Асосий мавзулар
16 июн 2022

Ўзбекистон журналистлари: “Цензура онгимиз ва қалбимизда”

Телефон қўнғироқлари, туҳмат кампаниялари ва шахсий ташрифлар: Давлат хавфсизлик хизмати ўзбекистонлик журналистларни қандай қўрқитмоқда?

Бу Ўзбекистон журналистларига нисбатан ДХХ томонидан кучайтирилган босимларга оид маколанинг иккинчи қисмидир. Биринчи қисм бу ерда мавжуд.

Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги бўйича 11 ҳафталик ўрганишлар натижаларига кўра, журналистлар ва блогерлар дуч келаётган энг катта муаммолардан бири Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан бўладиган босимдир.

Журналист ва блогерларнинг таъкидлашича, ДХХ уларга ва оилаларига таҳдид қилади, қўрқитади, материалларини ўчиришга мажбурлайди. ДХХ ҳукумат даражасидаги коррупция, бой тадбиркорларнинг тижорий келишувлари, нозик диний масалалар, президент ва унинг оиласига ҳурматсизлик кўрсатиш каби муайян мавзуларни ёритмасликни талаб қилади.

Ўзбекистонда ДХХ, асосан, яширин ишлайди. Уларнинг таҳдид ва қўрқитишлари журналистларни коррупция, ислоҳотларни амалга ошириш учун янги сайланган президент билиши керак бўлган муаммолар ҳақида ёзишдан тўхтатади. Натижада қўрқоқ ва ўз-ўзини цензура қиладиган оммавий ахборот воситалари, гапиришдан қўрқадиган аҳоли ва эркин матбуот фасади ортида аслида тарғибот билан шуғулланадиган давлат кўз олдингизда гавдаланади.

“Рост 24” таҳдид остида

14 апрель куни “Рост 24” муҳаррири Анора Содиқова ўзбекистонлик тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақола ва видеони ўчирмаса, ўзи ва ҳамкасбларига зарар бўлишидан огоҳлантирилганини маълум қилди. Тадбиркорнинг исми “Пандора ҳужжатлари” деб номланувчи катта маълумотлар сизиб чиқиши ортидан Содиқованинг эътиборига тушган. Усмонов офшор ширкат эгаси сифатида рўйхатга олинган, дейилади мақолада. Унда Усмоновнинг ушбу офшор ҳисоб орқали катта миқдорда пул ўтказгани айтилаётган хайрия жамғармасига алоқадорлиги кўрсатилган.

Содиқова унга ким таҳдид қилаётганини ҳатто уни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистондаги ягона мустақил рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқлари ташкилоти –  “Эзгулик”ка ҳам очиқ айтишдан бош тортди. Аммо у таҳдидлар ДХХ томонидан бўлаётганини айтди.

“Агар мен бу хавфсизлик кучлари эди, десам муаммо бўлади, – деди у. – Қолаверса, буни қандай исботлай оламан?”.

Бу ДХХнинг мақолани олиб ташлаш учун Содиқовага учинчи марта босим ўтказиши. Биринчи марта у таҳдидларга эътибор бермади. Иккинчи марта 2020 йил май ойида ДХХ ходими унга қўнғироқ қилди. Ўшанда у мақолани сайтдан олиб ташлади.

Кейинроқ Содиқова унинг атрофидаги воқеаларга Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси эътибор қаратганидан хабар топди.

Илгари Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби бўлиб ишлаган Олимжон Ўсаров “иттифоқ раҳбари сифатида бу ишга бепарво бўла олмаслиги”ни айтди: “Мен прокурордан ишни текширишни илтимос қилдим. Журналистга таҳдид қилиш ноқонуний ва жиноятдир. Агар унга таҳдид қилган шахс ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, у топилади”.

Ўсаровнинг айтишича, милиция Содиқова ва ҳамкасбларининг телефон ёзувларини олган. Уйи ва идораси яқинидаги кузатув камераси тасвирларини ҳам олиб, ресторанда унинг олдига келган ва гапларини ёзиб олишни сўраган одамни топишга ҳаракат қилган. Полиция унинг эри билан ҳам гаплашмоқчи бўлган.

“Анора биздан ишни қайтариб олишни сўради, – деди Ўсаров. – Бу мен учун қизиқ бўлди”.

Содиқова уюшманинг иштирокини олқишламади. Аксинча, ҳукумат унга тузоқ қўйишидан хавотир билдирди. Шунинг учун у суриштирувни тўхтатишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, “Рост 24”даги мухбирларини ишдан бўшатган. Чунки улар ДХХга ишлаётган бўлиши мумкинлигини гумон қилган.

“Улар мени бу ишни ўз медиакомпанияси пиари учун қилди, демоқчи бўлишяпти”, деди Содиқова.

ОАВнинг мазкур суриштирувга яқин, исми сир қолишини сўраган амалдори менга “бу воқеани Анора ўйлаб топган”, деб ўйлаганини айтди.

“Текширув кўрсатдики, бундай одамларнинг қайдлари ва қўнғироқлари йўқ, – деди у. – Ҳеч қандай таҳдид йўқ эди. Биз аслида нега бундай бўлгани, Анора нима учун бундай даъво қилганига ва буларнинг барчаси ортида нима турганига ҳайрон бўламиз”.

Мулозимнинг билдиришича, тез орада текширув натижалари ҳақида эълон қилиниб, матбуот анжумани ўтказилади.

Қутурган итлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ДХХдан жирканиши яхши маълум. Президент уларни “қутурган итлар” ва “формадаги тутуруқсиз одамлар”, деб атаган. У ҳеч бир хавфсизлик ходимига ишонмаслигини ва “лозим бўлса, погонларини юлиб олиши”ни айтган.

2018 йилнинг февралида Мирзиёев Бухоро вилоятида ДХХ ҳибсга олган икки маҳаллий тадбиркор қийноққа солингани ҳақида далилларни қўлга киритганини билдириб, зобитларни жавобгарликка тортишга ваъда берган эди.

Президент Дилфуза Ибодованинг укалари, ДХХ қўлида 2015 йилдан буён ҳибсда бўлган Илҳом ва Раҳим Ибодовларга қийноқ қўлланилгани ҳақида гапирган эди. Илҳом ДХХ ходимлари ва бошқа маҳбуслар томонидан калтакланиб ўлдирилган. Раҳим саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳатто Дилфуза ва онаси давлат амалдорларига укаларнинг ишини текширишни ёлвориб сўраб ёзганида ҳам ДХХ унга бу мавзуни муҳокама қилишдан тийилиш зарурлигини айтиб таҳдид қилган.

Лекин Дилфуза фикридан қайтмади.

“Мен ҳеч нарсадан қўрқмадим, чунки йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ эди”, деди у.

Давлат раҳбари Ибодовлар ишига шахсан эътибор қаратганидан сўнг айбдорлар жавобгарликка тортилди: АҚШ ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботларига кўра, олти зобит ва тўрт маҳбус 18 йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, яна икки зобит ўз ваколатлари доирасидан чиқишда айбдор деб топилди. Суд жараёни ёпиқ бўлиб, қарорлар жамоатчиликка эълон қилинмади.

Собиқ боғча тарбиячиси, журналистика бўйича ҳеч қандай маълумоти бўлмаса-да, ўзи президентнинг шахсий ҳимояси остида эканини ҳис қилган Дилфуза блог юрита бошлади. 2020 йилда у ўз медиаплатформасини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтказди. У блогнинг ягона мухбири. Янгиликлар, долзарб воқеалар ҳақида хабар беради ва айбланувчиларнинг айбдорлигини аниқлаш учун жиноят ишларини пул эвазига ўрганади. У ҳукумат амалдорлари ҳақида ёзишдан қўрқмаслигини айтди.

“Давлат хавфсизлик кучлари мендан чўчишади, – деди у менга. – Улардан саккиз нафари қамоқда ўтирганидан кейин яна нима кутасиз? Мен ҳамма нарса ҳақида ёзишим мумкин”.

Лекин Дилфуза шундай деб ўйлайдиган кам сонли блогер ва журналистлардан бири.

Шуҳрат Шокиржонов “Кун.ўз”нинг Самарқанддаги бўлими бошлиғи. Шунингдек, у телеграм, фейсбук, твиттер ва тиктокда блог юритади. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, асосан, турли ижтимоий муаммолар ҳақида фикрларини жойлаштиради, сўнг “Кун.ўз” сайтидаги мақолаларига ҳаволалар беради.

Шокиржонов ДХХ айрим пайтларда у билан боғланиб, мақолани ўчиришни сўрашини айтади. Икки йил олдин у илгари Ғалаба куни ҳисобланган, ҳозир Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланадиган 9 майда ҳукумат парад ўтказганини танқид қилган.

“ДХХ мендан мақолани ўчиришни сўради. Улар парадни танқид қилиш постсовет давлатлар ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқарганини айтишди. Мен фикримни ўзгартирмадим, лекин ўчириб ташладим”, деди Шокиржонов.

Шокиржонов ДХХ ҳақида ёзишдан қочади, чунки ёзса, босимга дуч келишини билади. Бошқа ҳолатларда у ҳукуматни танқид қилишда ўзини эркин ҳис қилади, чунки у доимо асос ва исботларга эга.

Шундай бўлса-да, у “хавфсизлик хизматлари ўзини ҳеч қандай сабабсиз айблашдан қўрқиши”ни билдирди. У оммавий ахборот воситаларида сўз эркинлигига худди Россиядаги каби чек қўйилишидан чўчийди. Зеро, Россияда президент Путин Украинадаги уруш борасида эркин фикр билдирган ҳар қандай ОАВни қонундан ташқари деб эълон қилганди.

Блогер Фаррух Тўрамуродовнинг яқинда Самарқанддан Тошкентга кўчиб келишига сабаблардан бири ҳам ўз шаҳрида ДХХ ва милиция назорати остида қолгани билан боғлиқ.

Интернетда “Самарқандлик” тахаллуси билан чиқиш қиладиган Фаррух Тўрамуродов уруш бошида фейсбукдаги саҳифасига орқа ойнасига Z белгиси туширилган машина суратини жойлаштирди. Бу рамз Украинадаги урушда Россияни қўллаб-қувватлаш далолати эди. Бир соат ўтгач, ДХХ у билан боғланиб, суратни ўчиришни сўради.

2020 йилда ДХХ унга ҳукумат амалдорлари, президент ва оиласи, полиция ва ДХХ каби идораларни танқид қилмаслиги кераклигини айтди.

Фаррух президентнинг исмини кўрсатмаган, аммо у “қора костюм кийган одам” деб аталган пост ёзган. ДХХ у билан боғланиб, постни олиб ташлашни талаб қилди, чунки буни давлат раҳбарига ҳурматсизлик сифатида баҳолади.

Ўтган йил ноябрь ойида Фаррух ҳукуматнинг интернетдаги ишламаётган иловаси ҳақида ёзганидан сўнг уни милицияга чақиришди. Кейинроқ билдики, ўша куни яна икки блогер ҳам чақирилган. Шундан сўнг у Самарқандни тарк этишга қарор қилди.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги блогерлар ҳам уларни ДХХ кузатаётгани ва тез-тез сўроққа чақириб туриши ҳақида хабарлар беришади. Фарғона вилоятига сафар қилганимда, мен суҳбатлашган журналистлар ва мен турган меҳмонхона раҳбари билан ДХХ ходимлари боғланиб, нима қилганим, қаерга борганим, кимлар билан гаплашганим ҳақида саволлар беришди.

“Хавфсизлик хизматлари босими тобора кучайиб бормоқда, – деди фарғоналик блогер-журналист Баҳодирхон Элибоев. – Ҳукуматнинг жосуслиги ва мониторинги журналистларга ҳам, фуқароларга ҳам совуқ таъсир кўрсатди.

Хавфсизлик хизматлари айрим журналистни сотиб олиши мумкин. Агар расмийлар буюрса, журналистлар амалдорлар хоҳлаган ҳамма нарсани ёзади. Бу журналистика эмас, ташвиқотдир. Цензура энди бизнинг онгимиз ва қалбимизда”.

2018 йилнинг 24 июлида Мирзиёевнинг туғилган кунида Элибоев ўз блогида уни табриклаб, Россия ва бошқа мамлакатлардаги миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз ватанида рўзғор тебрата олмаётганини унутмасликни сўраганди.

Ўша куни тушдан кейин у гараждаги хонадонида мизғиб ётганида, ДХХнинг тўртта зобити эшигини тақиллатди.

“Улар гаражда яшаётганимни кўриб, “Уйингиз йўқми?” деб сўрашди, – дейди Элибоев. – Мен журналист бўлиб ишлай олмасам, хўш, қаерда яшашим мумкин? Қўлимдан келадиган ишни қилмасам, яхши пул топа олмайман”.

Уни агар кескин мавзулар ҳақида ёзишни давом эттирса, қамоққа тушиши ҳақида огоҳлантиришди.

У уларга бундай деди: “Мен хоҳлаган нарсани ёзаман, чунки қамоқхонангиз гаражимга ўхшайди. Лекин қамоқхонангиз қулайроқ, чунки ўзим нон топишимга ҳожат қолмайди. Нонни ўзларинг берасизлар. Қамоғингиз мен учун озодликдир”.

Суҳбатимиздан икки соат ўтгач, Элибоев менга хабар жўнатди. Ҳозиргина ДХХ ходими у билан боғлангани, мен билан нималарни гаплашганини сўраганини ёзганди.

Цензор билан бевосита мулоқот тажрибаси

Март ойида Тошкентга келганимда, турли мустақил нашрлар муҳаррирлари ва эгалари, жумладан, “Қалампир.ўз” медиаплатформаси эгаларидан бири Қамариддин Шайхов билан учрашдим.

Унинг хонаси деворларига инсон ҳуқуқларига оид, масалан, оилавий зўравонлик, ҳукумат қатағонлари акс этган фотосуратлар ва иллюстрациялар илиб ташланганди.

Шайховнинг сўзларига кўра, унинг сайтига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан хабарларни ёки шарҳларни олиб ташлаш ҳақида хат ва огоҳлантиришлар мунтазам келиб туради.

“Агентликдан хат олганимиз ортидан 2-3 соатдан кейин мақолаларимизда ўз-ўзини цензура қилиш 3-4 баробар кучаяди, – деди у. – Психологик жиҳатдан олиб қараганда, мантиқий фикр юритишимиз учун бир неча соат керак бўлади. Сиз ўз-ўзини цензура қилишга қарши курашишингиз ёки кўкаришлар билан кетишингиз керак”.

Учрашувимиздан сўнг мустақил ОАВ учун мақола ёзиш ва, айниқса, Шайхов таъкидлаганидек, “сўз эркинлиги учун курашиш”дан қандай натижа чиқишини кўриш ҳақида ўйлаб қолдим.

Ўзбекистон журналистларидан олган интервьюларим асосида “Қалампир” сайти учун меҳмон рукни остида ҳафтада бир мақола ёзиб бериш таклифини билдирдим. Ҳукумат тадқиқотимни маъқуллагани учун Шайхов ҳам рози бўлди.

Фарғона водийсидаги журналистлар, жумладан, ўзим ҳам дуч келган ДХХ босими ҳақидаги иккинчи мақолани жўнатганимда мени “Қалампир” офисига чақиришди ва МХХ ҳақида мақола эълон қила олмасликларини айтишди.

Шайхов ва “босиққина” бизнес шериги (ҳужжатларга кўра, унинг машҳур қўшиқчи рафиқаси “Қалампир”нинг 75 фоизига эгалик қилади) икки соат давомида ДХХ ҳаракатларини ҳимоя қилди.

“Хавфсизлик хизмати ходимлари фақат сизни ҳимоя қилмоқчи бўлмаганини қаердан биласиз? Уларнинг ниятлари ёмон эканини қаердан биласиз?” деб сўради иккаласи ҳам.

Булар “Қалампир”дан охирги эшитганларим бўлди.

Холис бўлишга уриниб, бир неча бор ДХХдан мен билан суҳбатлашишни сўрадим. Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хатлар юбордим.

Агентлик мутасаддиси Дилшод Саиджонов менинг саъй-ҳаракатларимни “гўллик” деб баҳолади.

“Улар шунчалик сирлики, ҳатто веб сайти ҳам йўқ, – деди у. – Сиз хавфсизлик хизматларидан интервью олган тақдирингизда ҳам Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги муаммолар – такомиллашиш истаги йўқлиги, заиф таълим ва таҳлил кўникмалари етишмаслиги сақланиб қолаверади”.

Шунга қарамай, қайсарлигимни қўймадим. Мен ДХХ зобитларини танийдиган журналистлар орқали мен билан интервью уюштиришни сўрайвердим. Ҳатто веб сайтимда ДХХ билан интервью олиш истагим ҳақида пост ёздим. Уни ўзбек тилига таржима қилдим ва ДХХ нишонидаги бир нечта блогердан буни ўз блогларида эълон қилишни сўрадим. Мен ҳали ҳам сўровларимга жавоб олганим йўқ…

Cheryl L.Reed.

Мақола инглиз тилида The Diplomat нашрида чоп этилган

“Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
22 июн 2018
Туркияда 24 июнь куни президент сайлови ўтади. Унда президентликка иқтидордаги Эрдўғондан ташқари Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан Муҳаррам Инжа ва ...
22 октябр 2021
Ҳафта ўтиб яна сиз билан кўришиш насиб этди. Мағрурсиз, масрурсиз ва орангизда ҳаётга мафтун, севгидан мажнун кишилар бор.   Бугун мен 24 ...
14 декабр 2016
Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида Абдулла Орипов номзоди Бош вазирликка тасдиқланди. Телекоммуникация соҳасидаги коррупциялар боис ...
24 апрел 2018
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 24 апрель куни Хоразм вилоятида минглаб талаба ва ўқувчи кўчаларга чиқарилиб, ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...