Асосий мавзулар
21 феврал 2022

Амалга ошмаган жосуслик. Марказий осиёлик фаол ҳикояси (2-қисм)

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Жумасафар Дадабоевни бошқа давлатларда ишлаш учун жосусликка ёллашга уринган

Қорақалпоғистондаги туркман қишлоғида туғилган фаол ва блогер Жумасафар Дадабоевнинг ҳикоясини чоп этишда давом этамиз (боши бу ерда). 2016 йилда, ҳали у жамоатчилик фаолияти билан шуғулланишидан олдин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уни хорижда ишлаш учун агент сифатида ёллашга уриниб кўрди. Ислом Каримовнинг касаллиги ва ўлими сабабли юзага келган таранг вазиятда у махсус хизматлар кўзини шамғалаб қилиб Туркияга қочишга муваффақ бўлди. 

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Понамарёв 2021 йил июнь ойида Истанбулда Жумасафар билан учрашиб, бир неча соат суҳбатлашди. Албатта, фаол 2016 йилдаги воқеаларнинг ҳаммасини ҳам аниқ эслай олмайди ва МХХ ходимларининг “агент”га айтган ҳамма гапларини ишончли деб бўлмайди. Аммо уларнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари Каримов даври махсус хизматларининг жиноий иш услубларини ҳам, оддий одамлар эътиборидан ёпиқ бу муассасадаги муҳитни ҳам яққол тавсифлашга имкон беради. 

Дадабоев билан суҳбат асосида тайёрланган мақола матни 2022 йил январда келишиб олинганидан бир неча кун ўтиб фаол ўғирлаб кетилди ва у ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кетилгани тахмин қилиняпти. 

Портловчи моддали “совға”

Дадабоев қўйиб юборилиб, паспорти ўзига қайтарилгач, у тахминан уч ҳафта уйида қолди.

“Ўша пайтларда содда эдим, – деб эслайди фаол. – Учиб кетиб кўраман деб ўйлагандим, балки омадим келар. 15 август куни Нукус аэропортига етиб келдим. Лекин менинг исмим чегарачилар базасида кўрсатилган эди, улар мени Москва рейсига қўйишмади. Шунда бир ходим югуриб келди: “Жумасафар ким? Улар сизга қўнғироқ қилишяпти”. 

Баҳром Полвонназарович қўнғироқ қилган эди. У танбеҳ бериб: “Нима, бизни алдамоқчимисан? Сен туркмансан-ку, қорақалпоқ эмассан. Эртага яхшиликча Тошкентга кел. Сен тилхат бергансан”. Мен итоат қилишга мажбур бўлдим. Эртаси куни поездга ўтириб, 17-куни етиб келдим. Вокзалдан чиқишим билан Баҳромга қўнғироқ қилдим. У: “Ҳозирча сайр қилиб тур”, деди. 

Кейин келиб мени олиб кетди. Қашқар маҳалласидаги уйнинг (Тошкентнинг Юнусобод туманидаги турар жой массивини назарда тутилган бўлса керак) учинчи қаватида МХХнинг бир хонали квартираси бор. Мени ўша ерга жойлаштиришди”.

“Махфий агент” тайёрлашни бошлашдан олдин Баҳром ва Дадабоев ўртасида узоқ ва ёқимсиз яккама-якка суҳбат бўлиб ўтди. Фаол яна Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликдан бош тортмоқчи бўлди, аммо натижа бўлмади.

“Баҳром аввалига сўроққа тутди: “Нима, бизни алдамоқчимидинг? Ахир биз сен билан яхши, муҳим ишларни қиляпмиз”. 

Сўнг эса “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракати ҳақида нималарни билганимни сўради. Мен унга қорақалпоқларнинг ажралиб чиқиб, қўзғолон уюштириб, ҳокимиятни қўлга олмоқчи эканини айтдим: Бир кечада Қозоғистондан 2000 қорақалпоқ кириб келади, деган гап бор”. 

Баҳром уларни сўка бошлади, кейин бундай деди: “Назарбоев тирик экан, бундай бўлмайди. Агар у 2020 ёки 2023 йилда ўлса-ю, Қозоғистон президенти ўрнига миллатчи келса, шу мавзуни кўтариши мумкин. Ҳозир Қозоғистон махсус хизматлари билан алоқаларимиз яхши. Бизда барча маълумотлар бор, ташвиш чекма. Муса Эрназаров (Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари, 2020 йил 31 июлда вафот этган) бизнинг одам. Лекин қорақалпоқлар барибир бош кўтарса, сени Тошкентга олиб кетамиз”.

Кейин мен ҳақимда гапира бошлади. Баҳром Полвонназарович: “Сен бизга ишлайсан. Сен ҳақингда Рустам Иноятовга (Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари) хабар берганман, президент ҳам хабардор, буни фақат биз тўртталамиз биламиз”. 

“Бу ростми, ёлғонми, билмайман. Ўшанда ҳайрон бўлиб: “Гап нима ҳақда бораяпти”, деб ўйланиб қолганман. У тушунтирди: “Москвада сен ҳижома қилаётганингда, сумканг билан ваҳҳобийлар ёки бизнинг миллатчиларимиз уйларига кирсанг, сенга бир “совға” тутқазамиз, уни бирор жойга қўясан. Ҳеч ким шубҳаланмайди. Кейин биз уларни ФХХ орқали ҳибсга оламиз”. 

Мен у ҳазил қиляптими, дея ўйладим: “Қанақа совға”, деб сўрадим У: “Бу ҳазил эмас. Сен портловчи моддали “совға” оласан. Биз бу ваҳҳобийлар билан шундай курашамиз, Москвада ҳам”, деди. 

Мен рад қилмоқчи бўлдим: “Ака, бу гуноҳ. ФХХ ҳам мени бунинг учун ҳибсга олиши мумкин”. У жаҳли чиқиб, асабийлашди. “Ишлашга розимисан?! Агар ҳозир рад этсанг, сени йўқ қиламан. Сен 159-модда (Ўзбекистон Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси) бўйича кетасан. Кўрасан, нима бўлишини”, деб бақирди.

У менга телефонидан видео кўрсатди: ниқобли одамлар бир қизни шафқатсизларча қийнаяпти, у ўзбекчалаб қичқиради, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. У яна қандайдир ўзбеклар ёш болани зўрлаётганини кўрсатади, у “Ёрдам беринглар”, деб бақиради … Кейин тишлари қоқиб олинган жасадлар. Бу видеоларни кўриб, асабийлашдим. Буни кўрган одам ақлдан озади. Ҳозиргача баъзида тушимда кўраман, кейин ухлай олмайман.

Баҳром мени қўрқитди: “Мана, кўр, сен ҳам шундай бўласан. Ҳеч ким сенга ёрдам бермайди”. Кейин овунтира бошлади: “ФХХдан ғам ема. Биз улар билан анчадан ҳамкорлик қиламиз. Швецияда Обидхон Назаров ҳақида эшитганмисан (2012 йилнинг февралида унга суиқасд уюштирилган, комага тушган таниқли ўзбек диний арбоби)? У террорчи, Ўзбекистонда ўз одамлари билан давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи. Улар аллақачон экстрадиция қилиш керак эди, аммо жиддий асослар керак. ФХХ сени ушласа, Сурияда ўлган болалар учун Обидхон рус кофирларини ўлдиришга фатво берганини айт. Кейин биз сенга ёрдам берамиз”. 

Эътироз билдирмоқчи эдим, у тағин қаттиқ жаҳли чиқиб: “Сен ваҳҳобийларни қўллаб-қувватламоқчимисан?” деб бақирди. Қишлоғимизда бўлган воқеаларни ҳам эслатди: “Сен ўз ҳамқишлоқларингни МХХга қарши “ишлаш”га чақиргансан-ку? Бу чақириқларинг учун ҳам жавоб берасан”.

Умуман, у менга тинчлик бермаслигини англадим. Бундан олдин Баҳром Полвонназарович, балки руҳимни кўтариш учун, Иноятовнинг ўзи мен билан учрашиши мумкинлигини айтган эди. “Яхши, мен сиз билан ишлайман, лекин Иноятов мен билан шахсан учрашсин”, дедим. Тўғрисини айтсам, шундай ҳолатда эдимки, Иноятовга ҳужум қилмоқчи эдим. 

Баҳром хурсанд бўлиб: “Мана, ниҳоят ўзингга келдинг”, деди. Бу вақтда кимдир унга қўнғироқ қилди, у менга “жим, жим” деди, имо-ишоралар билан бу бошлиғи эканини кўрсатди. Ўрнидан ғоз туриб, қаддини ростлади. Суҳбатдошини Расулович, деди. Сўнг: “Ҳаммаси яхши, келишилгандек, бу туркман эркак экан ҳақиқатан ҳам”, деди. 

Телефон суҳбати тугагач, у мени огоҳлантирди: “Топшириққа келсак, ҳеч кимга бир оғиз очмайсан. Бу махфий масала. Бу ҳақда фақат тўрт киши билади. Ҳозир ходимимиз Иззат етиб келади, унга сени Туркияга юборишларини айтасан”.

Амалиёт ва сиёсий муносабат қирралари

Эртаси куни Дадабоевнинг тайёргарлиги бошланди. Бўлажак махфий агент устида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг уч ходими иш олиб борди: Баҳром Полвонназарович, Иззат ва Тимур. Бир марта Тошкент ислом университети ходимини диний мавзудаги суҳбатга таклиф қилишди.

Дадабоевнинг сўзларига кўра, Баҳром Полвонназарович мартабаси ва ёши бўйича катта бўлган, амалиётни режалаштиришга ҳам бевосита у раҳбарлик қилган. Лекин у иш билан жуда банд бўлиб, одатда бир-икки соатгагина келиб кетар эди. 

У билан суҳбатлардан Москвада режалаштирилаётган биринчи “акция”га алоқадор фигурантнинг сиёсий қарашлари ва қиёфаси аниқ намоён бўларди.

“У бир неча бор Баҳром Ҳамроев (“Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси) ҳақида гапирди. Уни “террорчи тожик” деб атарди (бу ерда “тожик” сўзи камситиш маъносида қўлланган). “Биз террорчиларимизни Москвада ушлаганимизда, у адвокат ёллаб, уларга ёрдам беради ва қайтариб олади. У бизнинг душманимиз. Баҳром бир идорага алоқадор, улар террорчи ва экстремистларни ҳимоя қилади, уларни Европа ва Америка қўллаб-қувватлайди”, деб тушунтирди. 

Мен ўшанда “Мемориал” ҳақида билмасдим, менимча, у сизнинг ташкилотингизни назарда тутган. “ФХХ ҳам Баҳром билан дўст эмас. Уни бир неча марта жазоламоқчи бўлишди, лекин ҳар сафар тузоққа чап бериб қолган… Фозилникида у билан палов есанг, машинасида бирга кетсанг ёки Баҳром сени уйига таклиф қилса, олдиндан бизга қўнғироқ қил, сенга бир нарса берамиз. Шуни ташласанг, шу билан ҳаммаси ҳал бўлади”, деди.

Бироқ асосий вазифа Обидхон Назаров гуруҳини халқаро миқёсда обрўсизлантириш, гўёки унинг Ўзбекистонда давлат тўнтаришини тайёрлагани, унинг терроризмга алоқадорлигини исботлаш эди. Иш муваффақият билан амалга ошса, Дадабоевга пул, уй, машина ва бошқа имтиёзлар ваъда қилинганди: 

“Россияда қўлга тушсанг, видеокамерага тушсанг, Обидхон Назаров кофирларга қарши жиҳодга буйруқ берган, дейсан. Кейин биз сени экстрадиция қиламиз, олти ой ёки бир йил хуфия жойда яшайсан, кейин президентга афв этиш ҳақида ариза ёзасан, бизнинг ёрдамимиз билан очиққа чиқасан. Кейин маза қилиб яшайвер…”.

Дадебоев Баҳромнинг бу сўзлари уни Тошкентда амалиётларга тайёрлаган яна бир МХХ ходими Иззатнинг сўзларига зид эканини таъкидлайди: “Иззат портловчи модда билан қўлга тушсам, ФХХ сени Ўзбекистонга экстрадиция қилмайди, биз ҳам ёрдам бера олмаймиз, дерди”.

Дадабоевнинг айтишича, Баҳром Полвонназарович бир неча бор Назаровнинг ўғли “бизнинг қўлимизда, уни бу ерда итдек сақлашади…” (Обидхон Назаровнинг ўғилларидан бири Ўзбекистонда 2004 йилда ғойиб бўлган), дея бир неча бор эслатган. “Бир куни Абдували қори ҳақида “бу ҳам чирийди”, деди. Буни турлича тушуниш мумкин (Андижон жоме масжиди имом-хатиби Абдували Мирзаев 1995 йил августда Тошкент аэропортида ғойиб бўлган, Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани тахмин қилинади)”.

“Бир куни Баҳромдан сўрадим: Ўзбекистоннинг энг хавфли душмани миллатчиларми, Муҳаммад Солиҳми (“Эрк” партияси раҳбари, 1993 йилдан буён қувғинда) ёки Обид қорими? У: “Биз учун миллатчилар муаммо эмас. Муҳаммад Солиҳ ҳам бугун катта муаммо эмас. Агар керак бўлса, биз уни йўқ қилардик. Энг хавфлиси Обид қори, ваҳҳобийлар, уларнинг кўплаб жамоалари бор. Тўхтабой, Илон ота масжидларида Ўзбекистонда давлатга қарши бўлган гуруҳлар бор”, деб жавоб берди.

(давоми бор)

Виталий Пономарёв

Тағин ўқинг
10 сентябр 2019
Қорақалпоғистон ИИВ тергов бошқармаси маҳаллий ҳуқуқ фаоли Азимбой Отаниёзов, шунингдек, унинг қизи ва аёлини 7 сентябрь куни шоир Маҳмуд ...
25 апрел 2020
Сўнгги йилларда Ўзбекистон матбуотда кенг акс садо бераётган, мамлакатга миллиардлаб доллар хорижий инвестицияни жалб этаётган ислоҳотлар ўтказиш йўлига кирди. ...
18 март 2019
Якутск шаҳрида маҳаллий аёлнинг зўрлангани ҳақидаги хабардан сўнг, 17 март куни кечқурун ўрта осиёлик мигрантларга қарши стихияли норозилик митинги ...
24 октябр 2019
Буюк Британияда ҳуқуқ ҳимоячилари-ҳуқуқшунослар жамоаси ўзбек пахтасига имтиёзли тарифлар қўлланишини қайта кўриб чиқиш талаби билан судга мурожаат этди.  Уларнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...