Асосий мавзулар
18 феврал 2021

Императив-6. Фаросатли давра

Манқурт «дода»лар русга сотқинлик эвазига берилган юксак лавозим, люкс машина ва уйларни хаёл қилаётган замонларда биз мазлум халқимизнинг пахта далаларида букилган белини ростлаб, ЭРК шабадасига кўксини очишини орзу этар эдик.

Мана, ЭРК калимасининг биздаги эволюцияси:

ФАРОСАТЛИ ДАВРА

…«Эрк деб юрганлари эҳтимол шудир»,

Жилмая билганлар даpров жилмайди.

Фаросатли давра! Бу ерда шудринг

Бебахт юлдузлигин абад билмайди!

(1974)

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар бу кеч дунёда,

Шаҳар бўлса уйқусига берк.

Кўча бўйлаб ўтар пиёда,

Ҳали ҳеч ким танимаган Эрк!

(1977)

ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ҚАҲРАМОН

Биласизми, дейди У сизга тикилиб,

Нечун «Эрк» деганда,

Қушнинг номин боғлаб айтарлар,

«Қушдай эркинман», деб айтарлар нега?

Чунки ҳақоратдан устун турар қуш

Ўта оғзи шалоқ кимса ҳам

Ўзини сўкади қушни сўкканда.

Чунки қуш бировдан гина қилмайди,

Хафа бўлмас дон бермасалар,

Лекин таъзим қилмас дон берганга ҳам,

Чунки ким дон берса,

Ўзи учун берар қушга берганда.

Қушни «ҳуркак» дерлар, Бу – ёлғон.

Қуш доим ҳуркканда,

Ташлаб кетаётган бўлади холос

Навбатдаги Эрксизлигини…

(1979)

ШАФФОФ УЙ

…Эрк унинг шаффоф уйи,

Деворлари шишадан тикилган

Шаҳардаги энг ҳашаматли уй.

Дунёни кўрар у уйида туриб

Ташқаридан уни кўради дунё…

(1980)

ШЕЪРИЯТ

Туроқ деб аталган тенгсиз

Тенглик бор,

Қофия деган бир

Дўстлик бор экан.

Жаҳонда хонтахта деган

Кенглик бор,

Дунёда Эрк бордир шеърият деган.

(1984)

Муҳаммад Солиҳ

РУС ШОИРИГА

«Бахт йўқ бу дунёда. Эрк ва Жимлик бор»*

Шунинг ўзи бизга етади абад

Агар ҳақиқатан Эрк бўлса, агар

Чиндан ҳам бор бўлса, агар, фароғат.

(1984)

  • А.С. Пушкин шеъридан олинган сатр

МАХЛУҚ

У бир махлуқ дунё боғида,

Унинг турган-битгани қайғу.

Кишан йўқ-ку қўл, оёғида

Аммо эркни, ЭРКни истар у.

У бир махлуқ, юрган бир дайди,

Йўқ, йўқ, юрмас, кўкларда учар,

У ўзининг нафратин ейди,

У ўзининг ғазабин ичар.

Шундай махлуқ, унинг ёнида

Ҳар бир аёл кўринади тул.

«Келгинди»миш ўз ватанида,

Ўз уйида «номаҳрам»миш ул…

Бас қил, махлуқ! Бас қил, дедим, бас!

Музламасин юзингда қаҳр.

Бу дунёда мумкин-ку яшаш,

Ватансиз ҳам мумкин-ку, ахир!

(1985)

ТУРКИСТОН

Ҳар бир сонияда юз бор тинтилган,

Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр –

Сенми ҳали ўша кўкка интилган,

Сенми қоронғуда ахтарган зиё?

Фаровон ҳаётдан ношукур банда

Нон эмас, Эрк ҳақда куйлаган сенми

Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда

Яна ҳамма ҳақда ўйлаган сенми?

Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,

Сенми, ҳақ жазога халақит берган

Сенми, нишон олган кўзёш томчисин,

Сенми, ҳали ўша такаббур мерган?

Сенми ҳамон бўйинсинмаган бўйин,

Қақраган лабларнинг ол қаҳри – сенми?!

Қуллар caҳросида кўтариб қуюн,

Ҳеч не кўрмагандай, лол дaҳрий сенми?

Соқчи уйқуда, деб умид-ла боққан,

Қочишни кўзлаган сенми пиёда

Бу оғир занжирни шалдиратмоққа

Журъат этган сенми жимжит дунёда?! А-ҳа, сенми?!

(1985)

ТИЛЧИНИНГ ДЕГАНИ

«Эрк» сўзи

Отаси эмасмикан «эркак» сўзининг?

Шундай бўлиши мумкин,

Фақат – ўтган замонларда.

«Эрк» сўзида, балки

Умуман маъни йўқдир,

«Эрк» сўзи шунчаки

Ўлаётган аскарнинг бўғизидан чиққан

«Ҳиқ»иллашдир?

Шундай бўлиши ҳам мумкин,

Фақат Aфғон томонларда.

Биз учун эса

Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,

Шунчалар қисқа:

Эрк.

(1986)

ЧЕТ ТИЛИНИ ЎРГАНИШ

Туркийда сўзлар бор, ханжардай ўткирдир.

Бир хато қилсанг, бас, тил дарров тилинар.

Айниқса, бировга айтмоқчи бўлсанг сир,

Айниқса, ҳайқирмоқ истасанг, билинар.

Туркийда сўзлар бор, ўткирдир найзадай.

Аммо мен биламан ишимнинг кўзини:

Эрталаб тилимга, доривор майсадай,

Қўяман Englishнинг ўн-ўн беш сўзини.

Ўн-ўн беш сўз ила тузалгач бу яра,

Қайтадан тилимни найзага ташлайман.

Энг ўткир сўзларга мен уни қўярак,

Энг юмшоқ сўзларни келтира бошлайман.

Мен энди биламан, энг қадим обида

«ЭРК» сўзи тил учун энг хавфли калима.

Ва лекин бирор сўз юмшоқлик бобида

Ҳеч тилда тенг келмас бу туркий «ЎЛИМ»га.

(1987)

Кўрганингиз каби ЭРК ҳақида илк шеър 1974 йили ёзилган. «ЭРК» деб юрганлари эҳтимол шудир», дея киноя этилади ёш шоир тарафидан.

Чунки жамиятимиздаги инсонларда бир япроқнинг, унга қўнган бир шудрингнинг иродаси қадар ҳам озодликка ирода йўқ эди унинг назарида.

Аммо 13 йил кейин, 1987 йилда «Чет тилини ўрганиш» шеърида айтилганидай, бу «ёш шоир» озодлик учун ул «юмшоқ ЎЛИМга» тайёр ҳолатга келган эди.

Сизлар-чи, 1987 йилда нима билан машғул эдинглар, жаноб манқуртлар?

Муҳаммад Солиҳ

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
7 декабр 2016
Ўтган ҳафта «Самарканд и самаркандцы» гуруҳи саҳифасига қўйилган фото ва видеотасвирларда жар ёқасидаги бехисоб скелетлар ётган эшак қабристонини кўриш ...
8 июл 2019
Навбатдаги карикатурада 2015 йилнинг октябридаги воқеа акс этган. Ўшанда «Элтуз» нашри Бухорода илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни ...
19 ноябр 2015
Ижтимоий тармоқлар 17 ноябрга ўтар кечаси Каримов «юрак ўйноғидан ўлди» деб ҳабар тарқатгани ортидан Ўзбекистон президенти Покистон Ислом Республикаси ...
30 сентябр 2016
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Москвадаги уйига қўнғироқ қилган eltuz.com нашри мухбири, унинг турмуш ўртоғи билан гаплашиб, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...