Асосий мавзулар
5 июл 2022

Умида Ҳақназар: Қорақалпоқ «пандора қутиси» қачон очилган?

Конституцияга ўзгартишлар киритиш лойиҳаси эълон қилинганидан сўнг мени, аввало, 55-моддага (ерга эгалик ҳуқуқи) киритилиши белгиланган ўзгартиришлар қизиқтирди. Албатта, назаримда, мамлакатни ўрта асрларга улоқтирадиган бошқа қўшимчалар (айримлари интернетда муҳокама ҳам қилинди, лекин мен уларни атайин ўқимадим)га ҳам эътибор қаратдим.

Шу ҳафтада нукуслик ёшлардан бири мендан 70-75-моддаларга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларни қандай баҳолашимни сўраб қолди. Мен уларни ўқимаган эканман.

У менга бу ўзгартиришлар халқни ғазаблантираётгани, агар улар қабул қилинса, қорақалпоқларнинг гимни, байроғи, тили, конституцияси, миллий ўзлиги йўқотилиши, республика шунчаки Ўзбекистоннинг 13-вилоятига айланиб қолишини айтди.

Албатта, эшитганларимдан ҳайрон қолдим ва уйга қайтиб, 70-75-моддаларга ўзгартишларни ўқиб чиқдим. Байроқ ҳам, гимн ҳам, конституция ҳам – ҳаммаси сақланиб қоларкан. Аммо “республиканинг суверен республика таркибидаги суверенлиги”, “маъмурий-ҳудудий масалаларни мустақил ҳал қилиши” ва “референдум йўли билан Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиши мумкинлиги” тўғрисидаги модда олиб ташланиши таклиф этилган экан.

Инсоний ҳиссиётлар нуқтаи назаридан олиб қараганда, қорақалпоқларнинг хавотирини тўла тушуниш мумкин. Чунки улар бу ҳолатни “бизнинг миллий ўзига хослигимизни, маданиятимизни, тилимизни, ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш ҳуқуқимизни, ҳудудимизни ва ҳоказоларни тортиб олишмоқчи”, дея қабул қилмоқда.

Конституциявий суд томонидан ҳеч қандай тушунтиришларсиз бу тахлитда конституцияни шунчаки ўзгартириб қўйиш (гап нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистон қонституциясига ҳам тааллуқли), албатта, хатодир, ҳуқуқий саводсизликдир, юзсизларча авторитардир ва ҳоказо.

Университетнинг иккинчи курсида ўқиб юрганимда конституциявий ҳуқуқ фанидан дарсларда биз конституциямиздаги “суверен ичидаги суверенлик” ифодасини худди шу конституциянинг бошқа моддаларига (ягона давлат), шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зид келувчи ҳуқуқий коллизия сифатида муҳокама қилганмиз.

Шу билан бирга, бу шунчаки декоратив норма экани ва амалда (ҳуқуқий маънода) Қорақалпоғистон бир кун ҳам суверен бўлмаганини, албатта, яхши англардик.

Оқибатда “суверенитет” таърифи ўз мазмунини тўла йўқотганди. Бугун бу ҳақиқат жуда аччиқ қабул қилинаётганининг сабаби эса мазкур сўз шахсий ва ҳиссий даражада миллий ўзликка боғлиқ эканидир.

Аммо ҳуқуқий нуқтаи назардан, бу бутунлай бошқача оқибатларга эга. Давлат суверенитетининг мазмуни давлат ташкил этиш, давлат сиёсатини белгилаш ва ҳоказоларни ифодалайди.

БМТ низомига мувофиқ, Халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги декларацияда (1970 йил) мустаҳкамланган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойили халқларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаётган давлатларда сецессия (бир томонлама чиқиш) имкониятини рад этади.

Шунинг учун унитар давлатда ҳам, федератив давлатда ҳам давлат суверенитети ягона ва бўлинмасдир, битта давлатда иккита суверенитет бўлиши мумкин эмас. 

Масалан, гарчи Шотландия nation ҳисобланса-да, суверен эмас (300 йил аввал ўз суверенитетини йўқотган). Ҳатто Шотландия яна иккинчи марта референдум ўтказиб, Буюк Британия таркибидан чиқишга овоз берса-да, бу қарор Британия парламенти томонидан тасдиқланса-да, у ҳеч қандай мажбурий юридик кучга эга бўлмайди.

Мустақиллик учун овоз бериш Шотландиянинг ҳуқуқий мақоми ўз-ўзидан ўзгаришига олиб келмайди. Аввалги референдум олдидан ўтказилган маслаҳатлашувлар давомида буни Шотландия ҳукуматининг ўзи ҳам тан олган эди.

Яна бир мисол. Россия Федерацияси таркибида 22 та автоном республика бор, уларнинг бирортаси “суверен” ҳисобланмайди.

РФ Конституциявий судининг 2000 йил 7 июндаги қарорида кўрсатилганидек, суверенитет давлат ҳокимиятининг устунлиги, мустақиллиги ва эркинлигини, ўз ҳудудида давлатнинг қонунчилик, ижроия  ва суд ҳокимияти тўлиқлигини ҳамда халқаро муносабатларда мустақиллигини назарда тутади.

РФ Конституциявий суди хулосасига кўра, давлат суверенитетининг соҳиби Россия Федерациясининг кўп миллатли халқидир, демакки, РФ субъектлари суверенитетга (ҳатто қисман) эга эмас. Шу сабабли РФ таркибида бўлган, Конституция томонидан давлатлар деб эълон қилинган республикалар ҳам худди ўлка ва вилоятлар каби суверенитетдан маҳрум субъектлардир.

Конституциявий суд фикрича, “республика (давлат)” сўзи шартли мазмунга эга ва тарихий ўзига хосликни ифодалайди, лекин ҳеч қандай ҳолатда федератив давлат ҳудудида мазкур федератив давлатдан бошқа бирорта суверенитет мавжуд бўлиши имкониятини назарда тутмайди.

Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан чиқиб Россияга қўшилишини истаётганлар диққатига. Ягона давлат суверенитети доирасидаги автономия бу автономияда миллий ўзлик, тил, маданият, байроқ, гимн ва бошқа тимсоллар, ҳатто ўз конституцияси ва ҳокимият органлари йўқотилишини англатмайди.

Шу боис, “миллий ўзлик, байроқ, гимн, тил, конституция ва ҳоказоларга таҳдид” тўғрисида тўсатдан пайдо бўлган гап-сўзлар, албатта, ёки иғво, ёки нодонликдир.

“Таркибдан чиқиш” ва кимгадир (РФми ёки Қозоғистонгами) қўшилиш чақириқлари ҳам жуда катта билимсизлик ва ибтидоий популизмдир.

Масалан, президент Тўқаев Қозоғистоннинг айирмачиликка оид позициясини аниқ билдирди ва Қозоғистоннинг “қўшилиш”ни тан олишини кутиб ўтирманг – Қозоғистон ҳудуд масаласида ҳеч қачон Ўзбекистон билан муносабатлар кескинлашишига бормайди.

Россияга эса, кўриниб турибдики, Қорқақалпоғистон конституциясида “суверенитет” моддаси бор-йўқлигининг қизиғи йўқ, хоҳласа, ўйлаб ўтирмай тортиб олади. Бу ёғига ўша сўзни ҳам эсдан чиқаришга тўғри келади.

Шунинг учун Қорақалпоғистонни қаергадир “тиқиштирмоқчи” бўлган ва бошқа ҳудудий можаролар сценарийсини бизда амалга оширишга уриниб, сабаб қидираётганлар эҳтиёт бўлгани яхши.

Мамлакатда, худога шукур, ҳеч қандай миллатлараро можаро, ҳеч қандай қатағон-геноцид  (Косоводагидек бўлишидан худо сақласин), ҳеч қандай таҳқирлаш (масалан, Ўшда ҳеч қандай маъмурий автономия бўлмаган шароитда ўзбекларнинг оммавий қирғин қилиниши) йўқ.

Минг иғво ва қўпорувчилик бўлмасин, “қорақалпоқларнинг ўзбеклар томонидан таҳқирланиши” иддаосига асос ўйлаб топа олмайсиз. Хуллас калом, Қорақалпоғистоннинг асоссиз мустақиллигига чақираётган иғвогарлар аслида ўз халқини дунёда ҳеч ким тан олмайдиган (балки ДХР ва ЛХР бундан мустаснодир) қашшоқ яккамоховлик (изгой) ботқоғига даъват этмоқда.

Шундай қилиб, балки “констутуциявий оқим”га (гарчи унинг қаердалиги ва, умуман, мавжудлигини ҳеч ким билмайди) қайтиш керакдир. Аммо уни яратиш, ўзгартиришларга (барчасига тааллуқли) оид авантюрани бекор қилиш, ва ниҳоят, Конституциявий суд, конституциявий ҳуқуқ бўйича мутахассислар, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда конституциявий жараёнларни бошлаш, конституциямизни халқаро ҳуқуқ, назария, тамойиллар, тавсифлар ва ҳоказоларга мослаштиришга жиддий киришиш вақти келди.

Конституцияга ўзгартишлар сиёсатчилар ва лоббичилар манфаати йўлида ижроия ҳокимияти қарорлари ва фармонларини қалаштириб ташлайдиган амалдорлар томонидан тайёрланиши керак эмас.

Бугун гўёки “Пандора қутиси” очилганини гапиришяпти. Йўқ, қути 1992 йилда ҳуқуқий коллизия келтириб чиқарадиган моддалар қўшилган конституция қабул қилинганда очилганди (тўғрироғи, унга мина ҳам жойланганди).

Шу пайтгача бу ҳеч кимни хавотирга солмагани эса аслида сўз ва ҳужжатлар ҳеч нарсани англатмайдиган декоратив дунёда яшаётганимизни кўрсатиб беради.

Тағин ўқинг
13 июн 2023
Гулнора Каримова аёллар қамоқхонасидан уй қамоғига ўтказилгани ҳақида хабарлар келмоқда. Тафсилоти Элтузга маълум эмас. +++ Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан ...
8 феврал 2018
Бир гуруҳ ўзбек фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 5 февраль куни Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовга ёдгорлик яратмасликни сўраб британиялик ...
9 май 2023
Салом қадрли мухлислар, бугун 9 май эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади. Путин Марказий Осиёда ўз таъсирини ...
19 август 2018
Ҳукумат буюртмасига кўра, ўзбек мухолифатини ёмонотлиқ қилувчи китоб ёзган Олег Якубов билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг 2000 йилнинг 27 ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...