Мултимедиа
8 апрел 2021

Императив-18. Агрессив «ёшулличи»лар

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши «Элтуз»нинг «Императив» рукнида. Давоми бор.)

«Ёшулличилар»нинг ҳаммасини ҳам Нурали Қобул каби яхшиликка мойил, деб бўлмасди. Ўз манфаати йўлида ҳар қандай тубанликдан қайтмайдиган кимсалар «ёшулличилар» ичида етарли эди .

Шулардан биттаси Ғаффор Ҳотамов. Бу ўзбек адабиётчилари доирасида таниш исм. Компартиянинг бош газетаси – “Совет Ўзбекистони”да суяги қотган. Каръерасининг сўнггида диктатор Каримовнинг саройида кун кечирди.

Саройдан қувилгандан сўнг руҳий ҳолати агрессив тус олди. Ҳатто бир муддат жиннихонада ҳам даволанади. У ердан чиқиб, соғу сўлига ташланиб, таниган-танимаган инсонларни талай бошлади. Биз юқорида зикр этганимиз сиёсий ва миллий машмашалар гирдобида чирпинар экан, бу кимса интернетда “Тақдир ажойиботлари ёки Одил Ёқубов ҳақида” номида қисса эълон қилди.

Бу «қисса» – бир ибора билан айтиш керак бўлса, баландпарвоз тубанликдир. Бу тубанликда энг юксак калималар ҳам ғариб кўринади: ватан, юрт, ҳақиқат ва ҳатто диний калималар.

«Қисса» муаллифи ҳақида махсус ёзишга ҳожат йўқ. Бу тоифа кишиларининг умумий портретини чизиш қулайроқ: булар ўзларини ўзбек адабиётининг ўзбек меросхўрлари деб билишади. Уларга кўра, адабиётда миллийликни фақат қишлоқда туғилган ёзувчи тамсил этиши мумкин.

Ўзларини «жайдари ўзбек» қилиб кўрсатишни ва бунинг исботи учун сўкиниб гапиришни севадилар . Бу одатлари билан маънавий оталари Каримовга ўхшаб кетадилар. Адабий тотемлари ҳам шунга яраша – жайдари Одил Ёқубов, жайдари Шукшин ёки, дейлик, Распутин.

Аммо шиорлари – “замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”. Идеаллари – комсомол мукофоти. Минбарлари – “Ёшлик” журнали.

Яъни абадий ёш авлод, муттасил норасида зотлар. Бутун даврларда бахтиёр яшашни уддалай олган, умрида изтироб чекмаган, фаровонликнинг тирик тимсоллари. Лабларида 24 соат табассум, жанозаларда ҳам.

Совет даврида бу инсонлар билан ҳеч ишим бўлгани йўқ, уларга истеҳзо ҳам қилмадим. Ёзганларимнинг бари реал ҳокимият соҳибларига қарши эди, уларнинг югурдакларига эмас. Шунга қарамай, камина бу инсонларнинг доим ғашини келтирганимни сезардим.

Уруш-жанжални севмайман, аммо 1984 йилда бошланган миллий қадриятларимизга қарши хуружлар тенгдошларим қаторида мени ҳам уруш-жанжалга савқ этди. Бу ғавғода ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмадим, доим ҳужумга қарши мудофаада бўлдим. 1984 йилдан бошлаб ёзган бутун мақолаларим мудофаа мазмунли матнлардир.

Раббимга шукрлар бўлсин, У менга ҳеч қачон шахсий ташвишларимни тилимга олдирмади, доим халқимнинг дардини айттирди: мудофаа этаркан, халқимнинг манфаатларини мудофаа эттирди.

Бизнинг мисолимизда бу нафратнинг психологик мотивини икки қисмга айириш мумкин.

Биринчи қисм ҳулосаси бу: ОДАМЛАР УЛАР ҚАДРЛАГАН НАРСАЛАРНИ МЕНСИМАСАНГИЗ, СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИЛАР.

Фикри ожизимча, бизда, 80-йиллари миллий даъвo билан майдонга чиққан инсонларда айнан ана шу ҳалокатли менсимаслик рўй берди.

Биз мансуби бўлганимиз адабиёт аҳлининг қадриётларини менсимадик. Улар учун қийматли неки бўлса, биз учун бир чақалик қадри йўқ эди. Адабий тотемларидан тортиб, комсомол мукофотигача бари биз учун масхара мавзуси эди. “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” мафкурасига қарши биз “Замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга”, дедик:

МАҚОЛ

Замон сенга боқмаса гар, сен ҳам боқма замонга,

Майли, яхши отинг чиқсин бир лаҳзада ёмонга!

Боқма унга, бир кун келиб оғирлашса аҳволинг,

Исбот қилгин эскирганин замон ҳақда мақолнинг.

Ҳаёти-ла ўзгартирса бир мақолни бир одам,

Бир одамнинг ҳаётига етиб ортар ўша ҳам. (1985)

«Олис табассум сояси» (1986).

Уларга ўхшаб кўпроқ гонорар олиш учун узун матнлар, достонлар битишни ўзимизга ҳақорат (ор) деб билдик.

Кейин сиёсатга кирдик, тақдир чизгиси айнан давом этди. 1992 йил 2 июль куни Каримов режими бошлаган қатағонларга норозилик сифатида мен Олий Кенгаш депутатлигидан истеъфо этдим. Ва у ердаги гўё бизнинг сафимизда бўлган сафдошларимизга ҳам истеъфо қилишни тавсия этдим:

“Бу ерда қўл кўтар деса кўтариб, тушир деса тушириб ўтирадиган қўғирчоққа айланмасдан, номус ва шарафимиз билан кетайлик”, дедим. Улар: “Сиз хато қиляпсиз, биз кетмаймиз”, дейишди. Ярим йил ўтмай, бу инсонларнинг ҳаммаси камина ўз ихтиёри билан чиқиб кетган парламентдан ихтиёрларига қарши ҳайдалдилар.

Энди бу инсонлар ҳам биздан нафратланишади.

Нега?

Чунки ўшанда улар учун қийматли бўлган Олий Кенгашни биз бир чақага олмадик.

Нафратнинг психологик мотивининг иккинчи қисмини эса бундай ифодалаш мумкин: ОДАМЛАР УЛАР ҚИЛИШГА ЖУРЪАТ ЭТМАГАН НАРСАЛАРНИ СИЗ ҚИЛСАНГИЗ, СИЗНИ АСЛО КЕЧИРМАЙДИ.

Бундай одамлар 37-йилларда ўз сафдошларини сотиб, тирик қолган ўзбек ёзувчи-шоирларидан фарқ қилмайди.

1999 йил февраль портлашларидан сўнгра ўша пайтдаги Иички ишлар вазири Зокир Алматовга «мурожаат» қилиб, «Зокир ака, отиб ташланг шу Солиҳни!” деб ҳайқирган лирик шоир ўша одамлар гуруҳига мансубдир. Унинг исмини ҳамма билади. У халқ шоири, таниқли шоирдир.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
Хазорасп туман хокими Қурбонов Ўктамбой Қўчқорович республиканинг бутунлигига шак келтириб ва фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини бир туман миқëсида тўхтатиб қўйган. ...
18 апрел 2020
Аврангзеб (тож безаги) дея тарихга кирган Абул Музаффар Муҳиддин Муҳаммад Оламгир (1618—1707) Ҳиндистонда Буюк мўғуллар империяси дея аталган давлатнинг ...
1 март 2023
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин¸ ўликни ювғучи ювиб¸ гўрков кўмсин. Бу мақолларда ҳар бир ишни ўз мутахассиси қилиши зарурлиги ...
15 март 2017
Ўн минг сўмлик купюра чиқиши ҳақидаги гаплар ортидан ўтган ҳафтада АҚШ доллари нархи рекорд 7500 га кўтарилди. Бу мавзу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...