UzPoster
18 май 2021

Шодиевлар оиласи Ўзбекистонда президент Мирзиёевдан ҳам катта маош олмоқда

“Элтуз”га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар беришича, Ўзбекистонга гўёки йирик инвестицияларни амалга ошириш учун кириб келган олигарх Фаттоҳ Шодиев ва унинг яқинлари расман инвестор сифатида кириб борган корхоналарда ўзларига астрономик даражадаги катта маошларни ёзиб, амалда корхоналарга пул киритувчи эмас, улардан пул “соғувчи» бўлиб қолишмоқда.

“Ўзбекистонда энг катта маошни президент Шавкат Мирзиёев ёки унинг яқинлари олади, деб ўйласангиз, адашасиз. Республикада расман энг катта маош олувчилар олигарх Фаттоҳ Шодиев ва унинг яқинларидир”, дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбаларидан бири.

Исмини очиқламаслигимизни илтимос қилган ушбу манбанинг айтишича, Шодиевлар энг катта маошни уларга бошқариш учун ишониб топширилган Навоий кон-металлургия комбинатида (НКМКда) расмийлаштириб олишмоқда. 2019-2021 йилларда Шодиевлар шу йўл билан комбинат кассасидан 7 миллион доллардан ортиқ маблағни “соғиб” олишган.

“Комбинатга инвестиция киритиш, унинг моддий-техник ва ишлаб чиқариш базасини модернизация қилиш баҳонасида кириб келган Шодиевлар ўзларига 50 минг долларлаб ойлик маош ёзиб олишмоқда. Ваҳоланки, улар бу ерга инвестиция ҳам киритишмаган. Комбинатнинг моддий-техник ва ишлаб чиқариш ускуналари эскилигича қолмоқда”, деди “Элтуз” ҳамкори.

Унинг айтишича, Шодиевлар ўзлари билан олиб келган кадрларга камида 20-25 минг доллардан ойлик маош белгилаб, тўлашмоқда.

Бу гапларни Навоий вилояти суд-ҳуқуқ тизимига яқин манбалардан бири тасдиқлади. Унинг билдиришича, Шодиевлар ўзларига ва ўзининг одамларига жуда катта миқдорда ойлик маош белгилаб олаётгани бутун вилоятга маълум бўлиб улгурган.

“Шодиевлар шунга ҳам қаноат қилмай, мана шу маошларни пастки поғонадаги кадрларига тўламай юриши оқибатида комбинат раҳбарияти ва ўрта бўғин мутахассислари ўртасида низолар келиб чиқди. Улардан бир нечаси НКМК ишончли бошқарувини ўз қўлига олган Олим Шодиевни судга ҳам беришди. Даъво Олий судга чиқиб кетган”, деди Навоий вилояти суд-ҳуқуқ идораларига яқин манба.

“Элтуз” мана шу хабарни текшириш мақсадида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Олий судига яқин манбаларига мурожаат қилди. Улар Ўзбекистон Олий судида ҳақиқатан ҳам НКМКга оид фуқаролик иши кўриб чиқилаётганини тасдиқлашди.

Олий судга яқин манбанинг билдиришича, бу ишда даъвогар – НКМК негизида ташкил қилинган янги “Навоий тоғ-кон металлургия комбинати” давлат корхонаси лойиҳа офиси” корхонасининг собиқ раҳбари Елена Холина, жавобгар эса комбинат ишончли бошқаруви раҳбари Олим Шодиев.

“Ўзини ишдан ноқонуний бўшатилган деб ҳисоблаётган даъвогар Елена Холина суддан уни ишга тиклашни ҳамда бир йилдан ортиқ вақт давомида тўланилиши керак бўлган маошларини ва маънавий зарар тариқасида 500 минг доллардан кўпроқ маблағ ундириб беришни талаб қиляпти.

“НКМК ДК лойиҳа офиси”нинг собиқ раҳбари бу пулни осмондан олиб айтаётгани йўқ. Ўз вақтида Олим Шодиев Елена Холинага 33 минг доллардан ойлик маош тўлаб келган”, дейди Ўзбекистон Олий судига яқин манба.

Унинг айтишича, НКМК ишончли бошқаруви раҳбари Олим Шодиев “НКМК ДК лойиҳа офиси” директори ўринбосари Дмитрий Бегинга 25 минг доллар ойлик маош белгилаган.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига кўра, республикада ўртача маош 280 долларни ташкил қилади.

НКМКнинг йиллик даромади 5 миллиард доллар бўлса ҳам комбинат негизида “НКМК ДК лойиҳа офиси”ни ташкил этаётганда, аслида эса унинг юридик номини ўзгартираётганда Олим Шодиев янги корхонанинг низом жамғармасини атиги 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида қилиб белгилаган.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига яқин манбаларнинг айтишича, “Лойиҳа офиси” корхонасининг низом жамғармаси атайлаб кам қилиб белгиланган ва кўрсатилган.

“Шу йўл билан Шодиевлар сулоласи йилига 5 миллиард доллар даромад келтираётган, нархи эса камида 12 миллиард доллар турадиган комбинатни арзимаган 1,5 миллиард долларга ўзлаштириб, кейин ҳақиқий инвесторларга камида 12 миллиард ёки ундан ҳам кўпроқ долларга пуллашни режа қилаётган бўлиши мумкин”, деди вазирликка яқин мутахассис.

Навоий тоғ-кон металлургия корхонаси негизидаги “НКМК ДК лойиҳа офиси” Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, ушбу ҳужжатга кўра, корхонага йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга юқори малакали мутахассис, шу жумладан, халқаро даражадаги 16 та эксперт жалб қилиниши кўзда тутилган эди.

Лекин Ўзбекистон ҳукуматига катта ваъдаларни, айниқса, комбинатга катта миқдорда инвестиция киритишни, унинг моддий-техника базасини ва ишлаб чиқариш ускуналарини модернизация қилишга ваъда берган Шодиевлар комбинат ишончли бошқарувини ўз қўлига олгач, қарорда белгиланган вазифаларни бажаришмаган.

Масалан, қарор бўйича 16 нафар халқаро эксперт жалб қилиниши белгиланган бўлса ҳам Фаттоҳ ва Олим Шодиевлар атиги 6 нафар халқаро экспертни, 94 та мутахассисни эмас, атиги 56 нафарни жалб қилишган.

Катта ваъдаларни бериб, комбинат ишончли бошқарувини ўз қўлига олган Шодиевлар оиласи икки йилнинг ўзида ўзларига ва яқинларига маош ёзиш эвазига корхона ғазнасидан 7 миллион доллардан ортиқ маблағни расмийлаштириб олишган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида ўзларига юклатилган баъзи вазифаларни эса Фаттоҳ ва Олим Шодиевлар инвестиция киритмасдан, корхонанинг ўз маблағлари ва ҳаракатлари эвазига бажаришган. Бунинг учун комбинат ғазнасидан 11 миллион 900 минг доллар сарфлашган. Яъни комбинатнинг ўзиникини ўзига кийдиришган.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига яқин манбаларнинг айтишича, Фаттоҳ ва Олим Шодиевлар Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига жами 19 миллион 100 минг доллар миқдорида молиявий зарар келтиришган.

“Элтуз”нинг: “Олтин қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган машҳур комбинатдан шунча пулни ўмариш учун Шодиевлар Ўзбекистон ҳукуматидан кимгадир суянишаётган бўлса керак. Уларнинг ортида ким турган бўлиши мумкин”, деган саволига вазирликка яқин манба: “Албатта, нуфузли валинеъматларнинг қўлловисиз бундай ўғирликларни қилиб бўлмайди. Шодиевларнинг ортида Ўзбекистондаги биринчи рақамли оилага яқин деб билинган шахслардан бири турибди”, деб жавоб берди.

“Элтуз” худди шу савол билан Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манбага мурожаат қилганида, у ҳам: “Шодиевларнинг ўзини ҳам, ўғирликларини ҳам биринчи оилага яқин шахс “кришевать” қиляпти”, деб жавоб қайтарди.

Уларнинг айтишича, Навоий тоғ-кон металлургия комбинатининг ишончли бошқарув учун Шодиевларга берилиши Мирзиёев ҳукуматининг хатоси бўлган.

Сулолабоши Фаттоҳ Шодиев АҚШ Молия вазирлигининг “қора рўйхати”га киритилган шахс бўлиб, дунё тадбиркорлик олами унга кўпдан бери шубҳали одам сифатида қараб келмоқда. Фаттоҳ Шодиев Қозоғистонда ва Европанинг баъзи мамлакатларида “персона нон-гранта”, яъни номақбул шахс ҳисобланади.

Навоий тоғ-кон металлургия корхонаси негизида ташкил этилган “НКМК ДК лойиҳа офиси” ишончли бошқарувини ўзи қўлига олган Олим Қосимович Шодиев корхона кузатув кенгашининг аъзосидир.
“НКМК ДК лойиҳа офиси” кузатув кенгашида Олим Шодиевдан ташқари Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, адлия вазири Русланбек Давлетов, Акмалхон Ортиқов, Тимур Ишметов, Бобур Абдинаназаров ва бошқалар бор.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 феврал 2020
25 февраль куни Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Instagram саҳифасида онасидан президент Мирзиеевга йўлланган мактубни жойлаштирди.  Мактубда Каримова Ғарб ...
2 апрел 2016
Бу албатта бир хазил мактуб, масаланинг жиддий томони, «VimpelCom” чиндан ҳам фейк-ҳисоботлар учун Гибралтарда рўйхатга олинган Гулнора Каримованинг банк ...
20 апрел 2016
Хусусан, «XXI аср» газетасининг ёзишича, 2015 йилда Ўзбекистон банк тизимининг жами капитали 2014 йилга нисбатан 23,3 фоиз кўпайиб, 7,7 ...
6 июл 2017
Июл ойининг бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «она сути оғзидан кетмаган» ёшларни ҳукуматдаги юқори лавозимларга тайинлагани ўзбек жамиятида турли ...
Блоглар
26 август 2022
30 йилдирки саргардонликда, аввал Норвегияда кейин Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳ янги куллиёти – асарлар тўплами ...
15 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солиҳ суҳбатининг давомида севимли аёли Ойдин хоним билан кечирган ...
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...