Cатира
17 сентябр 2018

Нон нархи ошди, камбағалнинг ақли шошди

Бир вақтлар Ислом Каримов ноннинг нархини оширмаймиз, деб катта ваъда берган, лекин кейинчалик кўп бора кузатилганидек, ўз ваъдасининг устидан чиқмаган эди.

Шавкат Мирзиёев ноннинг нархини оширмаймиз, деб ваъда бермади, лекин унинг даврида қолипли нон, яъни буханканинг нархи бозор талаби асосида эркин белгиланадиган бўлди.

15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда шу пайтгача 650 сўмдан сотилаётган буханканинг нархи 1200 сўмга чиқди. Баъзи жойларда эса бундай нон 1100 сўмдан сотилмоқда.

Шу пайтгача ҳукумат ноннинг нархини субсидиялаб келаётган эди. 650 сўм қилиб 2014 йилда белгиланган нарх шу кунгача ўзгармай турганди.

Ҳукуматнинг янги қарорини шарҳлаган айрим нашрлар фермерлар арзон буханкани омихта ем ўрнида ишлатиб, молга беришгача бориб етгани ёзди.

Энди эса ҳукумат субсидиялашнинг янги шаклига ўтди. Яъни нон нархи ошишидан ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламни ҳимоялаш учун уларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида пулли компенсация тўланади.

Бу пул ёшга, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганликка доир ва бошқа айрим сабабларга кўра нафақа олувчиларга берилади.

Бундан ташқари, ҳукумат нарх-наво ошишининг олдини олиш мақсадида бир кг буғдой уни учун 1400 сўм миқдорида ягона нарх белгилади.

Аммо бу ҳам вақтинча. Мамлакат нон сотишнинг янги тартибига мослашув давридан ўтганидан сўнг ун ҳам эркин бозор нархида сотиладиган бўлади.

Албатта, Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарори эркин бозор иқтисодиётига ўтиш зарурати билан изоҳланса-да, аҳоли ўртасида нон нархи ўсишидан норозилик пайдо бўлгани табиийдир.

Биринчидан, асосан, шаҳарларда камбағалларнинг асосий егулиги айнан буханка нондир. Ҳар куни нонвойлар ёпадиган нонни сотиб олишга уларнинг қурблари етмайди.

Иккинчидан, буханка ноннинг қимматлашуви ортидан ёпган ноннинг ҳам нархи ошишини кутиш мумкин.

Зеро, шу пайтгача буханканинг арзонлиги ёпган ноннинг ҳаддан ташқари қимматлашиб кетиши олдини олиб турган “жиловловчи омил” вазифасини бажариб келаётган эди.

Албатта, аҳоли ҳукуматнинг янги қароридан очиқчасига норозилик билдириш даражасига бориб етмайди. Чунки буни “бўлари бўлди” қабилида, яъни юз бериб бўлган, энди унинг олдини олиш мумкин бўлмаган ҳолат сифатида қабул қилади.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда буханка нон нархининг ошиши кишиларда ички норозилик уйғотмай қолмайди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 ноябр 2016
Ўзбекистон телеканаллари «шукуҳ» сўзини яхши кўради. «Истиқлол шукуҳи», «фаровонлик шукуҳи», «мустақиллик шукуҳи», «бахтиёрлик шукуҳи»… Хуллас, ҳамма шукуҳ бор. Фақат ...
30 май 2017
Ангрен шаҳрида Ўзбекистоннинг шўролар даврида илк президенти бўлган Йўлдош Оҳунбобоевга ўрнатилган ҳайкал бузиб ташланди. Бу ҳақда 29 май куни ...
30 ноябр 2021
Eurasianet нашри президент Мирзиёевнинг Россияга ташрифи Ўзбекистоннинг Россия етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши керакми ёки йўқлиги ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга ...
26 сентябр 2016
«Адолат» газетаси (20.09) «Адолат» социал демократик партияси сиёсий кенгаши мажлиси бўлиб ўтгани, унда партиядан Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этадиган ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...