Cатира
5 ноябр 2015

Қўйлар – пахта кампанияси учун қурбонликка келтирилди

30 октябр куни милиция ходимлари Яккабоғ тумани Амир Темур жамоа хўжалиги, Хўжа Илғор маҳалласида яшовчи Манзура Туробованинг 6 сигири ва 32 қўйини тортиб олди. Сигир ва қўйлар, касофат қаердан келишини билмай шунчаки пахта режасини бажармаган фермер хўжалигидан ўтаётган бўлишган.

Манзура Туробованинг журналист Малохат Эшонқуловга билдиришича, Яккабоғ тумани прокурори милиционерларга талаб қилинган оқ олтин ҳосилини давлатга топшира олмай қарздор бўлган фермерларнинг чорвасини тортиб олишни буюрган.

Манзура Туробова бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

Икки нафар гўдагим бор. Турмуш ўртоғим Ботиров Улуғбек Ғайрат аканинг фермер хўжалигида сувчи бўлиб ишлайди. 2015 йилнинг 30 октябр куни соат 16.00 ларда турмуш ўртоғим даштдан ўзимизнинг сигир ва қўйларимизга қўшиб, ҳамсояларнинг ҳам қўйларини қишлоққа ҳайдаб келаётган бир пайтда икки нафар милдиция ходими зўравонлик билан подани олдига солиб кетган. Шулардан 6 та қора мол ва 5 та қўй ўзимизники эди. Қолган қўйлар эса ҳамсояларимизга тегишли эди. Милисалар жами бўлиб 6 та қора мол ва 32 та қўйни тортиб олишган. Сабаби битта: маҳалламиздаги Ғайрат фермер бу йилги пахта планини бажара олмаган экан. Шунга туман прокурори ИИБ ходимларига планни бут қилолмаган фермерларнинг мол-қўйларини тортиб олишни буюрган экан.

Турмуш ўртоғим подани айнан Ғайрат фермернинг далалари ён бағридан ҳайдаб ўтаётган бир пайтда “Мол-қўйлар Ғайрат фермерга тегишли” деган хаёлга борган милиция ходимлари сигир ва қўйларни куч билан ҳайдаб кетишган.

Қайнонам кекса. Инсульт олган. Оёқлари ишламайди. Прокурорни олдига кирмоқчи эдик. Киритишмади. Қайнонам иккаламиз ёмғирда, намда ерга ўтириб олиб прокурорнинг қабул қилишини талаб қилиб кун бўйи кутдик. Барибир фойдаси бўлмади. Прокурор биздан қочиб, бинони гир айланди. Охири машинаси билан чиққан эди шунда мен машинасининг олдига чиқиб олдим: “Ё мени босиб ўлдирасан, ё молларимни қайтариб берасан. 5 та қўйни қайнонам ўз пенсиясидан ўлимтигига атаб олиб қўйганди. Кампирнинг ўлимтигиданам умид қиласизларми? 6 та мол болаларимнинг ризқи, бермасанглар машина билан босиб кета қолинглар!” деб туриб олдим.

Прокурор “Сигир-қўйлар сотилиб кетган деди. Майли, Шаҳрисабздаги Баюк деган қассобдан сигирларингизни қайтариб ола қолинг. Пулини уларга ўзим тўлайман” деди. Излаб-излаб топиб, қассобдан 6 та сигиримизни қайтариб олдик. Лекин ҳалигача менга ва маҳалламиздаги қўшниларимизга тегишли бўлган 32 та қўйни қайтаришган эмас.

Ҳар куни ҳамсоялар “Қўйимизни топиб беринглар” деб дарвозамизни уриб синдиргудек бўлишаяпти.

Прокурор “Қўйларинг сотилиб кетди, молларингни қайтарганимга шукур қилинглар, қўйларинг барибир қайтарилмайди” деяпти.

Бизга қўйларни мусодара қилингани ҳақида ҳеч бир ҳужжат беришмади, уларнинг милисалар томонидан тортиб олинганлиги ҳақида шу пайтга қадар акт ҳам тузилгани йўқ, кимга қанчадан сотилганини ҳам билмаймиз. Мени ҳеч ким тингламайди. Прокурор менинг оиламни хонавайрон қилди! Энди нима қилишимиз керак?”

интервьюни олган
Малохат Эшонқулова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 декабр 2023
Кластер «салтанати»даги фермернинг уюшма тузишга ҳаққи йўқми? Ўзбек суди уюшма тузган фермерларни жазолайдиган кластернинг «Ур тўқмоғи»ми? Бу саволлар жавобини ...
14 сентябр 2016
Шавкат Миромонович Мирзиёев, вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши биланоқ, ўзининг “ойболтаси”ни ишга солди: 15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги аксар ...
15 январ 2016
Элтуз электрон почтасига келиб тушган хабарга кўра, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг эркатой куёвлари Ойбек ва Отабеклар пули кўплигидан керилишмоқда. ...
26 август 2020
Aмерика Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жозеф A. Пресел хотираларидан 2020 йил 19 август Мен 1997 йил октябрь ойида ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...