Cатира
15 феврал 2022

Юрак уришдан тўхтади

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Бўри баковул экан, тулки ясовул экан. Қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Азал-азалдан биология ва физология қонунларига бўйсуниб яшаб келаётган бир организм бор экан. Организмни Бош мия бошқарар экан. Унга ҳар куни ҳар хил фикрлар ёғилиб келаверар экан. Кунлардан бир куни у организмни бошқаришнинг янги усулини ўйлаб топибди ва барча ички аъзоларга қуйидаги хабарни юборибди: Ҳей ички аъзолар! Биз “Янги организм” қурамиз. Бир жойда ўтиришни бас қилинглар! Энди ҳамманг организм бўйлаб юрасанлар! Етар бир жойда туришларинг! Қайси аъзо қандай ишлаётганини ўз кўзинг билан кўришинглар керак” дебди.

Бош миядан ички аъзоларга келган ушбу мудҳиш хабарни эшитиб юрак дарғазаб бўлибди ва дарҳол Бош мияга хабар юборибди: “Бундай қилиш асло мумкин эмас! Анатомия қонунларини ҳеч қачон бузиб бўлмайди! Акс ҳолда организм ҳалок бўлади! Ҳар ким ўз ишини ўзи бажариши керак! Ахир ҳар кимнинг ўз вазифаси бор! Жигар ишини юрак, юрак ишини буйрак ҳеч қачон бажара олмайди, ахир!” Бироқ юракдан отилиб чиққан бу нидо Бош мияга кор ҳам қилмабди. Бош мия билганидан қолмабди. Унга қулоқ солмаган юракни кейин жазолайман, деб ўйлабди у.

Бош мия бошқа ички аъзоларга ўз ҳукмини ўтказа бошлабди. Унинг важоҳатидан қўрққан барча ички аъзолар ўзлари билмайдиган ва ҳеч қачон қилиб кўрмаган ишлари билан шуғулланишга бел боғлашибди. Ахир ҳар нарсани билгувчи Оллоҳ эмас, Бош мия-ку, деб ўйлабди улар. Шундай қилиб ички аъзолар “аъзобай-аъзобай” юра бошлашибди: жигар буйраклар турган жойга силжиб тушиб уларнинг вазифасини, буйраклар эса тепага силжиб чиқиб жигар вазифасини бажаришга киришибди, яъни улар ўт қопига сийдик ажратиб чиқара бошлабди, ҳалқум эса организмнинг энг пастига тушиб тўғри ичак қиладиган ишни, тўғри ичак эса энг юқорига чиқиб ҳалқум вазифасини бажаришга киришибди… Энг пастдаги тешикка тепага чиқиб оғиз вазифасини бажарасан дейишибди, пастдаги яна битта аъзога “тепага чиқиб тил вазифасини бажаргин” деган топшириқ келибди. Шунда тил тилга кириб “Мен нима қилай” деса, сен пастга тушиб “ўша аъзо” вазифасини бажарасан дейилибди. Қолган аъзолар билан рўй берган патологик ҳолатлар ҳақида гапиришга тил ожиз…

Организмда рўй бераётган шармандали ва фалокатли бу ҳолат оқибатида барча тўқималарда моддалар алмашинуви издан чиқиб анор сувидек ҳалол қон оқаётган томирларда харом қон оқа бошлабди. Ушбу патологик жараёндан таҳликага тушган юрак сўнгги маротаба Бош мияга илтижо қилиб: “Бу экспериментни дарҳол тўхтатинг! Акс ҳолда бутун бошли организм, шу жумладан, Сиз ҳам ҳалок бўлишингиз муқаррар!” дебди. Бош мия қалбга, яъни юракка қулоқ солмай билганидан қолмабди. Алал оқибат юрак уришдан тўхтабди…

Нейропсихолог, профессор
Зарифбой Ибодуллаев
14 феврал 2021 йил

Тағин ўқинг
23 январ 2019
Ўзбек матбуоти Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими Шерали Саломов йиғилишда фермер Ориф Дурматовни калтаклагани ва шу йилнинг 9 январида ...
28 август 2020
Ислом Каримов ўлими ҳақида илк бор «Элтуз» нашри 2016 йилнинг 29 август куни бир-биридан мустақил манбалари тасдиғига кўра хабар ...
16 апрел 2018
Мудофаа вазирлиги ҳарбийларнинг кийим-бошлари намунасини тақдим қилди. Ўзбек ҳарбийсининг янги мундири намуналари 1937 йилда Туркистон ойдинларини қатағон қилган НКВД ...
8 апрел 2015
Тошкентла “Style.uz” санъат ҳафталиги ўтмоқда – президент тўнғич қизининг дабдабали эрмаги, айни пайтда эса пахта далаларида болалар ўлмоқда, дея ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...