Document UZ
17 март 2023

17 март – СССРни сақлаб қолиш референдумида Ўзбекистон ҳайбаракалласи

1991 йилнинг 17 мартида Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзкомпартия СССРни сақлаш учун 93,7 фоиз овоз ташкил қилиб берган эди.

Референдумга оид ҳужжатларда (Грузия, Эстония, Латвия, Литва, Молдавия ва Арманистондан ташқари) унга бутун Иттифоқ бўйлаб жами 80 фоиз, Ўзбекистондан эса 95,4 фоиз сайловчи иштирок этгани иддао қилинади.

rasm943
«Халқ сўзи», 1991 йил 16 март сони

Каримов мафкураси тўқиган икки афсона

Қўлимизда 1991 йил 16 ва 17 мартда чоп қилинган “Халқ сўзи” газетаси. Орадан 25 йил ўтиб газетанинг сарғайган саҳифаларини варақлар эканмиз, сўнгги йилларда Каримов мафкураси тўқиган икки афсонанинг йўққа чиққанлигини кўрамиз.

Булардан бири ўзбек номенклатураси ва унинг бошида турган Каримовнинг “мустақиллик учун курашгани” ҳақидаги афсона бўлса, яна бири мустақилликдан олдин “Наврўз тақиқлангани” ҳақидаги иддао.

Бундан 25 йил олдин чоп қилинган “Халқ сўзи” газетасида икки мавзу тилга олинади. Булардан бири “Буюк СССРни сақлаб қолиш” ва иккинчиси “Ўзбекистондаги Наврўз шукуҳи”.

«Халқ сўзи» газетасининг 16 март, шанба куни чоп қилинган 54-сонининг биринчи варағида “Буюк Иттифоқ давлатимизни сақлаб қолайлик” сарлавҳали бош мақолага кўзимиз тушади.

Газета манжетида эса “Эртага фуқаролик бурчимизни бажарамиз. Лотинчада referendum – ўзбекчада дил изҳори”, деган шиор ўрин олган.

Саҳифанинг ўнг тарафида “Ўзбекистон ССР билан Қирғизистон ССР ўртасида дўстлик ҳақида»ги шартнома матни берилган.

Саҳифанинг қолган ярми эса “Наврўз нафаси” ва “Андижоннинг вилоят бўлганига 50 йил тўлгани” ҳақидаги мақоладан иборат.

“Бир тану бир жон бўлиб…”

rasm941
«Халқ сўзи», 1991 йил 17 март сони

Газетанинг 16 март кунги сони ўзбекларни «СССРни сақлаб қолиш референдумида “ҳа” деб овоз беришга” тарғиб қилади.

17 март кунги сони эса бу “тарғибот меваси” сифатида кўринади. Обуначига 3 тийин (уч қути гугурт нархи), дўкондан сотиб олиш учун эса 18 тийин дея нархланган “Халқ сўзи”нинг 17 март сони “Тақдир чегараси” ва “СССР президенти овоз беради” сарлавҳали мақолалар туркуми билан очилади.

Хушнуд сайловчилар суратлари илова қилинган бу мақолаларда ўзбекларнинг СССРни сақлаш учун “бир тану бир жон бўлиб овоз бергани мамнуният билан” қайд қилинади.

“Халқ сўзи” мухбири Ўзкомпартия мулозими Дилмурод Маҳмудовдан иқтибос келтириб, референдум арафасида республика раҳбарияти СССРни сақлаб қолиш учун улкан тарғибот ишлари олиб борганини таъкидлайди.

Мақолаларда оддий халқ вакилларининг “СССРни қандай севишлари” ҳақидаги “инсоний» ҳикояларга ҳам кенг ўрин берилади. “Бўлинганни бўри ер, айрилгани айиқ ер” каби шаклан миллий, мазмунан социалистик мақолу маталлар қўлланилади.

Мақолалардан бирида тўшакка михланиб касал ëтган ўзбек кампирнинг СССРни сақлаш учун овозини қай тарзда бергани ҳиссий ҳикоя қилинади.

Газетанинг охирги саҳифасида Ўзбекистон ССР округларидаги референдум натижалари эълон қилинган. Бу маълумотларга кўра, ўзбек сайловчиларнинг 93,7 фоизи “СССРни сақлаб қолиш учун» овоз берган.

«Эрк» партияси СССРга қарши овоз беришга чақирган

rasm953
«Эрк» ДП лидери Муҳаммад Солиҳ, 1991 йил

1991 йил баҳорида бўлган референдумни бойкот қилиш борасида Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси қатор тадбир ўтказган эди.

Eltuz.com тасарруфидаги маълумотларга кўра, 1991 йил Ўзбекистон парламентида озчиликни ташкил қилган “Эрк” демократик партияси референдумда СССРга қарши овоз беришга чақирган.

“Эрк” демократик партияси СССРга қарши варақа чоп қилиб, аҳоли ўртасида тарқатган.

1991 йилнинг 15 мартида Урганч автовокзалида «Эрк»нинг СССР референдумига қарши варақасини тарқатаëтган ихтисослашган математика мактаби ўқитувчиси Гулнора Қўшбоева милиция ва КГБ зобитлари тарафидан қўлга олиниб, варақалар мусодара қилингани ҳақидаги протокол Eltuz.com да мавжуд.

Бу протоколга кўра, Гулнора Қўшбоева СССРга қарши тарғибот юритди, деб қамаб қўйилган.

«Бирлик» ҳаракати ва диний идора СССР тарафдори

rasm944
Марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигидаги Ўрта Осиë мусулмонлари идораси СССРни сақлаб қолиш тарафдори бўлган

Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатининг референдум масаласидаги нуқтаи назари “Олдин демократия, кейин мустақиллик“ деган тезисда ифода топган эди.

Марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигидаги Ўрта Осиë мусулмонлари идораси СССРни сақлаб қолиш тарафдори, яъни Кремль тарафида бўлган.

Бу референдумдан бир йил олдин Ўзбекистон парламенти депутатлари давлат мустақиллиги декларациясини қабул қилган эди.

Шунга қарамасдан, ўша пайтда Ўзбекистон компартияси биринчи котиби Ислом Каримов бу референдумни ўтказишнинг фаол ташаббускори бўлди.

1991 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон ССРнинг референдумда қатнашган фуқароларидан 93,7 фоизи «СССР қолсин», деб овоз берди.

Олти давлат бош тортган референдумда Ўзбекистон ҳукумати «пешқадам» бўлди

rasm951
Референдум бюллетени

Эслатиб ўтамиз, Горбачев ҳуррияти меваси ўлароқ, “мустақиллик парадлари” ортидан ўтказилган СССРни сақлаб қолиш референдумида Болтиқбўйи республикалари қатнашишдан бош тортган эди.

СССР Марказий сайлов комиссияси эълон қилган референдум натижаларига кўра, сайловда қатнашганларнинг 76,4 фоизи Совет Иттифоқи сақланиб қолиниши учун овоз берди, олтита иттифоқдош республика (Литва, Эстония, Латвия, Грузия, Молдавия, Арманистон) бу референдумда қатнашмади.

Бу республикалар ўз парламентлари тарафидан мустақиллик баëнномаси эълон қилингани сабаби билан референдумни бойкот қилишди.

Референдумда энг кўп овоз беришда ўзбекистонликлар фақат Туркманистондан орқада қолишди, холос.

Ўшанда Туркманистон ССР фуқаролари 97,9 фоиз овоз бериб, СССР тарафдорлиги бўйича рекорд қўйишди.

Аммо орадан тўрт ой ўтиб Совет Иттифоқи қулади. Ўзбекистон парламенти 1991 йил 31 августда мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Раҳбарият СССРдан ажралиш масаласини яна референдум воситасида аниқлашга эҳтиëж сезди.

1991 йил декабрида ўтказилган президент сайловига илова сифатида референдум ҳам ўтказилди. «Сиз Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб мустақил бўлишини истайсизми?» деган савол қўйилди.

Орадан бор-йўғи 9 ой ўтиб энди ўзбекистонликларнинг 97 фоизи СССРга қарши овоз беришди.

Хоразмда Қўшбоевани «СССРга қарши» деб қамаган милиция мулозими ўша куни СССР тарафдорлари бош кўтармасин, деб туни билан постда турган эди.

Ботир Ражабов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 январ 2020
Қозоғистон Хитойга ва Хитойдан йӯловчилар транспорти қатновини тўхтатиш билан бирга Хитой ватандошларига виза беришни ҳам чекламоқда.  Бу ҳақда мамлакат ...
27 май 2020
«2016 йил 24 декабрь. Кундузги соат 12:00 да штабдан чопар келди ва зудлик билан штабга етиб боришимни айтди. Штабгача ...
12 ноябр 2021
Азиз ва қадрдон, севгили ва севимли, бир-биридан ардоқли томошабинларим. Сиз билан ноябрь ойида иккинчи марта ҳамсуҳбат бўлиш бахтига ноил ...
26 март 2023
Магнитнинг бир тарафи ўзига тортса яна бир қутби жисмни ўзидан итаради. Шу пайтгача Ўзбекистон тескари магнит бўлиб келди. Санъат ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...