Асосий мавзулар
11 октябр 2022

Янги дарсликлар можароси: Комил Алламжонов яна катта саҳнада

Ўзбекистонда сўнгги бир неча йиллар давомида Миллий ўқув дастури асосида яратилган янги авлод дарсликлари муаллифлари бу дарсликлар атрофида юзага келган можаролардан хавотир билдирмоқда.

Гап шундаки, янги авлод дарсликлари ҳақида матбуотда қатор танқидий чиқишлар ортидан Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов 2022 йил 6 октябрь куни мазкур маъмурият ҳузурида “ишчи гуруҳ таълим сифатини ошириш, замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш ишларини бошлаганини” эълон қилганди.

Айнан мана шу гуруҳнинг ҳуқуқий мақоми, ваколат ва вазифалари қандайлиги масаласи, қолаверса, Миллий ўқув дастури бажарилишининг кейинги босқичлари қандай кечиши мавҳум қолаётгани янги авлод дарсликлари муаллифларида қатор саволларни пайдо қилмоқда.

Муаллифлар жамоаси номидан Ўзбекистон президенти ва унинг маъмурияти раҳбари Сардор Умурзоқовга виртуал қабулхона орқали расмий мурожаат йўллаган Комил Жалилов улардан баъзи саволларга ойдинлик киритишни сўраган.

Нусхаси “Элтуз”да мавжуд мазкур мурожаатда айтилишича, президентнинг қатор қарор ва фармонлари асосида Миллий ўқув дастурига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш мақсадида ўтган ўқув йилида 1-2-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-услубий мажмуалар яратилиб, амалиётга жорий қилинди. Бу йил эса 3, 6, 7, 10-синфлар учун янги дарсликлар яратилди.

Аммо Комил Алламжоновнинг юқорида эслатилган баёноти ортидан “Шунча маблағ ва меҳнатлар эвазига яратилган Миллий ўқув дастури ва дарсликлар тақдири нима бўлади?” деган савол ўртага чиқди.

“Президентнинг Миллий ўқув дастурига босқичма-босқич ўтиш ва у асосида дарсликлар яратиш вазифалари белгиланган ҳужжатлари бекор қилиндими? Агар бекор қилинган бўлса, қандай тадқиқотлар ва хулосалар асосида бундай қарорга келинди, бу тадқиқот ва хулосалар билан танишиш имкони борми?

Агар Президентнинг юқорида қайд этилган ҳужжатлари бекор қилинмаган бўлса, ишчи гуруҳнинг яна “замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш” бўйича ишлари қай даражада бу ҳужжатларга мос келади?

Яна “замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш” жараёнлари қайси манбалар томонидан молиялаштирилади”, деган саволлар қўйилади мурожаатда.

Унда айтилишича, президентнинг тегишли ҳужжатлари асосида яратилган Миллий ўқув дастури бир неча босқичда муҳокама ва экспертизадан ўтказилган эди. У асосида яратилган дарсликларга ҳам тегишли тақризлар ва хулосалар олинган.

Комил Алламжонов баёнотида “ҳозир биринчи синфдан то иккинчи синфгача бўлган барча ўқув маҳсулотлари апробация учун танлаб олинди”, дейилган. Мурожаатда бу “ўқув маҳсулотлари”га қайси дастурлар асос қилиб олингани, улар ҳам Миллий ўқув дастури каби муҳокама ва экспертизадан, жумладан, умумхалқ муҳокамасидан ўтган-ўтмаганига ойдинлик киритилиши сўралган.

Мактубда “администрацияда таълим масалаларига жавобгар бўлмаган Комил Алламжоновнинг ишчи гуруҳдаги ва, умуман, бу жараёндаги ваколат ва вазифалари нималардан иборатлиги, улар унга ким томонидан ва қайси ҳужжат асосида тақдим этилгани”ни очиқлаш масаласи ҳам кўтарилган.

“Биздаги маълумотларга кўра, 2019 йилда Алламжонов АОКА раҳбари бўлган пайтда АОКА ҳузурида ташкил этилган “Ўқитувчи” илмий-методик маркази директори ўринбосари бўлган, ҳозир “Ягона имтиҳон маркази”га раҳбарлик қилаётган Юлия Рисюкова ТДИ ва ХТВ вакиллари билан бир неча марта учрашиб, “Ўқитувчи” марказида яратилиши бошланган ва марказ ёпилгандан кейин ҳуқуқлари “Гид Ташкент” МЧЖда ўтказилган дарсликлар “замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш” доирасида тажриба-синовдан ўтказилишини маълум қилган.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, “Ягона имтиҳон маркази” Комил Алламжоновга тегишли экани, “Гид Ташкент” МЧЖ ҳам Комил Алламжонов билан боғлиқлиги ҳисобга олинса, “замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш” ҳаракатлари ортида кимнингдир шахсий манфаатлари турмаслиги қандай механизмлар билан кафолатланган?” дея савол қўйилади мурожаатда.

Унда ёзилишича, ТДИ ва унинг ҳузурида РТМ томонидан яратилган дарсликларни таҳлил қилиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳга РТМ томонидан яратилган дарсликларга салбий хулоса беришни талаб қилиб, босимлар бўлаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, “замонавий дастурлар, янги ўқув қўлланмаларини яратиш”дан манфатдор шахсларнинг кучли маъмурий ресурслардан фойдаланган ҳолда РТМ томонидан яратилган дарсликлар бўйича ишчи гуруҳ хулосаларининг объективлигига таъсир қилмаслиги учун қандай механизмлар жорий қилингани номаълум қолмоқда.

“Умуман, бу жараёнда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш қандай таъминланади?”дея сўрайди мурожаат муаллифи Комил Жалилов.

Ўзбекистон президенти ва унинг маъмурияти раҳбари номига жўнатилган расмий мурожаатда юқоридаги саволларга аниқ, асосланган жавоблар берилиши сўралган.

“Элтуз”

Тағин ўқинг
26 май 2017
«Оила ва жамият» газетаси (24.05) «Касбингизга садоқатлимисиз?» сарлавҳали мақолада марҳум президент Ислом Каримовга садиқлигини билдириб, ҳорижга чиқиб иш излаётган ...
29 январ 2018
Яқинда вилоятга бориб, бир танишимникига кирдим. Дарвозахонасида бир қоп тўла ўрик дарахти ўтини турган экан. Ўтин бирор касалликка чалинмаган, ...
3 июл 2017
30 июн куни президент Шавкат Мирзиёев, «Камолот»ни тугатишга, унинг ўрнида комсомолга ўхшаш (Коммунистик Ёшлар Иттифоқи) каби ташкилот тузишга қарор ...
8 феврал 2019
Айтайлик, ғорда яшайдиган ибтидоий одам ëниқ турган телевизорни кўриб қолди. Унинг илк реакцияси қандай бўлади? Албатта, дастаси ëғоч тош ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...