Асосий мавзулар
16 феврал 2021

Хатирчи ҳокимидан норози деҳқонлар адолат истамоқда

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ўнлаб фермер, боғбон ва деҳқонлар ҳокимлик томонидан имзоланган ер билан боғлиқ ҳужжатларни ноқонуний, дея иддао қилишмоқда. 

“Тасмачи” МФЙда турғуни Ҳабибулло Мамадиёровнинг “Элтуз”га айтишича, 2019 йил августда туман ҳокими Ғофир Алиев “Xatirchi eksport klaster” МЧЖ раҳбари Эркин Қаҳҳоров ва унинг укаси Шомирза Қаҳҳоровга ерларни ноқонуний расмийлаштириб берган. Натижада ўнлаб деҳқонлар еридан ажралган. 

Энг қизиғи, аукционда ютиб олинган ерлар – деҳқонларнинг 25-30 йиллик токзорлари ҳам Эркин Қаҳҳоров ва унинг укаси Шомирза Қаҳҳоров номига ўтиб кетган.


Шу ҳудудда яшовчи Ёрқин Худойқулов “Элтуз” билан суҳбатда туман ҳокими қонунларни менсимаслиги, бировга қарашли ерларни ноқонуний равишда бошқа бошқаларга расмийлаштириб бераётганини билдирди. 

– Президент халқ биздан рози бўлсин, деб бонг ураётган вақтда туман ҳокими юзлаб халқни еридан айирди,- деди Ҳабибулло Мамадиёров. – Майли, қонунни бузмай шу ишларни амалга оширганда, биз қаршилик қилмас эдик. Қўллаб-қувватлар эдик. Афсуски, бу ишлар ноқонуний содир этилмоқда. 

Маълум бўлишича, 2006 йил колхозлар тугатилиб, 2006 йил 9 январда президентнинг мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича махсус қарори чиққан. 

Мазкур қарорга мувофиқ, ўша пайтда одамлар ерларни аукционда харид қилган. Бу ерлар энди ҳокимтўранинг “ёрдами”да ҳеч қандай тендерсиз “Хatirchi eksport klaster” МЧЖ раҳбари Эркин Қаҳҳоров томонидан ўзлаштириб олинаётир. 

“Тендер тўғрисида одамларни огоҳлантирмади. Кластер ташкил этканмиз, деб йил бошида ишчилардан хабар олмасдан, йиғим вақти ҳосилнинг ярмини берасан, ер меники, деб туриб олди. Қарши чиққан одамларнинг ҳосилини мажбуран тортиб олди. 

Мен ҳам қаршилик кўрсатдим. Ахир минерал ўғит олишга, парваришлашга, агротехник тадбирларни ўтказишга, сув таъминотига бирор амалий ёрдам кўрсатмасдан ҳосил талаб қилиши қай даражада тўғри? 

Хатирчи узумларини ва мева шарбатларини четга экспорт қилишни хоҳласа, биздан узумларни сотиб олсин, қайта ишласин. Деҳқонларнинг бир бурда ерига кўз олайтирмасдан, ялангликдан ер олиб токзорлар бунёд этсин. 

Бу ерларни обод қилишнинг ўзи бўлмаган. Сувсиз 10 гектар ерга 96 миллион сўм пул сарфлаб махсус сув иншоотлари қурдирганмиз. Тўрт-беш хўжалик бирлашиб токзорларни яратганмиз”, деди Ҳабибулла Мамадиёров.


Ҳудуд деҳқонлари ушбу муаммо юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳоновга, Олий судга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ва бошқа кўплаб ташкилот ва шахсларга мурожаат қилган. 

Аммо уларнинг аксарияти “ишни тегишли тартибда Хатирчи тумани суди кўриб чиқсин” мазмунидаги маслаҳатдан нарёғига ўтмаган.


Миришкорлар эса Хатирчи тумани суди ҳам, прокуратураси ҳам туман ҳокимидан ўтиб ҳеч нарса қила олмаслиги, ҳолатни холис ўрганмаслигидан нолимоқда. 


“Элтуз” туман ҳокимлигидан вазият бўйича ҳеч қандай муносабат ололмади. 

Бундан икки ой олдин хатирчилик марҳум фермер Музаффар Мустафоевнинг яқинлари унинг ўлимида ҳокимнинг қўли борлиги, бу махсус уюштирилганини иддао қилганди. Фермер ўлимидан олдин ерларни ноқонуний сотаётганликда айблаб, ҳокимни судга берган эди.

Тағин ўқинг
13 май 2020
Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясининг 7 май куни эълон қилинган таркибига Сардоба сув омбори лойиҳасининг бош ...
29 январ 2020
Ўзбекистонлик олима Гулсара Шерматова ижтимоий тармоқда қолдирган 28 январь кунги постида «чет эллардаги юқори малакали PhD унвонига эга кадрларнинг» ...
28 феврал 2020
Алексей Волосевич Бир неча ўн йиллар давомида Ўзбекистонда энг машҳур бўлган русийзабон «Илҳом» театри биносининг кўчирилишига оид шов-шувлар ҳамон ...
21 май 2020
Тошкент шаҳри марказий маданият марказининг камида 7 нафар ходими карантин даврида ишдан бўшатилди.  Марказ администратори Шуҳрат Тоҳиров ходимлар, жумладан, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...