Асосий мавзулар
6 апрел 2021

Швейцария Гулнора Каримовага қарши: Пул ювиш ишидаги янги ўзгаришлар

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан бери Швейцарияда коррупция ва пул ювиш билан боғлиқ ишлар учун маҳкамага тортилган. 

Умуман олганда, иш 660 миллион евродан ошиқроқ активлар ва уларнинг айнан кимга тегишли экани ҳақида бормоқда: 2014 йилдан бери ўз ватанида қамоқда қолаётган Каримовагами ёки бу маблағни репатриация сифатида олиши керак бўлган ўзбек халқигами? 

2020 йилнинг кузида узоқ муддатли бу жараёнда ҳал қилувчи ўзгаришлар юз берди. 

Миллионлаб долларлик коррупция можароси, дунёнинг турли бурчакларидаги қалбаки компаниялар, Швейцария банк ҳисоб рақамларидаги пул ювиш, Женевадаги меҳмонхона ва виллалардаги тинтувлар. Ўзбекистоннинг биринчи президенти, 2016 йилда вафот этган Ислом Каримовнинг қизи 2013 йилдан буён Швейцариядаги судга тортилган.  

Нимада айбланмоқда? Коррупция ва ўзбек бозоридаги телекоммуникация лицензияларини сотиш билан боғлиқ пул ювишга алоқадорликда. Қартага Швейцария федерал прокуратураси томонидан музлатиб қўйилган 660 миллион евродан ортиқ пул тикилган. 

Каримова ўз мол-мулки қайтарилишини талаб қилмоқда, чунки бу пуллар ҳозир унга жуда керак.  2014 йили у ўз ватанида айбланиб, ҳибсга олинди ва кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У бу пулни муддатидан олдин қамоқдан чиқиш учун сарфлашга умид қилмоқда, деб хабар беради Американинг “Озодлик” радиоси.  

Бироқ турли маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар ушбу активлар ҳақли равишда Ўзбекистон фуқароларига тегишли, дея даъво қилишмоқда ва уларнинг тезроқ Ўзбекистонга қайтарилишини талаб қилишмоқда. 

2020 йилнинг кузида Каримова муҳим ғалабасини қўлга киритди, шу боис, музлатилган маблағлар бўйича суд қарорлари қайта кўриб чиқилиши керак эди. Швейцария жиноят ишлари бўйича федерал суди энди Каримованинг икки яқин шеригига нисбатан илгари чиқарилган ҳукмнинг қонунийми ёки қонуний эмаслигини кўриб чиқиши керак. 

Каримованинг ҳимоячиси Грегуар Манжанинг сўзларига кўра, уларнинг иқрори Ўзбекистон ҳукумати босими остида олинган ва шу сабабли қонуний кучга эга эмас. 

Айни бир вақтнинг ўзида Швейцария Ўзбекистон билан коррупция сабабли ўғирланган маблағларнинг Ўзбекистонга қайтарилишини тартибга солиш бўйича шартнома имзолади.  

Бунинг сабаби шундаки, конфедерация бу каби “ноқонуний маблағлар”нинг Швейцария молия бозори томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш мақсадида улар тезроқ қайтарилишини қўллаб-қувватламоқда. 

Аммо Швейцария тарихидаги энг катта пул ювиш жинояти қандай содир бўлди?

Ширинлик қутисидаги миллионлар

2012 йил июнь ойида Швейцариянинг Женевадаги “Ломбард Одиер” банки филиалида ғалати воқеа юз берди. Дастлаб Швейцариянинг Handelszeitung газетасида эълон қилинган хабарга кўра, ўзбек аёли банкка келиб, Гибралтардаги шубҳали компания ҳисоб рақамига киришни сўрайди.  

Ваколатли шахслар рўйхатига киритилмагани сабабли унинг илтимоси рад этилади.  Ҳисобнинг асосий эгаси ўзбек эстрада юлдузи ва Каримованинг собиқ фуқаролик эри Рустам Мадумаров эди. 

Уч кун ўтиб айни ҳолат такрорланади, бу сафар Ўзбекистондаги Coca-Cola ширкати менежерлари ўз ҳисоб рақамига пул ўтказишни исташади. Бу ҳаракатдан шубҳаланган ходимлар Швейцариянинг пул ювишга қарши курашиш идораси (MROS)га мурожаат қилишади. 

Мадумаровнинг аллақачон халқаро қидирувда экани аниқланади  ва Швейцария Бош прокуратураси унинг “Ломбард Одиер” ва Швейцариянинг бошқа банкларидаги ҳисоб рақамларини музлатади. Шубҳа – йирик миқдордаги пулни ювиш. 

Айни бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги Cоcа-Cола ширкати менежерлари Швейцария полицияси томонидан Женевадаги меҳмонхонада ҳибсга олинади ва ўзбек ҳукуматига топширилади. Полиция томонидан қўлга киритилган далиллар шуни кўрсатадики, пул ювиш ортида аслида Мадумаров эмас, балки Каримованинг ўзи турган. 

Бироқ Ўзбекистоннинг БМТ ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили сифатида у бошиданоқ дипломатик иммунитетга эга эди. Швейцария Бош прокуратураси (ШБП) кейинчалик уни иммунитетдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқаради ва 2013 йил сентябр ойида унга қарши тергов ўтказади. 

“Ўзбекистондаги телекоммуникация бозорида гумон қилинаётган ноқонуний операциялар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид жиноят дея кўрилади. ШБП текширувининг бошланғич нуқтаси Швейцарияда тегишли активларнинг мавжудлиги ҳисобланади”, дейилади прокуратура баёнотида. 

Бу иш Швейцариядаги пул ювиш билан боғлиқ энг шов-шувли жанжаллардан бирига айланади:  800 миллиондан ортиқ Швейцария франки (660 миллион евро) музлатиб қўйилади, ШБП Каримовага яқин шахсларнинг қимматбаҳо буюмлари ва кўчмас мулкларини мусодара қилади,  полиция эса унга тегишли сейфлардан бирида сақланган печенье қутисидан 2,8 миллион евро эквивалентидаги пул ва 6,5 ​​миллион евролик заргарлик буюмларини топади. 

Кейин Швейцария федерал прокуратураси мусодара қилинган маблағ Каримова ва Швеция ҳамда Нидерландия телекоммуникация компаниялари ўртасидаги ноқонуний шартномалардан келиб чиққанини тасдиқлаши мумкин эди ва бунга муваффақ бўлинади.

Телекоммуникация лицензияларига оид нопок битимлар

Мобил алоқа тармоқлари жадал ривожланиши ортидан Ўзбекистон каби мамлакатларда смартфонлардан фойдаланиш тобора оммалашиши сабабли алоқа инфратузилмасини модернизациялаш мақсадида хорижий инвесторларга телекоммуникация лицензияларини бериш кенг қўлланиладиган тажрибадир.  

Одатда ушбу лицензиялар телекоммуникация соҳасини тартибга солиувчи мустақил идора томонидан ўтказиладиган тендер савдолар орқали берилиши керак.  

Бироқ Давлат жиноятчилигига қарши курашиш бўйича халқаро ташаббус ташкилоти ҳисоботига кўра,  Ўзбекистон телекоммуникация соҳаси 2003 йилдан бери Каримованинг ишончли қўлида бўлган. 

У лицензиялаш жараёнига бевосита таъсир кўрсатган ва қайси компаниялар фойдали лицензияларни олишини шахсан ўзи ҳал қилган. Унга пора бермаганлар қуруқ қолиб кетишган ёки аллақачон сотиб олинган лицензияларидан маҳрум бўлишган. 

Шундай қилиб,  турли компаниялар,  жумладан, Швециянинг Teliasonera (ҳозирги Telia) ва Нидерландиянинг VimpelCom (ҳозирги Veon) компаниялари ўзбек лицензияларини рақобатсиз ва озроқ молиявий харажатлар эвазига сотиб олишди.  

Улар маблағни Гибралтарда рўйхатдан ўтган “Takilant Ltd” номли сохта компанияга тўлашди,  унинг эгаси Гаяне Авакян Каримованинг яқин шериги эди. Teliasoneraнинг ўша пайтдаги раҳбарлари шу кунгача жазосиз қолишмоқда ва 2021 йил февралида Швеция суди оқлов қарорини ўз кучида қолдирди. 

Каримова ўзи учун телекоммуникация компаниялари томонидан бериладиган порани ювиш схемасини ишлаб чиқди: унинг L’Office ўзбек компанияси асосан Швейцарияда жойлашган субпудратчиларнинг бутун бошли тармоғини яратишни мувофиқлаштирди.  

Тakilant Ltd ва Швейцария компаниялари битимлар учун баҳона сифатида турли консалтинг шартномаларини кўрсатиб,  ўзаро ҳисоблар орқали миллионларни ўтказишди.  

“Пул ўтказмаларини фақат уларни яширишга хизмат қиладиган компаниялар тармоғи орқали мураккаб йўллар билан амалга ошириш муҳимдир”, дейилади L’Office стратегик ҳужжатларида. 

Ушбу схема бўйича пул ювишдан кейин субпудратчилар кўчмас мулк,  заргарлик буюмлари ва мода буюмларини сотиб олишади. Буларнинг ҳаммаси Каримованинг шахсий бойлиги ва таъсир доирасини ошириш мақсадида қилинади.

Салтанатнинг ағдарилиши

Швейцариядаги воқеалар Каримованинг ватанидаги мавқеига ҳам таъсир кўрсатди. Гарчи у узоқ вақт президент отасининг потенциал вориси деб ҳисобланган бўлса-да,  бир вақтнинг ўзида у рақиб таъсир гуруҳларининг норозилиги остига тушиб қолди ва сиёсий жиҳатдан тобора яккаланиб қолди.  

Отаси ҳам ундан узоқлашгандан сўнг унинг рақиблари, жумладан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) ўша пайтдаги раҳбари Рустам Иноятов, ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев (ўша пайтдаги бош вазир) ва кейинчалик молия вазири Рустам Азимов фурсатдан фойдаланиб, Каримовани лавозимидан четлаштирдилар: 2014 йил февраль ойида МХХ уни уй қамоғига жўнатди.

UzInvestigations ташаббус гуруҳи ҳамраиси Кристиан Ласслет Каримованинг ишини қуйидагича изоҳлайди: “Охир-оқибат Каримова иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятни эгаллашга киришаркан, ҳаддан ташқари ўзига ишониб юборди, рақобатчиларига қарши келажакдаги узоқ муддатли позициясини мустаҳкамлай олмади”. 

Кейинчалик Авакян, Мадумаров ва Каримованинг бошқа шериклари ҳам ҳибсга олинган ва бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Каримованинг ўзи ҳам ҳибслардан тахминан бир йил ўтиб, 2015 йилнинг августида беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

Каримованинг қизи Имон Guardian газетасига суд жараёни улар яшайдиган уйнинг ошхонасида бўлганини билдирган, онаси ҳибсга олинган пайтдан бери у ўша ерда эди. 

Бироқ Каримованинг суди тафсилотлари 2016 йил декабрда у Швейцария прокуратураси томонидан тергови давом этаётган пул ювиш жинояти муносабати билан сўроқ қилинган пайтдагина маълум бўлди. 

Мустақил манбалар Каримова ҳибсга олинган 2014 йилдан бери қаерда экани ҳақида илк бор хабар беришга муваффақ бўлишди, деб ёзади The Wall Street Journal. У 2016 йил августида вафот этган отасининг дафн маросимида иштирок эта олмади, ҳатто унинг ҳамон тириклигига шубҳали тахминлар пайдо бўлди.

Ўшандан бери президентнинг қизи ҳаётидан биронта из ҳам қолмади: 2017 йилнинг декабрида унинг беш йиллик уй қамоғи тезлик билан 10 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилди, дея хабар берди The Diplomat нашри. 

2018 йил апрель ойида у бир йил мобайнида илк бор швейцариялик давлат ҳимоячиси Манжа билан учрашишга муваффақ бўлди, деб хабар беради “Озодлик”. 

Neue Zürcher Zeitung газетасига келтирилган интервюсида у мижози “оқилона ечим”га эришиш учун “ён беришга” тайёрлигини таъкидлади. Бироқ бундан аввал, 2019 йилнинг март ойида Каримованинг уй қамоғи муддатидан илгари тугатилган ва у тағин қамоқхонага кўчирилган. Расмий сабаб унинг 2018 йилдан бери яшаб келган уйидан рухсатсиз чиқиб кетиши эди.

“Озодлик”нинг бошқа бир хабарига кўра, 2020 йил февраль ойида Каримова инстаграм орқали Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Мирзиёевга мурожаат қилиб, Швейцарияда музлатилган пулни бериш эвазига уни зудлик билан озод этишларини сўрайди. 

Бир ой ўтиб, 2020 йилнинг мартида Каримова учинчи жараён бўйича тағин 13 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Айблов, The Diplomat нашрига кўра, товламачилик ва пул ювиш бўлган.

Айни пайтда Швейцарияда

Швейцария федерал прокуратураси ҳам бўш тургани йўқ: 2018 йил май ойида у дастлаб Мадумаров ва Авакянга қарши иккита ҳукм чиқарди. Уларнинг иккаласи ҳам ўша пайтда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтаётган ва айбларини тан олишган эди. 

Швейцарияда музлатилган активлар эндиликда имкон борича тезроқ Ўзбекистонга қайтарилиши керак эди. 

Бироқ Манжа бу қадамларни танқид қилди. Чунки “жиноий буйруқлар адолатли судлов ва Гулнора Каримованинг тенг муомала ҳуқуқининг жиддий бузилишидир”, деди адвокат Neue Zürcher Zeitung am Sonntag газетасига 2018 йил июнь ойида берган интервьюсида. 

Бундан ташқари, “иқрорлар Ўзбекистон ҳукумати босими остида олинган ва шу сабабли қонуний кучга эга эмас”, деди Манжа “Халқаро амнистия” ташкилоти ҳисоботига ишора қилиб. 

Унга кўра, ўзбек ҳукумати мунтазам равишда ўз айбига иқрор бўлиш учун қийноқлардан фойдаланади. “Эътирофларнинг ихтиёрийлиги тўғрисида катта шубҳалар мавжуд», деди у Neue Zürcher Zeitung am Sonntag билан суҳбатида.

Орадан бир ой ўтиб, 2018 йил июнь ойида Takilant Ltd компанияси суд жараёнларида иштирок этиб, ҳукмлар қайта кўриб чиқилишини яна бир бор талаб қилади. 

2019 йил апрель ойида Швейцария суд тизимида илк муваффақиятсизлик юз беради: Швейцария Бош прокуратураси вакили Патрик Ламонт нохолис деб эълон қилинади. Чунки 2018 йил сентябрь ойида у Ўзбекистон прокуратураси вакиллари билан учрашган. Натижада у Каримова ишидан четлаштирилади.

2020 йил октябрь ойида яна бир муваффақиясизлик юз беради: Беллинзона федерал жиноят судининг апелляция палатаси апелляция шикоятини қондиради, унга кўра, Манжа эмас, балки Каримованинг ўзи судда Takilant Ltd вакили бўлиш ҳуқуқига эгадир. 

Федерал жиноят ишлари судига кўра, бу Takilant Ltd компаниясининг 2018 йилги апелляция шикояти қаноатлантирилиши кераклигини англатади. Авакян ва Мадумаровга нисбатан чиқарилган ҳукмлар қайта кўриб чиқилиши керак.

Бунга параллел равишда 2020 йил кузида Швейцария ва Ўзбекистон музлатилган маблағлар тўғрисида қўшма меморандум эълон қилади. Унда айтилишича, активлар тўлиқ Ўзбекистонга қайтарилиши керак, чунки улар Швейцарияга ноқонуний кириб келган ва барчаси ўзбекларга тегишли. 

Бироқ репатриация шартлари, хусусан, бу маблағнинг аҳолига фойда келтиришини қандай таъминлаш кераклиги аниқланмаган. Меморандумга мувофиқ, шаффофлик, ҳисобдорлик ва реституция жараёнининг мониторинги кафолатланиши керак. 

Ўзбек халқи фаровонлиги учунми?

2017 йилда Кристиан Ласслет ўз ҳисоботида Каримованинг активлари ҳақли равишда Ўзбекистон халқига тегишли эканини таъкидлаган эди. Бироқ бу маблағни юртга қайтариш фақат буни демократик йўл билан амалга оширилишини назорат қилувчи мустақил фонд ташкил этиш орқали кафолатланади. Ўзбекистон жамиятида ва сиёсатида коррупция ҳанузгача ҳукм сураётганлиги сабабли муассасалар бу вазифани ҳал қила олмаяпти.

Ушбу қарашни Ўзбекистон активларини тиклаш тармоғи, турли маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар коалицияси (UARN) ҳам қўллаб-қувватлайди. 2020 йил март ойида имзоланган меморандумда UARN Швейцария Конфедерациясини реституция жараёнида Ўзбекистон билан музокараларда мутлақо ошкоралик ва ҳисобдорликни сақлашга чақирди ва ушбу маблаг Каримовага қайтарилмаслиги кераклиги тўғрисида огоҳлантирди.

Шундай қилиб, 2020 йил кузида Швейцария ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма декларация UARN вакиллари томонидан синчковлик билан таҳлил қилинди. Улар Швейцария илгари фараз қилинган ютуқларга таянмаслиги кераклигини таъкидладилар. 

Хусусан, швейцариялик сиёсатчилар талон-тарож қилинган маблағларни ватанига қайтариш юзасидан ижобий мисол сифатида Қозоғистон ва Швейцария ўртасидаги 2012 йилги шартномани эслашни хуш кўришади. 

UARN бу келишув муваффақиятсизликка учради, деб ҳисоблайди. Чунки маълум бўлишича, фондни назорат қилиш топширилган шахслар иқтидордаги “Нур Отан” партиясига яқин бўлишган.

Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун Ўзбекистон мисолида холисона назорат қилувчи органга мамлакатга қайтарилган маблағларни бошқариш ҳуқуқини бериш керак. Мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ушбу назорат органининг ишини диққат билан кузатиб бориши ва доимий шаффофликни талаб қилиши лозим.

Ўзбек халқи чиндан ҳам ширинликлар қутисидан миллионларни ололадими ёки Қозоғистон воқеаси яна такрорланадими, бу аниқ эмас. Каримованинг ўзи ҳали таслим бўлганича йўқ ва мол-мулкини суд орқали қайтариб беришларини талаб қилишда давом этмоқда.

Элтуз таржимаси

Original Deutsch https://novastan.org/de/usbekistan/die-schweiz-vs-gulnara-karimova-neue-entwicklungen-in-der-geldwaesche-affaere/?noredirect=de-DE

Тағин ўқинг
11 май 2020
Бир манзара ҳеч эсимдан чиқмайди. Адашмасам, 1996 йиллар эди. Ўрда бозорида пайпоқ оламан деб, расталар оралаб юргандим. Бир жойда ...
8 июл 2019
Навбатдаги карикатурада 2015 йилнинг октябридаги воқеа акс этган. Ўшанда «Элтуз» нашри Бухорода илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни ...
2 август 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Навоий, Сурхондарё, Хоразм, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан келган. Сизга ўқиб ...
26 ноябр 2018
Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бартараф этилиши ўрнига авж олиб бораётганида Халқаро меҳнат ташкилоти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...