Асосий мавзулар
12 феврал 2021

Блогерлар орасида “тозалаш” ёхуд Отабек Сатторий иши

Ижтимоий тармоқларда таниқли бўлган 40 ёшли блогер Отабек Сатторий иши анча шов-шув, мунозара ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу воқеага нафақат маҳаллий, балки халқаро даражада ҳам муносабат билдирди. 

Товламачиликда айбланган блогер иши бўйича 11 февраль куни Бош прокуратура берган навбатдаги расмий баёнотга кўра, унга МЖтК нинг 3 та моддаси бўйича жазо қўлланилиб, БҲМнинг 40 баравари миқдорида (9,8 миллион сўм) жарима қўлланилган. 


Жорий йилнинг 1 февралида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳри суди томонидан чиқарилган қарорда суднинг очиқ ўтгани баён қилинган. Ваҳоланки, бирорта оммавий ахборот воситалари ёки блогер ушбу судда иштирок этмади.

Суд қарорининг ўзиёқ Отабек Сатторий ишида кўплаб шубҳали ҳолатлар борлигига мисолдир. Суднинг аниқланишича, Отабек Сатторий ўз телеграм канали ҳамда ижтимоий тармоқларда Денов кўмир омбори ва Термиз шаҳри ҳайвонот боғи ходимлари билан боғлиқ қинғирликларни ёритиб, гўёки уларга туҳмат қилган ҳамда баъзи ўринларда уларни “каламушсимон” ҳамда “зодагон” дея ҳақоратлаган. 

Aввало, ҳақорат дея талқин этилаётган “таҳқирловчи сўзлар”га эътибор қаратсак. 

Ўзбек тили изоҳли луғатида “зодагон” сўзи “яхши оиланинг фарзанди” сифатида таърифланган, блогер буни сарказм сифатида қўллаган тақдирда ҳам ҳеч қандай ҳақорат элементига эга бўла олмайди. 


“Каламушсимон” сўзи эса қачондан ҳайвонот боғи ходимларининг кўнглига тегадиган бўлиб қолди? Шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам айрим давлат хизматчиларини, Молия вазирлиги ходимларини “каламушлар” дея ҳақоратлаган.


Фаҳмланишича, блогер президент каби айнан “каламушлар” эмас, “каламушсимон” атамасини қўллаган, бу эса ҳақоратланиш эмас, сифатланишдир. 

Туҳмат айблови қўйилишига асос бўлган постда ҳам Отабек муайян шахслар номини айтмай, маҳаллага келтирилган кўмир сифати устидан ўринли шикоят қилади ҳам мутасадди ташкилотлардан бунга изоҳ сўрайди. 

Денов кўмир омбори раҳбари ушбу ўринли саволлардан шахси камситилиб қолиниши ва обрўсизлантирилиши (ўзи обрўси бўлганмиди?) кулгили ҳолат.

Мана шундай элементар жиҳатлар ҳисобга олинмагани суднинг қандай савияда ўтганидан далолат бермоқда. 


Қарорда ижтимоий тармоқларга “интернет жаҳон ахборот тармоғи” дея шу қадар урғу берилганки, бу билан блогернинг айбини янада оғирлаштириш кўзда тутилгандек. 

Шу қадар кўп имловий хатолар билан ёзилганки, бу суд ҳокимияти ходимларининг саводи масаласи ва даражасини яққол намоён қилиб турибди. 

Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз бўлиб ўтгани эса умуман тушунарсиз. Даъвогарларнинг иккиси ҳам Отабек Сатторийни кечирмаслигини айтиб, суддан қонуний чора кўрилишини сўрашган. 

Ҳайвонот боғи директорининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари Э.Нормаматовнинг бу қадар “хафагарчилиги”ни оқлаб бўлмайди. Блогер ўз постида конкрет бир шахсга нисбатан эмас, умумий ходимлар ва раҳбариятга нисбатан норозилигини ифодалаган. 

Кийикларнинг шубҳали ўлими ҳақида “Озодлик” радиоси хабар берган бўлиб, у турли манбаларда тарқатилди, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан ҳам ҳайвонот боғи ходимлари шаънига турли ҳақоратлар ёғдирилди ва бу табиий. 

Сўнгги кунда Ўзбекистонда жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бироқ жаноб Э.Нормаматовга айнан Отабекнинг “ҳақоратсимон” сўзлари тегиб кетгани шубҳаларни баттар орттиради. 

Отабек Сатторий даставвал товламачиликда айбланиб, унга энг оғир эҳтиёт чораси сифатида қамоқ жазоси қўлланилган эди. Олий Мажлис депутати Р.Кушербоев товламачалик дея таъкидланган хатти-ҳаракат аслида блогернинг ҳақли даъвоси эканини айтгач, ракурс негадир январь ойи бошида юз берган воқеалар томонга ўзгарди.


Ҳайвонот боғи раҳбарияти 4 январь куни Отабек Сатторий постига ўз раддиясини эълон қилган, бироқ негадир кейин Э.Нормаматов ва Денов кўмир омбори мудирининг Отабек билан судлашгилари келиб қолган.


Aжабланарлиси, энг аввал Шеробод тумани “Қўрғон” МФЙда яшовчи фуқаро Тўраев Лочин Отабек Сатторий устидан ариза билан мурожаат қилган эди. Судда унинг топталган шаъни хусусида тўхталиб ўтилмади. 


Хулоса қилиб айтганда, Отабек Сатторий иши бўйича воқеалар тафсилотини кузатар эканмиз, кўплаб ўзаро номутаносибликлар, шубҳали ҳолатлар рўй бераётганини кўришимиз мумкин. 

Унчалик катта аудиторияга эга бўлмаган ҳамда постлари кенг қамровли бўлмаган блогер ишининг бу қадар кенг жабҳада ёритилиши, прокуратура ўз назоратига олиши, ўта оғир ва мантиқсиз айбловлар ҳамда жазолар қўлланилиши турли саволларни келтириб чиқариши табиий албатта. 


Ушбу воқеалардан сўнг Отабекнинг телеграмдаги “Халқ фикри” канали ўчирилган ёки ўчиртирилган. Балки бу Отабек мисолида бошқа блогерларга берилган сигналдир? Ёки муаммоларни очиқ ёритаётган блогерларни йўлдан олиб ташлашми? 

Юқоридагиларга таянган ҳолда, Отабек Сатторий билан бўлаётган ҳолат адолат принципларига мос эмас, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон ҳукумати медиа ҳамда сўз эркинлиги борасида ҳали кўп қоқилишларга юз тутиши мумкин.

Тағин ўқинг
12 феврал 2019
Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган Лолазор маҳалласидаги тарихий биноларнинг йиқилиши ва улар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши ҳақида уй эгаларига ...
4 сентябр 2019
Менинг узоқ йиллар аввал ёзган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб қўйилган девга қиёсланарди. Бу ...
14 сентябр 2017
Ўзбекистон телевидениесида эфирга узатилган «Отиннинг сўнгги «ови» кўрсатуви ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кўрсатувда бир гуруҳ аёллар «ноқонуний ...
24 март 2016
Туркманистон президентидан китоб совға олган мулозимлар уни манглайига суртмоқда. Eltuz.com айни ғаройиб сиғиниш ритуали акс этган ҳолатни ҳажв остига ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...