Асосий мавзулар
15 октябр 2019

Гулчеҳра Нуруллаева: Шоҳлар ҳузурида эмаклаш нечун?

Элтуз нашри «Ёзарнинг саси» рукнида ўзбекистонлик таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева фикрларини эътиборингизга тақдим этади:

«Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати барчамизнинг кўзимизни очиб юборган эди. Бизнинг авлод советлар руҳида тарбияланган эди.

Мустақилликка мен бир ишонч ва шубҳа билан кириб келдим. Ишонганим шундан иборат эдики, бундан буён давлатни бир ўзбек бошқаради. Бироқ биз ишонган одамлар биз кутгандек чиқармикан, деган шубҳа ҳам бор эди… Минг афсуски, шунча давр охирида мендаги ишончдан кўра шубҳа устун келди.

Мустақиллик аввалида президент Каримов шахсан мени қабул қилиб, икки соат суҳбатлашганди. Ўшанда мен унга бир қадар ишонган эдим. У менга «Сиз ва сизлар хоҳлаган тузумни яратамиз. Сиз ва сизлар хоҳлаган жамиятни яратамиз. Фақат менга имконият беринглар, менга вақт беринглар», деб айтди.

Энди кўраяпманки, йилдан йилга аҳволимиз ёмонлашиб борди. Энди буёғига чидаш мумкин эмас, деб ўйлайман. Қашшоқлик, фоҳишалик, мардикорлик, тиланчиликнинг ҳаддан ташқари кўпайиши. Бир ҳовуч одамларнинг бойиган сари мутлақо кўзи тўймаслиги.

Улар ҳаддан зиёд бойиб боряпти, менинг она халқим борган сари қашшоқлашиб боряпти. Бу мен орзу қилган жамиятнинг бутунлай акси бўлиб чиқди ҳозир.

Шоир ҳеч қачон ёлғон сўзламаслиги керак. Дор тагида ҳам, ўлиб қолган тақдирда ҳам. Минг афсуски, ўзбеклар жуда катта умид боғлаган, қаҳрамонлик унвонлари берилган шоирларимиз Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлар чин маънодаги сарой булбулларига айланишди.

Мен уларнинг позициясига ҳайрон қоламан. Ҳеч бўлмаса Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов ўз атрофига барча зиёлиларни тўплаганида эди ва улар вақти-вақти билан президентга очиқ мурожаатлар қилиб туришганларида эди, жамиятни ҳозиргидай жар ёқасига олиб келиб қўймаган бўлардик, деган хаёлларга бораман.

Мана бу қурилишларни айтишади. Буни кўриб ижодкорнинг кўзи қувониши керак… Лекин иккинчи томонда қашшоқлар, гадойлар, тиланчиларни кўриб турган пайтим уларнинг бир тийинлик қадри қолмайди.

Аввал таълимни тўғри йўлга солайлик, коррупциядан воз кечайлик, ана унда қурилишлар ярашади.

Мен авлодларимга сираям истамасдим бугунгидай даврни. Кошки бу ҳолат менинг ҳаётимдан ўчиб кетган бўлса, янги бир авлод келса, мен истаган ўша демократик бошқарув бўлса.

Ҳозирги ёшлар олдинги даврни кўришмаган. Боригаям, йўғигаям кўникиб кетаётган бир авлод. Улар кўп нарсадан маҳрум. Ўз адабиётини, ўз тарихини ўқишмайди. Ўзининг буюкларини билмайди. Ярим манқурт авлод яратилдими, дея катта бир шубҳага тушаман…

Менинг назаримда, бунга зиёлилар, биринчи навбатда шоир, ёзувчилар айбдор. Биз қанчалик тўғри, ростгўй, ҳалол бўлсак, Худо бизни бандам дейди. Бу фирибгар, алдамчи, юлғич одамларни Худо албатта қарғаса керак…

Беқиёс дардкашлик хиёбонида
Кезгувчи шоирин севар-ку очун.
Йўқ экан бу ҳатто шоҳ имконида
Шоҳлар ҳузурида эмаклаш нечун.

Гулчеҳра Нуруллаева
eltuz.com

Тағин ўқинг
19 август 2018
Ҳукумат буюртмасига кўра, ўзбек мухолифатини ёмонотлиқ қилувчи китоб ёзган Олег Якубов билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг 2000 йилнинг 27 ...
9 январ 2022
Оқтўба Вилоят ички ишлар бошқармаси икки нафар шахсни “оммавий тартибсизликлар уюштириш” айби билан ҳибсга олди, тўққиз кишига нисбатан жиноят ...
3 июн 2019
28 май куни Тошкентда ўтган конференцияда президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг «оқсаётгани»ни айтиб танқид қилди. ...
23 феврал 2020
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйганлиги туфайли маъмурий жавобгарликка ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...