Асосий мавзулар
15 июн 2022

Парпиевнинг суғурта ширкати турк тадбиркорининг ҳақини бермаяпти

30 йилдан буён Тошкентда ишлаётган туркиялик 56 ёшли тадбиркор Уғур Ақин (Ugur Akin) “New Life Insurance” МЧЖдан икки миллион долларга яқин пулини ололмаётир. МЖЧ вакили эса бу маблағ молиявий низони кўриб чиққан Олий суд қарорига кўра тўланмаганини билдирди. 

Уғур Ақиннинг “Элтуз” билан суҳбатда айтишича, ўзи раҳбарлик қиладиган “Perspektiva Stroy Invest” МЖЧ ва буюртмачи “New Life Insurance” суғурта ширкати ўртасида молиявий низо келиб чиққан.

“Элтуз” танишган ҳужжатларда ëзилишича, “Perspektiva Stroy Invest” МЧЖ “New Life Insurance” МЧЖдан Тошкентнинг Тарас Шевченко кўчасида “Gross Plaza” бизнес марказини қуриш учун буюртма олган.

“Perspektiva Stroy Invest” буюртмани бажариш учун 500 нафар мутахассисни ишлатган. Булардан 20 нафари Туркия ватандошидир. Объект бундан бир ярим йил аввал битказилиб, фойдаланишга топширилган. 

Уғур Ақин бажарилган қурилиш-реконструкция ишлари учун тўланиши керак бўлган, аммо ҳануз тўланмаган ҳақ 100 миллиард сўмдан ошганини маълум қилди.

“Мана, бир ярим йил бўлди, пулни тўлашмаяпти. Мен раҳбарлик қилаëтган ширкат ҳисоб рақами пул йўқлиги боис картотекага қўйилган. Мени ҳимоя қилиши керак бўлган Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Турк-ўзбек ишбилармонлари уюшмаси жим. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиëевга мактуб ëзишга мажбур бўлдим”, дейди тадбиркор. 

“Элтуз”да нусхаси бўлган бу мактубда турк тадбиркорининг Ўзбекистонда юз тутган муаммолари ëзилади.

Турк тадбиркорига бўлган ҳақсизлик Туркиянинг одатда нейтрал туриб, молиявий низоларга арлашмайдиган элчихонаси дипломатларини ҳам таъсирлантирди. Элчихона бу юзадан ўз норозилигини изҳор қилди. 

“Элтуз” тасарруфида 2018 йилдан 2020 йилгача “Perspektiva Stroy Invest” МЧЖ томонидан бизнес маркази қурилиши ишлари босқичма-босқич акс этган инфографик ҳисобот бор. 

Ўзи хон, кўланкаси майдон

“Perspektiva Stroy Invest” ширкатининг исми очиқланмаслигини сўраган вакили “Элтуз”га йўллаган мактубида “турк тадбиркорини қақшатаëтганлар қудратли Парпиевлар клани экани”ни иддао қилди.

“Тадбиркор ҳақини бермаëтган суғурта ширкати Парпиевларга тегишли. Менда Ботир Парпиевнинг оиласи, хусусан, Иноятовнинг куёви Бобур Парпиевнинг ноқонуний ишлари ҳақида маълумот ва ҳужжатлар мавжуд.

Бизда Тошкент шаҳрида бизнес маркази қуриш чоғида инвесторнинг пули талон-тарож қилингани, Олий суд мансабдорлари пора эвазига сотиб олингани ҳақида маълумотлар бор. Агар сизга керак бўлса, мен барча маълумотларни, ҳужжат ва расмларни юборишим мумкин.

Ҳужжатлар, суд қарорларини ҳам илова қиламан. Чунки воқеалар халқаро тус олмоқда, Туркия томони мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали иштирок этиб, ўз норозилигини билдирган”, дейилади мактубда.

“Элтуз” бу иддаолар ортидан “New Life Insurance” ширкати вакили билан боғланди. У ширкатнинг Парпиевларга тегишлилига оид саволни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон бошқарув тизимидаги коррупцион схемаларни ўрганган криминалистика профессори Кристиан Ласслетт “New Life Insurance” ҳам мансуб бўлган “Gross Insurancе”гa туташ йўллар Парпиевларга етаклаши эҳтимолидан баҳс қилади.

“Хавотирлиси шуки, 2016 ва 2017 йиллар ичида Парпиевлар клани кўринмай қолди. Кўпчилик буни Иноятов ва Парпиев ҳокимиятдан ва “оила” паноҳидан айрилиб, иккинчи планга ўтди, деб ўйлади. Аслида улар ҳар доимгидан ҳам гуллаб-яшнаб, бойиб-битиб ëтишибди”, деди Ласслетт.

Унинг сўзларига кўра, турк тадбиркори жуда қудратли Парпиевлар оиласи, уларга алоқадор Иноятовларга қаршилигига учраган. 2020 йилда мамлакатнинг энг йирик компанияларидан бири сифатида унинг назарига тушган “Gross Insurance” давлат бизнесининг сезиларли қисмини қўлга киритмоқда.

“Ўшанда “Gross Insurance” “Milk House”нинг акциядори бўлган “Интерсок” компаниясида улушга эга эканини аниқлаганман. 2020 йилда “Milk House”нинг бошқа асосий акциядори президентнинг куёви Ойбек Турсунов бўлган.

Шундай қилиб, агар Бобур Парпиев “Gross Insurance” ортида турган бўлса, бу ҳолат 2016/17 йиллардаги воқеалар шунчаки театрлаштирилган кўриниш бўлгани ёки кланлар ўртасидаги кескинлик сусайганидан далолат беради.

Пайдо бўлаётган маълумотлар Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ҳокимият бошида турган анъанавий оилалар биргаликда ишлаётганидан даракдир. Турк сармоядорининг бундай қудратли куч билан курашда муваффақиятга эришиши имконияти жуда кам.

Гарчи Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” стратегияси кўплаб бизнесменлар учун имкониятлар эшигини очгандек туюлса-да, унинг ҳукмронлиги даврида Каримов президентлиги даврида гуллаб-яшнаган оилаларнинг гўёки “ҳокимиятдан четлатилган” раҳбарлари асосий бенефициар бўлиб қолаётгани кўринади.

Давлат ва корпоратив махфийлик юқорилиги сабаб мавжуд механизмлар ва жараёнларни англаш қийин бўлса-да, Парпиевларнинг бизнес гуруҳи 2016 йилдан буён кундан кун кучайиб бораётгани бунинг яққол мисолидир”, деди Ласслетт.

Тўй генерали эмас, пул генерали

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг собиқ  ўринбосари генерал-лейтенант Ботир Парпиев 2018 йилгача қарийб 14 йил давомида Давлат солиқ қўмитасини бошқарган. У Миллий хавфсизлик хизматига 23 давомида раислик қилган Рустам Иноятовнинг қудасидир.

Ботир Парпиев Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов ҳукуматидаги энг қудратли амалдорлардан бири ҳисобланарди.

Ботир Парпиев 1946 йилда Андижон вилоятида, милиция генерал-майори Раҳмат Парпиев оиласида туғилган. 1992-1996 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, 1996-1998 йилларда ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, 1998-2002 йилларда ички ишлар вазири ўринбосари, 2002 йилнинг июнь ойидан декабрь ойигача фавқулодда вазиятлар вазири, 2002-2004 йилларда Давлат божхона қўмитаси раиси бўлган. 2003 йилда божхона хизмати генерал-лейтенанти унвонини олган. 2004 йилдан Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Турк тадбиркорининг Ўзбекистондаги кўргуликлари

2018 йилдан 2021 йилга қадар қурилиш қилиб, ҳақини ололмаëтган турк тадбиркори Уғур Ақиннинг Ўзбекистондаги кўргуликлари бошқа турк инвесторлариникига жуда ўхшаш. Улар порахўрлик, коррупция, қўшиб ëзиш, таниш-билишчилик, телефонда иш битириш, акахонлик каби ўзбекча бизнес иллатларидан зада бўлишган.

“Аслида Ўзбекистон менинг уйим, – дейди 30 йилдан бери мамлакатда ишлаб келаëтган Уғур Ақин. – Туркиянинг Оқсаройида туғилдим. Университетни битирган пайтимда Ўзбекистон энди мустақил бўлганди. Юракда энтикиш ва улуғ эврилишларга дахлдорлик ҳисси билан ота юрт Ўзбекистонга келдим.

Ўзбек аëлга уйландим. Болаларим Ўзбекистонда туғилди. Ҳозир 56 ëшдаман, шундан 31 йилини Ўзбекистонда яшадим. 1992 йили Маданият фонди раҳбари, ҳозир марҳум устоз ëзувчи Мамадали Маҳмудов билан ҳамкорликда ширкат туздим.

Кейин Тошкентда тикувчилик ва тўқувчилик цехи очдим. “Зингер” тикув машиналарини Ўзбекистонга олиб кирадиган асосий дистрибьютор ўлароқ фаолият кўрсатдим. Навоий ва Нуротада қўй терисини сотиб олиб қайта ишлаш тизимини йўлга қўйдим. Қоп тикиш цехи очдим.

Чирчиқ трансформатор ва нон заводи акциларини сотиб олдим. Аммо ойнинг ўн беши ëруғ бўлса, ўн беши қоронғу. Мени талаб, акцияларимни ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистондан депортация қилишди. 1999 йил декабрида мени исталмаган шахс дея эълон қилишди. 2000 йил январда оилам билан Туркияга кетдим.

Ўшанда хотиним иккинчи қизимга ҳомиладор эди. Кейин хотиним Ўзбекистонга  қайтди. Ҳомиладор хотинимни суткалаб сўроқ қилишди. Мен эса Туркияда эдим. Раҳматли онам “борма энди Ўзбекистонга”, деб ëлворди. Орадан 4 ой ўтиб, менга бўлган тақиқ бекор қилинди.

Ўзбекистонга қайтдим. Аммо олдинги шижоат ва ғайрат мени тарк этган эди. Икки мингинчи йиллар бошида мен акцияларимни сотишга мажбур бўлдим. Қурилиш билан шуғулландим. 2018 йили Бобур Парпиев жамоаси билан ҳамкорликда иш бошладим.

Тарас Шевченко кўчасидаги бизнес маркази қурилишида қатнашдим. Илк буюртмага кўра бино 4 қават бўлиши керак эди. Бино асосан Хитойдан келтирилган арзон материаллардан бунëд бўлиши кўзда тутилганди. 6 ой ўтиб буюртмачи бинога яна бир қават ва ер ости гаражи қўшди. Буюртма ҳажми кўпайди.

Хитой қурилиш материаллари ўрнига Япония ва Корея материаллари ишлатилди. 2020 йил декабрда  қурилишни битказиб топширдим. Ҳақ тўлашга келганда муаммолар бошланди. Бобур Парпиев телефонни ўчириб қўйиб, мен билан алоқани узди. Ишим битди, эшак лойдан ўтди, деган тарзда.

Парпиевнинг одамлари қилинган ишлар нархи ўта қимматлигини айтиб, мени айблашди. Шу тариқа ишларни қайта баҳолаш зарурати туғилди. Текширувда менинг ҳақдор суммам  95.000.000.000 сўм экани аниқланди. Аммо буюртмачи шу камайтирилган суммани ҳам тўлашдан бош тортди.

Биз буюртмачини судга бериб, дастлабки икки маҳкамада ғолиб чиқдик. Аммо буюртмачи бу қарор устидан Олий судга шикоят қилди. Олий суд буюртмачи ëнини олди. Мен қилинган иш учун ҳақимни ололмасдан қолдим”.

Тадбиркор Уғур Акин навбатдаги мактубни Ўзбекистон президентига юборди. Бу мактубда у ўз ҳақини талаб қилиш билан бирга васиятини ҳам ëзиб қўйди: “Мен барибир Ўзбекистонда қоламан. Ўлсам мени Тошкентда ëзувчи Мамадали Маҳмуд ëнига кўминглар”.

Ўзбекистонда турк тадбиркорларининг фирибгарлик йўли билан алданиши ҳолатлари ҳақида “Элтуз” аввал ҳам бир неча бора ёзган.

Жумладан, “Элтуз”да Ўзбекистонда турк сармояси асосида ишлайдиган тўқимачилик ширкати собиқ раҳбари, Туркия ватандоши Нажат Тайланли туҳмат оқибатида 18 ой қамоқда ўтиргани ва шу кунларда Ўзбекистондан чиқарилмай, “асир” ҳолатида ушлаб турилгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Тағин ўқинг
22 декабр 2016
21 декабр куни Тошкент шаҳар судида Даврон Норбоев ҳакамлигида диний экстремизмда айбланаётган тўрт нафар шахс устидан суд давом этди. ...
9 март 2021
Инсониятнинг узоқ кечмишидан маълумки, Александр Македонский ақлан, жисмонан ва руҳан тенгсиз куч-қудрат соҳиби бўлган. Шунинг учундир ўз вақтида аёвсиз ...
15 апрел 2020
Жорий йилнинг апрели бошидан Тошкент кўчаларида БТРларда юриб, карантин боис карнайлар орқали аҳолини уйда қолишга даъват этиш бошланди. Бироқ ...
28 октябр 2020
Жорий йилнинг 17 октябрида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бир гуруҳ зиёлилар Тошкентда йиғилган. Бу йиғин “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал демократик ...
Блоглар
20 июн 2022
1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Мамлакат ...
17 июн 2022
Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?Бунинг сабабларини билиш ...
7 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 54-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) АМАЛ ...