Мултимедиа
20 сентябр 2019

РТдан ваъз: Мирзиёев даври непотизми

Непотизм лотинча nepos сўзидан олинган бўлиб, унинг луғавий маъноси – “невара” ёки “жиян” деганидир. Аммо бу сўзнинг замонавий маъноси анча кенг қамровли.

Непотизм қариндош уруғлар ёки дўстларга – уларнинг уқуви ёки иқтидори қандай бўлишидан қатъи назар – қўшимча имтиёз беришни англатади.

Бу сўз ўзбек имловий луғатига ҳозир ҳам батамом ўрнашиб улгургани йўқ. Бунинг сабаби оддий – ўзбекларда непотизм қадим-қадимдан бўлган.

Буни шоҳ Бобур “Бобурнома”да “уруқ-қаёшлик”, дея қайд этган.
Бугунда оддий халқ непотизмни – жўнгина қилиб уруғ-аймоқчилик дейди.

Энди сизга непотизмни оддийгина қилиб тушунтирсам.
Фараз қилинг, сиз Сусамбил подшосисиз, икки қизингиз бор ва кўплаб ака-укаю қариндош-уруғингиз.

Бир йил ўтар-ўтмас куёвингиздан бирисини ўзингизга тансоқчилар қўмондони қилиб оласиз, иккинчисига иш бошқарувини ишониб топширасиз, қизларингизга вазирликни, қудангизга миршабликни, э ана, боринг, узоқ жиянингизга завод-паводни таг-туги билан ишониб топширасиз.

Бунинг номини “янгича иш бошқаруви”, ё бўлмаса, “ислоҳот” деб атайсиз.

Замонавий сиёсатшуносликда эса буни непотизм деб аташади.
Тушунтира олдимми?

Яқинда бир блогер дўстим ёзғирди: “Президент Шавкат Мирзиёев 30 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мамлакатни ўз шахсий томорқасига айлантириб олди, – деди у. – Уч йил ичида у непотизм қанақа бўлишини ҳаммага кўрсатиб қўйди”.

Президент хатти-ҳаракатидан норози бўлганлардан кимдир (гўрингда тинч ётгур) Каримовнинг қизларини эслаб энсаси қотган бўлса, кими, оғиздан сулаги оқиб, энсаси қотганларга ёпиша кетди –
“Президентимизга тил теккизма! Нима қилсалар, хўб қиладилар! Нима, аламинг келаяптими?”

Иккинчи тоифа Гулнора Каримовани тилга олса, шодликдан қалтироқ босиб, ҳушидан кетиб қоладиган ҳофизу бастакор, актёру шоирларни эсга солади.

Бор-йўғи 10 йил олдин Гугуша хоним от устида экан, ҳамма атрофида гирду капалак эди:

Юлдуз қўшиқ айтган, Абдуҳошим ғижжак чалган, номи йўқ академия академиги “Малика” деб атаган, муллои замон – Ўзбекистон ислом университиети домласи эса атаб мувашшаҳ битганди:

Гўзалликка мудом ошно бўлибсиз¸
Умидбахш нигоҳдан кўнгиллар масрур.
Латофат-ла муҳаббатга тўлибсиз¸
Ноëб эҳсонингиз ҳаммага манзур.
Оромбахш сўзингиз ҳар дардга дармон.
Раҳмат дарëсидан бўлинг баҳраманд
Асло дилингизда қолмасин армон.

(Бу мисралар ëнбошдан ўқилганида “Гулнора” деган исм кўринади.)

Шоҳ ўлди, малика – қамалди.
От ўрнини той босар экан.

Ислом Каримовни “маънавий отам” деб атаган Шавкат Мирзиёев одамларни зериктириб қўймади.

Катта қизи Саидани ўз администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари қилди, кичик қизи Шахнозани эса Мактабгача таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи қилиб тайинлади. Катта куёви Ойбек Турсунов президент администрацияси бошлиғининг муовини, кичик куёви Отабек Умаров президент тансоқчилари бошлиғининг муовини, қудаси Ботир Турсунов бир вақтнинг ўзида ҳам Миллий гвардия ва ҳам ДХХ раисига ўринбосар бўлди.

Икки куёв ҳозирданоқ кимўзарни бошлаб юборган – нафақат бизнес соҳаларини қўлга киритишда, балки ким билан суратга тушишда ҳам.

Катта куёв Москва кўчасини супуриб, рус полициясини кўрса қалтироқ босадиган ўзбек мигранти кумири – Рамзаннинг елкасига бош қўйса, Питерда қурилишда ишлаб пулини ололмаган ўзбекнинг кумири – ММА жангчиси Ҳабиб билан кичик куёв қучоқлашиб суратга тушмоқда….

Боя айтганим иккинчи тоифа аллақачон қиз ва куёвларнинг инстаграму фейсбукдаги асосий фолловерларига айланган.

Энди ула Бўкага сафар қилган Саида Мирзиёеванинг этиги 800 евро туриши, фитнес клубда мушакларини кўз-кўз қилаётган кичик куёвнинг қадду бастини, инстаграмда озарий блогери елкасига бош қўйиб, “Аллоҳу акбар” дея такбир айтаётган катта куёвнинг уддабуронлигини мақташга ўтган.

Яна непотизмга қайтсам. БМТ конвенциясига мувофиқ, непотизм коррупциянинг бир кўринишидир.

Коррупция эса саратон мисоли. Агар вақтида муолажа олмасанг, манзилинг – қора ер.

Хулоса қилиш сизларга ҳавола!

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
28 декабр 2019
Хоразмдаги психдиспансерда уч ой ушлаб турилган блогер Нафосат Оллошукурова 28 декабрь куни рухий касалхонадан чиқарилди. Элтуз мухбирининг хабар беришича, ...
14 март 2019
Жуда ғалати ишлар бўляптики, на жим туриб бўлади ва на гапириб. Аммо “қилинган ишдан пушаймон қилинмаган ишдан пушаймондан яхшироқ”, ...
6 январ 2016
Арамайс Авакян ва унинг дўстлари устидан суд бугун соат 11 да, кутилмаганда бошланди. Судланувчиларнинг яқинлари суд бошланиши ҳақида тасодифан ...
30 июл 2016
Ижтимоий тармоқдаги ўзбек сегментига хос иллатлардан бири, бирор мақолада миллат турмушидаги нуқсонлар танқид қилинаётган пайт, чет элларда бундан ёмонлигига ...
Блоглар
30 март 2020
(Эпистолял эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки, опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...
21 март 2020
Кейинги 6 ой давомида биз уларни урдик, калтаклаб майиб қилдик. Бонусига порахўрсан, таъмагирсан, дедик. Машина ...