳбарлари аччиқ кулги қилинган кўплаб расмларни кўриш мумкин. Ангела Меркелнинг қуён шаклида ёки ич кийимда акс этган суврати ҳеч кимни ҳайратга солмайди.

Энди эса тасаввур қилайлик, Ўзбекистонда мамлакат президенти ва Олий Мажлис депутатларини ҳайвон сифатида акс эттирган муаллифнинг ҳоли не кечишини. Қандай бўкириш бошланган бўларди, афтидан бизнинг ҳақиқат вазиримиз жаноб Алламжоновнинг ғазабнок товуши ҳамманикидан баландроқ эшитилган бўларди. Бу каби суврат Ўзбекистоннинг бирор жамоатчилик жойида бир кун бўлса-да осилиб туришига, унинг муаллифини эса шу заҳотиёқ ҳибсга олмасликларига ва узоқ муддат қамоққа ҳукм қилмасликларига ишонмайман.

Яқинда мулозим Комил Алламжонов ижтимоий тармоқда ўзи ҳақида салбий изоҳ ёзувчиларга ғазаб хуружини ёғдирди.

Кейин эса у ўзбек журналистлари ва блогерлари билан учрашиб, уларга чоп этган мақолалари остидаги изоҳлар учун ҳам улар жавобгар эканликларини айтди.

Бирор ўзбек журналисти: «Алламжонов, сен давлат хизматкорисан ва сен танқидга тайёр бўлишинг керак», деб айтишга ўзида журъат топа олмади.

Айнан шу ҳолат маймуният акс этган картинанинг Ўзбекистонда осиғлиқ туриши мумкин эмаслиги, ўзбек жамиятининг ҳамон мудроқ ҳолатдан чиқмаётгани сабабларидан биридир.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
1 август 2017
Ўтган йили ўлган Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан елкама-елка FondForum ташкилоти тадбирларида фаол иштирок этган амалдорлардан бири 54 ...
10 май 2016
Ҳафта бошида Eltuz.com Россия учун чиқарилган машиналарни жамлоқларда сақлаб қайта Ўзбекистонда сотилишига оид жиноий схема фош этилиб, ширкат бош ...
15 декабр 2020
Ўзбекистоннинг барча вилоятларида МФЙ амалдорлари тарози кўтариб, одамлар вазнини ўлчаб юрибди. Ҳаддан ошиқ семизлар эса махсус дафтарга хатланмоқда. Келажакда ...
13 ноябр 2020
Ҳазратим, очликдан ўлдим, егани нон бер менга, Кофир ўлғайман агар десамки, баҳмон бер менга. Мошу буғдойу гуруч берким, шулар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...