Асосий мавзулар
29 сентябр 2020

Қадимий обидаларни сақлаш ишини Маданият вазирлиги эплай олмаяпти

Исми ва иш жойи “Элтуз”га маълум эксперт йўллаган мактубда Ўзбекистон маданиятига ва тарихига оид обидаларнинг сақланиши юзасидан айнан шундай фикр илгари сурилган.

Унинг ёзишича, мазкур соҳада мамлакатдаги аҳвол ўта ачинарли ва Ўзбекистон ўзининг кўп минг йиллик меросидан яқин 3-4 йил ичида ажралиши аниқ.

“Самарқанд, Шаҳрисабз, Нурота шаҳри бунга яққол мисол. Ғишт чархлаб, кошин ёпиштирган билан иш битмайди. Ўзимизни алдаймиз, холос. Обидаларни даврларга, маҳаллий мактабларга қараб таъмирлаш зарур.

Ҳозир бутун Ўзбекистондаги обидалар бир хил – Шоҳи Зинда обидаларига ўхшаб қолган. Керак бўлмаган жойга ҳам кошин ёпиштирилади, нақш солинади. Ахир бюджет пулларини ҳазм қилиш керак-да”, деб ёзади эксперт.

Унинг таъкидлашича, аҳволнинг ёмонлашувисига сабаб маданий мерос соҳасида умуман маданиятсиз, бу соҳадан узоқ одамлар раҳбарлик қилишидир.

Шу билан бирга, экспертнинг билдиришича, соҳада моддий–техника базаси хароб, компьютер, принтер, фотоаппарат, сканер каби бирламчи воситалар ҳам етишмайди. Бошқармалар давлат транспорти билан таъминланмаган.

“Ходимлар  объектга ўз автомобилларида ёки ўз ҳисобларидан бориб келади. 2000 йилларда Япония ҳукумати томонидан беғараз берилган жип русумдаги автомобиллар қайсидир далаларда жавлон уриб юрган бўлса ажаб эмас”, дейди эксперт.

“Элтуз”га юборилган мактубдан маълум бўлишича, соҳага зарур бўлган мутахассислар сони чегараланган ёки умуман йўқ. Ходимларга маошлар ярим йиллаб берилмайди.

Кўп ҳолларда судланган шахслар мансабда бемалол фаолият юритиб, ўзларига дахлдор хусусий қурилиш фирмалари орқали бюджет маблағларини ўзлаштириб, объектларни илмий асоссиз “таъмирлайди”. 

Маблағлар астрономик суммаларни ташкил этади. Ўзбекча айтганда, “Қўйнидан тўкилса қўнжига”. Айнан бир объектга қайта-қайта маблағ ажратилади. Иш барибир чалакам-чатти бўлади. Бинонинг захи йўқотилмасдан оқланиб, ғиштлари чархлаб қўйилади.

Экспертнинг ёзишича, вазирликнинг  ҳуқуқий  ваколатлари чегараланган. Қўша–қўша қарорлар борлигига қарамай, ишда, соҳада ижобий самара йўқ.

“Аслида вазирлик таркибидаги холис илмий–эксперт кенгаши қарори билангина таъмирлаш ишларига рухсат этилади. Бироқ кўп ҳолларда экспертлар босим остида қолади. Йирик олимларни ҳисобга олмаганда айримларининг умуман шахсий позицияси ҳам йўқ. Ҳокимлар ҳам вазирликка тупуриб, ўз билганларини қиладилар”, дейди эксперт.

У бунга мисол сифатида шоир ва тасаввуф алломаси Ҳазинийнинг Фарғонадаги чиллахонасига вилоят ҳокими нақшли гуллар ишлашни буюргани, милиция қўйиб, вазирлик вакилларини объектга йўлатмаганини келтириб ўтади.

Экспертнинг фикрича, вазирларни алмаштирган билан вазият ўзгармайди. Тизимни ислоҳ қилиш, фақат ўз фойдасини ўйлайдиган бизнесмен раҳбарлардан тозалаш зарур.

Эксперт “Элтуз”га йўллаган мактубида соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўз таклифларини билдирган.

Хусусан, унинг ёзишича, мамлакатда  обидаларни тиклаш ва таъмиршунослик бўйича илмий тадқиқот институти очилмагунча ёдгорликларни таъмирлашни вақтинча тўхтатиш зарур.

Иккинчидан, обидаларни муҳофаза қилиш вазифасини Маданият вазирлиги ваколатидан олиб, президент администрацияси ёки Фанлар академияси  ҳузурида ва унинг қатъий  назоратида алоҳида Маданий мерос миллий агентлиги ёки қадимшунослик ташкилоти (Мисрдаги Қадимшунослик вазирлиги каби) ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу соҳа бевосита илмий асосни талаб этади.

Учинчидан, соҳани моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, зарур техник воситалар, автомобиллар билан таъминлаш керак. Бундан ташқари, ходимларнинг моддий манфаатдорлигини оширмай туриб, соҳага ёш мутахассисларни жалб этиб бўлмайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 сентябр 2018
Ислом Каримовнинг ўлганига икки йил бўлиши билан Ўзбекистон ҳукумати марҳум президентнинг шиорлари, расмлари ва китобларини йўқ қилиш кампаниясини бошлади. ...
6 март 2019
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 5 март куни билдиришича, 10 йиллик қамоқ жазосини уйда ўтаëтган 47 ёшли Гулнора Каримова  “жазони ўташ ...
19 август 2021
Эрдўғон ҳукумати қозоғистонлик “Дикий” (“Ёввойи”) лақабли криминал авторитет Арман Жумагелдиевни ҳибсга олишни сўради, бироқ Назарбоев ҳукумати ўзининг чўнтак “ўғри”сини ...
31 март 2018
Олий Мажлис Сенати 29 март куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) тўғрисида»ги қонунни тасдиқлади. Мазкур қонунга кўра, ДХХга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...