Асосий мавзулар
29 май 2020

Мирзиëевнинг лаққа балиқлари Сардобани ўпирди

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Улуғ демократ шоир Рудакийнинг бу мисрлари кимгадир сийқа туюлар, аммо зинҳор менга эмас. Чунки сизлар билан ҳафтада бир дийдор кўришиш севинчи қандай бўлишини мен биламан. Сизга талпинаман. Сизни кўрай деб орзиқаман.

Олдин айтганимдек, миллат бир-бири билан газета орқали гаплашади. Қоғоздан бўлган газетани ўқийдиган кам ҳозир. Ëшлигимда Амударë бўйига лаққа балиқ ейишга борардик. Ўша пишган лаққа балиқни товоққа эмас, газета устига қўйиб ердик. Баҳонада газетага ҳам кўз югуртирардик.

Мен учун лаққа балиқ лаззатли таом эди. Дарвоқе, бугун лаққа балиқ яна кун тартибига чиқди. Таом ўлароқ эмас, балки айбдор сифатида.

Сардобадаги техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган ДХХ терговчилари сўроққа чақиртирилганлардан сув омборидаги балиқлар, хусусан, лаққа балиқлар ҳақида обдон сўраб-суриштирмоқда. Бировларнинг айтишича, Сардоба сув омборида Мирзиëевнинг қариндошлари лаққа кўпайтиришга ҳирс қўйишган. Лаққалар эса астрономик тарзда кўпайиб кетган. Оддий балиқдан фарқли ўлароқ, лаққа балиқ қирғоқни тешиб ичига кириб ëтишни севади. Жонининг роҳатини биладиган махлуқ. Қолаверса, балодан нари. Хуллас, лаққалар тўғон деворини илма-тешик қилиб ташлашган. Оқибатда дамба ўпирилган. Сангинов, ëки Раматов эмас, лаққа балиқ олий айбдор. Лаққаларни олиб чиқиб отиб ташлаш керак. Токи бошқа балиқларга дарс бўлсин.

Рассом Тузга мактуб

Мана бу мактуб ҳам Сардоба лаққалари ҳақида:

“Сирдарëдан овланган балиқларни емай турсакмикин бир-икки йил… Чунки сел оқими минглаб ҳожатхоналардаги бўқни Сирдарëга оқизиб кетди. Бу ҳожатхоналарда вабо, сифилис, сариқ касал, ичак касаллиги ва сил вируслари бор. Менинг қариндошим ўша жойда қурилишда ишлайди. Қабристонларни ҳам сел ювиб, ўликлар ҳам тошқинда оқиб кетган. Ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг. Огоҳ бўлинг”.

Бу мактубдаги гаплар сал ноўрин. Балиқ қовурилганда ичидаги қурти ўлади. Лекин ўзбек амалдорининг устига атом бомба ташласангиз ҳам ичидаги таъмагирлик қурти ўлмайди.

Лаққалар ҳам сув омбори ичида очилган балиқ хўжалигиники, хўжаликнинг эгаси – куёвнинг окаси, так что балиқда айб йўқ.

Бўлмаса айб кимда? Айб каналда. Илгари ҳали сув омбори қурилмасидан анча олдин шу ўпирилган дамба ўрнида канал бўлган. Канал яхши кўмилмаган, ҳар 20 см да шиббалаш ўрнига ҳар бир метрда шиббалашган. Канал ўзани қолиб кетган. Олти ой олдин сув сиза бошлаган. Одамлар эътибор берган, аммо раҳбарлар кўзи шамғалат бўлган. Чунки улар фақат учта нарсани ўйлашади – ўмариш, ўмариш, ўмариш.

Ҳозирча Сардобани қурган Сангинов эмас, балки ўтган йили Сардобага раҳбар бўлган 33 яшар Данабоев ва яна бир киши қамоққа олинди.

Кириш чўзилди. Хабарларга ўтсак.

ХАБАРЛАР

Анжанлик милиса шаҳрихонлик Дамас шўпиридан 1 миллион сўм пора олганида прокуратура ушлади. Милиса қамоқда.

Эски правани янгисига мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди. Илгариги муддат 2020 йил 31 декабрда эди. Алламжоновнинг аферист схемаси бу. Барча правасини алмаштирсин, деб қонун чиқартиради. Кейин ўша янги правани ўз босмахонасида босиб чиқариб сотади. Кадастрларни ҳам пластик карта қилдирмоқчи. Халқни шилиб бойиш схемаси.

Хўжаободликнинг уйига тунда 18 яшар уч йигит пичоқ билан келиб пул талаб қилди. Дарҳол ички ишлар ходимлари етиб келди. Ўғриларнинг иккитаси сразу қўлга олинди. Биттаси қочаëтиб тошга қоқилиб йиқилди. Ортидан борган ИИБ сафдори унинг сочидан судраб олиб келиб, нариги шериклари ëнига қўшиб кишанлади. Пичоқ ва ниқоблар далил сифатида олинди. Воқеа Хўжаободдаги Аҳиллик кўчасида, Рамазоннинг сўнгги кунларида юз берди. Учта ўғригина бола қамоқда.

Карманалик 21 яшар йигит ўзи ишлайдиган заправка сейфидан 29.345.000 сўмни ўмарди. Ўғри қамоқда.

Олимжон ака деган тоға коронавирусга даво топибди(миш), Нобель академияси чекишга кетди. Бу одам Оролниям ëмғирга тўлдирган экан.

Қари билганни пари билмас. Шофирконда уч сотих ерга 2524 туп кўкнор, 4 туп каннабис эккан 80 яшар бобой ушланди. Бобой қамоқда.

Мирзиëевни бузиб ташлашди

Совет даврида одамлар ўнг кўкрагига Сталин, чап кўкрагига Ленин расмини тату қилиб тушириб қўйишган. Улар шунақа қилсак, бизни олиб чиқиб отмайди, деб ўйлашган. Лекин уларни совет ҳукумати пақиллатиб отиб ташлади. Улар ўлаëтиб ҳам “яшасин Сталин!” деб жон беришди. Бешариқлик тужжор ҳам дўконига Мирзиëннинг расмини илиб қўйди. Шунақа қилсак бузмайди, деб ўйлади. Аммо Бешариқ ҳокими бульдозер юбориб, бузиб ташлади. Бульдозерчи Мирзиëевнинг расмини алоҳида иштиëқ билан бузмоқчи. Чунки у ҳам, магазинчи Ғайбулла ака ҳам презикни ëмон кўради.

Шу ерда шеър айтилиши режаланган. Муштарийлар шиғирни кўпайтирманг, эснаб ухлаб қоляпмиз, дегани учун битта шеърни бўлиб-бўлиб, ваъзнинг ичига сочвораман.

Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,

Мудҳиш бир ҳолатни пайқашга тушди.

Қай томонга боқсанг, бари йўлсизлар

Толелар айқашу уйқашга тушди.

Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз.

Замон дурадгори асбоб, яроқсиз,

Илма-тешик томни ямашга тушди.

Шоир Омон Матжон шеърининг давомини кейин ўқиймиз. Навбат эртакка. Эртакнинг ўрнига бир беморнинг касалхонада кўрган-кечирганини айтай. Зотан, шу кунда дард кўп, дармон оз.

Текин тиббиёт тизими ҳақидаги эртак

Тошкентдаги касалхона палатаси. Фаррош аëл палатани пол латта билан артмоқда. У тумбочкангиз устидаги олма-узумга суқ билан тикилади. Худди Ленинград қамалида оч қолган гўдак каби. Мева-чевани унга берасиз. Бундан олдин медсестра келиб, эри бананни яхши кўришини сабаб қилиб тумбочка устидаги тўртта бананни олиб кетувди.

Қариндошларингиз обходга келадиган врач чўнтагига 50 доллар тиқиб қўйишган. Шу боис, врач сизнинг ëнингизда кўпроқ ўтирди. Ўзи давлениенгизни ўлчади. Врач чиқиб кетганидан кейин эри бананни яхши кўрадиган медсестра бир сават дори кўтариб келди. Шу дориларни менга сотмоқчи. Ўқишни билганим учун дорилар устидаги ëзувга кўз югуртирдим. Битта дори қон босимини пасайтирар экан, яна биттаси эса қон босимини баланд қилиб берар экан. Сестрага қараб “Нега бу дорини ичишим керак”, десам, “Қайнимнинг дорилари. Участка қурвотти. Овуринг, ака”, дейди.

Хуллас, ўзбек шифокорлари карантиндан кейин пора олмасдан ишлашни режалашибди. Ишонмадим. Илмий фантастика ҳам илмга асосланади.

Эртакдаги медсестранинг эри бананни яхши кўради. Шу кунларда Мирзиëев мамлакатни банан республикасига айлантирди, деб додлаганлар кўпайди. Нима у банан республикаси?

Банан республикаси (ингл. Banana republic, исп. República bananera) — Лотин Америкасидаги аҳмоқ президент ва коррупционер куëвлари бошқарадиган давлатлар шундай айтилади. Банан республикасининг асосий хусусияти – президент оиласи яхши яшайди ва бошқа ҳамма қашшоқ.

Президент оқни қора, қорани оқ деса, ҳамма қўлига блокнот олиб ëзиб олиб, маъқуллайди. Ташқи қарзларнинг кўплиги, президентнинг “катта оға”дан тили қисиқлиги, мамлакат асосан ташқарига қул ва фоҳиша етказиб бериши ҳам банан республикасининг хусусияти.

Инфляция, давлат бюджетини президент куëвлари емириши ва вазирларнинг ўта кўплиги ва порахўрлиги ҳам бу давлат қиррасидир.

“Банан республикаси” терминини илк марта ëзувчи О.Генри ўзининг 1904 йили эълон қилган “Қирол ва карам” қиссасида ишлатган.

Замонавий терминологияда “банан республикаси” деб қарзга ботган, аммо мақтаниб усти ялтироқ саройлар қурадиган, асосий аҳолиси камбағал, бошқарув эса непотизм, яъни президентнинг амма-холаси ва куëвларидан ташкил топган давлатга айтилади. Бу давлатдаги барча амалдорлар порахўр, сотқин ва қўшни давлатга жосуслик қилиб, икки столда ўтиришади.

Мана, банан республикаси нима эканини ҳам билиб олдик. Ўлмаган қул кўраверар экан. Лекин қачон бу аҳволга келдик? Қачон биз бу ўрага қуладик? Ахир яқин-яқинларда биз Туркманистонни масхара қилардик. Анқов одамни кўрсак, қозоқ дердик.

Старт чизиғи, деган тушунча бор. Масалан, стадионда югуриш мусобақасида барча битта чизиққа тизилади. Тўппонча отилганидан кейин ҳамма югуриб кетади. 1991 йил ўшандай старт чизиғи эди. 15 республика битта чизиқда турган эди. Бугун бу давлатлардан учтаси Европа Иттифоқи аъзоси. Шенген ҳудудида ҳаракатланиш эркинлигидан фойдаланиб, бемалол саëҳат қилади. Литва, Латвия ва Эстония ҳақида гап. Агар соғлиқни сақлаш тизимини оладиган бўлсак, Ўзбекистон тиббиëти 1991 йилда ўша Болтиқбўйи давлатлари савиясида эди. Марказий Осиëда эса биринчи ўринда. Ҳатто пойтахтдан 1000 км узоқдаги Урганч клиникасида юрак жарроҳлик амалиëти қилинарди. Тўғри, ўшанда ҳам пора бор эди. Аммо бугунги каби кенг қамров касб қилмаганди.

Социализм текин тиббиётни таъминлаб турарди. Шу кунда бундай текин тиббиёт Кубада қолган. Ўзбекистон мустақил бўлиб, капиталистик формацияга ўтганидан кейин тиббиëтни ҳам ўша капиталистик мамлакатлардаги каби форматга ўтказиш керак эди. Бу формат суғурта тиббиëти деб айтилади.

Одамлар ҳар ой муайян бир суммани, айтайлик, 10 долларни суғурта ширкатига тўлаб туради. Ойда ҳосил бўлган шартли 300 миллион доллар ўзбек тиббиëтининг ойлик харажати бўлади. Давлат ва ҳомий ташкилотлар бу тиббиëтга яна қўшимча пул беради ва пировардида катта ойлик оладиган бой докторлару замонавий клиникалар вужудга келади.

Ҳатто Африкада ҳам шу тизим. Шу боис, ўзбек дўхтирлар Африкага қараб сурворган. Демак, тиббий суғурта қилиниши керак эди. Аммо қилинмади. Нега? Чунки калласи чала ишлайдиган коммунист Каримов суғурта тиббиëтига жиддий қарши чиқди. Ҳатто у бу тизимга ўтган Қозоғистонни ошкора мазах қилди. Оқибатни кўриб турибсиз. Бу оқибат, яъни абгор ва коррупцияга ботган тиббиёт учун Каримов ва унинг давридаги мулозимлару бош вазир айбдор. Ўша бош вазирнинг фамилияси Мирзиëев эди. Хуллас…

Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,

Қонун шуларники,

Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,

Жазони бошқалар ўташга тушди.

На майхона қолди юртда, на меҳроб,

На муқаддас қаср, на азиз китоб,

Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,

Надомат тунида мудрашга тушди.

Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,

Устингга миндирдинг мараз иллатни.

Не жавоб айлайсан бундай кулфатга,

Қара, пойдеворинг нурашга тушди.

Шу кунларда битта қонун лойиҳаси устида каллаварам депутатлар ишламоқда. Бу лойиҳа қонунга айланса, президент ва унинг куëвлари, судья ва депутатлар мол-мулк декларацияси топширишдан озод қилинади. Ана!!!

Президент, прокурор ва судлар ўз ҳуқуқларини қонундан устун қўйиб, ўғирлик қилиш ва ноқонуний бойишда давом этаверишади.

Давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари даромадларини мажбурий декларациялаш тўғрисидаги низомни ўз ичига олган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Бу каби йиллик декларацияларнинг тақдим этилиши ва очиқ эълон қилиниши коррупцияга қарши курашиш чораларидан биридир.

Бироқ у ноқонуний бойиш тўғрисидаги қонун билан биргаликда амалга оширилсагина маъно касб этади. Бундай қонун ўз даромадлари, масалан, Женева кўли соҳилидан топилган вилласининг қаердан келиб чиққанини тушунтира олмаган давлат хизматчилари ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш имкониятини беради. Ҳозирча бундай қонуннинг қабул қилиниши ҳақида Ўзбекистонда оғиз ҳам очилгани йўқ.

Бундан ташқари, даромад декларацияси тўғрисидаги қонун моддалари барча давлат идораларига ҳам бирдай татбиқ этилмаган. Президент, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Омбудсман, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, шунингдек, судьяларнинг даромадлари декларацияланмайди.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот, мудофаа, дипломатик, қутқарув идораларида хизматни ўтаётган давлат мулозимларининг ҳуқуқий мақоми ҳолати алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Яъни улар ушбу қонунга бўйсунишмайди.

Демак, президент ва унинг оиласи ноқонуний олинган даромадлари учун жавобгар бўлишмайди. Чунки улар учун ўз даромадларини декларациялаш шунчаки шарт эмас.

Шунингдек, прокурорлар, судьялар ва полиция ходимларига ҳам тағин ўғирлашга рухсат этилади. Улар учун ҳам ўз даромадлари тўғрисида ҳисобот топшириш шарт эмас. Бу бизнинг жафокаш парламентимиз депутатлари учун ҳам тааллуқли. Қисқаси, бу корррупцияга қарши чора эмас, балки ҳеч бир аҳамиятсиз ёрлиқ, яъни филкина грамота.

Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани,

Шунча меҳнат қилдинг, роҳатинг қани,

Сиғинган, суянган давлатинг қани,

Ҳар дайди ит сени кавлашга тушди.

Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир,

Ақлинг, тафаккуринг ахта  бўлибдир,

Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир,

Наслинг шажараси қуртлашга тушди.

Киммиш, барини сотган ўзингсан,

Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан,

Ким бош тикласа, тош отган ўзингсан,

Ахир ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.

Келди Маҳтумқули айтган бир замон,

Унутди яхшилик сўзини ёмон,

Обрў талашмоқда қурт билан илон,

Филлар пашша билан савашга тушди.

Шунча сабоқ етар, ўзингга ишон,

Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон,

Сўнгги бор ўз ўғлинг, қизингга ишон,

Бугун шулар сени ўйлашга тушди.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Eltzuz.com

Тағин ўқинг
11 феврал 2019
Турк дунëсининг буюк қўшиқчиси¸ “дутор қироли” 55 яшар Абдураҳим Ҳайитнинг Хитойдаги қамоқда суратга олинган видеотасвири 10 февраль куни тармоқда ...
14 март 2024
Рассом Туз
22 октябр 2020
Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш деган баҳона, ниқоб ёрдамида монополларимиз қонимизни сўриб ётибди. Ташқаридан истеъмол моллари олиб киришга хоҳлаган одамга ...
31 август 2020
«Темир дафтар»да, яъни сурункали кам таъминланганлар рўйхатида тўқликдан чўчқадай семирган, ем еган эшакдек тепонғич кимсалар ҳам бор. Кўп. Улар ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...