Асосий мавзулар
26 феврал 2020

Собиқ бош прокурор, ДХХнинг собиқ раиси ва ўринбосарига суд ҳукми эълон қилинди

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг хабар беришича, 2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Игамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинган. Шунингдек, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Отабек Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Матбуот хизматининг хабарида айтилишича, судланувчи О.Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига асосланган.

Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлигига эътибор қаратилган.

Натижада содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 21 июнь куни бўлиб ўтган 20-ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев собиқ бош прокурор Отабек Муродовни катта миқдорда пора олганликда айблаб, устидан жиноят иши очилганини таъкидлаган эди. Бу ҳақида «Элтуз» нашри ўз вақтида хабар берган эди. 

Шунингдек, Олий суд матбуот хизматининг хабарида суднинг ҳукмига кўра, Отабек Муродовга 5 йил, Ихтиёр Абдуллаевга 19 йил, Жаҳонгир Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги баён этилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 апрел 2016
«Авакян иши» номи билан шов-шув бўлаётган жиноят иши тўғрисидаги «фош этувчи» тафсилотлар Ўзбекистон ТВси экранидан ўзбек интернет ресурсларига кўчди. ...
11 феврал 2022
Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан ...
14 феврал 2024
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келган. «Бобурнома» тарихий биографик ...
20 сентябр 2023
Сўнгги кунларда кундалик эҳтиёж учун энг керакли бўлган маҳсулот – нон нархи кескин ошиб кетаётгани кузатилмоқда. Бунга сабаб дея ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...