Вақт машинаси
4 апрел 2019

4 апрель – “Садои Туркистон” газетаси ташкил топди

1914 йилнинг 4 апрелида Тошкентда ҳунарманд оиласидан чиққан Убайдулла Хўжаев (Убайдулла Асадуллахўжаев) “Садои Туркистон” газетасини ташкил этди. Бу газета унинг муҳаррирлигида 1915 йилнинг 10 апрелига қадар фаолият кўрсатди.

“Элтуз” нашри ўрганиб чиққан архив ҳужжатларига кўра, “Садои Туркистон” (“Туркистон овози”) жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси бўлиб, Тошкентда ўзбек тилида, аввалига кунлик, кейинчалик моддий қийинчилик сабаб ҳафтада бир марта тўрт саҳифада босилган.

XIX асрнинг 80-йилларига келиб Туркистон ҳудудида хусусий босмахоналар ривожлана бошлаган, уларда, асосан, мадраса ва мактаблар учун дарсликлар босилган. Айни пайтда Тошкентда чор ҳукумати манфаатлари, Россиянинг ҳарбий ва сиёсий мақсадлари ва цензурасини кўзлаган босмахоналар бўлган.

Газета Фарғона вилоятида А.А.Чайкинга тегишли бўлган хусусий босмахонада босилган, таҳририят аъзолари газета фаолиятини йўлга қўйиш учун 25 рублдан улуш қўшишган.

Убайдулла Хўжаев фаолияти

Асосий касби адвокатлик бўлган, ҳунарманд оиласидан чиққан Убайдулла Хўжаев ўз даврининг илм маърифатли шахсларидан бўлган. У Саратов университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олган. Рус тилида ҳам мақолалар ёзган.

1917 йили I Умумроссия мусулмонлари қурултойида қатнашиб, Миллий Шўро МК аъзоси этиб сайланган. Ўша йилнинг майида Тошкент шаҳри думаси депутати бўлган. Айни пайтда унинг “Тараққийпарварлар” яширин миллий-маърифий ташкилот аъзоси бўлгани ҳам айтилади.

1917 йилнинг сентябридан Бирлашган Туркистон ишчи-деҳқон ва умуммусулмон кенгаши ҳайъати аъзоси.

1917-18 йилларда Туркистон мухторияти ҳарбий нозири бўлган.

Маърифат ва миллат тараққийси учун

Ўзбек матбуоти тарихида халқ онгига миллий таъсири билан энг ибратли нашрлардан бири бўлган «Садои Туркистон» таҳририятининг ўзагини 20-aсрлар бошидаги ўзбек ойдинлари Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Музаффаровлар ташкил этган.

Улар бош муҳаррир Убайдулло Хўжаевга газета фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашганлар, газета қиёфасини белгиловчи асосий мақолаларни ҳам шулар ёзишган.

rasm1095
Туркистон жадидлари

“Садои Туркистон”да ўша давр ойдинлари Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Абдулла Қодирий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний, Мирмуҳсин (Шермуҳаммедов), Холид Саид, Саидносир Миржалилов, Мўминжон Муҳаммаджонов, Нўширавон Ёвуш, Сиддиқий, Лутфилла Олимий, Мулла Саид Аҳмад Васлий, Фузайил Жонбоев, Муҳаммаджон (мударрис), Бадриддин Аъламий, Ҳожи Муин Иброҳим Даврон, Шокиржон Раҳимий каби миллатпарвар адиб ва зиёлилар ҳамкорлик қилишган.

Туркистоннинг маънавий-маърифий юксалишига кўмаклашиш мақсадида чиқарилган бу газета миллий таълимни замонавийлаштириш, миллат дардини акс эттирувчи адабиёт ва санъат яратиш, миллат онгини юксалтиришга хизмат қилувчи матбуотни ривожлантириш, аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, ахлоқий тарбия ва давр учун долзарб бошқа муаммоларни ёритган.

Юртпарварлик, миллий истиқлол ва маърифат ғояларини изчил тарғиб қилган газетанинг тарихий хизмати миллий тараққиётни юзага чиқаришга қодир маърифатли, инсофли, диёнатли инсонларни етиштирганидадир.

Газета фаолиятининг тўхтатилиши

“Садои Туркистон” ўша даврдаги миллий матбуот нашрлари сафида олдинги ўринда туради. Бироқ жадидлик ва миллий либерал ғояларни илгари сурган газета чор ҳукумати томонидан тўхтатилади.

Айрим манбаларда унинг фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтагани айтилади. Бошқа манбаларда эса газетанинг ёпилишига чор охранкасининг 1916 йил сентябрь ойида Туркистон генерал-губернаторига ушбу газетасининг миллий моҳияти ҳақидаги кўрсатмаси сабаб бўлгани айтилади. Бунгача унинг жами 66 сони чиққан.

1916 йили Убайдулла Асадуллахўжаев ушбу вақтли нашр фаолиятини Андижон шаҳрида тикламоқчи бўлади, бироқ Россия цензурасини тамсил қилувчи Фарғона вилояти ҳарбий губернатори газетани чиқаришга рухсат бермайди.

Шу палладан бошлаб Убайдулла Хўжаев миллий маслакдошлари билан Туркистон мухториятини ташкил этиш ва миллат истиқлоли йўлидаги курашга қўшилади.

rasm1102
20-йиллар. Туркистонда шўролар ҳукмронлиги. Катта Совет энциклопедиясидан

Маърифат ва миллат таназзули

Бироқ 1918 йилдан Убайдулла Хўжаев сиёсатдан четга чиқади ва фақат маърифий-адабий фаолиятга ўзини бағишлайди.

Айни шу шўролар даврида у билан бирга матбуотни ташкил этиш ва тараққий топтиришда хизматлари сингган Усмонхон Эшонхўжаев, Зиё Саид, Мўмин Усмон, Маннон Ромиз, Аъзам Аюбов, Абулхай Тожиев, Муҳаммад Ҳасанов, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Қосим Сорокин, Қурбон Берегин ва бошқа истеъдодли журналистлар, муҳаррирлар, публицистлар ўзлари ташкил этган матбуотда «халқ душманлари», «партияга қарши троцкийчи-зиновьевчи-бухаринчи гуруҳларнинг ҳамтовоқлари», «ашаддий миллатчилар» деб ноҳақ бадном қилинди ва сталинча қатағон қурбонига айландилар.

1929 йили у “ўз хизмат вазифасига совуққонлик кўрсатгани” учун 1 йил мажбурий меҳнатга ҳукм қилинади.

1931 йили “аксилинқилобий фаолиятда” айбланиб, Сибирга сургун қилинади.

1937 йили муддатидан олдин озод этилиб, Тошкентга қайтади.

1938 йилнинг 20 февралида Тошкентда қайта ҳибсга олинади.

1939 йили “аксилсовет ва миллий” ноқонуний ташкилотга аъзоликда айбланиб 8 йилга ҳукм қилинади.

1942 йили Убайдулла Хўжаев (Асадуллахўжаев) турмада вафот этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 апрел 2019
Сўнгги вақтларда бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, мамлакатнинг АҚШ ва Бельгиядаги элчилари ...
9 сентябр 2019
Зимбабвенинг 37 йиллик диктатори ўлгани фонида Ўзбекистон парламентининг қарийб шу ёшлардаги депутати Акмал Умирзоқов мавжуд номенклатурадан ташқаридаги шахсларнинг депутат ...
2 ноябр 2015
2015 йилнинг 8 – 9 июля Женевада Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Қўмитасининг кенгаши бўлиб ўтди, унда Ўзбекистондаги вазият муҳокама ...
6 октябр 2016
6 октябр куни эрталаб милиция ходимлари томонидан ушланган фотограф Темур Карпов билан бирга Тошкент вилоятининг Бўка тумани пахта даласида, ...
Блоглар
11 декабр 2019
Кун ўтмоқда, сана ўзгармоқда, лекин ижобий ўзгаришлар рўй бермаяпти. Мен Одил Элмурод, ”Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ...
10 декабр 2019
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раис ўринбосари бўлиб ишлаган Дилшодбек Ҳошимов ушбу муассасага Жаслиқ қамоқхонаси мулозимлигидан келган ...
9 декабр 2019
Абдували Қутбиддин 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди. Замондошлари наздида у ўзбекнинг далли ...