Cатира
6 июн 2017

Россиядан алкаш ўғилнинг қайтиши…

Андижонлик Баҳромнинг мутахассислиги инженер-технолог эди. Аммо у Ўзбекистонда мутахассислиги бўйича иш топа олмади ва бошқа қишлоқдошлари қатори Россияга ишлагани кетди. (мақолада келтирилган барча исм фамилиялар этика нуқтаи назаридан ўзгартирилган. таҳр)

Уч тўрт йил ишлаб анча ўзини тиклаб олган Баҳром ватанига қайтди, аммо махалладошларининг айтишларича, у Россиядан ғирт алкаш бўлиб қайтган.

«Россияга ишлагани борганлар молиявий томонини ўнглаб олади, уйлар қуради, машина олади, ўғил уйлаб-қиз чиқаради, аммо муҳожирликнинг битта ёмон томони, кўпчилиги ичкиликка берилиб кетяпти», – дейди Элтуз мухбирига МФЙ ходими С. Жамолиддинов.

Ўзбекистондан Россияга ҳар йили юзлаб ватандошларимиз иш излаб боришади. Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилнинг май ҳолатига кўра, Россияда 1,7 миллион нафар ўзбекистон фуқаролари яшамоқда.

«Рус ароғи ўзбекникидан яхшироқ…»

Россиядан яқинда қайтган Дамирнинг айтишича, ишлагани борганларнинг ҳаммаси ҳам ичкиликбоз эмас. Бироқ, у Россияга борган киши албатта машҳур рус ароғидан тотиб кўришни исташини истисно этмади.

Дамирнинг таъкидлашича, меҳнат муҳожирларининг ичкиликка берилиб кетишига асосий сабаб, биринчиси Россияда иш ҳақига нисбатан ичкиликнинг арзонлиги бўлса, иккинчиси, машаққатли меҳнатдан кейин хордиқ чиқариш истаги ва ниҳоят учинчиси юрт, яқинлар соғинчини оз бўлсада эсдан чиқаришдир. Шу бахона ичкилик ичиб юришни одат қилган гастербайтерлар ватанига қайтгач ҳам бу одатларини ташлай олмаяптилар.

«Россия ароғи билан ўзимизда ишлаб чиқарилганини солиштириб бўлмайди, Россиянинг алкоголи сифатли, ичганингдан кейин эртасига бемалол ишингга ярайверасан, бошинг оғримайди, бизда эса қўлбола алкоголь кўпайиб кетган, таркиби нақ димедрол. Ичганингдан кейин “ўчасан”, дейди Дамир.

Элтуз мухбирининг ўрганишича, Россияда бир шиша ароқ сифатига қараб 100 рублдан 500 рублгача. Ўзбекистонда эса 7 минг сўмдан 35 минг сўмгача нархда.

«Мана ҳозир рўза ойи, барибир ишлаяпмиз, чунки доимий мижозларимиз бор, дўконни очмасак, уйдан чақириб чиқиб очдиришади» дейди андижондаги алкогол сотиладиган дўкон сотувчиси.

Ичкиликни ташлаш учун қатъий ирода керак

Балиқчи туманида яшовчи Муроднинг айтишича, унинг отаси ҳам Россиядан алкаш бўлиб қайтган. Мурод отасини ичкиликдан қайтариш учун ҳатто Андижон шаҳридаги наркология диспансерига мажбурий даволаниш учун олиб келган.

15 кунлик мажбурий даволаниш ҳам ёрдам бермаган эркак яқинда вафот этган. Унинг жасадини йўл ёқасидаги ариқ четидан топишган. Муроднинг айтишича, отаси маст холатда боши билан лотокка йиқилган бўлиши мумкин.

«Агар ичкиликбоз инсонлар ўзлари чин дилдан ичишни ташлашни хоҳлашмаса, уларни даволаб ижобий натижага эришиш қийин», – дейди шифокор Алишер Жалолов.

Унинг Элтуз нашрига билдиришича, агар беморда ирода ва қатъийлик бўлган тақдирдагина 15 кунлик мажбурий даволаниш натижа бериши мумкин.
Ичкиликдан халос этувчи ғузорлик табиб каромати

“Андижон-Тошкент” йўналиши бўйича ўз машинасида киракашлик қилувчи Каримнинг айтишича, кейинги пайтларда кўпчилик алкашлар Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи табибдан шифо топмоқда.

Каримнинг айтишича, табиб ичкиликка боғланиб қолган кишиларни Қуръони карим оятлари билан даволайди.

«Бир марта қишлоқдошларимдан тўрттасини обордим. Табибга бориб келгандан кейин фойдаси билинди. Тўртталаси ҳам ичмай қўйди. Шундан бери эшитган қулоқ борки, “табибга обориб келинг”, деяпти», дейди Карим.

Андижон туманида яшовчи Анвар бир-икки йилдан бери “бўкиб”ичади. Қўшнилари унинг жанжалларидан безор бўлишган. Уларнинг айтишича, Анварнинг Россияда иши юришмай депорт бўлиб келган, шу сабаб аламини ичкиликдан олаётган бўлиши мумкин.

Анварнинг ҳамтовоқлари тўпланиб, қаршилик табибникига бормоқчи бўлишди ва Анварни ҳам ўзлари билан олиб кетишди.

«Уччала шеригим табибнинг муолажасига киришди, мен кирмадим. Мен айтдим, Оллоҳ ўзи қайтармаса бу йўлдан, табибинг нима қиберарди, деб.

Агар мен шу ерда ваъда бериб, ичкиликни ташлайман, десам, сўзимда тураман, эркак кишининг гапи битта бўлади, дедим. Мана шунгаям икки ой бўляпти, ҳали оғзимга бир грамм ичкилик олганим йўқ. Ичиш, чекишни ташлаш бир лаҳзалик, бу – одамнинг ўзига боғлиқ», дейди Анвар.

«Ўзбекистондаги аҳволни кўриб, аламдан ичишади»

Россияда ишлаб келганлар у ердаги шарт-шароит, турмуш даражасини Ўзбекистондаги билан солиштириб бўлмаслигини айтишади.

«Бизда ҳамма нарса мўл-кўл, бироқ пул йўқ. Россияда пул бор, ишчи йўқ. Фаровон яшаш учун Россияда ишлаб, Ўзбекистонда яшаш керак!» дейди россиячилардан яна бири.

Унинг фикрича, ватанга қайтгач яна эски ҳаммом, эски тосга дуч келадилар, одам ижтимоий муаммолардан чарчайди.

Бунақа вазиятда ичкилик ичиш эса ҳақиқий ҳаётни кўриб келган одамлар учун энг яхши чора сифатида қолмоқда.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Расм муаллифи: Элсевар

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 июн 2021
Қашқадарёлик ўқитувчилар вилоят ҳокими топшириғи билан ҳар куни мажбурий марафонда қатнашаётганидан шикоят қилишмоқда. Косон тумани мактабларидан бирида ўқитувчилик қилувчи ...
11 август 2018
Ўзбек турмасида энг узоқ қолган журналист Муҳаммад Бекжон китобининг навбатдаги бобида Жаслиқ колониясидаги ҳар шанба ўтказиладиган ҳаммом куни, маҳбусларни ...
19 декабр 2016
Бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги комиссия «Халқ қабулхоналари»ни очиши лозимлиги айтилади президент Мирзиёевнинг фармойишида. Каримов анъаналари ортидан бораётган Мирзиёев ...
11 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...