Асосий мавзулар
18 октябр 2019

РТдан ваъз: Жуманазар ака кўкда кўрган демократия

Жамоатчилик фикри. Нима у? Катта холангнинг елим кавушими? Тоғанг деворига осиб қўйган пилта милтиқми? Нима ўзи у?
Инглизча қисқагина «Public Opinion» дея аталадиган бу ибора аслида дунëни бошқараëтган синоатдир. 

Жамоатчилик фикри оммавий онг шаклидир. Масалан, Афанди ëш болаларга: «Қара, кўча бошида текин ëнғоқ беряпти!» деб алдайди. Юзлаб болалар бунга ишониб югуриб кетишади. Шунча бола югурганини кўрган Афанди ростдан ҳам текин ëнғоқ беряпти, дея болалар орқасидан югуради.

Ëки бугунги кунимизни олайлик. «Ўзбекконцерт» деган паразит ташкилот қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновни “ëтиб куйлади ва устидан пул ëмғири ëғди”, дея лицензиядан маҳрум қилди.

Бу кўпчиликка ëқмади. Машҳур дўкончидан тортиб, президентнинг собиқ матбуот котибигача «Ўзбекконцерт»ни ëзғирди. Яъни ижтимоий фикр «Ўзбекконцерт» қарорига қарши чиқди.

Аслида давлат кимнидир жазолаганида бундай акс ҳолат бўлмаслиги керак. Одамлар ҳам адолат тантана қилди, дея севинмоғи керак эмасми? Айтмайдиларми шариат чопган қўл оғримайди деб?

Аммо ижтимоий фикр жаноби олийлари давлат мулозимидан устун келди.

Отажоновнинг лицензияси қайтарилди. Энди у ëтиб куйлайдими, думалайдими, пўстин киядими, жубба киядими – барибир.

Қўшиқ  айтишга тўсқинлик қилиб бўлмайди. Эсингиздами, «Танцор диско» киносидаги  Жимми. Унинг қўлидаги гитарани душманлар электр токига улаб қўйишади. Оломон «Куйла, Жимми» дея талаб қилади. Жимми онаси электр токи уриб ўлган бўлса ҳам куйлайверади.

Аммо ҳар доим ҳам жамоатчилик фикри тўғри бўлавермайди. Масалан, 1933 йилда Германия жамоатчилик фикри Гитлер тарафида эди. 1930 йилда эса Бенито Муссолини италияликларнинг ақли ва шуурини эгаллаган эди. Аммо бу фикр боис Италия ва Германия улуғ товон тўлади. Тавқи лаънат остида қолди.

Кўпчиликнинг гапи доимо тўғри бўлавермайди. Масалан, битта каллаварамнинг ëнига мингта каллаварамни қўйсангиз, минг бир каллаварам ҳосил бўлади, холос.

Ақлсизлар бир жойга бирлашгани билан ақлли бўлиб қолмайди. Оломон бўлиши мумкин. Баъзида оломон истаги ҳам жамоатчилик фикри сифатида талқин қилинади.

Яқинда Данғаранинг Олтиқуш қишлоғида ўғриларни ушлаб, арматура билан уриб майиб қилишди. Тонг пайти! Ўғри тонггача томда беркиниб ётган! Тонготар хонадонга кириб пул ўғирлаган! Уй эгаси пайқаб қолган! Бақир-чақир бўлган! Ўғри қочган! Тезда оломон йиғилиб, ортидан қувган! Боғ ичида тутиб олишган! Ўғрини қаттиқ калтаклашган! Олтиқуш Данғара туманига кираверишдаги машҳур қишлоқ!

Дарвоқе, ўғри пулни адёлга ўраб қочди. Ўғрини Бешкапа яқинида тутиб олиб сазойи қилишди.

Олтиқуш билан Бешкапа қишлоғи ўртасида катта интенсив боғ бор, шу боғнинг Бешкапа томонида тутиб олиб уришди.

Арматуралар билан уришди. Бўйнига арқон бойлаб судрашди! Ўғри Чинобод қишлоғидан экан! Чинобод Олтиқушдан икки қишлоқ нарида! Ўша ўғри бир бечора одамнинг фарзандларимга ишлатаман (тўй, бошқа нарсалар) деб йиғиб қўйган 30 милёнга яқин пулини олиб қочган!

Олтиқуш қишлоғи йигитлари урушқоқлиги билан танилган! Қишлоқ яқинидаги метангаз охраналариям ўз вақтида Олтиқуш йигитларидан қўрқиб зирилларди! Данғара шаҳарчаси йигитлариям олтиқушликлардан қўрқади!

Аммо халқ фикри алдамчи. Қаранг, ўтган ҳафтада Миришкор ҳокими тўртта макка думбулини ўмарган отахонни видеосазойи қилганида одамлар ўша майда ўғрининг тарафини олишди.

Бироқ айни ўша одамлар бозорда бировнинг чўнтагини кесиб, минг сўмини олган майда ўғрини тепкилаб ўлдиришга тайëр.

Буни самосуд дейди. Фақат ривожланмай ëввойи бўлиб қолган  жамиятларда самосуд сазойи тизими бор.

Нормал давлатларда мустақил суд тизими мавжуд бўлади. Умуман, давлат бир-биридан мустақил учта қувват билан бошқарилади.

Қонун чиқарувчи, яъни парламент. Ижро, яъни президент, ҳокимлар ва ниҳоят суд ҳокимияти. Бу учаласи бир-бирига бўйсунмайди, бири бирига амр бермайди.

Ҳатто ўзга сайëрада ҳам бир эмас, учта подшоҳ бор экан. Буни учар ликобчага миниб, ўзга сайëрага бориб, ўз кўзи билан кўриб келган Жуманазар ака ТВга айтиб берди.

Қаранг, ҳатто ит танимайдиган ўзга сайёрада ҳам мавжуд демократия Ўзбекистонда йўқ. Мирзиëев пирамидаси бор, холос.

Жиддий ўйлаб қарасак, самосудлар кўпайиши бизни ўрта аср жаҳолатига етаклайди. Териси шилинган Насимий, дорга осилган Машраб, қувғин қилинган Ибн Сино. 

Жоҳил ва, айниқса, радикал мутаассиблар оломонидан қўрқса қўрққулик.

Беш йил аввал Қобулда Фархунда Маликзода деган бегуноҳ аёлни шайтонлаган оломон уриб, тепиб, тошбўрон қилиб, томдан улоқтириб, машиналар билан босиб, кейин ёқиб юбориб ўлдирганди.

Бунда юзлаб эркаклар қатнашди, кулиб, видеоларга олишди. Бунга бир мулланинг Фархундани Қуръони Каримни ёққанликда айблагани сабаб бўлди. Оломон далил-исботни сўраб ўтирмай, ҳукмни бажариб қўяқолди. Маза қилди. Кейин эса Фархунда ҳеч қачон Қуръонни ёқмагани исботланди.

Кейин эса 28 ёшли Фархундани калтаклаб ўлдирганлар жазоланди. Буни бумеранг дейди.

Бумера́нг — ëғочдан бўлган ўроқсимон калтак. Уни улоқтирсангиз, қайтиб ўзингизга келиб урилади. Аэродинамика дейди буни.

Фалсафий маънода бумеранг «бировга отган ўқинг ўзингга тегади», деган фикр беради. Такфирчилик – бировларни кофир дея тавқи лаънат қилиш. Ўлдиришга даъват ва виртуал сазойи Мирзиëев берган нисбий эркинлик даврида авж олди.

Қиëматда ҳар ким ўзи учун жавоб берар экан. Тақвоси бор ë йўқлигини билмаганимиз троллар дуч келган одамга ташланиб такфир қилиши урф бўлди.

Бир-иккитасини текшириб кўрсак, вино ичади, ўғирлик қилиб қўлга тушган ва ҳоказо.

Гапнинг қисқаси, виртаул олам – фейсбук, одноклассники, инстаграм ва телеграмнинг ўзбек сегментидаги мавжуд мониторинги янада кучаядиган бўлди.

Икки йил олдин турк сериалларига овоз берганларни ҳароми деб атаб, ғалабадан масрур бўлганлар бошига қора савдо келди. Мамлакат президенти 4 сентябрь куни диний соҳани тартибга солиш учун қарор имзолади.  

Баъзилар блогер деб атайдиган ва аслида диний воизларнинг риторикаси экспертиза қилиб борилиши ҳақида президент қарорида аниқ айтилган. Кеча президентнинг совбезда айтган гапидаги «Ëшларни умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш», деган жойидан иқтибос қўйсам, кўпларнинг лабига учуқ тошди.

Тошкент давлат музейидаги Беллоли деган рассом чизган “Чўмилаëтган аëл” расми ҳам умуминсоний қадрият.

Микеланжело тошдан ясаган Довуднинг Римдаги яланғоч ҳайкали, Рембранднинг Эрмитаждаги «Даная» асари, Париждаги Нотр-Дамм собори, Ҳижоздаги Мадаин солиҳ бутхонаси, Афғонистондаги Будда ҳайкали ва бошқалар умуминсоний қадриятлардир.

Дарвоқе, Афғонистоннинг Бомиëнидаги Будда ҳайкалини ким портлатди? Албатта, Мулло Умар. Аммо яна бир нозик жойи бор. Мулло Умар амр берди. Ўзбек жангари Тоҳир Йўлдош ва унинг шотирлари бу амрни бажариб, ҳайкални портлатишди.

Сўнгсўз ўрнида: Бугун Ўзбекистондаги муллалар билан таққослаганда либерал қарашларни ҳурмат қилиш тарафига қараб кетаëтган Саудия Арабистон подшоҳлигидаги Мўътабар уламолар кенгаши такфирда (бировни куфрда айблаш) ҳаддан ошмаслик ҳақида тавсия берди. Мусиқа ҳаром, дея такфир қилган мулла қамалди.

Мавзу бумеранг ҳақида эди. Сўзим бошида эса оммавий васваса ҳақида ҳам гапирдим. Мана бу кўраëтганингиз оломон Самарақанддаги Ислом Каримов қабрини зиëрат қилиш учун гурас-гурас бўлиб талпинмоқда (видео).

Ўзбекистонда репрессия сиëсатини юритиб, одамларни қамаган, отиб ўлдирган бир диктатор қабрига талпинишмоқда.

Булар назарида Самарқандда фақат битта талпинадиган жой бор. У ҳам бўлса диктатор Каримов қабри. Жамоатчилик фикри бу. Аммо Самарқандда дунëга юлдузлар сонини айтган улуғ олим қурган  расадхона бор.  

Қўлимдаги телефон ойнагида бугун 2019 йил 18 октябрь деб ëзилган. Бундан юзларча йил олдин, 1449 йилнинг 18 октябрида Самарқанд ҳукмдори Улуғбек ўз салтанатининг сўнгги кунларини яшаëтган эди.

У жангдан қайтганида эса мутаасиб уламолар Самарқанд дарвозасини ëпиб қўйишади. Ўша давр жамоатчилик фикрида Улуғбек жозиба касб қилмагани айтилади.

Аксинча, унинг падаркуш ўғли Абдуллатиф оломон назарида “крутой“ ҳисобланган.

Оломон руҳини ўзида фокуслаган қозилар эса Улуғбекни ўлдириш учун фатво беришади. 24 октябрда саидлар авлодидан бўлган Аббос исмли жаллод Улуғбекни бошидан жудо қилади. Улуғбек қурган расадхонани эса оломон ғиштларигача ташмалаб кетишади.

Самарқанддаги олимлар мамлакатни жоҳилларга қолдириб, Истанбулдан паноҳ излайди. Орадан 500 йилча ўтиб рус олими Вяткин расадхона қолдиқларини топади. Темурхон наслидан султон Улуғбек, ки олам кўрмади султон анингдек.

Самарқандга борсам Каримов қабрини эмас, Улуғбекни кўриб қайтаман.

Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб туpap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 январ 2016
Янги йил арафасида Фэйсбук саҳифаси иштирокчилари «Тошкент гўзали»ни танлашди. Актриса Олеся Недобегова бу виртуал танлов ғолиби бўлди ва у ...
11 август 2022
Элтуз порталининг бугунги сони кенгайтирилган форматда. Яъни ундан бешта шикоят, шунингдек яна иккита шикоятнинг ижобий ҳал бўлгани юзасидан олинган ...
29 ноябр 2021
Швеция бош вазири ўз мамлакатида хизмат машинасига эга ягона сиëсатчи. Қолган мулозимлар ишга ўз машинаси, велосипеди ëки трамвайда боради. ...
6 декабр 2021
«Элтуз» нашри 30 ноябрь куни “Мактабгача таълим вазирлигининг болаларга хос бўлмаган ўйинлари” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...