Вақт машинаси
4 май 2018

4 май – Ҳожимурод рус қоровулларини ўлдириб, исëнкорлик йўлига ўтди

Ҳожимурод ўз қаҳрамонликлари билан донг чиқарган, бирор ёққа борганида туғ кўтарган, атрофида от ўйнатиб, уни кузатиб борувчи ўнлаб муридсиз юрмайдиган Шомилнинг ноиби эди.

Бўйсунмас авар аслли Ҳожимурод бундан олдин руслар тарафга ўтган эди.

Аммо руслар унга ишонмай, атрофига қоровуллар қўйиб қўйишганди.

Ҳожимуродни ушлаш учун тиш-тирноғигача қуролланган 300 нафар рус аскари ташланади. Озарбайжоннинг Гаҳа туманидаги ўнқирга ўрнашган Ҳожимурод учта авар ва битта чечен қуролдоши билан 300 та босқинчи русга қаршилик кўрсатади.

Ҳожимуроднинг кўз ўнгида бирин-кетин тўртта сафдоши босқинчилар ўқидан шаҳид бўлади.

12 жойидан ўқ еган Ҳожимурод эса сўнг дақиқада ханжарни қўлига олиб босқинчиларни бўғизлайди.

Тенгсиз жанг мобайнида Ҳожимурод 17 босқинчи русни ўлдиради. Шундан кейин Кавказ ботири, авар халқи етиштирган қаҳрамон Ҳожимурод ўқ ëмғири остида тик туриб жон беради.

Руслар унинг бошини кесиб Санкт – Петрбургга юборишади. Айни пайтда бу бош Эрмитажда сақланади.

Ҳожимурод ҳалок бўлган жой бугунги кунда зиëратгоҳга айланган.

1890 йили рус ëзувчиси Лев Толстой “Ҳожимурод” қиссасини ëзади. Ëзувчи ўлимидан сўнг 1912 йилда нашр қилинган бу қисса “ўтмишга қараб келажак ҳақида муҳокама юритинг”, деган мессеж устига қурилади.

Лев Толстой ўз боғидаги бир гиëҳни Ҳожимуродга қиëслайди:

“Мен турли-туман гуллардан каттакон гулдаста ясаб, уйимга қараб кетаётганимда зовур ичидаги ажойиб қизғиш рангли, чаман-чаман очилган, бизда қушқўнмас деб аталувчи, чалғичилар уни чопмасдан қолдириб ўтадиган, мабодо қўққисдан чопилиб кетган бўлса, қўлга кирмасин учун ўт ичидан олиб ташланадиган тиканакка кўзим тушди.

Мен бу тиканакни юлиб олиб, гулдастамнинг ўртасига қўймоқчи бўлдим. Зовурга тушдим-да, гулнинг ўртасига ёпишиб олиб, қаттиқ уйқуга кирган тукдор арини ҳайдаб, уни узишга тутиндим.

Аммо бу иш жуда қийин бўлди, гулнинг тиканаклари ҳар тарафдан, ҳатто қўлимга ўраб олган рўмолдан ҳам ўтиб, найзадек санчиларди, бугина эмас — у шу қадар чайир эдики, мен унинг дастасини титиб, ипларини бирма-бир узиш учун беш минутча овора бўлдим.

Ниҳоят гулни узиб олган пайтимда унинг пояси тамом титилиб тўзғиган эди, гулнинг ўзи илгаригидек гўзал кўринмасди. Бундан ташқари, у ўзининг дағаллиги ва беўхшовлиги билан гулдастанинг нозик гулларига қовушмас эди.

Мен ўз тупида яшнаб турган гулни узиб беҳудага жувонмарг қилганим учун ўкиндим, кейин уни ерга ташладим. «Ажабо, ҳаётнинг нақадар ғайрат ва кучи бор,— дея мен гулни узаётганимдаги чеккан машаққатимни хотирладим,— у ўз ҳаётини жуда зўр куч билан ҳимоя қилди ва осонликча жон бермади», дея бошланган бу қисса финалида Ҳожимуроднинг ҳалок бўлгани тасвирланади.

“Энг аввал уни ярадор қилдилар. Ўқ унинг бўйнига тегди ва қон тупуриб, сўкиниб орқаси билан ерга ўтириб қолди.

Ундан кейин Ҳожимурод ярадор бўлди. Ўқ унинг елкасидан тешиб ўтди. Ҳожимурод камзулидан пахта олиб, ярасига тиқди, отишни давом эттирди.

— Қилич билан ҳужум қилайлик,— деди Элдор учинчи марта.

У душманга ташланишга тайёр бўлиб, тўсиқдан бошини чиқарди, лекин шу минутнинг ўзидаёқ унга ўқ келиб тегди, Элдор гандираклаб Ҳожимуроднинг оёғига чалқанча йиқилди.

Ҳожимурод унга ялт этиб қаради. Чиройли қўй кўзлар тикилиб ва жиддий бир равишда Ҳожимуродга боқмоқда эди. Болаларникига ўхшаган, устки лаби чўччайиб оғзи очилмасдан дирилламоқда эди.

Ҳожимурод унинг остидан оёғини чиқариб олди-да, душманни мўлжалга олишда давом этди, Ҳанафий ўлдирилган Элдор устига эгилди ва унинг черкаскасидан отилмаган ўқларни ола бошлади. Қурбон бу орада милтиғини секин ўқлаб ва душманни мўлжалга олиб ҳамон калима келтирарди.

Душманлар қийқириқ ва сурон билан бутадан бутага чопиб ўтишиб, борган сари яқин силжимоқда эдилар.

Яна бир ўқ келиб Ҳожимуроднинг чап биқинига тегди. У зовурга ётиб олди-да, камзулидан бир парча пахта суғуриб, ярасига тиқди. Биқинидаги жароҳат қаттиқ жароҳат бўлиб, Ҳожимурод ўлишини сезди. Хотиралар ва тасвирлар ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўтдилар. У ҳали ўз қаршисида бир қўли билан кесилиб тушган юзини ушлаган, бир қўлида ханжар тутган ҳолда душманга ташланаётган паҳлавон Абунунсалхопни кўрар, ҳали оқ, айёр юзли чол Воронцовни кўрар, унинг мулойим товушини эшитар, ҳали ўғли Юсуфнинг, ҳали хотини Софиатнинг, ҳали душмани бўлган, рангсиз, сариқ соқолли, хумор кўзли Шомилни кўрар эди.

Бу хотираларнинг ҳаммаси ҳам унда ҳеч қандан туйғу: на ачиниш, на ғазаб ва на қандай бўлмасин, бирор истак уйғотмасдан, унинг хаёлидан учиб ўтдилар.

Буларнинг ҳаммаси унинг ҳаётида бошланган нарсага нисбатан жуда аҳамиятсиз бўлиб туюлди. У энг сўнгги кучини йиғди, зовурдан кўтарилди ва чопиб келаётган кишини тўппончадан ўқ отиб йиқитди, кейин зовурдан тамом чиқди ва оғир оқсоқланиб, ханжар билан тўппа-тўғри душманга қарши кетди.

Бир қанча ўқ отилди, у гандираклаб йиқилди. Бир қанча милиционерлар ғолибона қийқириқ билан йиқилган жасадга ташланди. Лекин уларга ўлган бўлиб кўринган тана бирдан қимирлай бошлади.

Аввало папахсиз қонли тақир боши, кейин танаси кўтарилди, сўнгра дарахтни ушлаб,тамом кўтарилди. У шу қадар қўрқинчли бўлиб кўриндики, унинг ёнига чопиб келаётган одамлар тўсатдан тўхтаб қолдилар. Аммо у бирдан тебраниб, дарахтдан нари гандираклаб кетди-да, худди тагидан чопилган тиканак сингари чўзилиб бориб, юзтубан йиқилди.

У қимирламасди-ю, лекин атрофидаги нарсаларни сезарди. Унинг олдига энг аввал етиб келган Ҳожи оға ханжари билан бошига урган пайтда Ҳожимуродга болға билан ураётгандай туюлди ва у бу ишни ким нима учун қилаётганини англай олмади.

Бу пайтда у жон бермоқда эди. Шундан сўнг у ортиқ ҳеч нарса сезмади, душманлар эса энди янада ваҳшийлашиб уни топтар ва тилкалар эдилар. Ҳожи оға жасаднинг устига чиқди-да, икки марта ханжар уриб бошини танасидан жудо қилди, сўнг чувагини қонга булғамаслик учун оёғининг учида авайлаб каллани нарига тепиб юборди. Ҳожимуроднинг бўғзидан қизил қон, бошидан қора қон тирқираб чиқиб, кўкатларни бўяди. Қарганов ҳам, Ҳожи оға ҳам, Аҳмаджон ҳам, бутун милиционерлар ҳам худди ҳайвон ўлдирган овчи сингари Ҳожимурод ва унинг ҳалок бўлган навкарлари тепасига тўпланишдилар. Ҳанафий, Қурбон ва Гамзалони боғлаб қўйишди, сўнг буталар орасида туриб қолган порох тутунлари ичида шанғиллаб гапиришиб, ўз ғалабаларининг кайфини суришарди.

Отишма вақтида жимиб қолган булбуллар аввал бири яқиндан, сўнг иккинчиси узоқдан яна сайраша кетишди.

Ҳайдалган дала ўртасидаги япчилган тиканак менга ана шу ўлимни эслатди¸ дея улуғ Лев Толстой ўз қиссасига якун ясайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 май 2018
Тошкентдаги “Малика” маиший техника бозори ўтган ойда 15 кунга ёпиб қўйилган пайтда ошкора норозилик билдирган тадбиркорлардан дўконлари олиб қўйилаётгани ...
25 декабр 2018
Ўзбекистонда импорт ҳажми экспортга нисбатан давомий равишда ортиб бораётгани қисқа ва ўрта истиқболда мамлакат ташқи қарзларининг кескин кўпайишига олиб ...
18 январ 2017
Турк матбуотига кўра Машариповнинг Ўзбекистон ватандоши эканлигини расмий Тошкент тасдиқлаган. Ўзбекистон тарафига кўра, Машарипов қидирувда бўлган. Турк полициясига кўра, ...
24 июл 2017
Мактабларнинг 11 йиллик таълимга қайтиши ортидан Андижондаги коллежларнинг юзлаб ўқитувчилари ишсиз қолмоқда. Андижон шаҳридаги 2-сон Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ...
Блоглар
14 август 2019
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг Покистонга ташрифи ва “Толибон” ҳаракати вакилларининг Тошкентга сафари ...
13 август 2019
Таниқли жаноб Алламжонов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Президенти маъмурияти ҳузуридги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тағин ...
1 август 2019
Ўзбекистон ҳам шармандали равишда уйғур қардошларимизга бўлаётган Хитой ҳукумати зулмини қўллаб чиққан 50 та давлат ...