Cатира
20 март 2017

Милиция ҳақидаги қонун бизга нима беради?

Ички ишлар органлари давлат бошқарув ҳокимиятининг энг катта органи ҳисобланади. Шунга қарамай, унинг фаолияти мустақиллик эълон қилингандан кейин қисқа муддатда қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмади.

Бир президент бошлаб иккинчи президент давом эттирган ташаббус

Ички ишлар органлари фаолиятини қонун билан тартибга солиш бўйича ҳаракатлар 2011 йилга келиб бошланди. 2011 йил 1 январда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиши учун махсус экспертлар гуруҳи тузилди. 2013 йил 1 январда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёр бўлди. 2015 йил 7 декабрда президент Ислом Каримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни тилга олиб, ҳалигача тегишли қонун қабул қилинмагани учун уларга танбеҳ берди. 2016 йил 16 сентябрда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун муваққат президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Мазкур қонун имзолангандан 6 ойдан кейин, яъни 2017 йил 16 мартда кучга кирадиган қилиб қабул қилинди.

Ички ишлар органлари ҳақидаги қонунни тушунишга уриниш

Умуман олганда, қонун қабул қилиниши ҳамиша ижтимоий муносабатлардаги алоҳида муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлади. Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига тегишли бўлган уч асосий муаммо – бу (1) ходимлар томонидан ваколат суиистеъмол қилиниши; (2) ходимлар устидан назоратнинг сустлиги ва (3) ходимларга қарши ишончнинг йўқлиги.

Хўш, қонуннинг устунлик ва камчиликлари нималардан иборат? У юқорида санаб ўтилган асосий муаммоларни ҳал этадими?

Қонуннинг ижобий томонлари бор!
Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу беради. Жумладан, унинг илк моддалари ички ишлар органларининг асосий вазифалари, асосий йўналишлари ва асосий принциплари ҳақида бўлиб, барчаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги алоҳида таъкидланади. Масалан, 6-моддада ички ишлар ходимлари конституция ва қонунлар талабларига аниқ риоя этиши ва бажариши шартлиги айтилади. Шу билан бирга, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни хизмат манфаатлари, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ёки юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари ва буйруқлари билан оқлаши/рўкач қилиши мумкин эмас, деб белгиланган.

Қийноқ мумкин эмас, аммо…

8-моддада эса қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадрқимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш тақиқланиши белгиланган. 8-модда давомида ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, исм-шарифини айтиши,  фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт, дейилади. Ички ишлар ходими мазкур хатти-ҳаракатларни бажаргандан кейингина мурожаат қилишининг сабабини ва мақсадини маълум қилиши шарт.

Фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

9-моддада ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда амалга ошириши белгиланган. Бу дегани, шахслар тегишли тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида ҳаққоний ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг юқорида тилга олинган инсон ҳуқуқлари ва қонунийликни кафолатлашга қаратилган илк қоидалари, жумладан, 6, 8 ва 9-моддаларда мустаҳкамланган қоидалар принцип сифатида мустаҳкамланган. Афсуски, принциплар устувор йўналишларни белгилаб берса ҳам бажарилиши шарт бўлган қоида маъносини англатмайди. Бундай талқин қилинишининг олдини олиш учун принципларда акс этган қоидалар бевосита ички ишлар органи ходими мажбуриятлари орасида ҳам санаб ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ёки бўлмаса, принциплар қонун моддаларини талқин қилишда белгиловчи ва устувор характерга эга эканлиги аниқ белгилаб ўтилиши мақсадга мувофиқ.

Эътибордан четда қолган муаммолар ҳамда ваколат муаллақлиги

Ваколат суиистеъмолини чеклаш борасидаги камчиликлар, мажбурият ва ҳуқуқлар доираси ички ишлар тизимидаги алоҳида бўлинмаларнинг моҳияти ва вазифаларидан келиб чиқиб белгиланманган.

Қонун ички ишлар органларининг мажбурият (16-модда) ва ҳуқуқларини (17-модда) умумий белгилаб, ички ишлар тизимидаги алоҳида бўлинмаларнинг моҳияти ва вазифалари ўртасидаги фарқларни эътиборга олмайди. Бунинг асосий сабаби шундаки, қонун ички ишлар органлари айнан қайси алоҳида бўлинмалардан иборатлиги ва уларнинг вазифалари нимадан ташкил топганлигини аниқ белгиламаган. Натижада қонунда тилга олинган мажбурият ва ҳуқуқлар ёппасига бутун ички ишлар органлари ходимларига тегишли. Ваҳоланки, ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятида жиддий фарқлар бўлиб, мажбурият ва ҳуқуқлар доираси шунга қараб белгиланиши керак.

Ички ишлар органлари фаолиятини шартли равишда икки асосий қисмга бўлиш мумкин: жамоат тартибини таъминлаш ва жиноят-қидирув фаолиятини амалга ошириш. Жамоат тартибини таъминлашнинг асосий мақсади фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, мулки, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат. Жамоат тартибини сақлаш бўйича фаолиятга маҳаллий участка нозирларининг фаолияти, йўл-патрул хизмати, фуқаролик, паспорт, прописка ва ОВИР хизматларини киритиш мумкин.

Жиноят-қидирув фаолиятининг асосий мақсади эса жиноятларнинг олдини олиш. Бу мақсадни амалга ошириш учун ички ишлар ходимлари жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, терроризм, наркотик, ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш, қамоққа олиш, жазони ўташ ва суд қарорларини бажариш каби фаолиятларни амалга оширади. Мазкур икки йўналиш олдига қўйган мақсадлар бир-биридан фарқ қилгани учун уларнинг ваколат доираси ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилади.

Ҳайдовчилар саволи

Масалан, 17-моддада ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши айтилади. Мазкур ҳуқуқ йўл-патрул хизмати ваколатига киришини тахмин қилиш мумкин. Аммо жиноят-қидирув фаолияти билан шуғулланадиган ходимлар ваколатига кирадими? Фикримизча, йўл-патрул хизмати билан боғлиқ ваколатлар жиноят-қидирув фаолияти учун масъул бўлганлар ваколатига кирмаслиги керак. Аммо қонун мазкур муҳим жиҳатни тартибга солмайди.

Ёки бўлмаса, 17-моддада паспорт режими қоидалари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун фуқароларнинг турар жойларига уларнинг розилиги билан соат 6-00 дан соат 22-00 гача кириш мумкинлиги айтилади. Мазкур ҳуқуқ фуқаролик, паспорт, прописка ва ОВИР хизматлари учун масъул ички ишлар органи ваколатига кирса ҳам йўл-патрул хизмати учун масъул бўлган ходимлар ваколатига кирмаслиги керак.

Ваколат чегараси қаергача?

Қонунда юқорида тилга олинган муаммолар келиб чиқиши қисман тан олингандек кўринади. Масалан 17-модда бошида ички ишлар органлари ҳуқуқлари санаб ўтилишидан олдин “ўз ваколатлари доирасида” деб белгилаб ўтилган. Аммо қонунда бўлинмаларнинг ваколати айнан нимадан иборат эканлиги белгиланмангани учун алоҳида бўлинмаларнинг ваколати айнан қайси хатти-ҳаракатлардан иборат эканлигини аниқлашмумкин эмас. Бу эса, юқоридаги мисолларда тилга олингани каби, ички ишлар ходими томонидан ўз ваколатлари доирасининг асоссиз равишда кенг талқин қилинишига йўл очиб беради.

Мажбурият ва ҳуқуқлар доирасини белгилашда мавҳум тушунчалар қўлланилган

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 24-моддасига биноан, қонунда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши керак. Янги қонунда баъзи моддаларда мавҳум, турли шарҳларга очиқ бўлган тушунчалар ишлатилганини кузатиш мумкин. Масалан, 16-модда ички ишлар ходимига ҳуқуқбузарликлар содир этишга “мойил бўлган” шахсларни аниқлаш ва улар билан якка тартибда профилактика ишларини олиб бориш ҳуқуқини беради. Шахснинг ҳуқуқбузарлик содир этишга “мойиллиги” қандай аниқланади? Маҳалла нозири маҳаллада замонавий кийиниб юрган аёлни фоҳишабозликка мойил деб топиб, у билан ҳар ҳафта профилактика ишлари олиб бориши мумкинми? Ёки бўлмаса, ҳижоб кийиб юрган аёлни диний экстремизмга мойил деб топиб, ундан ҳам ҳар ҳафта профилактикага келишини талаб қилиши мумкинми? Фикримизча, иккала мисолда ҳам маҳалла нозири бундай қилиши мумкин эмас. Аммо қонун “ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллик” қандай аниқланишини белгилаб бермагани учун ички ишлар ходимлари бу ҳуқуқни суиистеъмол қилиши мумкин.

Милиция ўзбошимчалигини чекловчи жиддий механизм йўқ

17-моддада эса тақиқланган ёки чекланган нарсалар “бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда” ички ишлар органлари фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириши мумкинлиги белгиланган. Аммо асослар мавжудлиги қандай белгиланади? Талабанинг вилоятлик эканлиги уни шахсий кўрикдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладими? Ёки бўлмаса, бирон киши соат 23-00 дан кейин кўчада кетаётган бўлса, уни тақиқланган ёки чекланган буюмлари бор бўлиши мумкин, деб ҳисоблашга асос бўлиши мумкинми?

17-модда ички ишлар ходимларига “зарур бўлган ҳолларда” транспорт воситаларини тўхтатиш ва уни бошқариш ва фойдаланишга тегишли бўлган ҳужжатларни кўздан кечириш ҳуқуқини беради. Яна савол туғилади, ички ишлар ходими бундай ҳолат мавжудлигини қандай белгилайди?

Тахрирга мухтож қонун

Фикримизча, қонундаги мавҳум тушунчалар туфайли юқорида тилга олинган ҳолатларнинг олдини олиш учун қўшимча қонуности ҳужжати қабул қилиниб, мавҳум тушунчаларга аниқлик киритиш лозим. Масалан, “ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллик”ни аниқлашда ички ишлар ходимлари кишининг хатти-ҳаракатларидаги ғайритабиийлик, қочишга уриниш, кийимида жиноят содир этилганликни ошкор этувчи белгиларнинг мавжудлиги каби ҳолатларни эътиборга олиш кераклиги талаб этилиши мумкин. Бунда ички ишлар ходимининг шахсий фикри етарли асос бўлиб хизмат қилмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Рассом Туз
Манба: http://tashabbus.com/
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2017
Истанбул ҳокими Восип Шоҳин ва Истанбул амният мудири Мустафо Чолишқон 17 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, қўлга олинган одамнинг ...
18 май 2016
“Миллий тикланиш” газетаси шу номдаги партия “ёшларни ёт ғоялар, бузғунчи кучлар, мафкуравий таҳдидлардан авайлаб-асраш”га қаратилган саъй-ҳаракатларини тобора авж олдираётгани ...
3 июн 2016
30 май куни ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг уйига унинг руҳсатисиз, девор ошиб тушган шахсларнинг босими адибнинг кексайган 75 ёшида айни ...
30 ноябр 2018
1992 йилнинг декабрь ойида Қаҳрамон Хўжақулов яна ўз манбаларидан жиддий маълумот олади. Бу сафар МХХ ходимлари Афғонистондан Ўзбекистонга контейнерда ...
Блоглар
23 август 2019
Мамлакат турғунларининг бузилаётган уйлари учун бозор нархида товон талаб қилиши очкўзлик экан. Президент самолёти учун ...
14 август 2019
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг Покистонга ташрифи ва “Толибон” ҳаракати вакилларининг Тошкентга сафари ...
13 август 2019
Таниқли жаноб Алламжонов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Президенти маъмурияти ҳузуридги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тағин ...