Мултимедиа
4 март 2021

Императив-10. Совет тимсолларига қарши

Тил мавзуси бизни 70-80-йиллардан бошлаб қийнаб келаётган мавзу эди.

Албатта, у пайтда ўзбек тили давлат тили сифатида эмас, балки унинг мактабларда ўқитилиши масаласи биринчи планда эди биз учун.

1982 йилда «Ёшлик» журналида Иброҳим Ҳаққул билан «Покланаётган умид» деган ном билан босилган суҳбатда тил суҳбатнинг марказий масаласи бўлган. Унинг босилишига умидимиз йўқ эди. Чунки суҳбат мундарижаси умумият-ла антисовет эди.

Шу боис, суҳбатдаги ўзбек тилининг аҳволи ва ўзбек мактабларига бўлаётган ўгай муомала ҳақидаги пассажлар олиб ташланганидан кейингина бу мақола ёйинланишга ҳақ қозонди.

Суҳбатнинг матбуотга «мослаштирилган» версиясида энг озидан соцреализм ҳақидаги танқидий қарашимизни «ўтказдик» деб қувонганимиз эсимда.

Табиий, бизнинг сиёсий режимга қарши «сокин исён»имиз совет тимсолларига қарши асосан «чўнтакдан мушт кўрсатиш» шаклида бўлган.

Бу «сокин исён» шахсан менда совет режими тимсолларига қарши аллергиядан бошланган. Раҳматли отам Мадаминбек Бекжонбек ўғлининг Иккинчи жаҳон урушида олган беш-олтита нишони бор эди. Улардан иккитаси катта кумуш танга шаклидаги «За отвагу» медалини беш ёшимда кўксимга тақиб ўйнаганим эсимда. Бу менинг совет нишонларига бўлган сўнгги ҳурматим эди.

Кейин бошланғич мактабда пионерлар тақадиган қизил галстук ҳаётимга кирди. Бу қизил матоҳни бўйнимга тақар экан, ундан чиққан «шитирди»дан туйган ғалати ҳисни ҳали ҳам хотирлайман.

Совет нишонларига очиқча нафрат ВЛКСМ (комсомол) нишонидан бошланди. Уни бир неча марта йўқотиб қўйиб, муаллимдан дакки эшитганимни эслайман. Совет армиясида хизматим даврида ҳам мени ҳар хил нишонлар таъқиб этди. Аммо уларнинг ҳеч бирига лойиқ ҳурматни кўрсатмадим: уларни тақмадим.

Аскарликдан сўнг, 1970 йил Тошкент давлат университетининг журналистика факултетига кирдим. Нишонлар таъқиби бир оз тўхтади.

Талабалик йилларим совет нишон-тисолларига қарши маънавий жиҳодимнинг энг интенсив йиллари эди.

1975 йил Тошкент университетини битирдим.

Диплом билан нишон ҳам беришди.

Мовий-оқ қоришиқ бир ромб эди, янглишмасам.

Дипломни олган куним хоразмлик шоир, раҳматли Қадам Саидмуроднинг уйига зиёфатга бордим. У ерда университетдан олган нишонимни Қадамнинг кичик ўғлига ҳадя этдим.

Бу мустамлака нишонларига қарши сўзда эмас, амалда муносабатим эди.

У пайтларда Ўзбекистонда қрим (татар) турклари гуруҳидан бошқа бир диссидент ҳаракати йўқ эди.

Биз уларга ҳавас билан қарар эдик. 70-йиллар ўрталарида Мустафо Жамил ва генерал Григоренконинг диссидентлик мужодаласини таъқиб этардик.

Раҳматли Рауф Парфи билан Олмазордаги бир эски уйда қримлик қардошларимизнинг «гизли суҳбат»ларини тинглардик. Уларнинг кўксидаги миллат севгиси биз учун энг гўзал нишон эди. Биз ана шу нишонга ҳавас қилардик. У пайтда Мустафо Жамил оғамиз Янгийўлда яшарди, аммо ҳаракатнинг юраги яна у эди.

Қрим туркларини ватанидан жудо килиб, ойни этак билан ёпаётган совет режимига бир игна:

ТАРАҚҚИЁТ ВА МАҚОЛ
Қримлик қардошларимга

Мана, тараққиёт қуёши балқди,
Бизлар ҳар нарсага қодирмиз бу кун.
Агарда истасак, бутун бир халқни
Бошқа сайёрага кўчириш мумкин.
Тараққиёт ёнида ожиздир мақол:

Эл оғзига элак топиш ҳам мумкин,
Агар биз истасак бугун, бемалол
Ойни этак билан ёпиш ҳам мумкин.
(1976)

«Олис табассум сояси» (1986)

70-йил ўрталарига келиб, совет режимининг ҳур фикрга қарши сиёсий тазйиқи биздаги маънавий қийматлар мезонини радикал ўзгартирди.

«Бирорта урушда қатнашмай туриб,
Ҳеч кимни ўлдирмай,
Асирга тушмай ҳам
Олтмишга кириши мумкин одамзод.

Ҳеч қачон ҳарбийга бормаган,
«Тил» тутиб келмаган бобо билан ҳам
Фахрланиши мумкин набира.

Байроқни ўпмай ҳам,
Қасам ичмай ҳам
Ватанни сотмаслик мумкиндир!»

(1981)

«Олис табассум сояси» – 1986

Янглишмасам, 1976 йил эди, бир ошномиз (ҳозир депутат)нинг Талабалар шаҳарчасига яқин ҳовлисида Рауф Парфи, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзам ва яна ёши кичикроқ бир неча қаламкаш «истилочи совет режимидан ва унинг вассали Ўзбекистон маъмуриятидан ҳеч қандай нишон, мукофот олмаймиз», деб онт ичдик. Гўё совет режими бизга нишон тақиш учун ошиқиб тургандай!..

Лекин шундай бир эҳтимол йўқ эмас эди.

Ҳатто бу таҳликанинг оёқ сасларини эшитиб, 1979 йил ёзганим бир мақолада тенгдошларни огоҳлантирган эдим гўё: «Ҳар бир иқтидорли шоирни “машҳур бўлиб кетиш” хавфи таъқиб этиб юради. Таъқиб унинг адабиётдаги биринчи қадамлариданоқ бошланади. Бу хавфдан энг талантли шоирларгина қутулиб кетиши мумкин, аммо улар ҳам бир куни қўлга тушади: 60-йиллар ўзбек шеъриятини таҳлил этган танқидчи ёш шоирлар қаторида “Р. Парфи” деган исмсиз шарифни эътироф қилган эди. 70-йилларнинг мунаққиди эса бу таҳлилни ривожлантирди. У шоирнинг бир шеърини келтирди, мақтагандай бўлди ва… охирида “бир оз мавҳум”, деган гапни айтди-да, бутун танқидчиликнинг оғзига сақич солиб қўйди…» («Икки шоир ҳақида бир оғиз сўз», 1979)

Ҳақиқатан ҳам, зикр этилган уйда тўпланган ўша гуруҳ аъзоларидан биттаси (Эркин Аъзам) 1980 йилларга келиб ўз сўзини тута олмади. Қайсидир асари учун «Ленин комсомоли» нишонини олди. Уни ўзаро «дўстона сазойи» қилган бўлдик. Аммо бу «кор қилмади».

Ўша уйида тўпланганларнинг аксарияти (Рауф Парфи хориж) навбатма-навбат бу ширин тузоққа, севинарак туша бошладилар:

«Ўзгарар заминнинг жамоли,

Одам қиёфаси ўзгарар.

Муҳаббат ҳам бошқача:

Кечаги кўйлагин бугун киймайди.

Мардлик ҳам ўзгарди,

Кечаги мардлар

Бугун истеъфода, қарасаларки,

Бу хислат мазмуни кенгайиб,

Чуқурлашиб борар хотира каби!…

Бу-ку тураверсин,

Тузоқ-чи, у ҳам

Воз кечди ўзининг сийқа шаклидан:

Энди тепасида шабнамлар ёнар,

Булбуллар сайрайди унинг бошида,

Қошида товуслар керишади жим…

Унинг ўзи эса мутлақ тилладан!

Фақат таҳрир қилиш керак исмини. (1979)

«Валфажр» (1985)

Рус ишғолчилари берган орденларга нафратнинг энг аччиқ ва очиқ эълони шу «ҳазил» эди янглишмасам:

ШОИРНИНГ ҲАЗИЛИ

(Болаларга)

Отаси таққан нишон

Қизиқтирар гўдакни:

– Бу юмалоқ, дадажон,

Қопқоғими чойнакнинг?

– Ахир, тушунмайсан-ку

Тушунтирсам, оппоғим…

Чойнакники эмас бу,

Ўз оғзимнинг қопқоғи! (1984)

«Тун ташбеҳлари» (1988)

Бутун совет нишонлари – тасвирлаганимиз тузоқнинг таҳрир қилинган исмлари эди.

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
13 октябр 2015
Бугун интернет саҳифаларида ник остига яшириниб воҳай ўлдим деб зорланаëтганлар ўзгариш йўлида бир қадам ташлашга қўрқадилар. «Бундан ҳам ëмон ...
23 октябр 2015
Акмал Набиев Eltuz.com Бир йил аввал ёзган эканман… У пайтлар дўстларимиз ёзган мақолаларга муносабат билдириб турардим, албатта самимий, чин ...
22 июн 2016
Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги саккизинчи оғир жазо маҳкамасида давом этаëтган суд жараëнида қотиллик ташкилотчиси дея кўрилган Собир Шукуров ва қатлни ...
1 июл 2022
Нукусдаги норози гуруҳ кўчага одам олиб чиқишга муваффақ бўлди. Буни 1 июль куни телеграм саҳифасида бир қадар ëритдик. Элтуз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...