ART-DURBIN
13 феврал 2020

Анвар Обиджоннинг бугунни эслатувчи асари

Анвар Обиджоннинг 1983 йил ёзилган «Эй, ёруғ дунё!» китоби мазмуни баъзи жиҳатлари билан шу бугунги Ўзбекистонда юз берган воқеаларга ҳам жуда ўхшайди.

Ўзбек адабиётининг забардаст ёзувчиси Анвар Обиджон 25 январь куни 72 ёшга тўлди. У 1947 йилнинг 25 январида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган эди. 

Унинг «Эй, ёруғ дунё!» китобида ўхшаш воқеалардан ташқари, одамлар табиатидаги таъмагирлик, лаганбардорлик, маддоҳлик кўринишлари бугунги кун зеҳнияти каби акс этган.

Аламазон исмли асар қаҳрамони номидан баён қилинган қисса икки ошнанинг Жандағорда адашиб қолишларидан бошланади.

1983 йили чоп қилинган китоб муқоваси

Юлдузистонда ҳокимият алмашуви

Улар адашиб-адашиб, ғор орқали Юлдузистон деб аталган ер ости салтанатига келиб қоладилар.

Феълидаги қўполлиги, таъмагирлиги ва мақтанчоқлиги билан бугунги кун ментларидан қолишмайдиган икки миршаб – Тиртиқ ва Шилпиқ уларни жосусликда гумонлаб, сўроқ қилади.

Ҳумо Хартум – асардаги эътиборга лойиқ ижобий қаҳрамонларнинг бири.

У Қўтир Тўртинчи даврида туғилган «мирзатеракдек ингичка бир чол».

Қўтир Олтинчи вафотидан кейин иқтидорга келган Исқирт Биринчи даврида уни янги қоидаларга риоя этмагани учун жиннига чиқаришиб, ҳукумат ишларидан четлатишган.

Эшакка сиғинадиган халқ

Китобни рассом Т. Редкина ва В. Немировский безаган

Исқирт Биринчи мамлакат ҳукмдори Қўтир Бешинчи вафотидан сўнг қўтирлар сулоласини тугатиб тахтга ўтиради.

Ифлосликларни яхши кўргани учун бутун мамлакат халқини исқирт юришга мажбурлайди.

Покиза юрадиганлар зиндонларга ташланади, тавба қилиб, исқирт бўлишга ваъда берганларгина озод этилади.

Юлдузистонликлар онгига зўравонлик билан жирканч одатлар сингдирилган.

Барча маърифатли, адолатпарвар, халқпарвар пок кишилар Юлдузистоннинг чекка Аждаробод вилоятига қувғин қилинган.

Чунончи, Исқирт Биринчи гўдаклик чоғида эшак эмиб қўйган.

Шаҳзода ва подшоҳ оиласини бу исноддан қутқариш учун шаҳзодани пайғамбар, эшакни эса зўрлаб худо дея эълон қилганлар.

Одамларни эшакка сиғинишга мажбур этганлар.

Сарой маддоҳлари

Китоб иллюстрацияси. Рассом: Т. Редкина

Олдин ўтган подшоҳни улуғлаган шоир Дуторий энди мамлакатнинг янги раҳбари Исқирт Биринчига атаб шеърлар ёза бошлайди:

Ювилмаган бетингиз мунча чиройли,
моғор босган этингиз мунча чиройли.
У ёнингиз кир эрур, бу ёнингиз кир,
Олдингизу кетингиз бунча чиройли.

Ёки

Эй, Дуторий, онангга суйканмағил кўп,
Сенинг пуштипаноҳинг Исқирт Биринчи.

Ҳукмдор ғазабидан қўрқув шу даражада бўлганки, Аламазоннинг сафардаги содиқ дўсти Эшмат Ишма ҳам зиндонбанд бўлишдан қўрқиб Исқирт Биринчини улуғлашга киришади:

Яшасин Исқирт Биринчи,
Исқирт Биринчи яшасинлар!
Тоза юрган хумбошларни
қамоққа гулдургуп
ташласинлар!

Китоб иллюстрацияси. Рассом: Т. Редкина

Сарой амалдорлари

Хуфия ишлар бошлиғи Фисқиддин Макру Мараз ҳар қандай шахсга жосуслик айбини қўйиб, қаматишга тайёр амалдор.

Лекин янги подшо даврида Исқирт Биринчининг амакиси – бош вазир Бурбулитнинг обрўси ундан баландроқ.

Эндиликда махфий хизмат бошлиғи Фисқиддиннинг обрўси яқинда мамлакатга қозикалон бўлган Ҳошим Хезиддин даражасида.

Шунингдек, улардан бир тиш пастда бош айғоқчи Исом Итту Искабтопар, икки миршаб – Шилпиқ билан Тиртиқ туради.

Уларнинг барчаси мамлакат раҳбарининг бемаъни йўриқларини олқишлаб мартабали бўлишган.

Аламазон ва унинг пиёдалари

Мана шундай истибдод, ғаройиб одатлар ҳукм сурган ер ости ўлкасига тушиб қолган асар қаҳрамони Юлдузистонни адолатсизликлардан қутқариш истагини амалга оширишга киришади.

У мавжуд режимни аччиқ ҳажв қилувчи «Бай-бай-бай» ансамблини ташкил этади:

Шоҳнинг битта сири бор,
Етти қават кири бор,
Бурбулитга улфатдир,
Эл бошига кулфатдир.

Керилиб гап сотармиш,
Бурнин биров артармиш.
Ҳаддан ошди тирмизак,
Ўнгланмайди урмасак.

Бай-бай-бай!

дея қўшиқ айтади Анвар Обиджоннинг қувноқ қаҳрамонлари.

Тоштақалик Аламазон шу тариқа мутойиба аралаш зўр фантазия кўрсатиб, халқни курашга отлантиради, уларнинг онгини уйғотиб, ғалаба қозонишга эришади.

Китобнинг онлайн нусхасини бу ерда ўқиш ёки кўчириб олиш мумкин.

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 сентябр 2019
Самарқандда 27 август куни ўтган “Шарқ тароналари” фестивали арафасида дайди итлар ва мушукларнинг оммавий ўлдирилиши ижтимоий тармоқларда жамоатчилик норозилигига ...
27 март 2017
Баҳор дунёнинг турли нуқталарида турлича келади. Чунки баҳорни ҳамма ўзгача талқин қилади, ўз билганигача таърифлайди. Ўзбекистоннинг босма нашрлари ҳам ...
1 март 2016
24 февраль куни Наманганда “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Хайрулла Турматов, Ўзбекистон ...
20 май 2020
Абдували ДПНК бошлиғига доклад қилиб бўлганидан сўнг менга нотаниш бўлган катта лейтенант уни сўроққа тута бошлади. – Қайси оқимдансан? ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...