Асосий мавзулар
9 март 2020

«Avto 60 oy» пирамидаси эгасининг онаси президентга хат ёзди

Ўзбекистон Жиноят кодекси асосида “пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият»и учун устидан жиноят иши қўзғатилган Жамшид Баҳодировнинг онаси Малоҳат Зокирова мамлакат президентига хат йўллади. 

9 март санаси билан имзоланган хатнинг нусхаси “Элтуз”да мавжуд.

Хатда Малоҳат Зокирова ўғли 5 ой ичида эришган ютуқларини ИИБ ходимлари бир кунда барбод қилгани, «Avto 60 oy» брендга айлангани, ўғлининг бизнеси кимларгадир керак бўлгани учун сохта айбловлар билан қамоққа олингани таъкидланган.

Бундан ташқари, айбланувчининг онаси ўз хатида онкологик касалликдан даволанаётгани, ўғли Жамшид Баҳодировдан бошқа боқувчиси йўқлигини ёзган. 

Зокирова ўғлининг ИИБда таҳқирлангани, Бош прокуратурада 4 нафар ёлланган кўча одами томонидан калтаклангани, тергов жараёнида ўғлига тазйиқлар ўтказилганини баён этган. 

Унинг таъкидлашича, тергов бўлимининг Алишер исмли тезкор ходими 900 минг доллар сўраган, айбини бўйнига олмаса, бутун оилани кўчага ҳайдаб чиқариш, уйини мусодара қилиш билан қўрқитган.

Тергов ходимлари “Қўл остида ишлайдиган ходимларни «шериклар» деб айтмасанг, 15 йилга қамаб юборамиз”, деб пўписа қилгани алоҳида қайд этилган.     

Малоҳат Зокирова президентдан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаётган сиёсати талабларини нотўғри талқин қилаётган мансабдор шахсларга нисбатан кескин чора кўриб, ўғли Жамшид Баҳодировнинг бузилаётган конституциявий ҳуқуқлари тикланишида амалий ёрдам беришини сўраган. 

Автомобиль пирамидасининг қулаши

Жиноий пирамида яратгани айтилаётган Жамшид Баҳодиров ва бошқа мансабдорларнинг жиноят иши бўйича ҳозирча 17 минг фуқаро сўроқ қилинган

«Avto 60 oy» МЧЖ жами 18 минг 818 нафар фуқаро билан шартнома тузган, шулардан фақат 96 нафарига автомобиль олиб берган, холос. 

Аммо бу автомобиллар ҳам одамлар томонидан жамият ҳисобига тўланган пуллар эвазига сотиб олингани учун жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида хатланиши мумкин.  

Ўтган йилнинг июнь-июль ойларида ўзбекистонликлар орасида «Avto 60 oy» МЧЖ фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан фуқароларга ҳар хил русумдаги автомобиллар олиб бера бошлагани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. 

Кўп ўтмай «Avto 60 oy» ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бирин-кетин ҳар хил рекламалар, акциялар эълон қилишни бошлади. 

Ана шундай акциялардан бирида бундай дейилади: “Азиз мижозлар! Диққатингизга «Avto 60 oy» МЧЖнинг янги «45 кун» тарифида тақдим этиладиган Chevrolet Spark MT автомобилини харид қилиш шартлари билан таништириб ўтмоқчимиз! Бошланғич тўлов – 35 000 000 сўм; ойлик тўлов – 927 710 сўм; тўлов муддати – 60 ой; умумий қиймати – 90 662 622 сўм;  автомобиль чиқиш муддати – 45 кун”.   

Хабардан воқиф бўлган юртдошларимиз 45 кун ичида автомобиллик бўлиб қолиш илинжида бисотидаги бор пулларини белига боғлаб, бошланғич тўлов учун етмаганини кимлардандир қарз олиб, қайдасан «Avto 60 oy» деб, фирманинг Тошкент шаҳридагию 12 та вилоятдаги офислари томон чопишди. 

Автомобиль ишқибози бўлган фуқароларнинг гирдикапалак айланишига эса яна ўша фирманинг: «Азиз обуначилар! Эътиборингизга муҳим хабарни тақдим этмоқчимиз! Тез кунда «Avto 60 oy» МЧЖ корхонасининг «45 кун», «60 кун», «135 кун» ва «180 кун» тарифлари лимит тўлаётганлиги сабабли ёпилади! Шошилинг! Вақт оз қолди!” каби ундовларга йўғрилган эълонлари туртки берди. 

Шу тариқа, «Avto 60 oy» МЧЖнинг таъсисчиси Жамшид Баҳодиров ва бошқа мансабдорлари фуқаролардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олишни йўлга қўя бошлади. 

Ҳаш-паш дегунча фаолиятини 10 млн сўм билан бошлаган «Avto oltmish oy» МЧЖ 19 мингга яқин мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғиб олишга улгурди.  

Бу ҳақда 2 март куни Интерпол миллий маркази бюросида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Азизбек Долихўжаев хабар берди. 

Матбуот анжуманида айтилишича, жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг 26 миллиард сўми нақд пул шаклида, 8 миллиард 148 миллион сўми эса хатланган мол-мулклар ҳисобидан, жами 34 миллиард 148 миллион сўм ундирилган. Камомад 23 млрд 264 млн сўм. 

«Avto 60 oy» МЧЖнинг жиноят иши билан шуғулланаётган терговчилар мазкур иш МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировнинг бир ўзи томонидан амалга оширилмаганига алоҳида урғу бермоқда. 

«Бу жиноятни Жамшид Баҳодиров бир ўзи содир қилган, деб айтолмаймиз. Унинг жиноий шериклари бор ва улар биргаликда шу схемани ўйлаб топиб амалга оширишган. 

Пул маблағларини йиғиш, одамларни жалб қилиш, турли шартномалар тузиш – буларни Ҳарвардни тугатган бўлса ҳам битта инсон қила олмайди, жисмонан ҳам улгурмайди. 

Жиноят иши доирасида жиноий жавобгарликка тортилган яна бир қанча шахслар бор, жиноят ишига дахлдор бўлганларни аниқлаш ҳалигача давом этмоқда”, деган Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари, Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков Жамшид Баҳодировнинг бор-йўғи коллежни тугатганига ишора қилиб. 

Аммо ИИВ расмийси «Avto 60 oy» раҳбарининг жиноий шериклари кимлиги ҳақида маълумот бермаган. 

«Avto 60 oy» МЧЖнинг 24 ёшли раҳбари Жамшид Баҳодиров устидан жиноят иши “UzAvtoMotors” АЖнинг ИИВга мазкур жамиятнинг шубҳали фаолият кўрсатаётгани ҳақида йўллаган мурожаатидан сўнг қўзғатилган.  

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 май 2017
Ишсизлик – Ўзбекистондаги энг оғир муаммолардан бири. Кўп йиллар давомида миллионлаб ўзбекистонликлар тирикчилик йўлида аксарият Россияга кетишди. Ўзбекистон Россия ...
1 март 2020
«Абдураҳмон мен билан қучоқлашиб кўришди, ҳол-аҳвол сўрашди. – Муҳаммад ака, сиз мени эсламасангиз керак, мен Назар Эшонқулнинг жияни Абдураҳмон ...
19 ноябр 2021
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ ҳокимлиги биносида 43 ёшли депутат Феруза Бабашованинг депутатлик иши ва одоб-ахлоқи муҳокамаси бўлиши режалаштирилган йиғилиш депутатнинг ...
24 апрел 2017
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин. Телекўрсатувларда гарчи, янги ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...