Мултимедиа
29 март 2021

Қўйли-1. Ярим тундаги воқеа

Ëрқиной ҳақидаги ҳикояни ëзганимдан сўнг менга АҚШда яшайдиган Қўйли деган 58 ёшли киши телеграмдан чиқди. “Оғо, манинг ҳаëтимни китоб атинг”, деди.

Ўзингиз ҳақингизда ëзиб юборинг, десам, “мен ëзув-чизувга уста эмасман, телеграмга сўллаб-сўллаб тошосом, ўзингиз шунга қараб ëзмайсизми, агар хорожоти бўлса, ойтинг”, деди.

Хуллас, 20 кун давомида Қўйли оға менга ўз ҳаëтини аудиолавҳа қилиб ташлаб турди. Мен қисман Питнак шеваси ва озроқ инглизча аралаш бу дарду ҳасратни эшитиб чиқдим.

Боши, оëғи йўқ. Чалкаш бу гапларни эшитиб, бир форматга солиб, сизларга тақдим қилишга қарор қилдим. Ҳикояни асосан Қўйли оғанинг тилидан айтаман.

Шорловуқ

“Мен, Қўйли Сайилхонов, ҳозир Американинг Филадельфия шаҳрида таксичилик қиламан. Бу ерга келганимга 37 йил бўлди. Худо берган рисқни териб еб юрибман. Бировдан кўп, бировдан кам, дегандек. 

Бир ўрис хотиним бор эди, ўтган йили коронадан ўлди. Бола-чақа йўқ”.

Қўйли ака 1963 йилда Хоразмнинг Туркманистонга туташ Питнак қирларидаги Шорловуқ деган жойда туғилди. Отаси яхши ният билан қўйлари кўп бўлсин, деб Қўйли деб исм қўйди.

Қўйли ўйинқароқ ўсди. Мактабда яхши ўқимади. 1980 йилда мактабни битирди. Сарамас деган касалга чалингани учун тиббий кўрикдан ўтмай, армиядан қолди.

Қўйлининг отаси Шихназар ака уни Дружба шаҳридаги қозонхонага ишга киритиб қўйди. Қўйли Дружбада Уллибийи деган қиз билан танишиб, “оларман-борарман” бўлди.

Қиз мудофаа бўлимида котиба бўлиб ишлар эди. Шихназар ака қўйларини сотиб, Қўйлини уйлантирди. Шорловуқни ëриб, кўчада тўй қилишди.

Иккита ходага тортилган гиламга “Қўйли плюс Уллибийи” деб пахта билан ëзиб қўйиб қўйишди. Боғотдан Шермат Файзуллаев деган артист келиб тўйни ўтказиб берди.

Ароқ-вино дарëдай оқди. Азонгача шоқол базми бўлди. Кейин Қўйли Дружбада дойисидан мерос уйда хотини Уллибийи билан яшай бошлади…

Ярим тундаги воқеа ëки хиëнат ҳикояси

Ҳурматли ўқувчини Қўйли қандай қилиб Америкага келиб қолди, деган савол қизиқтиради. Мен ҳам шу саволни Қўйли акага бердим.

“Хуллас, мен қозонхонада тунда навбатчи эдим. Мартнинг охири. Таниш болалар билан ароқ ичиб, карта ўйнаб ўтирибмиз. Бирдан ароқ тугади.

Тунги соат икки ярим. Дўкон ëпиқ. Мен уйимда икки шиша бўйни узун ароқни голланд қора печининг ичига яшириб қўйган эдим. Шундан бирисини олиб келай деб велосипед миниб уй тарафга қараб юрдим.

Дарвозани очмоқчи бўлсам, ичкаридан ëпиқ. Қоқсам, ҳеч ким очмади. Ичим шуув этиб, эшикнинг тирқишидан мўраладим. Қарасам, бир оқ майка, қора калта иштон кийган қорни катта семиз одам ичкаридаги уйдан айвонга югуриб чиқди.

Айвоннинг ярмини сал кўтариб, тахта пол қилганман. Ичи омбор ертўла ҳисоби. Бояги қора калта иштон кийган семиз одам шу ертўланинг кичкина тахта эшикини очиб энгашиб кириб кетди.

Мен дарров танидим. Бу ҳамма Йўлли военком деб атайдиган Йўлдош ака эди. Хотиним унинг қўлида котиба бўлиб ишлайди. Бир вақт хотиним чиқди, пуштиранг ички кийимда.

Эшикни тепиб бошлаган эдим, “ҳозир” деб келиб очди. Очиши билан хотинни бир уриб ера ағдардим. Кейин оëғини арқон билан танғиб бойлаб, ертўланинг эшиги олдига судраб олиб бордим.

Қўлимга болтани олиб, ертўланинг эшигини очиб, “чиқ, онангни с..н Йўлли, ҳозир Уллибийини ўлдираман”, дедим. Бу куспуруш ўрмалаб, кўрсичқондай бўлиб чиқди.

“Қизишма, Қўйли, сен ўйлаган нарса эмас бу”, деб ғўлдираб бошлади. Бир калла бердим. Қаншари ëрилди. Болтани кўтариб, тиз чўк, дедим. Тиз чўкди. Икки қўлини Уллибийидан ортган арқон билан боғладим.

Кейин яна арқон олиб келиб, уларни бир-бирига маҳкам боғлаб ташладим. Ички уйга кириб, печнинг қопқоғини очиб, бир шиша ароқни олдим. Тишим билан оғзини очиб, бир кўтаришда яримлатдим.

Хотин деган ғар билан военком Йўллининг олдига “Весна” деган магнитофонни олиб чиқиб, иккисининг ҳам овозини ëзиб олиб, бўйнига қўйдим.

Гапни гапни олиб қочиб бошласа, юмуриқ билан юзига уриб турдим. Уллибийини менга беришдан олдин шу Йўлли военком бузиб қўйган экан. Кейин тиктириб берибди.

Мен олганимда ямалган экан. Хуллас, ҳамма гап ëзилди. Кассетани кистамга солиб, великни ҳайдаб, тўғри Дружба горкоми биносининг олдига бориб турдим.

Соат эрталабетти бўлганда горком бува оқ “24”да келди. Югуриб олдига бордим. Гапираман десам, тилим тутилиб қолган. Шу гапираман дейман, тилим ғўлдирайди. Бақириб йиғлаб юбордим. Горкомнинг шўпири келиб елкамдан тутди.

Горком менга қараб, Қўйли, дардинг уллига ўхшайди, деб елкамдан ушлаб кўзимга қаради. Мен кассетани бердим. Шўпир машина ичидаги магнитофонга кассетани тиқди.

Горком бува машинининг орқасида бошини эгиб ўтириб ҳаммасини эшитди. Кейин менга қараб, “мин мошинга”, деди. Мен велосипедни горком деворига суяб, қоровулга қараб туринг, деб “Газ 24” га чиқдим.

Горком отамни ва марҳум дойимни танирди. Уйим қаердалигини биларди. Дойим ўлганда, жанозага келган. Тўғри уйга бордик. Калитим билан дарвоза эшигини очиб, “Киринг, ëшулли”, дедим.

Горком бува ичкари кириб, Йўлли военкомнинг олдига бориб, “Уялмайсанми, ит”, деб бир тепди. “Эртаси сени партиядан ўчираман. Умринг қамоқда чирийди”, деб бақирди.

Кейин ташқарига чиқиб, машинага ўтирди. Машинада “Алтай” деган телефон бор эди. Ҳозирги мобил телефоннинг улли буваси.

Горком бува шу телефондан милиса начальникни чақирди. Дурди милиса деган туркман милиса начальник беш минутда етиб келди. Ичкарига кириб, Йўлли военкомнинг қўл-оëғини ечди.

Кийимларини кийдириб олиб кетди. Горком бува хотиним Уллибийига қараб, “Сен она-отангнинг уйига кетиб тур”, деди. Уллибийи ҳам кийиниб, онасини уйига кетди.

Горком бува бўлса, елкамга шаппатлаб, “Қисинма, ўзим назорат қиламан”, деб кетиб қолди. Уйда бир ўзим қолдим. Печканинг ичида яна бир шиша бўйни узун “Экстра” ароқ бор эди.

Шуни олиб чиқиб ичиб ухлаб қолибман. Кўзимни очсам, икки аскар турибди устимда. Тур ўрнингдан, ўзинг билан ҳужжатларингни ол, деб буюришди.

Долондаги телевизорнинг устида паспортим турган эди, олдим. Чиқсам, военкоматнинг машинаси. Тўғри Ҳазораспга олиб боришди. “Повестка келди, сенга армияга борасан”, дейишди.

Каллам карахт эди. Бир хонага олиб кириб сочимни кал қилиб олишди. Кейин тўғри вокзалга бориб, Нукусдан келаëтган поезддаги чақирилувчилар кетаëтган вагондаги лейтенантга мени топширишди.

Поезд шу кетишда Термизга борди. Термиздан Ҳайратон орқали Афғонистонга ўтдим. 1982 йил ғожжо ғож уруш бўлиб ëтибди. Бизга қараб духлар келди, дейишди.

Дух нима, дед нима, душман нима, ҳали билмайман. Биринчи куни “груз 200” деган темир тобутларни машинга юкладик. Шунча одам бир кунда ўлибди. Мен ҳали ҳам карахт эдим. Ҳаммаси йилдирим тезлигида бўлди…

(Давоми бор)

Рассом Туз

Тағин ўқинг
11 феврал 2017
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2016 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат мониторинги якунларига оид ҳисоботини эълон ...
17 март 2016
Бундан 11 йил олдин Остонада ўрнатилган ва Қозоғистонлик талантли ҳайкалтарош Тўлепбой Эрбўлатнинг “Севишганлар” номли тахсинга лойиқ асари муҳофазакор фуқаролар ...
28 ноябр 2019
Туркияда яшаётган таниқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
26 феврал 2019
“Пойтахт: Абдулҳамид” сериалининг намойиши тўхтатилиши кўп эътирозларга сабаб бўляпти. Қизиқ, бир-икки ой олдин бир турк сериалининг тақиқланишини талаб қилганлар ...
Блоглар
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар ...
6 май 2021
1881 йилнинг 6 майида Михаил Скобелев бошчилигидаги рус колонизаторлари Хива хонлигига қарашли Ахалтака вилоятини оккупация ...
29 апрел 2021
Феминизм дея оғизларингнинг икки четида тупук ялтираб тиржаясизлар, ўзларингча иякларингни кўтариб киноя қиласизлар, гўё бизнинг ...