Асосий мавзулар
17 июл 2022

Сардорнинг келиши ўзбек сиёсий саҳнасида нимани ўзгартиради?

Ҳурматли каналимиз обуначилари ва азиз меҳмонлар! Элтуз почтасига келган, ўзбекистонлик таҳлилчи томонидан битилган қуйидаги мақолани рус тилидан сиз учун ўгирдик. Уни, муаллиф розилигида жузъий таҳрир ва қўшимчалар билан чоп қиляпмиз. Номини очиқлай олмайдиганимиз муаллифга минннатдорчилигимизни билдирамиз.

Элтуз бу ўзгаришларни яқиндан кузатади ва кетаётганлар ҳамда келаётганларнинг айримлари ҳақида алоҳида суриштирувларни эълон қилиб боради. Бизни кузатинг!

+++

Ўтган бир ҳафтада Шавкат Мирзиёев ўз президентлигининг энг йирик кадрлар ўзгаришини амалга оширди; Президент Администрациясига янги раҳбар тайинлади. Бу аслида, Мириёевнинг нафақат президентлиги, балки ундан олдинги 13 йилдаги бош вазирлигининг ҳам кадрлар масаласидаги энг йирик қароридир. Мирзиёев ҳокимиятга келиши баробарида қарор топган ва амалда бўлган ҳокимият вертикали ўзгариш арафасида.

Албатта, бу вертикал тепасида, ҳамиша Мирзиёевнинг ўзи турган. Аммо Ўзбекистондаги сиёсий тизимда ҳақиқий қудрат қаерда эканини тушуниб олиш осон иш эмас. Сабаби, бир томондан,ташқаридан қараганда барча демократик, хусусан, Ғарб давлатларидаги сингари формал ҳокимият институтлари – президент, бош вазир, парламент ва суд тизими ҳамда улар ўртасида бўлиниш мавжуд. Аммо бу қоғозда, холос. Амалда худди Россиядаги сингари, гипер-президентлик тузуми ва тузумда марказий ролни Президент Администрацияси ўйнайди. Баъзан президент тимсолида, баъзан эса, президентсиз. Қарорларни қачон президент, қачон Администрация қабул қилганини билиш қийин. Бу қарорлар ҳамма вақт ҳам, айтайлик, собиқ компартия сиёсий бюроси қароридан фарқли, коллектив ва кўпчиликнинг қарори бўлмайди. Аммо қандай қабул қилинганидан қатъи назар, бу қарор Президент иродаси дея тақдим этилади. Тақдим этилмаган тақдирда ҳам, пастдагилар буни шундай қабул қилади.

Шундай қилиб, бу тизимда:

Қонун амалда ижроия ҳокимиятини тийиб турмайди;
Парламент президент иродасини бажарадиган ҳайбаракаллачилардан иборат;
Вазирлар Маҳкамаси эса, сиёсатни шакллантирадиган эмас, балки уни ижро этадиган тузилмадир.
Энди Президент Администрациясининг функцияларига қаранг:
Администрация президентнинг барча ваколатларини амалга оширади;
Қонунлар ва қарорларни тақдим этади;
Ҳукумат тузилмалари билан мувофиқлаштиради.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Қолаверса, энг муҳими эмас.
Администрация, худди совет давридаги Компартия сиёсий бюроси сингари, амалда давлат ва партия (иқтидор) бошқарувини қўлида жамлаган:

Бир томондан, формал хавфсизлик хизматлари ва куч тизимлари мавжуд. Айни пайтда Администрацияда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи маслаҳатчи–куратор ўтиради.
Бир томондан, ҳукумат таркибида фан, соғлиқ, таълим, ижтимоий ҳимоя сингари формал вазирликлар бор. Иккинчи томондан, уларнинг ҳаммасини ўзига бўйсундирган куратор бор ва у ҳам Администрацияда ўтиради. (Жорий куратор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси, собиқ КГБ зобити Абдужаббор Абдувоҳитов. Элтуз келаётган кунларда у ҳақда қўшимча материаллар эълон қилишни режалаган)

Ташқи сиёсат ҳам шундай – бир томонда вазир, иккинчи тарафда ташқи сиёсатга масъул маслаҳатчи. Ва бу куратор-маслаҳатчиларнинг ҳаммаси амалда парламент, ҳукумат ва парламентнинг ҳар икки палатаси (икки палата нима кераклиги алоҳида масала) дан ЮҚОРИ туради.
Бундан ташқари, Администрация, турли-туман молия-саноат гуруҳлари билан Президент ва ҳукумат ўртасидаги воситачи ролини ҳам бажаради.
Ва келдик, энг муҳимига:
Президент Администрацияси раҳбари Президентнинг, эски давлатчилик тили билан айтганда, ЭШИК ОҒАСИдир (русча аслиятда – “привратник”).

Президент Администрацияси раҳбари президентга кирадиган ахборотларнинг АСОСИЙ МАНБАИдир.

Президентнинг ОВОЗИдир (Матбуот котиби тимсолида)
Истаймизми, истамаймизми, Ўзбекистонда қарор топган тизим шу. Ва бу тизим – ЁПИҚ.

Сиёсий қарорлар қабул қилувчи, уларнинг ижросини мувофиқлаштирувчи, Президент иродасини рўёбга чиқарувчи орган бўлган Президент Администрацияси махфий бир тузилма ҳисобланади. Биз махсус хизматлар – ДХХ ҳақида қанча нарса билсак, Президент Администрацияси ҳақида ҳам шунча нарса биламиз. Ундан ортиқ эмас. Ва бу тузилма Президентдан бошқа ҳеч кимга – на парламент ва на жамоатчиликка ҳисобдор эмас. Тийиб туриш механизми йўқ ва жамоатчилик кўзидан яширин экан, унинг Президентга қанчалик ҳисобдорлиги ҳам савол остида.

Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борганида қорақалпоқ қонун чиқарувчиларига қарата “нега менга телефон қилмадинглар, менам одамку” дея айтган сўзлари сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги бу махфийлик ва бўшлиқни энг яхши иллюстрация қиладиган эпизоддир.

Бу ҳақда кўп гапириш, таҳлил қилиш мумкин. Аммо ўқувчини чарчатмаслик учун кун тартибига қайтамиз ва Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнига Сардор Умурзоқовнинг тайинланиши нимадан дарак экани ҳақида қисқа хулоса қиламиз.

Британияда таълим кўрган Умурзоқовнинг тайинланиши эски гвардия (каримовчилар) қайтади, деган хавотирларни аритди. Мирзиёев ёш реформаторларга юз бурди. Бу ичкари ва ташқаридагиларга берилган яхши мужда. Мирзиёев ҳокимиятга келганида бошланган ва реформаларга йўналган сиёсий курс давом этади, дегани.

(Ҳар ҳолда, ўзбек либераллари шундай орзуда)

Авторитаризм сақланиб қолади, аммо Каримов диктатурасига қайтилмайди. (Ҳозирча)
Худдики, Ельцин алғов-далғовли 90 ларда ёш реформаторларни ва Назарбоев ёш банкирларни ҳукумага олиб келгани каби. Дарвоқе, Мирзиёевни Ельцинга қиёслаш қийин, аммо у Назарбоев яратган ҳокимият моделига ҳавас билан қарайди.( Ҳар ҳолда, январь воқеаларигача шундай қарар эди) Яъни ҳокимиятнинг энг юқори чўққисида ўзи сиёсий патриарх сифатида, истаса, умрининг охиригача ўтиради, ҳукуматнинг кундалик ишларини эса ёш технократлар бажаради. Аммо бир шарт билан – улар сиёсий амбициялардан холи бўлиши шарт. Амбициялар пайдо бўлганида, қанчалик қийматли кадр бўлмасин, ҳокимиятдан четлатилади. (Аблязовга ўхшаб. Алмаштириб бўлмайдиганлар йўқ)

Мирзиёев, ҳокимиятга келган илк кунларида берган ваъдаси – ёш кадрларни парваришлашда давом этади. Аммо ёшларнинг юқори лавозимларга олиб келиниши автоматик тарзда қарилардан қутулишни англатмайди. Ўзбек сиёсати мураккаброқ – ёшлар қарилар билан турли-туман кланлик, қуда-андалик ришталари билан чатишиб кетган.

Сардор Умурзоқов Ўзбекистон тарихида президент маъмуриятига раҳбар этиб тайинланган биринчи “публичний” сиёсатчи. Бунгача Президент Администрациясининг “юзи” йўқ эди. Ҳеч қачон жамоатчиликка баёнот бермаган, бир оғиз нутқ ирод қилмаган ва фақат Каримовга яхши ош дамлаб бериши билан ном чиқарган Зелимхон Ҳайдаров ҳамда Мирзиёевнинг сояси бўлган Зайнилобиддин Низомиддинов. Буларнинг иккаласидан фарқли, Сардор Умурзоқов матбуотга гапирган, блогерлар билан суратга тушган. Бу маънода Умурзоқовнинг ўз шахсияти бор ва у Низомиддиновдан фарқли фақат Мирзиёевнинг эмас, ўзининг ҳам шахсиятини намоён қилади. Соя, аммо мутлақ соя эмас.

Президент Администрациясининг юқорида санаб ўтилган ваколатлари назарда тутилса, шундоқ ҳам ҳукуматдаги лавозимларининг кўплиги билан маҳаллий матбуотда саволлар уйғотган Сардор Умурзоқовнинг қўлида қанчалик катта ҳокимият жамланаётганини сезгандирсиз. Сардор реформатор бўлиши мумкин, аммо машҳур инглиз тарихчи ва сиёсатчиси Жон Дальберг-Актон айтмоқчи, мутлақ ҳокимият одамни мутлақ бузади. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган.

Шу маънода, жорий ҳокимият вертикалида Сардор Умурзоқовга мувозанат бўла оладиган шахснинг бўлиши муҳим. Айнан шахс, чунки институтлар йўқ. Тартиб-таомилга кўра, бош вазир Абдулла Арипов бу мувозанатни сақлайдиган салоҳиятга эга эмас. У Низомиддиновнинг иродасига қандай бўйинсунган бўлса, яқин-яқингача қўл остидаги вазирлардан биттаси бўлган Умурзоқовга ҳам шундай бўйинсунишда давом этади. Идеалда бу Сардорнинг ўзига ўхшаган ёш ва реформатор зеҳниятдаги ҳамда Президент Администрациясида ўтирадиган, аммо бошқа мулойим мулозимлардан фарқли, мустақил фигура бўлиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, яна Мирзиёев “нега менга телефон қилмадинглар?” деб ёзғирадиган вазият яна юзага келиши мумкин. Бу муҳим.
Хуллас, Ўзбекистонда ҳокимият вертикали янгиланмоқда ва яқин кунлар ва ойларда бирин-кетин президент маслаҳатчилари, вазирлар, ҳокимлар ва КУЧ ТИЗИМЛАРИ раҳбарларининг ўзгаришини кутишимиз мумкин.

Элтуз бу ўзгаришларни яқиндан кузатади ва кетаётганлар ҳамда келаётганларнинг айримлари ҳақида алоҳида суриштирувларни эълон қилиб боради. Бизни кузатинг!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 феврал 2022
Швециядан қочқинлик мақомини олган ўзбек фаоли Муҳиддин Қурбонов 2 февраль куни  саратон касаллигидан вафот этди. Бу ҳақда Элтузга хабар ...
28 апрел 2016
«XXI аср» газетаси Ўзбекистон президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор ...
2 октябр 2015
Хозарасп туманининг Саноат қишлоғида Саноат хўжалигининг пахта даласида жойлашган шийпонида бўлдик. У ерда қишлоқ хўжалиги коллежи талабалари жойлаштирилган экан, ...
9 январ 2017
“Фарғона ҳақиқати” бош муҳаррири Набижон Собировнинг ишдан олинишига сабаб, Элтуз манбасига кўра, ҳорижий интернет нашрларида Фарғона вилояти шаънига айтилаётган ...
Блоглар
15 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солиҳ суҳбатининг давомида севимли аёли Ойдин хоним билан кечирган ...
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ...
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат ...