Асосий мавзулар
26 январ 2021

Ота: “Қизимни бўйи етгунча тўйма-тўй олиб юраман, бунинг уят жойи йўқ”

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 38 ёшли Дилмурод Абдураҳмонов 5 ёшли қизи Афрўзани икки йилдан буён тўйма-тўй олиб юрган. Бунинг учун у “Ўзбекконцерт”нинг Фарғона бўлимидан лицензия ҳам олган. 

Қизча тўйларга бир миллион, туғилган кун ва шунга ўхшаш базмларга беш юз минг сўмга боради.

Қизчанинг тўйларда рақс тушиши тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганидан сўнг унинг отасини аёвсиз ҳақорат қилганлар ҳам кўп бўлди. 

– Қиз меники, уни ўзим билан олиб юриш-юрмасликни ўзим ҳал қиламан, – деди унинг отаси Дилмурод Абдураҳмонов “Элтуз” билан суҳбатда. –  Тирикчилигимиз шу тўйлардан тушадиган пуллар эвазига бўлиб турибди. 

Интернетда қизимга раҳми келиб тарафини олаётганлар унга бир бурда нон берармикин. Беролмайди. Қизимни бўйи етгунга қадар тўйларда олиб юрмоқчиман. Кейин ўзи билади, балки санъат соҳасидан кетар, балки бошқа соҳадан. Буни ўзи танлайди.

Афрўза қатнашган тўйлар видеоларида кўринишича, қизча рақс пайтида болага хос бўлмаган беўхшов хатти-ҳаракатлар қилади ва даврадан пул йиғади. Отаси уни бошқариб туради. 

Бу видеоларни илк маротаба интернетга жойлаган андижонлик Сардор Бектемиров “Элтуз” билан суҳбатда видеони ижтимоий тармоқларда тарқатишни қизнинг отаси илтимос қилганини билдирди. 

“Бу видеони жойлаганимизга беш ойдан ошган. Декабрь ойлари охирларида Дилмурод ака видеони каналдан ўчириб ташлашни сўради. Мен ўчирдим. Кейин ИИБдан ҳам телефон қилишди. 

Буни нега тарқатиб юборганимга изоҳ сўрашди. Бўлган воқеани айтиб бердим. Вазиятни тушунтирдим. Мени жаримага тортмоқчи ҳам бўлишди”, дейди Сардор.

“Элтуз” Афрўза билан суҳбатлаша олмади. Ота қизининг интервью беришини истамади. 

Видеони кўриб, бола ҳуқуқлари бу ерда қай даражада топталяпти, нега шу вақтгача ота бу ишини тўхтатмади, деган саволлар пайдо бўлади. 

Қўқон шаҳри ИИБ ходими 2020 йил декабрь ойида бу ҳолат ўрганилиб, отага зарур кўрсатмалар берилгани, агар бу ҳолат яна кузатилса, қонуний чора кўрилишини маълум қилди.

“Элтуз” Маданият вазирлигидан ҳам муносабат олишга муваффақ бўлди. 

“Томонлар лицензия тартибини бузмаса, биз уни бекор қила олмаймиз. Биз уларнинг лицензия шартларини бажаришини назорат қиламиз. Ёш болаларга лицензия бериш мумкин эмас, деган нарса йўқ бизда”, деди вазирлик ходими. 

Меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Умида Ниёзованинг айтишича, БМТнинг болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, агар боланинг ёшига мос ривожланишига, соғлиғига ва таълимига салбий таъсир этмаса, унинг ишлашига тақиқ йўқ. 

Болалар ота-оналарнинг хайрияга муҳтожлик объекти ҳисобланмайди, балки катталарнинг барча ҳуқуқларига эга. 

“Кўринишидан, Афрўзанинг отаси унинг талантидан, биринчи навбатда, пул ишлаш мақсадида фойдаланмоқда. Болалар ҳуқуқларини ҳимояловчи маҳаллий органлар бундай фаолият болага жабр бўлмаяётганига ишонч ҳосил қилишлари керак”, деди Умида Ниёзова.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 март 2023
«Елтуз» каналида ўз видеоблогини юритаётган АҚШда яшаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов апрел ойида кутилаётган Конституцияга ўзгартириш ...
21 апрел 2016
Тошкент расмийлари экологик ҳаракат фаолларининг чиқишларига пинак ҳам бузмай оммавий дарахт кесиш кампаниясини давом эттиришмоқда. 19 апрел куни ўзбек ...
10 июл 2016
Москвадаги ARTSTORY галереясида кўргазмага қўйилган асарлардан олтмишинчи йиллар Совет Ўзбекистонининг нафталин ифори таралади. Июл сўнггига қадар Москвада “Шарққа мафтунлик” ...
10 март 2022
Берлинда жойлашган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми ташкилоти 2021-йилда марказий давлат томонидан ўрнатилган Мажбурий Меҳнат топилмаганидан сўнг, «Cotton campaign” коалицияси ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...