Асосий мавзулар
31 декабр 2020

Германиянинг Ўзбекистон йўл саноатига сармоя киритишига ким тўсқинлик қилмоқда?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг “Элтуз”га айтишича, Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси (собиқ “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси) раҳбарияти соҳага катта миқдорда инвестиция киритишга розилик берган Германия ширкатидан 400 миллион доллар миқдорида “откат” (“қайтарма” – маблағдан қайтариладиган пора) сўраган.

ТИВнинг таъқибга учрашидан қўрқиб номини ошкор этишни истамаган мулозимига кўра, қўмита раҳбарияти германияликлар киритмоқчи бўлган 2 миллиард долларга тенг инвестициянинг 20 фоизини пора сифатида беришни талаб қилган.

Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси раҳбарияти немис сармоядорларига бу талабни ўз воситачилари орқали Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ходимларига етказганлар.

“Ҳозирча германиялик йирик инвесторлар номини тилга олмай тураман. Лекин улар Ўзбекистонда янги ва замонавий автомобиль йўлларини қуриш, эскиларини жаҳон стандартлари бўйича таъмирлаш учун жами 2 миллиард евро миқдорида инвестиция киритишга розилик берган эди.

Афсуски, Германия ширкати билан боғланиб, шартнома имзолаш сўралганида, “Ўзавтойўл” раҳбарияти аввалига ишни пайсалга сола бошлади, кейин эса 400 миллион евро миқдорида “откат” сўради”, деди ТИВ мулозими .

Унинг “Элтуз” билан суҳбатда таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси вакиллари “Ўзавтойўл” раҳбарлари талабини германияликларга етказишдан бош тортганлар.  

Ўзбекистондаги автомобиль йўлларига инвестиция киритмоқчи бўлган йирик ширкатни  “Ўзавтойўл” қўмитасининг ўзи эмас, Ташқи ишлар вазирлиги ва Берлиндаги элчихона топган.

“Вазирлик ва элчихона барча музокараларни ўтказиб, “Ўзавтойўл”дан инвестицион лойиҳа тузиб, расмий шартнома имзолашни сўради. Бироқ йўл идорасидаги мафия инвестордан “откат” талаб қилди.

Қаранг-да, Мирзиёев, Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар елиб-югуриб, инвестор топади-да, мамлакат ичкарисидаги асфальт мафияси инвестордан “откат” талаб қилади”, дея ўз норозилигини билдирди ТИВ мулозими.

Унинг айтишича, Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналар Ўзбекистонга хорижий инвестиция жалб қилиш ишларини президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи бўйича тузилган махсус дастур асосида олиб боришмоқда.

“Биласиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик миссиялар диққатини мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратди.

Президентимизнинг ана шу топшириғини бажариш учун вазирлик ҳам, элчилар ҳам доим инвестор қидириш билан овворалар. Лекин вазирлик ва элчилар хорижий инвестор топгани билан иқтисодий соҳаларни ўз қўлига олган порахўр ва ўғрилар ҳатто инвесторлардан ҳам “улуш” ундиришга ҳаракат қилишмоқда.

Натижада вазирлик раҳбарияти ва дипломатларнинг ҳамма ҳаракатлари ҳавога совурилмоқда. Бундай шароитда ишлаб бўлмайди”, дея ёзғирди ТИВ вакили.

Тошкентдаги ишбилармон доираларига яқин бошқа бир манбанинг “Элтуз”га билдиришича, Ўзбекистондаги автомобиль йўлларини қуриш соҳаси 2000 йилларнинг бошидан асфальт мафияси қўлида қолмоқда.

“Юртимиздаги йўл қурилиш ишлари доим асфальт мафиясининг қўлида бўлиб келган. Салим Абдувалиев, Ғофур Раҳимов, Лазарь Шайбазян каби “йирик тадбиркор”лар турли йилларда бу соҳанинг норасмий хўжайинлари бўлиб келишган.

Мафиянинг бу  соҳага кириб келишига эса йўл солиғининг автоёқилғига тўланган маблағлардан ундирила бошлагани, бу маблағларни йиғиб бориш учун “Ўзавтойўл” компанияси таркибида Йўл жамғармаси тузилиши, аниқроғи, бу жамғармада жуда катта пул тўпланиши сабаб бўлган.

Пашшалар мураббо атрофида тўпланганидек, ўғри ва каззобларнинг ҳаммаси шу жамғарма ҳамда “Ўзавтойўл” атрофида тўпланишган”, деди тошкентлик  ишбилармон.

Ўз сўзларига исбот тариқасида у “Хоразмавтойўл” корхонаси собиқ раҳбари Валерий Полвоновнинг 2000-2005 йилларда жамғармадаги бир неча юз миллиард сўм маблағни нақдлаштириб ўмаргани, бу пулларни Салим Абувалиев ва Лазарь Шайбазянга бериб келганини айтди.

“Кичкина бир вилоят идораси раҳбари ҳужжатларда бутун Хоразмнинг йўлларини “ҳар йилда икки марта таъмир”дан чиқарган ва катта пулларни ўмарган.

Шунинг учун “Ўзавтойўл”дагилар олмон инвесторларидан “откат” сўрашган бўлса, ажабланмай қўяверинг. Улар соҳага бегоналарни киритишмайди”, деди Тошкентдаги ишбилармон.

Илгари давлат акциядорлик компанияси мақомида бўлган “Ўзавтойўл” 2017 йил 14 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида давлат қўмитаси шаклида қайта ташкил этилди.

Ушбу қарорга асосан, турли йилларда “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси ва Молия вазирлиги тасарруфларида бўлган Республика йўл жамғармаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 сентябр 2018
Британиянинг «Гардиан» (the Gardian) газетаси дунёдаги энг яхши кўча овқатлари рўйхатини эълон қилди. Газетхонларнинг гастрономик таъбига кўра, ўзбек палови ...
4 ноябр 2022
Рассом Туз: Азиз оға-ини, опа-сингил, қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Матчон Суқилиш: Ничиксизлар! мўччи ойбика ҳам хўжик ...
9 июн 2023
РТ: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана ҳафта айланиб сиз билан биргаман. Сизларнинг юзингизга қараб табассум қилиш имконига ...
16 ноябр 2022
Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, рангтасвир, графика ва карикатура устаси, етук рассом, Элтуз ижодий жамоаси аъзоси Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...