Вақт машинаси
25 март 2019

25 март – Қулдорлик қурбонларини хотирлаш халқаро куни

Россия ва Хива хонлиги ўртасидаги Гандимиëн шартномасига кўра, 1873 йили Хива хонлигида қулдорлик бекор қилинди. Ўша йилнинг 12 августида ишғолчи генерал Кауфман ва Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон томонидан Хива яқинидаги Гандимиëн боғида имзоланган шартномада Хива хонлигида қуллик бекор қилиниши ва қул савдоси тақиқланиши таъкидланади.

Бу даврда Хива қул бозорларида дунёнинг турли ерларидан келтирилган қул ва чўриларни учратиш мумкин эди. Эроннинг шимолий вилоятларига босқинчилар томонидан уюштирилган чопқинлар оқибатида қуллар ва чўрилар ўғирлаб келинган.

Хива бозоридаги туркман қулдорлари

Туркистон бўйлаб саёҳат қилган А.Борнс, Н.Муравьѐв, В.В.Григорьев, Бланкеннагель, А.Вамбери ва бошқалар ўз асарларида Туркистон хонликларида қул бозорларини қул билан таъминлаб турувчилар, асосан, туркман қабилаларидир, деб ёзган.

Манбаларда туркман қабилалари Хива бозорларида форс қуллари савдоси билан шуғулланувчилар сифатида тилга олинган.

Хивада бўлган Д.Гладишев ва И.Муравиннинг эсдаликларида бозорларда форс қулларини сифати ва жинсига қараб турли баҳоларда нақд пулга сотган туркманлар қайд этилган.

Қулларнинг баҳоси ҳақида XIX аср маълумотлари орқали тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Одатда жисмоний камчиликлардан холи, соғлом ва бақувват эркак қул 100 тилла (кичик тилла)дан қиммат бўлмаган, ëш аëл ëки қиз эса 300 тиллага баҳоланган.

Хивада қул савдосига гувоҳ бўлган Н.Муравьев “ўзларини бир амаллаб Астробод ва Хивадан сотиб олинадиган буғдой билан таъминлайдиган беғам ва дангаса туркманларнинг асосий ҳунари ўғирлик бўлиб, Астрободдан одамларни ўғирлаб келиб, Хивада катта пулга сотади”, деб маълумот берган.

Қуллар исёни ва озод этилган қуллар

Хивадаги меъморий обидалар қурилиши мажбуран олиб келинган ҳунармандларнинг меҳнатидан фойдаланиш орқали амалга оширилгани айтилади.

Жумладан, Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасаси Шерғозихоннинг Машҳадга қилган муваффақиятли юриши (1718 – 1719) шарафига қурилган бўлиб, маълумотларга кўра, у юришдан олиб келинган беш минг асир меҳнати билан барпо этилган.

Қурилишнинг якунида қулларни озод этишни ваъда қилган хон сўзининг устидан чиқмаганлиги учун исён кўтарган қуллар томонидан тўла қуриб битказилмаган мадрасада ўлдирилган.

Чегара ҳудудларидаги ўзаро ҳужумлар, уруш ҳаракатлари икки давлат фуқароларининг кўпчилиги асирга туширилиши ва уларнинг қул қилинишига сабаб бўлган.

Пировардида аҳоли орасида қуллар қатлами пайдо бўлган. Баъзан бу қатлам вакиллари лавозим зинапояларидан юқори кўтарилган.

Хоразмда бўлган Н.Муравьев Хива хони бош амалдорларидан учинчиси Хўжаш Маҳрам ҳақида маълумот берар экан, унинг отаси хоннинг форс қулларидан бўлганлигини, Хўжаш Маҳрам хон қўшинида хизмат қилиб, Бухорога қарши курашда кўрсатган алоҳида жасорати эвазига озодликни қўлга киритганлигини ҳамда хон хизматида отчопар этиб тайинланган отасини ҳам тўлов эвазига қулликдан озод қилганлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Н.Муравьев хоннинг марҳамати билан катта ер-сувга эга бўлган Хўжаш Маҳрам тез орада божхона бошлиғи бўлиб олиб, катта давлат эгасига айлангани ва ўз атрофига қизил жилов (олтин жилов – озод қилинган қуллар), деб аталган қариндош-уруғи ва яқинларини тўплаганлигини келтириб ўтган.

А.Вамбери маълумотларига кўра, XIX асрнинг 60-йилларида Хива хонлиги аҳолисининг 40 минги Эрондан олиб келиб сотилган қуллар ва уларнинг авлодларидан иборат бўлган.

Мақсуд Нодирметов
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 апрел 2018
Буюк Чингизхоннинг узилмас 23-авлоди саналган 106 ёшли Насим Мирзо Чингиз (Naseem Mirza Changez) 2018 йилнинг 12 апрелида Эски Деҳлида ...
7 март 2018
МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев терговда қийноқларга солингани ҳақида 7 март куни адвокати Сергей Майоров орқали Ўзбекистон Бош ...
26 август 2019
Узоқ йиллар давомида режим пахтақўярлари томонидан оғзи кўпириб мақтанилган “тараққиётнинг ўзбек модели нотўғри бўлгани” мамлакатнинг энг юқори доиралари томонидан ...
20 феврал 2017
Туғруқхона ҳамширалари порахўр дея тамғаланаётган бир пайтда,2016 йили автосаноатдаги 200 миллион долларни ўзлаштирганликда айбланиб, бир муддат ҳибсда сақланган Ўзавтосаноат ...
Блоглар
7 октябр 2019
Мен 10 кунлик қамоқдан уйга келган заҳотим интервью берганимда Шабнамнинг тақдиридан мутлақо бехабар эдим. Менинг ...
7 октябр 2019
Мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган хоразмлик блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукурованинг отаси Болтабой Оллошукуров қизининг соғлом ...
6 октябр 2019
Руҳий соғлом Нафосат Оллошукурова руҳий касаллар шифохонасида. У ёшлигидан меҳрибон қиз бўлиб ўсди. Атрофдаги ноҳақликларни ...