Асосий мавзулар
14 май 2019

15 май – шоир Боту туғилган кун

1938 йил 9 май куни 34 ëшида Москвада халқ душмани дея отиб ўлдирилган Боту (Маҳмуд Ҳодиев) Туркистон модерн шеъриятининг ëрқин вакилларидан бири эди.

Сталин жаллодлари қўлида ўлишини ҳис қилган шоир 1929 йилда “Эй, муаррих, ушла ëзғич, бизни эсла шон билан”, дея хитоб қилган эди.

Боту ўзбек ëзувчи ва шоирларининг чақувига асосан 1930 йили қамоққа олиниб, Соловки оролларига сургун қилинди.

Боту “миллатчиликда” айбланади.

8 йил мобайнида қийноқлар ва ноинсоний муносабат билан юзма-юз бўлган Боту руҳан синмади¸ бошқалардан фарқли ўлароқ, чақув ҳужжатларига имзо чекмади.

Шоирнинг рафиқасига кўра, 1936 йилдан кейин Ботудан хат-хабар келмай қўйган.

“Элтуз” тасарруфидаги тарихий ҳужжатларда Ботунинг 1938 йил 9 майда Москвада халқ душмани сифатида ноҳақ айбланиб, трибунал ҳукми билан отиб ташлангани ëзилади. Айни пайтда шоирнинг олдин отиб ўлдирилиб, кейин ҳукмнинг расмийлаштирилгани ҳақида ҳам иддаолар бор.

Ҳар ҳолда 1938 йили ëзувчининг оиласига қатл ҳақида ҳабар берилмаган.

1941 йили шоирнинг рафиқаси ҳам қамоққа олиниб, 10 йил сургунга юборилади.

1942 йили шоирнинг ўғли Эркли “миллатчи халқ душманининг ўғли”, деган айб билан 4 йилга қамалади.

Шоирнинг отиб ўлдирилганлигини унинг қизи Наима опа Соловки лагерига отасини излаб борганида КГБ архивларидан билиб олади.

Шоир Боту 1958 йили реаблитация қилинган бўлса ҳам Ўзбекистон ССР ëзувчилар уюшмаси уни адиб сифатида оқлашга шошмайди.

Туркистонни уйғотмоқчи бўлган жувонмарг шоир

1904 йилнинг 15 майида Тошкентда туғилган Боту 1914 йилдан то 1917 йилгача рус-тузем мактабида ўқиди.

1921 йилдан то 1927 йилгача Москва давлат университетининг иқтисод факультетида таҳсил олган Боту ҳали талаба бўлган 1925 йилда «Умид учқунлари» номли шеърлар китобини нашр қилдирди.

Бу китобида ëш шоир Туркистон элини уйғоқликка чорлайди:

Бутун оғочлар чиқарди япроқ,
Улуғ Тангрининг қудратига боқ.
Қушлар сайрашур оғочга қўниб,
Ҳар кимни кўрсанг юрар шодланиб.
Ғир-ғир шамоллар юзга урарлар,
Кўнгилга қандай шодлик берарлар.
Қиш ўтди эмди, эй туронликлар,
Битсин ялқовлик, туркистонликлар!

Аммо туркистонликларнинг ялқовлиги ëш шоирнинг нидоси билан тугамагач¸ Боту шеърларида ҳузун ишоратлари кўрина бошлайди:

Сўрма, ўртоқ, кўзларимда
ўтли ёш қайнашганин,
Сўрма ҳеч бир юзларимда
қайғулар ўрнашганин,
Сўрма бу мажнун кўнгилнинг
дард ичида ёнганин,
Сўрма бу маҳзун хаёлнинг
қай очунда юрганин.
Бу сўроқларга жавоб қўнгил
сирин очмоқ, демак,
Дардли қалб вулқонларидан
лавалар сочмоқ, демак,
Лавалар сочмоқ бутун борлиқни
йўқ этмоқ, демак,
Марҳамат йўқ, тўғрилик йўқ
дунёдан кечмоқ керак.
Дардлилар дард англатолмас
дардсиза сўзлов билан,
Кўрсатиб бўлмас қуёшни
кўзсиза мақтов билан.

Ботунинг илк сўзи ҳам, сўнг сўзи ҳам УМИД ҳақида бўлди. Қамалишидан олдин ëзган шеърларидан бири “Умид сўзлари” дея номланган:

Юракда умидлар, амаллар…
Тўзимсиз қирғоқни босаркан,
Нега мен чақмокдай югурмай?!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 май 2015
“Россия бизни босиб оладими¸байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб ¸бизни қул қиладими бизга барибир. Қорин тўқ чўнтак бут бўлса бўлгани” ...
9 апрел 2019
Тошкент шаҳри ИИББ подполковниги 38 яшар Умид Қурбонов пойтахтнинг Чилонзор тумани Муқимий кўчасида 6 апрель кечаси бир аёлни машинасида ...
26 феврал 2016
Эртага шанба, кимлардир дам олади. Лекин одамлар соғлиғи учун жавобгар Ўзбекистон тиббиёт тизимининг аксарият ходимлари бундан мустасно. Улар том ...
10 декабр 2018
Ўзбек матбуоти чоп этаётган мақолаларга ишонилса, энди ҳамма ғалласини давлатга топширишга мажбур бўладиган деҳқоннинг бошига “бахт қуши” қўнган. Маҳаллий ...
Блоглар
18 сентябр 2019
Шу кунларда ЎзА журналисти Анора Содиқова ўзбек тилининг Ўзбекистонда ривожланишини қўллаб чиқишлар қилди. Таниқли ўзбек ...
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ...
6 сентябр 2019
“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”. Бу мисраларни ...